Фазиль Искандер

Искандер Фазиль Абдулович (1929—2016) — носир, шоир. СССР Давлат мукофоти лауреати (1989), РФ Давлат мукофоти (1994, 2014), РФ Ҳукумати мукофоти (2011).
Сухумида асли эронликлар оиласида туғилган. Абхазиядаги Чегем қишлоғида улғайган. 1954 йилда А. М. Горький номидаги Адабиёт институтини тамомлаган. Журналист, муҳаррир бўлиб ишлаган. Шеърлар ёзган. Искадернинг илк китоби 1957 йилда Сухумида нашрдан чиққан.
1960 йилдан бошлаб «Юность» журналида асарлари чоп этилган. «Новый мир» журналидаги «Созвездие Козлотура» деб номланган сатирик повести унга катта шуҳрат келтирди. Унинг китобхонларда самимий муҳаббат уйғота олган асарлари — «Сандро из Чегема», «Детство Чика», «Кролики и удавы».
Искандер прозаси кинояга бой ва фалсафий аҳамият касб этади, масал ҳамда афористик мазмунга эгадир.