Виктор Астафьев
Астафьев Виктор Петрович (1924—2001) — ёзувчи, эссеист, драматург. Социалистик Меҳнат қаҳрамони, СССР Давлат мукофоти лауреати, (1978, 1991), РФ ҳукумати мукофотлари совриндори (1995, 2003).
Красноярск ўлкасининг Овсянка қишлоғида туғилган. Эрта етим қолган, болалар уйида ўсган, фабрика-завод мактабини тамомлаган, темир йўлда ишлаган.
1942 йилда кўнгиллардан бўлиб фронтга кетган. Урушда ҳайдовчи ва алоқачи бўлиб хизмат қилган, икки марта жароҳат олиб, контузия бўлган, Қизил Юлдуз ордени, «Жасорати учун», «Варшава озодлиги учун», «Германия устидан қозонган ғалаба учун» медаллари билан мукофотланган. Уралда, Чусов шаҳрида, кейин эса Пермь ва Вологда шаҳарларида яшаган.
Илк китоби 1953 йилда нашр этилган.
Астафьев «Пастух и пастушка», «Печальный детектив», «Царь-рыба», «Последний поклон» каби повестлари, «Прокляты и убиты» романи ва лирик-автобиографик ҳикоялари, жўшқин публицистикаси билан машҳурдир. Кўпгина асарлари экранлаштирилган.
Адабиётда икки йўналиш вакили ҳисобланади: ҳарбий («Окоп ҳақиқатлари») ва «қишлоқ» прозаси. Астафьев насрининг ўзига хос хусусиятлари — жамият ва инсониятга бешафқат ва адолатли нигоҳ ҳамда ёрқин ва жўшқин тил, аниқ психологик образлар.