Эчкилар ва Шекспир
Шундай даврларни эслайманки, ўша вақтларда Чегемда товуқлар учун катаклар бўлмасди ва улар тунда дарахтларга чиқиб олардилар. Дарахт танлови эса барча товуқларнинг учишлари учун учиш йўлагини мўлжалга олиб турган хўроз амрига кўра бўлган. Шуниси аниқ бўлганки, бир хўжаликка тегишли бўлган товуқлар битта дарахтдан қўним топишган. Фақат бир нарса қоронғу, шохларда ўтирган товуқлар қандай қилиб тухум босишлари мумкин
бўлган.
Бу ҳақда бежизга оғиз очмадим, миш-мишларга қараганда, Чегем товуқлари дарахтларда туриб ҳам тухум қўяверишган экан, қишлоқ аёллари эса дарахт остида қўлларида чойшаб билан тухумларни эҳтиёткорлик билан ушлаб олишаркан, бу гап-сўзлар Чегем душманлари томонидан тарқатилган бўлиб, душман номларини санаб ўтишдан шунчаки чарчадим.
Кейинчалик товуқ катаклари ўйлаб топилган бўлса-да, товуқлар ҳамон уйларидан узоқда бўлмаган буталар орасида тухум қўядилар, бундай қилишларига сабаб, эҳтимол одамларнинг тухумдан товуқ наслини давом эттириш мақсадида эмас, аксинча ўз наслларини таъминлаш учун фойдаланаётганликлари важидандир. Одамларнинг бу қилмишлари товуқларни қониқтирмаган кўринади.
Бека кечқурунлари ён-атрофдаги буталар орасини титиб, худди оқ қўзиқоринларни тергандек тухумларни йиғиб юради. Ҳар ҳолда биз томонларда ҳеч ким қўзиқорин термайди. Кейин тухум териб олиш мумкин бўлган ерларда қўзиқоринга нима бор. Қўзиқоринларга ружу қўйиш — ем-хашак қаҳатчилигидан азият чекаётган халқлар учундир.
...Ўн икки ёшимда Чегемда эчкилар боқар ва Шекспирни ўқирдим. Бошида ҳаммаси яхшидек эди. Мен икки томонлама ҳақиқатни англагандек эдим.
Эчкиларга ўз-ўзидан боғланиб қолмаганман. Қариндошларим мени танбаллик домидан олиб чиқиш учун эчки олиб беришди.
Бир куни тўсатдан шаҳарда таҳсил оладиган амакиваччамнинг уйидан Шекспирнинг катта томини топиб олдим. Бутун ёз давомида Шекспир мутолааси билан банд бўлдим. Ёз ҳам Шекспир томи сингари чўзилгандан чўзилди.
— Китоб буни одам қилади, — дея менинг устимдан кулишарди чегемликлар шу китоб билан кўришаркан.
Бундан чегемликларнинг мутолаага хоҳишлари йўқ деб бўлмайди, улар китобсевар инсонлар, шунчаки китобнинг оғирлиги салкам менинг вазнимга тенг бўлгани учун мазах қилишарди. Юк ортиладиган ҳайвонлардаги юкларнинг оғирлигини ўлчашга ўрганиб қолган бу ердагилар мувозанат ўлчовини йўқотган эдилар.
— Яйловга тушаётганингда, — дейишарди улар менга маслаҳат берган бўлиб, — арқон билан китобингни белингга боғлаб ол. У сени орқага тортиб туради. Йўқса қинғир-қийшиқ йўлларда қоқилиб кетиб, пастга думалаб кетасан. Китобга-ку ҳеч нима бўлмайди, мен сендан қўрқаман. Китобингнинг муқовасини қара. Сен эса ногирон бўлиб қолиб, бизни шарманда қилиб юрмагин. Қарамабсизлар, деган таънага қолмайлик тағин!
— Ким шундай дейди? —дея тажрибасизлик қилиб сўрардим авваллари, аслида бу ҳам чегемликларга хос хусусият бўлиб, муомала қилмаслик масъулиятсизликка йўйиларди бу ерларда.
— Чегемнинг душманларини билмайман дея кўрма! Унчаликка бормассан! — дея таъна қилишарди менга.
Бироқ аҳён-аҳёнда кутилмаган китобсеварлар ҳам топилиб турарди. Улардан бири Шекспир томини ушлаб кўраркан, ўзича огоҳлантирган бўлди:
— Дарахтма-дарахт осилиб юрганингни кўрмаган деб ўйлайсанми. Яхшимас. Эчкиларнинг-ку тиши ўтмасов буни чайнашга. Урғочи буйвол ҳақида эса бундай деб бўлмайди.
Ўша пайтлардаги озғинлигим, паканалигим сабаб кун келиб мана шу китоб мени абгор қилади деб, назаримда чегемликлар ташвишга тушишарди. Аммо мен улардан умуман хафа бўлмасдим. Ҳар ҳолда у пайтларда ёзувчилик ҳақида ўйламаган бўлсам ҳам, бироқ негадир мана шуларнинг бари кун келиб менга асқотиб қолиши ҳақида билардим.
Дарвоқе, ўша вақтларда сўзнинг келиб чиқиши ҳақида кўп ўйлардим. Айнан ўшанда айва (ўзб.беҳи) сўзининг келиб чиқишини кашф қилганман (қўштирноқлардан нафратланаман!).
...Қадим замонларда рус аёли ва кавказлик эркак бизнинг қалин ўрмонларда сайр қилиб юришган экан. Шунда улар тўсатдан катта-катта мевали номаълум дарахтга дуч келишибди.
— Ай! — дея қичқирибди рус аёли.
— Ва! — ҳайрон қолибди шарқлик эркак.
Шундай қилиб бу мевали дарахт номи айва бўлиб кетган экан. Рус аёлининг ўшанда бизнинг ўрмонларга қай мақсад етаклаб келгани ҳақида ва улар Библияда кўрсатилганидек, беҳидан татиб кўришганми, йўқми қизиқмаган эканман.
Мен Шекспирни ўқирдим. Сэр Джон Фальстаф баронет ва қиролликдаги масхарабоз узоқ вақт ва ҳатто бир умрга менинг севимли қаҳрамонларимга айланди. Масхарабозлардан бири унга танга билан тақдирлаган зодагонга қарата шундай дейди:
— Жаноб, шу чақангиз миқдорини икки ҳиссага оширсангиз, иккиюзламачилик қилган бўласизми!
Бу ибора менга донишмандлик белгиси бўлиб туюларди. Фақат бир нарсадан безовта эдим: мактабдошларим онгига бу ҳазил изоҳларсиз етиб борармикан. Изоҳ юморнинг даражасини туширишини яхши билардим.
Мен масхарабозларнинг ҳазилларидан қотиб-қотиб кулардим, бошимни кўтариб қараганимда эса эчкиларнинг айёрликларига қойил қолардим. Мен уларни қўлимда Шекспир томи билан яйловга ҳайдаб бориб, бирорта бутанинг тагида ўрнашиб олиб, мутолаага тутинсам, эчкилар вақти вақти билан менга қараб қўйишар, агар ўқишга берилиб кетсам, улар маккажўхори даласига ўзларини уришарди. Ҳеч бир тўсиқ уларга ғов бўла олмасди.
Баъзан уларга баланд овозда Шекспир билан бунақа ҳазиллашиб бўлмаслигини кўрсатиш учун Фальстафнинг ичакузди монологларидан ўқиб берардим. Овозимнинг кучи билан уларга ҳайратимни юқтирмоқчи бўлардим.
Яйлов тепаликдан пастдликда жойлашган бўлиб, юқорида аёллар тамакини қуритишар, овозим уларгача етиб борарди.
— Бас қил, — қичқирарди улардан бири, — Китобга осилган ановику бу!
Баъзан энг қизиққани ўзини тутолмай, эринмасдан омбордан чиқиб, пастга қараб:
— Эй, ким билан кулишяпсан?! — дея бақирарди.
— Эчкилар билан! — қичқирдим мен жавобан, уларни хурсанд қилиш мақсадида, чунки одамларга ўзингизнинг ожизлигингизни хавфсиз равишда кўрсатишингиз ёқади. Менга кейинчалик айтишларига қараганда, менинг жавобим узоқ вақт аёллар ғийбатига сабабчи бўлган эмиш, уларнинг айтишича, мен телба амакимга тортибман.
Чегемликлар фаросат борасида ҳам анча нозик дидли чиқиб қолдилар, амакимнинг телбалигини муҳокама қилишаётиб, ҳеч қачон менинг ҳатти-ҳаракатларим билан аралаштиришмас эдилар. Тўғри, баъзан аллақандай майда ўхшашликлар ҳам тилга олинарди, бироқ амакимдаги ғайриоддий ҳолатлар уни болалигидан то кексалик даврига қадар таъқиб қилган.
Бироқ бу фикрни рад этган ҳолда, амакимнинг кексалиги хотиржам, осойишта ўтганлигини таъкидлаш қай даражада ҳақиқат бўлиши мумкин? Бунга ишониш қийин. Дарҳақиқат, маълум бир аниқ қарорлар қабул қилишим мураккаб кечган вазиятларда амакимдан узоқлашишга қанча уринмай, бошқа томондан шунчалик яқинлашавераман.
Шундай қилиб, мен эчкиларимга Фальстаф монологидан ўқиб бердим. Эчкилардан кўпчилиги бошларини кўтариб, мени тингладилар. Ҳатто менга шундай туюлдики, кулгили жойларида қичқиргансимон маъраб қўйишарди, ким билсин, балки ўзларининг аллақандай зарурати юзасидан шундай қилгандирлар. Тушунганингиздек, ҳолатни ўрганишда давом этаман.
Бироқ, албатта, кўпинча барини унутиб, мутолаага киришиб кетардим, эчкилар эса бундай кезларда тўсиқлардан ошиб ўтиб, маккажўхори пояларини паққос туширганлари етмаганидек, ловияларни ҳам еб битиришарди. Чегемда ловия маккажўхори билан ёнма-ён экилади, ловия маккажўхорига чирмашиб ўсади. Чегемда ловия шу қадар кўп етиштириладики, ғамлашга улгуриб бўлмайди.
Ўзимга келибоқ эчкилар подаси томон сеҳрли сўзни бақириб айтганча пайҳон қилишларини тўхтатиш учун улар томон чопаман.
— Ийо! Ийо! — дея бақираман, бу эчкилар тилида: қочинглар! Ортга! деган маънони англатади.
Ҳар сафар овозимни эшитишлари билан эчкилар аксини қилиб, баттар пайҳон қилишда давомэтар, маккажўхори пояларини имкон қадар кўпроқ шошилиб чайнардилар. Назаримда, егуликдан қайтаришга ундаш аксинча мияда тезроқ еб тугат, деган ишорани уйғотса керак.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Баъзи эчкилар оғизларидаги маккажўхори поялари билан тўсиқдан яйлов томон ўтиб олиб, у ерда хотиржам кавшанишда давом этишар, худди жиноят ҳудудини ўзларича тарк этгандек эдилар. Бошқалари эса ловия чирмовуқларини ажратиб чиқарар, бу ишлари билан гўё юқумли тўрдан холис бўлишарди.
Овозимни узоқлардан туриб эшитган ва гап нимадалигини англаб етган бригадир ҳайратомуз қарғишларини мен томонга ёғдира бошлади.
— Яна пайҳон қилдиларингми?! — бақирарди у. — Илоҳим, китобинг бошингга етсин! Китобингдан ёқилган гулханда энг очкўз эчкингни пишириш насиб этсин, муқаддас ота номи билан қасам ичаманки, олов ўша эчкига етади! Мен ўша оловда пишган эчкингнинг гўштини еб, китобингнинг ёнган чўғида тамакимни ўт олдирай! Мана кўрасан, ҳали шундай қиламан ҳам!
Ростдан шундай қилса-я, деган ўйдан талвасага тушганча эчкиларни ҳайдаб кетдим, Шекспир томини қўлимга оларканман, унга қандай хавф чанг солаётгани ҳақида шубҳа ҳам қилмасдим.
Яйловда эчкилар билан бирга учта қўй ҳам бор эди. Улар худди бир сония бўлса ҳам бошини кўтармасликка қасам ичгандек: ўтларни ҳидлаб кўрмасдан туриб бирор майсани ҳатто татиб кўрмайдилар! Бошини кўтармасдан юраверганларидан эчкиларга урилиб кетишар, эчкилар эса уларни шохлари билан туришар эди. Дарвоқе, эчкилар шўрлик қўйлар уларга туртилиб кетмаса ҳам, эчкилар уларни шохлайверардилар.
Эчкилар қўйларга умуман кун беришмасди. Эчкиларнинг бундай қилишларига фақат биргина асоси бор эди, у ҳам бўлса, қўйлар маккажўхори даласига қўйилган тўсиқни босиб ўта олишмас, бунга ҳаракат ҳам қилмасдилар. Эчкилар эса уларнинг бу ишини кечира олишмасди.
Эчкилар қўйларга қараганда ўтлашаётганида тез-тез бошини кўтариб, подага разм солар ёки бирор бир режа учун ён-атрофни кузатардилар. Бунинг учун эса эчкилар ҳатто яқин-атрофдаги қояга чиқиб, у ердан кавшанган ҳолда ўша жойларни кўздан кечирардилар.
Назаримда, стратегик фикрлаш уларга хос бўлса керак. Уларнинг стратегик фикрлаши амалиётга жуда қўл келарди. Улар баландликдан туриб бошқа бир эчкининг ёнғоқ буталарини кўтариб, серсув ширали баргларни кавшаётганини кўради ва зудлик билан фояни тарк этиб, ўша эчкини кўздан қочириб қўймаслик учун чопқиллаганча унинг насибасига шерик бўлади. Ҳасад уларга бир-бирини қўллаш учун ёрдам берарди.
Дейлик, бирор бир эчки маймунжон бутасига берилиб кетиб, подадан сездирмай ажралиб жарга тиқилиб қолса, у ўзини ҳар томонга уриб, чунонам тўполон қиладики, бу билан аҳволи ёмонлиги ҳақида хабар беради.
Ўтхўрларнинг махсус ҳид сезиш кўникмаси йўқлиги боис, ўзиникиларни ҳидларидан топа олмайдилар.
Энг қизиғи, эчкилар ўша ҳалокатга учраган шеригини қутқаришга дарҳол ошиқишмасди. Афтидан, улар ўша эчкини шу йўл билан жазоламоқчи бўладилар: подадан ажралиш қандай бўлишини кўриб қўй. У чунонам азобланиб бўлгачгина қайсидир эчки совуққонлик билан «ёрдам қўлини чўзади».
Кулгили ҳолат шуки, бунақа пайтларда подадаги эчкиларнинг бўйнига осилган қўнғироқнинг овозини эшитишни ўз етарли бўлиши эди. Бироқ жарликка тиқилиб қолган, мусиқа эшитиш қобилияти бўлмагани сабабли эчки учун ҳаётини хатарга қўймаган бўларди, қўнғироққа ишонмаганининг сабаби ҳам бор эди, чунки бундай қўнғироқлар нафақат эчкиларга, балки сигирлар, буйволлар, эшакларнинг ҳам бўйинларига осиб қўйиларди.
Ҳеч қандай жавоб бўлмагач, эчки баттар асабийлаша бошлади, бунинг сабаби, эҳтимол, поданинг айнан ҳозир жаннатмакон ўтлоққа чиққани бўлса ажабмас. Подадан дарак бўлавермади, агар шунақа пайтда бошқа бир эчки адашиб қолган бўлганида, у унинг маърашига бефарқ бўлмаган бўларди.
Уларнинг ҳар бири тўдасига ишонар, подадан ажралиб чиқиб, мени мушкул вазиятга солиб қўйишар эди. Шундай пайтларда ўша ажралиб қолган эчкини қайта подага қўшишнинг ўзи бўлмасди. Бошқа бир эчкининг олдига бориш учун бу ёқдаги эчки ҳар нима қилишга тайёр бўларди.
Каждая из них считала, что ей отвечает представитель стада, и они, переблеиваясь, искали встречи и окончательно запутывали меня.
Бор кучи билан хириллаб улар бир-бирига интилаверишарди.
Эчкилар маърашида шу қадар мунглилик бўлардики, улар кўришгач, ҳеч қачон бир-биридан ажралишмайдигандек туюлади. Мана ниҳоят учрашишди! Бир дақиқалик овутиш билан кифояланишиб, кейин иккови ҳатто бир-бирига қараб ҳам қўйишмайди.
Мен бутун кучим билан тўдага қайтаришга уринган, ўзи ҳам бошқа эчки ҳузурига ҳеч нимага қарамай ошиққан эчки эса бутун диққатини сассапарил бутасига қаратади, худди шу пайтгача айнан шуни излагандек.
Икки эчки ҳам бир-бирига мутлақ бефарқ тарзда ўтларди. Уларнинг ҳар бири бутун тўда улар учун масъул деган тушунча бор эди. Ниҳоят иккаласини ҳам лозим бўлган жойга қувиш имконияти туғилди. Эчкилар ёлғизликни кўтара олмайди, уларга ҳеч бир масъулият юкламайдиган тўда маъқул эди.
...Кун бўйи яшил майса устида куймаланардим. Юқорида кўринмас сўфитўрғайлар тўхтовсиз равишда осмон мусиқанинг илк манбаси эканини исботлардилар.
Қўй-қўзилар жингалактоб бедазорлар, эҳтимол Дарвин айтганидек, барра беда еган бу қўй-қўзилар қўнғироқ мўйна соҳибига айлангандир. Миришкор асалари гул баргига ошиқади.
Беғам чигирткалар табиат бағрига ўзини уради.
Латиф капалаклар гул барглари узра хиром айлайдилар.
Қандайдир улкан, менга нотаниш бўлган ҳашарот ғўнғиллаганича гулга яқин келди-да, гулга қўнмади. Ҳар сафар, у ҳавода гул узра учганида, мен бу ҳашаротга яхшилаб разм солиш учун сабр билан унинг гулга қўнишини кутдим. Аммо у шикоят қилгандек ҳавода гул узра бир дақиқача учиб турарди-да, бу гулда етарлича нектар йўқлигига амин бўлганиданми, бошқа гул томон учиб кетарди. Кейин яна ўша гулнинг ҳам тепасида айланиб, ундан ҳам кўнгли тўлмадими, учинчиси томон учди.
Хуллас, мен унинг бирорта гулга қўнганини кўришга муваффақ бўлмадим. Унинг нозиктабиатлилиги мени ҳайратга солди ва менда ҳашаротга нисбатан ачиниш ҳисси пайдо бўлди. Устига-устак унинг тинмай ғўнғиллашини айтмайсизми? Бундай қайсарлиги билан қандай қилиб озуқа ғамини ейиш мумкин. Унга ўзи қайси гул керак?
Кунлардан бир куни, кечга томон, ўша ҳашарот яна шикоятомуз ғўнғиллаши билан навбатдаги гулнинг тепасида айлана бошлади. Қўққисдан шафақ ёғдусида у узун, ингичка нинасини, сўрувчи хартумчасини гулга қўнмай туриб, гулнинг нақд юрагига санчиб олди.
Бу каби ҳийлаларга Шекспирнинг ғамгин қаҳрамонлари сабаб анча кўниккан бўлсам-да, бундай макрдан ҳайратда эдим.
...Яйлов бўйлаб токи Сабида ҳавзасигача ёввойи мевалар — олча, олхўри, олма, нок, анжир, грек ёнғоғи дарахтлари ўсиб ётибди.
Меваларни бироз хом бўлса-да, татиб кўрдим ва мевалардан тановул чоғида ботаник кашфиёт қилдим, негадир бу ҳақда оламга жар солишни унутибман. Майли, ҳеч бўлгандан кўра кеч бўлса ҳам яхшироқ.
Қуйидаги қонуниятниг мавжудлигини англадим: мевалар қанчалик мазали ва тўйимли бўлса, ўша мевали дарахт унчалик серҳосил бўлмас экан.
Энг серҳосил дарахт бу олча. Олча дарахтининг ҳосили баргларидан ҳам кўп бўлади. Аммо ҳосили унчалик ҳам мазали эмас, сувли, шўрроқ таъмга эга.
Олхўри анча ширин, бироқ ҳосили ҳам кам.
Ёввойи олма ва ноклар олхўридан мазалироқ, лекин ҳосили олхўриникидан камроқ, албатта, дарахтнинг катта эканлигини ҳам инобатга олиш керак.
Анжир эса олма ва ноклардан анча ширин, бироқ кам ҳосил беради.
Ва ниҳоят энг мазали ва тўйимлиси — грек ёнғоғи, аммо дарахтнинг улканлигини инобатга олинганда, ҳосил дарахт ҳажмига қараганда анча кам бўлади.
Меваларни еб бўлгач, иштаҳам менга табиатнинг буюк қонунияти сирини очди. Мева қанчалик мазали бўлса, унинг таркибидаги боддалар шунчалик фойдали бўлади, лекин илдизлар учун ердаги меваларни озиқлантирадиган ноёб шарбатларни олиш шунчалик қийин бўлади. Шунинг учун мевалар қанчалик мазали бўлса, дарахтнинг унумдорлиги паст бўлади.
Дарахт қанчалик кўп мева берса, у ерга меваларини шунчалик кўп тўкади. Шунинг учун чўчқалар ҳар доим олча остида тўпланишиб, унинг донакларини мустаҳкам тишлари билан осонгина эзиб чайнай оладилар.
Чўчқалар олчаларни чайнаб, бошларини кўтариб, ўзларининг чапиллатиб чайнаганларини завқ билан тинглашади. Ўша пайтда улар озуқадан товуш орқали қўшимча роҳат оладилар. Ҳамма чўчқаларнинг бирваракайига озиқланишини тасаввур қилинг, нақд кавшамоқлик симфонияси яратилади. Гилосни паққос тушириб бўлганларидан кейин, улар янада мазали меваларга ўтишади, лекин чапиллаш товуши кучаймайди, шундан хулоса қилиш мумкинки, улар таъмдаги фарқни сезмаганлар. Бу ерда энди ботаника қонунлари иш бермайди.
Эҳтимол, яна қандайдир кашфиётлар бўлгандир, бироқ айни дамда улар ҳақида эслай олмаяпман. Ёдимга тушса, кейинроқ гапириб бераман.
...Кечқурун, холам эчкиларни соққанида, кўпинча англашилмовчилик юз берарди. Чегемда (гуманизмнинг сўнгги белгилари) эчкиларни соғишдан аввал, она сутидан оз бўлса-да ичишлари учун уларнинг ёнига улоқчаларни қўйиб юборишади. Соғиб бўлишгач ҳам, она эчки утидан улоқчалар учун қолдирилади.
Улоқчалар навбати билан қўйиб юборилади. Хурсанд маъраганча улоқча маъраб турган пода олдига келади, у кўпинча ўз онасини танимайди ҳам ва бутунлай бегона бўлган она эчкини эмади. Энг ҳайратланарлиси, улоқчага қараганда анча тажрибаси баланд эчки ҳам улоқчасини танимайди ва ўта сахийлик билан елинини унга тутади.
Аммо шу пайт холам унинг бўйнидан тортиб ўз онасининг олдига ўзига тегишли сутни эмишга олиб боради, бу орада она эчки анча бўшашиб қолади ва шундан сўнг уни соғиб олишади.
Бу орада бегона улоқча сутининг ярмини эмиб кетган она эчки ўз хатосини тан олади-ю, лекин айбни ўзидан қидирмай, холага ағдаради, шунинг учун ундан улоқчани олиб кетишлари билан ўз боласига кўпроқ сут тегиши учун соғилишга сутини қизғаниб туради.
Шундай кезларда бека ва эчки ўртасида росмана психологик жанг кетади. Улоқчани бироз эмизган бўлиб, бека улоқчани қувиб, она эчкини соғишни бошлайди. Бу пайтда эса бегона улоқчани янглишиб эмизган она эчки, айбини ювиш учун ҳам ўз боласи келганида унга ҳаддан зиёд меҳри ошиб кетади.
Барчаси қўлида эканлигини тушунган она эчки худди сути ортиқ қолмагандек тутади ўзини. Бироқ бека ҳам анойилардан эмас. У ҳаммасининг ҳисобини олган, адашган улоқ қанча сут ичди-ю, ўз боласи қанчасини ичганини у аниқ билади.
Бека улоқчани яна эмишига қўйиб беради, сути тугаб қолгандек ўзини тутган она эчкидан яна сут кела бошлайди. Орадан бироз вақт ўтгач, бека улоқчани жуда юмшоқлик билан яна четга суради ва соғишни бошлайди.
Ўн дақиқалардан кейин она эчки қўққисдан (қизиқ, шу пайтгача нима ҳақида ўйлаган бўлса?) анқайганича атрофга қарайди ва елинидан тортаётган улоқча эмас, хола эканини билиб қолади. Эчкини яна сутини бермайди. Хола эса яна бир бора улоқни эмизади, сут яна келади ва шу тарзда бир неча бор шундай тахлитда давом этади.
Бироқ яна бир ҳақиқат борки, баъзи ноёб эчкилар уларнинг елинидан бегона улоқчалар эмаётганини дарҳол ҳис қилишади ва уларни итариб ташлашади. Бироқ бу ҳол камёб ҳолатдир.
Кузатишимга қараганда, улоқча учун қайси эчкини эмишининг аҳамияти йўқ, эмдими, бўлди! Дарвоқе, инсон боласи учун ҳам шундай...
Охирги фаразимни ўз шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтаётганим йўқ, албатта. Қанчалик ғайриоддий туюлмасин — мен чақалоқлигимни эслай олмайман...
Мана ниҳоят оғилхоналарга ҳайдаб киритилган эчкилар тинчиб қолишди. Тун. Сукунат. Уйқусираган эчкиларнинг қўнғироқлари ора-сирада жиринглаб кетади-да ва яна сукунат чўмади. Биз ҳам тин оламиз.
Мана шулар менинг илк хотираларим. Чамаси тўрт яшарлигимда отам менга подшоҳнинг йўқлигини тушунтирган. Бу борада яна қанақадир тафсилотлар бўлиши мумкин, аммо мен уларни эслай олмайман.
Отамнинг шу гапига ишонганим ва бундан қаттиқ изтироб чекканим эсимда. Кўчага чиқиб, ўйлагандим: подшоҳ бўлмаса, демак мен юрган ер ҳеч кимга тегишли эмас экан-да, ҳеч ким ер учун жавобгар бўлмас экан-да. Ўзимга, ундан ҳам кўра кўпроқ эгаси йўқ ерга ачиниб кетганман ўшанда. Онамнинг крестьянлик генлари таъсиримикан?
Қўшни болакай бирга ўйнаш учун олдимга югуриб келди. Шу алпозда қанақа ўйин!
— Подшоҳ йўқ, — дедим мен унга, унинг ҳам дунёси остин-устун бўлади деб ўйлаб. Бироқ айтганим унга заррача ҳам таъсир қилмади.
— У қаерда? — сўради болакай.
— Умуман бўлмаган экан, — дедим мен унга зарра бўлса-да умид бермай. Бироқ бу гап унга ҳеч қандай таъсир қилмаганини англадим. Жаҳл билан ёлғиз ўзим жафо чекиш учун унинг олдидан кетдим. Эҳтимол, бу эртакона тафаккур таназзули бўлгандир. Мен Совет ҳукумати ҳақида, албатта, эшитганман, бироқ тасаввуримда подшоҳ ҳаммасининг бошида турарди-да.
...Майли, нима бўлганда ҳам, Шекспирга бўлган муҳаббатимни кўп ҳам ошириб юбормайлик. Баъзан эчкиларни яйловга Шекспир китобисиз ҳайдаб кетардим. Шунақа пайтларда эчкиларнинг зерикиб қолаёганини пайқаб қолардим. Ўшанда эчкилар маккажўхори даласига ўтишга уринмасдилар ҳам, чунки мен уларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб, сал ҳадларидан ошишларига қўймасдим. Ёз давомида эчкилар қўлимда Шекспир томини кўришмаса, анча сергак тортишимни, бунақа чоғларда маккажўхори пояларини тушларида кўришларини фаҳмлашди.
Тонгда қўлимда Шекспирнинг китоби билан эчкиларни оғилхонадан ҳайдаб чиқарканман, дарҳол улар кўтаринки кайфиятда бўлардилар.
Уларнинг ўйинқароқлиги шу даражага етдики, улар мавсумдан ташқари жуфтлашишни масхараомуз тарзда кўрсатишга киришиб кетишди. Эчкилар бир-бирининг устига чиқиб, бир жинсли севгини пародия қилдилар, бу эса менга Шекспирдаги эркак аёл либосларини кийб олиши ва тескариси, яъни аёллар эркакларнинг кийимини кийиб олиши саҳнасини эслатди.
Бу ерда бузуқлик тенденциясига шубҳа қилиш бемаънилик, бу билан эчкилар танбалроқ эчкиларни шу тарзда ҳаракатга келтирмоқчи бўлишгандир. Бундан ташқари, нима қилишини билолмай зерикиб қолган эчкиларнинг иш ташлашга ўхшаш ҳаракатимикан. Эҳтимол улар мавсумдан ташқари бўлган севги ўйинларига қаршидирлар. Дам олишга ҳақлари борлигини шу йўсинда исботламоқчи бўлаётгандирлар...
Қандоқ бўлса ҳам, уларни тушуниш мумкин. Қўйлар атиги тўртта, эчкиларнинг сони эса қирққа яқин. Шекспирнинг китоби уларни тетиклантирар, менинг Шекспирни ўқишим уларга жуда қўл келарди. Мен Шекспирни ўқисам бўлди эди, қолганини ўзлари эплашарди. Бироқ мен ҳам эчкилар ўйлаганчалик жуда анойилардан эмасдим. Қўйларга эса Шекспирни ўқишимнинг умуман қизиғи йўқ эди.
Шекспир асарларида риёкор-у уддабурон эчкилар ўртасидаги ўхшашликларга дуч келдим, бу дунёга ўзгача нигоҳ билан қарашимга замин бўлди.
Тушундимки, инсон — эчки ва Шекспир ўртасидаги бир боғич. Сўнгги математик изланишлар фаразимни инкор этмай, аксинча уни чуқур тадқиқ этди. Хулоса шуки, Шекспир инсонни олий ҳилқат эканини ёритиб берган.
Қуйида фикрим исботи сифатида Москвадаги ҳаётимдан бир лавҳани эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Москвага ўқишга келган илк кунимдаёқ, иккита бир-бирига қарши ҳолатнинг гувоҳи бўлиб, ниҳоятда таъсирланганман.
Бир куни шаҳар марказидалигимда милиционернинг олдига бориб, қайсидир кўчага қандай боришим мумкинлигини сўрадим. Милиционер эса тўсатдан оппоқ қўлқоп кийиб олган қўлини кўтариб, менга честь берди-да, илтифот билан керакли кўчани кўрсатди. Менга, ёш болага честь беришса-я, яна қордек оппоқ қўлқопда!
Бундай олийжанобликдан таъсирланиб кетдим. Эҳтимол, қўлқоп чегемлик эчкиларнинг жуниданмикан-а, ўйлаб қолдим мен, бироқ у менинг чегемлик эканимни қаердан ҳам биларди?
Орадан бир неча кун ўтиб эса мен кишини талвасага соладиган ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Милиционерлар қўпол равишда ва ҳеч қандай қўлқопларсиз катта йўлдан ўтаётган машиналарни йўл четига қувишарди.
Бир дақиқадан кейин эса мен жуда катта тезликда учиб келаётган ҳукумат машинасини кўрдим, гўё уларни пулемётчилар қувишаяпти-ю, улар отишмадан қочаётгандек. Бироқ уларни ҳеч ким қувмаётганига ўзим ишонч қолдим.
Москадалигимда бундай воқеага кўп марта кўзим тушди, шунга амин бўлдимки, бундай таъқиб васвасаси ҳар қандай ҳукумат раҳбарига хос экан. Биринчи марта Сталин даврида бу каби ҳолни кўрганман. Кейинчалик замон ўзгарди, бироқ амалдорлардаги уларни кимдир таъқиб қилиши васвасаси сақланиб қолаверди.
Москва яқинидаги далаларда кўпинча ёлғиз ўтлаб юрган эчкиларни кўрардим. Бир кампирга битта эчки. Чегем одатларига кўра, эчки боқиб юрган кампир ўз кирларини ювиб юрган чол кабидир. Авваллари ўша кампирнинг ёнига бориб, эчкилар подаси қаерда эканлигини сўрагим келарди.
Бироқ қонимдаги чегемликларга хос одоб бундай чегемча савол беришимдан мени тиярди.
Мени ташвишга солгани аслида бу эмасди. Ёлғиз эчки подасидан узоқда тақдирига тан берганча ўтлаб юрибди. Бу эса мен учун ғалати туюларди. Ички туғёнларимни тийганча, эчкининг ортидан юриб, шуни фаҳмладимки, мана большевиклар эчкиларни қай кўйларга солишибди, эчкилар ўз қондошларини унутишибди. Мағрур эчки ҳам таслим бўлибди, қаддингни ур, Россия!
Москвадаги узоқ йиллик турмушим давомида ёзувчилик ҳаётимда кўп ютуқларга эришдим. Бундан, албатта, мен ҳозир ёзувчиларга чўпонлик қиламан, деган хулоса чиқмаслиги керак. Тўғрироғи, ўзимни ўтлатиб, кейин подадан қочган эчки сингари аёвсиз жазолашди.
Фальстафга бўлган муҳаббатим ёзувчилик қисматимга фальстарча ёндашув бўлмайди,деган умиддаман.
Илҳом — ёзувчи учун катта бахт. Бироқ бахтдан бўлак ҳеч нима инсонни яксон қилолмайди. Шунга бўлса керак, табиат бизни бахт билан камдан кам сийлайди. Эй одамлар, бахт кунда меҳмонингиз бўлмагани учун ҳам бахтли бўлинглар.
Китобхон мендан яхши ёзувчи ёмонидан нимаси билан фарқланади, дея сўраши мумкин.
Гарчи ўқувчим мендан буни сўрамаган тақдирда ҳам жавоб беришга ошиқаман.
Нўноқ ёзувчи ва истеъдодли ёзувчи бир нарса ҳақида мана қандай ёзадилар:
Нўноқ ёзувчи қуйидагича ёзади:
— Мен ресторанга кирдим ва дўстимни учраттиб қолдим (дўстининг исмини ёзади), у ҳар доимгидек стол олдида ўтириб, ҳар доимгидек ароқ ичарди. Истеъдодли ёзувчи эса мана қандай ёзади:
— Мен ресторанга кирдим ва дўстимни учратиб қолдим (дўстининг исмини ёзади),у ҳар доимгидек стол олдида ўтириб, ҳар доимгидек ароқ ичарди, мен эса ҳар доимгидек сездирмасдан унга қўшилдим.
Биргина жумла ҳаммасини ўзгартириб юборади. Ўз-ўзини танқид қилиш манзарага бошқача тус бериб, бу билан ароқхўр дўстини ҳақорат қилмайди.
Зеро, ўз-ўзини танқид қилишни билмаган ёзувчини эртами-кечми китобхонлар танқид қилишади ва бу ёзувчининг ўзини ўзи танқид қилишдан қай даражада тийилган бўлса, ўша даражада бўлади.
Гапнинг индаллоси, эчкилар орқали Шекспир инсоннинг олий ҳилқат эканини кўрсатади. Шекспир масхарабозларига қизиқишимиз сабаб дўстлашиб қолган дўстимга ҳазил тариқасида буни гапириб бердим. Биз бир-биримизга ҳазил-мутойиба қилиб туриш орқали ҳаётимизга мазмун берардик. Бир куни кайфиятим бузилганида қуйидаги шеърни ёздим:
Бечораҳол, шалвираб, бўшашган
Қалб қимир этмайди.
Ҳатто кўзларим хиралашиб,
Юзларни ажратолмайман.
Дўст ким, душман ким, одамлар-чи,
Билмайман, билганим елкамдаги юк ила
Яшашга ва қолишга уринаман.
...Денгиз улоқтирган қисқичбақа ҳам
Нишлари-ла тутмоқ истайди
Денгизга ошиқар...
Бечораҳол, шалвираб, бўшашган
Қалб қимир этмайди...
Орадан бир неча кун ўтгач, у меникига келди, мен унга ўша шеърларни ўқишга бердим. Бу пайтда кайфиятим анча кўтаринки эди. Тўхтовсиз оҳ чекаркан, у шеърларни ғайриоддий тарзда узоқ ўқиди, кейин эса бошини кўтариб:
— Агар мен бу шеърларни бошқа шаҳарда ўқиганимда эди, сенинг олдингга ёрдамга етиб келган бўлардим, — деди.
Мен уялиб кетдим ва мавзуни ўзгартирдим. Мен унинг космополитзмга қарши кураш чоғидаги қийинчиликларни мардона енгиб ўтганини билардим. Ҳазилкаш!
Биз у билан кўп ҳам баҳслашмасдик, шунчаки ўзимизни қизиқтирган мавзулар ҳақида гаплашардик. Кўпинча фикримиз бир жойдан чиқар, баъзан ҳар хил ўйлардик, аммо бу дўстлигимизга сира рахна солмасди.
Мана қуйидаги қарашларда ҳамфикр бўлардик.
Шафқатсизлик — телбаликни ҳаракатлар билан енгиб ўтишга бўлган аҳмоқона уриниш.
Макр — қўрқоқнинг зулматдаги зарбаси.
Таҳлил ҳар қандай завқни ўлдиради, бироқ таҳлил завқини оширади.
Узоқ чўзилган баҳслардан кейин иккимиз инсоннинг эволюцион ривожланишини қуйидагича илмий асосладик: одамни тириклайин ютадиган балохўр, бўғзидан бўғадиган, нафсининг қули, ғажувчи, шпага ютувчи, шароб сипқорувчи, товуқхўр, кукнхўр, текинхўр, бақироқ ва ниҳоят полиглот.
Шу ерда енгил тортган бўлсангиз, огоҳлантириб қўяй, бундай қилишга шошилмаганингиз маъқул, чунки ривожланиш даврий бўлади (сал бўлмаса сурбетлик деб юборардим) ва ҳаммаси шу тарзда давом этади. Даврий босқич шўрлик полиглот дастидан вайрон бўлади-да, яна ҳаммаси одамларни тирклайин ютадиган балохўрлардан бошланади.
Бироқ одамларни эчки деб қабул қилган одам эчки сутидан фойдаланса бўладими, деган саволда тортишиб қолдик. Мен бундай одам эчки гўштидан ҳам тановул қила олмаслигини айтдим. У эса менинг бу қарашим — субъектив идеализм ёки қўпол қилиб айтганда, солипсизм эканини айтди.
Мен унга замонавий илм-фаннинг таъкидлашича, Шекспир ўз асарлари орқали одамзотни ҳайвондан устун қўйганлигини айтсам, у қошларини чимириб, гапни жойидан ушлади:
— Нималар деяпсиз! Бу кашфиётга нақд йигирма йил тўлди-ку! Ҳатто бунга қарши фикр ҳам ўз исботини топган — Шекспир жониворларни инсондан устун қўйган.
— Нега бу ҳақда эшитмаганман? — ҳайрон бўлдим мен.
— Чунки бу давлат сири бўлган, — жавоб берди у, — миллий тафаккуримиз сири. Аммо америкалик разведкачилар биздан миллий тафаккуримиз сирини, разведкачиларимиз эса америкаликларидан миллий тафаккур сирини ўғирлашганида, иккала сир мутлақо бир-бирига мос келган, кейин эса иккала томон сирни сақлашга келишиб олишди. Шу тариқа уруш хавфи йўқолди, демократиямиз эчкилар ўтлайдиган яйловдек яшнади, ҳар бир давлат яйловларни кенгайтирди, лекин бу бошқа мавзу.
Дарвоқе, бу олим дўстим илмий тажрибаларини бутунлай хотиржамликда ўтказиши учун киши қадами етмаган оролда бутунлай ёлғиз қолдирилган. Орадан уч йил ўтибгина уни ватандошлари олиб кетгани ўша оролга сузиб боришган.
— Уч йилги ёлғизлик таассуротларингиз қандай? — сўрашибди ундан.
— Виждоним ором олди, — дея кутилмаган жавобни берди у, кейин сал юмшатиб қўшиб қўйди, — бунинг устига у ерда ёввойи эчкилар талайгина эди.
— Одамларни назарда тутяпсизми? — дея ойдинлик киритди кимдир, унинг гапи тагмаъносини тушуниб.
— Ҳа, шундай деса ҳам бўлади, аслида янги сўйилган гўштни ҳам назарда тутдим, — дея тушунтирди у, афтидан, мен билан ҳамон сиртдан баҳслашишни давом этаётган эди.
Ватандошлари ундан ўзлари учун ва бутун инсоният учун хафа бўлганлар.
— Эҳтимол сизни уч йилга шу ерларда қолдириш лозимдир? — киноя билан сўради улардан бири.
— Одамзот уч йил ичида ўзгаради, деб ўйлайсизми? — заҳархандалик билан жавоб берди дўстим трапдан кўтарилаётиб. — Менимча, ҳатто Шекспир давридан буён ҳам инсоният заррача ўзгармаган, ҳазил-мутойиба сифати пастлашган холос.
...Йўқ, шивирлайман мен, нима бўлганда ҳам ривожланиш бор. Чегем товуқлари энди дарахтларда эмас, катакларида тунаяптилар. Эҳтимол, дарахтлардан қўним топганлари маъқулмиди? Э худойим, бари қанчалар мураккаб-а! Аниқлашларича, ўша пайтлар дарахтлардаги товуқларнинг сони бугун катаклардаги товуқларнинг сонига қараганда анча кўп бўлган эмиш.
...Бироқ мен қаердаман? Чегем қаерда? Нима бўлганда ҳам эчкилар билан маза эди.




