Сергей Бирюков

1950 йилда (Тамбов вилояти) Торбеевка қишлоғида туғилган. Тамбов педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган, ўша ердаги адабий студияга раҳбарлик қилган. Культурология ва филология фанлари доктори. Зауми Халқаро Академияси асосчиси, тарихчи, назмий авангард ва рус шеъриятининг ноанъанавий шакллари, «визиуал» ва «сонор» назмининг назариётчиси, XVII—XXI аср рус назмининг тадқиқотчиси. «Кесиб кўрсатилган одам» (2010), «Динозавр парвози» (2011), «Янгралиш» (2013), «Универсум» (2022) сингари йигирмата шеърий, учта илмий-назарий китоблари Россия, Германия, Испания, АҚШда нашр этилган. Шеърлари кўп тилларга, жумладан, инглиз, арман, беларусь, булғор, итальян, хитой, олмон, поляк, румин, француз, япон тилларига таржима қилинган. «Зауми Академияси альманахи»нинг бош муҳаррири, «Ўзга қитъа» адабий ва бадиий авангард журналининг ҳаммуаллифи, А. Е. Кручённих номидаги Халқаро адабиёт мукофотининг, Ф. И. Тютчев номидаги Бутунроссия мукофотининг совриндори. «Рус футуризми отаси Давид Бурлюк номидаги Халқаро нишонлаш» мукофотининг таъсисчиси. Россияда ўтказилган ва бир неча Халқаро адабий фестивалларнинг иштирокчиси. Германиянинг Халле шаҳрида истиқомат қилади ҳамда дарс беради.
Шоир ва танқидчи Денис Безносов Бирюковнинг шеърияти ўзига хослигини шундай ифода этади: «Бирюков шеъриятининг кенглиги шундайки, бирон сўз у ёки бу маънога эгами, ё одатийми, ё бир неча фаолиятдан мосуво қилинганми, ё баъзилари тушириб қолдирилганми — ҳеч қачон олдиндан била олмаймиз. Биз ҳар қандай бурилиш шубҳа остига олинган лабиринтда турибмиз, у жиддий бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин».