Табиат қўйнида
Шубҳасиз, бу фойда, албатта. Айтайлик ҳаво, буни шеърий иборалар ёки ундов интонацияси айтганда барча шаҳарликлар ҳаводан баҳра олишни истайди. Шундай жойда «масту-мустағриқ» бўлишни хоҳлашади. «Майсаларнинг хушбўй ҳиди», «қарағайларнинг шифобахш нафаси» — ахир кимга ёқмайди. «Далаларнинг оромижон руҳи» — буларнинг барини ҳис этиш учун, қувватингизни жамлаб, бу ерга Россия ёзувчилар уюшмасининг Вологодск бўлими аъзосининг шеърий туйғуларини юракда жамламоқ жоиз. Буларнинг барчасини англаш учун ҳаётимизни эгаллаб олган ёлғон ва парфюмерия, кун чиқишидан ботишигача бўлган шодликларимиз, очиқ айвон остида ичадиган кофелардан бир муддатга чалғиб, нилуфаргуллар ва барқут майсалар ичра сайр қилишга, чивинлар етказадиган азиятга рози бўлишимизга тўғри келади. Буларнинг барчаси қанчалар тушунарсиз, даҳшатли, шовқинли ёки соқит бўлишига қарамай, одамни сукутга ишонтириш ва шу орқали гапиришга уринишдирки, буни фақат табиатга яқинлашибгина мулоҳаза қилиш мумкин. Нимагадир эришмоқчи бўлсангиз, албатта, нимадандир воз кечишингиз керак. Мана борлиқ узра юлдузли осмон қандай барқ уриб ётибди; руҳ юлдузли осмондан ҳадиксирайди. Дунё қораяди, намлик чўкади, жимлик ичра ортга чекинасиз, кеча эса бутун тумонатни ўз бағрига олади. Кундузлари болалар қўшиғидаги сариёғ каби эриган кун, оқшомга бориб ниҳоят совуш олади. Буларнинг бари нимани англатади? Барча нарсалар бунда сирланган чойнакнинг портретга тушиб қолган сояси каби аксланиши қанчалар ҳақиқатни ифодалайди?
Майсаларни айтмайсизми? Атиргуллар ҳақида-чи? Ахир атиргуллар бизни ҳеч қачон суймайдилар; чунки доим уларни узиб оламиз, бизга шунинг учун улар парво қилишга ҳам ҳушлари йўқ. Лекин биз улар атрофида рақсга тушамиз — икки оёқларни уриштирамиз, уч бор айланамиз, биз — табиатнинг тушунмайдиган ахмоқлар, уни тилини унутганмиз, мақсадини англамаймиз, геометрик айланаларни хушбўй математикага айлантиришнинг нафи нелигини илғай олмаймиз.
Майсазорларни ўриб оламиз. Боғнинг хира чироқларини ёқиб қўямиз. Дарвозаларни қулфлаймиз, итларни қўйиб юборамиз, улар ҳар хил шубҳали одамларни ўраб олишади; бу каби ҳаракатларимиз, баланд ғиштли панжаралар хавфсизлик учун пулни тежашга имкон беради. Аммо булар юлдузларнинг товушсиз шовқинидан, атиргулларнинг муаттар нафасини таратиб ўзига чорлашидан бизни ҳимоя этолмайди. Биз мана шуларга эришиш учун дача сотиб оламиз, шу учун ташвишланамиз, савдолашамиз, безовталанамиз ва ахийри ғалаба қозонамиз. Келинг, энди бир нафас шу тоза ҳаводан нафас олайлик! Муаттар ҳаво! Табиатга, ҳашоратларга яқинроқ бўлайлик!
Ахир биз бу ерга шаҳарлардан, азобдан, оломондан, кундалик ҳаётнинг заҳқумларидан, тўкилаётган сочлардан, кўз ёшлардан қочиб келганмиз. Биз узоқларга, адоқсиз далаларга, ўтлоқларга югурамиз: чунки биз яшашни хоҳлаймиз! Шундай қилиб бизга ҳинд ёнғоғи билан шеър, сочиқ ва пляж керак! Кечқурунлар эса оппоқ шароб... яна кўп шароб ва тобора кўпроқ... бу яқинлашиб келаётган даҳшатни бостириш, ваҳшатли дунёни унутиш, унга эътибор қилмаслик, бонг урувчи ибодатхоналарнинг акс-садосини эсламаслик, умуман, ҳамма нарсани унутиш учун бу жуда ҳам керак. Денгизларнинг шовуллаши, тоғларнинг собитлиги, ёлғизликда табиат саҳросида ўсганлигингизни эслаш, қўнғизлару пашшалар ҳамроҳингиз эканини билган ҳолдаги унутиш лаҳзалари жуда қадрли.
Гўё Яратганнинг ўзи ўзлигини англатиш учун бу ачинарли ва севимли махлуқи бўлган одамни бу ерга чорлагандек таассурот уйғонади кишида. Яратган зулматдан чиқиб гўё бизнинг ортимиздан қараб тургандек, назаримда. У бизга сассиз, кўзни қамаштирувчи қуёш билан учраштиради. У оёғимиз остидаги майса каби ётади, шамол бўлиб эсади, ит каби ҳуради, қирғоқларга тўлқин уради, булут каби елади, тушда орзу беради, шароб қуяди. Қолган нарсалар у билан ўтказиладиган музокаралар сирига боғлиқ.



