Максим Амелин
1970 йилда Курскда туғилган. Тижорат коллежини битирган, А. М. Горький номидаги Адабиёт институтида ўқиган. 1995 йилдан ноширлик фаолияти билан шуғулланади. «Холодные оды» («Совуқ тароналар») (1996), «Dubia» (1999), «Конь Горгоны» («Горгона тулпори») (2003) шеърий китобларининг, «Гнутая речь» («Букилган нутқ») (2011) шеърлар ва эсселар тўпламининг, турли жанрдаги «Книги нестихов» («Шеър бўлмаган сатрлар китоби») (2021) асарларининг муаллифи. XVIII—XX асрлардаги қатор шоирларнинг сайланма асарлари, замонавий рус ва грузин шеърияти антологиясининг тузувчиси ва шарҳловчиси. Қадимги юнон, лотин, инглиз, итальян, грузин, украин ва бошқа тиллардан шеърлар таржима қилган. Унинг шеърлари йигирма бешта тилга таржима қилинган, Австрия, Арманистон, Испания, Хитой, Сербия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда саккизта таржима китоби нашр қилинган. Кўплаб Россия ва хорижий адабий мукофотларнинг, жумладан мустақил «Антибукер», Бунин мукофоти, Александр Солжинициннинг Адабий мукофоти ва «Шоир» Миллий мукофот лауреати. «Бирлашган инсонпарварлик нашриёти» ва «Россия халқлари замонавий адабиёти» лойиҳасининг бош муҳаррири. Россия халқларининг бирлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россия Президентининг Мукофоти билан тақдирланган. Москвада яшайди.
Шеършунос ва танқидчи Юрий Орлицкийнинг фикрига кўра, «шундай шоирлар борки, ниҳоятда ноёб бўлгани учун уларнинг адабий жараёндаги ўрнини аниқлаш фавқулолда қийин бўлади. Максим Амелин айнан шундай шоир — у замонавий шеъриятда ҳеч кимга ўхшамайди. Яъни унинг кўплаб айрим шеърлари ёки эсселарини нималар биландир қиёсласа бўлади, бироқ бутун ижодини ҳеч бир ижодкор билан таққослаб бўлмайди».