Олеся Николаева
1955 йил Москвада туғилган. А. М. Горький номидаги адабиёт институтини битирган, ҳозир у ерда адабий маҳоратдан дарс беради. «Amor fati» (1997), «Испан мактублари» (2004), «500 шеър ва достонлар» (2008), «Осмон Қуддусига қадар» (2013), «Ўртаерденгизи қўшиқлари, ўртарус йиғилари» (2017) сингари ўн еттита шеърий тўплам, ўттизта насрий китоб, олтита эссе ва публицистик китоблар муаллифи. Шеърлари инглиз, итальян, испан, хитой, олмон, француз, япон ва бошқа бир қатор европа ҳамда осиё тилларига ўгирилган. Кўплаб мукофотларнинг, жумладан, Борис Пастернак номидаги Адабиёт мукофоти, «Триумф» кичик мукофоти, «Москва ҳисоблари», «Anthologia» назмий мукофоти, «Шоир» миллий мукофоти, Россия Ҳукуматининг санъат соҳаси бўйича мукофоти, Патриарх адабиёт мукофоти ва бошқа мукофотлар лауреати. Москвада истиқомат қилади.
Адабиётшунос ва танқидчи Дмитрий Бак Николаеванинг назмий теранлиги манбалари ҳақида гапираркан, «У ўз санъатини санъатнинг якуни олдида турган, унга кўз ташлаб, шеъриятда бошқа ечимни кўрмаган баъзиларнинг қалбига кириб бориш истаги билан намоён қилади. Бу нигоҳ — яширин эмас, очиқчасига — ҳамфикрлар ва мухлислар эшитиши учун эмас, бошқача фикрловчилар учундир».