Алексей Пурин
1955 йилда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)да таваллуд топган. Ўша ерда технология институтини битирган. 1989 йилдан «Звезда» (Санкт-Петербург) журналининг назм бўлимини, 2002 йилдан бошлаб эса танқид бўлимини бошқарган. Олмон ва Голланд шоирлари шеърларини таржима қилади, бугунгача саккизта таржима китоби нашр этилган. Йигирмадан зиёд шеърий тўпламлари, жумладан, «Евроосиё ва бошқа шеърлар» (1995), «Архаика» (1998), «Шоҳлар водийси» (2010), «Почтачи кабутар» (2015), «Қўқонгул» (2021) ва тўртта эссеси нашрдан чиққан. Шеърлари инглиз, голланд, итальян, литва, олмон, поляк, румин, украин, француз ва чех тилларига ўгирилган. «Нева» ҳамда «Янги олам» журналлари, «Номус ва эрк», «Шимолий Пальмира» (икки марта) мукофотлари лауреати. Санкт-Петербургда истиқомат қилади.
Замонавий рус назмида Пурин алоҳида ўрин тутади. У эстетизм тарафдори ва стилист, буюк аждодлардан мерос қолган шеърий услубларни юксак даражада эгаллаган. Юксак анъанавийлик уларнинг барчасида намоён бўлади, уни фақат тайёргарлиги бор нигоҳлар кўриши мумкин, холос. Нозик яримишоралар, шаъмалар ва аллюзилар кишига англашнинг инжа шодлигини ато этади.