Ортга юзланиш

Қачонлардир Данте дафн этилган Италиянинг кичик шаҳарчаси Равеннада одатий иссиқ май кунлари эди. Бир гал милодий V-аср арафасида император Гонорий Ғарбий Рим империяси пойтахтини бу ерга кўчирганди. У пайтлар бу ерда порт бор эди, кейин денгиз узоқларга чекинди, унинг ўрнини ботқоқликлар, атиргул майдонлари, чанг-тўзон кенгликлар ва узумзорлар эгаллади. Равенна ўзининг мозаикалари билан машҳур бўлиб, кўплаб сайёҳлар бу ерга соборнинг гумбазлари остидаги ранг-баранг хира жимирлашларни жилосига маҳлиё бўлиб уни кўргани келишади. Унда айтарли ҳеч нарса йўқ, кўримсиз ялтироқ тошларни нимасига ишқибоз бўлиш мумкин. Ундан кўра, бу ялтироқ откриткаларни томоша қилсангиз уларнинг ёрқинлигидан ҳайратга тушасиз, қолаверса, улар мозаикаларга қараганда жуда силлиқ ва бунинг устига жуда арзон.

Мен бу ерга келганимда иссиқ ва чангдан бўғриқиб кетдим. Юрагимда эса маъюс бир ғамгинликни ҳис қилдим. Отамнинг вафоти ёдимга тушди, мен уни жуда яхши кўрардим! Бир замонлар, бундан қирқ йил муқаддам, у шу ерда Равеннада бўлган. Ўшанда у менга машҳур мозаикаларнинг сурати туширилган откритка юборганди. Орқа тарафида ёзув бор эди — негадир қалам билан, бироз шошилиб, у шундай ёзганди: «Қизим! Мен ҳаётимда бундан гўзалроқ нарсани кўрмаганман (ортимга юзлан)! Менинг йиғлагим келмоқда! Сенинг отанг!»

Хатдаги ҳар бир жумла ахмоқона ундов билан тугарди — отам ўшанда ёш бўлган, бироз қувноқ ҳам, эҳтимол шароб ҳам ичгандир. Мен унинг эллигинчи йилларнинг охирларида бошида кигиз шляпа кийиб суратга тушган, оппоқ тишларида сигарета тутган, пешонасида майда тер томчилари силқиган ҳолда эслаб қолганман. У баланд бўйли, бироз рамақи аммо келишган одам бўлиб, думалоқ кўзойнаги орасидан кўзларида хурсандчилик порларди... Почта орқали ўйланмасдан юборилган откриткада суратда италянча ва русча — Жаннат деб ёзилганди. Унда Яратган кўзни қамаштирувчи яшилтоб абадий баҳор нурларига ғарқ бўлган ҳолда инъикос этган, унинг атрофида оқ қўйлар ўтлаб юрарди. Ишончсиз почта бўлимидагилар откритканинг бурчакларини ғижимлаб, синиқтириб аммо ҳеч нарсани ўзгартирмаган ҳолда, менгача етиб келишини таъминлаганди.

Энди мен ўйлайманки, агар жаннат ростдан ҳам бўлса, отам ўша ерда бўлиши керак. Таассуфки, у вафот этган, аллақачон қазо қилган, энди менга ундов белгилари бор откриткага хат ёзиб юбормайди: «Мен шу ердаман, мен сени яхши кўраман, сен ҳам яхши кўрасанми? Мендан хафамасмисан? Мен кўрган гўзалликни кўраяпсанми? Сенга саломим етиб бордими?! Мана откриткалар! Арзон ва ялтироқ суратлар! Кўряпсанми, мен шу ердаман! Бу ер жуда ажойиб! Қани сен ҳам кела олсанг!» У менга шундай ёзарди. Отам бутун дунё бўйлаб саёҳат қилганди, унга дунё ёқарди.

Мен энди имкон даражада унинг изидан бораяпман. У бўлган шаҳарларга бориб, отам кўрган жойларни унинг кўзи билан кўришга ҳаракат қилаяпман. У каби ёш кўринишга, муюлишлардан бурилиб, зиналардан кўтарилиб, панжараларга суяниб, қирғоқ бўйида лабларда сигарет тутиб унинг ҳолатини тасаввур қилишга ҳаракат қилаяпман.

Башарти, мен ҳозир Равеннадаман, ҳамма сайёҳлик гўшалари каби бу жойлар ҳам гавжум ва тиқилинч, чанг тор кўчаларда оломон ғужғон, иссиқ шаҳарда мириқиб ўтирадиган жой топилмайди. Бу ерда Ватани Флоренциядан қувилган Дантенинг қабри бор. Теодорихнинг мақбари ҳам шу ерда. Шунингдек, Равеннани империя пойтахтига айлантирган Гонорийнинг рафиқаси Галла Пласидиянинг мақбараси ҳам шунда. Ахир орадан ўн беш аср ўтди. Дунё қанчалар ўзгарди. Вақтнинг гарди мозаикаларни парчинлаб ташлади. Бир пайтлар муҳим бўлган нарсалар эндиликда аҳамиятини йўқотди. Тўлқинлар шовуллаб турган денгиздан фақатгина қумлар қолди. Денгиз эса ғойиб бўлди, унинг қувноқ мовий тўлқинлари сачраган жойлар энди чўлга айланган, сукунатга ғарқ бўлган, бу жойларга энди дим узумзорлар барпо этилган. Бундан қирқ йил муқаддам отам шу ерларни айланиб юрганида, кулиб, кўзларини чимирганча, кўча столида ўтирган, у қизил вино ичиб денгизга боққанча пиццасини тановул қилган. Шунда борлиқ жавонибдан мовий тун кириб кела бошлаган. Бояқиш отам қоронғу тушиб қолишидан шошиб, апил-тапил стол четида турган қалам билан ўзининг завқи ва бу дунёга бўлган муҳаббати ҳақида шошилинч сўзларни ёзади ва уларга тасодифий ундовларни қўйган.

Энди эса осмон булутли. Шунга қарамай кун иссиқ, аммо қуёш кўринмайди. Кўчалар чанг. Бир пайтлар денгиз туби ҳозир шаҳар атрофидаги кенгликлар бўйлаб чўзилиб кетган унумдор ерларда жойлашганди; Энди кечагина қисқичбақалар судралиб юрган жойларда эшаклар ўтлаб юрибди, сув ўтлари ўсадиган жойларда, атиргуллар ғужғон ўсиб ётибди. Ҳамма нарса ўликдек, аммо бундан кўнгли қолган америкалик сайёҳлар пушти кафшонли ғарб оламининг бир замонлар маҳобатли пойтахти бўлган шаҳар бўйлаб кезаркан, сайёҳлик бюроси томонидан алданганидан норози бўладилар: ахир бу ерда кўрганлари улар аввалдан тавсифлагандек эмас, билъакс кўрганлари кичкина ва ғариб бир эски шаҳар! Ўн беш ҳазилакам гап эмас. Қанча одамлар ютилиб кетди. Мана Дантенинг қабри. Галла Пласидиянинг қабри. Бечора отамнинг қабри. Ғижимланган откриткада эса қандайдир содда яшил жаннат. Мени нима ҳайратга қолдирганини айтайми? Откриткада Яратганни тасвирлашга уриниш, мен откриткага қарайман, у ерда, баланд аркда унинг нурли қиёфаси акс этган. Яшил ўтлоқда эса оқ қўй. Оддий хира ёруғлик фонида илоҳий аксланишга интилиш бор. Сайёҳлар эса бу ерга келганидан норози. Улар қўлларини силкиб бир нарсаларни сўзлашадилар, қўлланмалардан тушунтиришлар қидирадилар. Бу қайси аср, бу қандай санъат? Ҳамма жойда, ҳар доимгидек бир хиллик. Уларни ҳар бирини эринмай кўриб чиқишга сабр чидамайди.

Ҳар бир италян ибодатгоҳларининг деворларида хайрия қутилари осилган — агар уларга пул тўласангиз сизга қўшимча хизматларни тақдим этишади. Агар сиз уч юз лира, ёки йигирма беш доллор тўласангиз шифт остидан бир неча дақиқага мозаик нақшли тошларни оқ нур сочадиган чироқлар билан ёритиб беришади. Шунда ранглар кўзингизга янада ёрқинроқ кўринади. Сиз сюжетларни бутун тафсилотлари билан кўра бошлайсиз.

Оломон ҳаяжонланади, шовқин кучаяди. Бунинг учун фақат чорак доллор тўлаш кифоя. Ахир бу ерга жуда узоқдан келгансиз, самолётда ёки поездда, меҳмонхона, пицца, салқин ичимликлар, кофе учун пул тўладингиз. Шундай экан энди яна бир неча чақага ачиниб ўтирасизми?... Лекин кўпчилик афсусланади. Бу ҳақда аввалдан огоҳлантирмаганлари учун ўзларини бахтсиз сезишади. Улар жаннатни бепул кўришни хоҳлашади. Мана, бир гуруҳ сайёҳлар бу ерда танда солиб ўтирганча, бу пулни тўлаб мозаикаларни ёритадиган сахийни сабрсизлик билан кутишмоқда — улар барча италияликларни фирибгарлигидан нолийди. Ахир улар шундай гўзалликни тўсиб пул ишламоқда, шу орада прожекторлар милтиллайди ва шу қисқа вақт ичида одамлар инсон кўзи учун кўриб улгуришга етарли бўлмаган мозаикадаги жаннатни кўриб қолишга интилишади: ям-яшил водийни, бегуноҳ қўйларни ва Меҳрибон Раббийни кўришдан завқланишади. Оломон ҳаяжони тобора баландлаб боради, лекин шу лаҳзаларда ёруғлик ўчади, ҳафсаласи пир бўлган сайёҳларнинг бир лаҳзалик ҳаяжони, норозилик иддаосига, очкўзлик хириллашига, умидсизлик шивирига айланади. Яна ҳамма нарса зулматга тўлади. Мен оломон ичида, улар билан черковма-черков қадам ташлайман, денгиз шовқинига ўхшаб кетадиган турфа тил лаҳжаларини тинглайман, одамларнинг секин тўлқинли гирдобида чайқалиб кетаман, кўзойнак остидан худдики меники каби маъносиз юзларга боқаман.

Сайёҳлар учун мўлжалланган қўлланма саҳифалари шитирлайди. Агар жаннат ҳақиқатан ҳам бор бўлса, мен у ерга ўша қўйлар, ҳамда мана шу қари, ахмоқ, очкўз оломон билан бирга кираман. Модомики, жаннат биз учун бўлмаса, унда у ким учунлиги қизиқ? Ахир бу дунёда биздан кўра аълороқ ва ўзига хос бўлган бошқалар борми, улар биздан сезиларли даражада яхшироқмилар, мен кўрган одамларнинг ҳаммаси ўртача бир хил даражадаги одамлар. Менимча, бундай одамлар йўқ, мен бу ердаги қадимийликдан ва ҳамма нарсанинг жуда ибтидоийлигидан безиб, америкалик сайёҳлар тўдасига қўшилиб, яшил ўтлоқларда сайр қилсаммикан деб ўйлайман. Агар шундай қилсам, жаннат зерикарли ва ёмонлигини англатадими, у бу ерда кўрсатилган тавсифга тўғри келмаса керак. Жаннат ҳайратланарли даражада беқиёс гўзал бўлади деган ишончдаман. Лекин отам бу ердаги жаннат мозаикалари ҳақида менга бир пайтлар шундай ёзган: «Мен ҳаётимда ҳеч қачон ундан чиройлироқ нарсани кўрмаганман. Ортга юзланинг! Лекин у менга оддий кўринди. Оддийгина жаннат. У мен кўрмаган нимани кўрган бўлиши мумкин? Оломон орасида юриб борарканман, мен аср бошида бу ерда бўлган рус саёҳатчиси Павел Муратовнинг машҳур эсталиги «Италия тасвирлари»ни эслайман: «Галла Пласидия мақбараси шифтида, — деб ёзган эди у. — ғайриоддий ва тушунарсиз алфоздаги чуқур кўк ранг билан ишлов берилганлигини кўрасиз. Кичкина дераза ойнаклари орқали ёруғлик яшил, нилуфар, ёки алвон ранглар билан порлайди. Бу манзарада оқ-қора рангдаги қўйлар орасида ўтирган ёш ва дуркун чўпоннинг сурати осилганини кўрасиз. Деразалардаги ярим доиралар ажабтовур безаклар билан безатилган, у ерда булоқлардан сув ичган кийикларга кўзингиз тушади. Дарахтларнинг қуюқ барглари орасидаги қуйига эгилган шохларда мевалар осилиб турибди. Бу улуғворликларни кўра туриб, инсоният ҳеч қачон черков деворларини безаш учун бундан-да яхшироқ бадиий воситаларни яратмаган, деган ўйга борасан киши. Ибодатхона деворларидаги қабр ўлчамларининг кичиклиги туфайли, мозаика беҳудага совуқ улуғворлик васф этмаганини илғайсиз. Бир замонлар императорнинг мўмиёланган жасади бўлган турбатни ўраб турган кўк олов билан порлайдиган нур диний тасаввурларни тажаллийси қандай бўлганлигини акс эттиради. Готика соборидаги витражлар санъаткор интилган маҳобатни қай шаклда очиб беришга қаратилган экан, ёки бу ерда бошқа бир йўл борми?»

Саёҳатчининг эсталиклари шундай ажойиб сўзлар битилган! Аммо мен черков кунгураларига қанчалик қисиниб қарасам-да ҳеч нарсани на сайёҳ, на отам каби кўра олмаяпман. Ким билсин, эҳтимол Муратов учун йўлбошловчи черковни машъала билан ёритгандир, аммо ҳозир бу ер қоронғу, деразадан зўрға кираётган ёруғликни ҳам сайёҳлар танаси билан тўсиб қўйган. Оломон юзсиз ва ўжар бўлади, орада тирсак сиғадиган ҳам ҳудуд қолдирмасам дейди. Ёруғлик қутисига пул ташлаш керак, лекин ҳеч ким бунга шошилмаяпти, ҳаммалари буни кимдир улар учун қилишидан умидвор. Батаҳқиқ, мен-да, шошилмайман. «Мен аллақачон ҳеч жойга ишламайман», деб ўзимга таскин бераман, «ҳозир буни бу пулни бошқалар тўлагани маъқул». Атроф тумонатни бир дақиқа одамни бўғувчи зулмат қоплайди. Яна бир дақиқа. «Мен таслим бўлмайман», деб ўйлайди барча. Зулмат эса ўз ҳукмронлигини давом эттиради. Ҳавода сичқон, моғор ва бошқа эски нимарсаларнинг ҳиди анқийди, гўё вақтнинг ўзи ҳам шу ҳиддан нафас олаётгандек, назаримда. Бунга одамлардан таралаётган қаримсиқлик, тер, атир, ялпиз, тамаки ҳидлари қўшилиб кетади. Ўлимдан кейин ҳам шундай бўлишидан даҳшатга тушасан: қоронғулик, нафаслар, ҳиддан беҳузурлик, иссиқлик, кутиш, йўловчилардаги тушуниб бўлмайдиган ғайирлик, лекин бу ғайирликни кўрсатмаслик учун одобли қатъият, бироз худбинлик, ўжарлик, умид, шубҳа бор эди бу зулматда. Жаннатни кўриш умидида мен шу қоронғу зулматда кутиб турибман. Жаннат қанисан? «Мен умримда ҳеч қачон бундан гўзалроқ нарсани кўрмаганман! Ортга юзланинг! Мен йиғламоқчиман!» — деб ёзган эди отам жаннатдан.

Ниҳоят, кимдир характер кўрсатишга қарор қилди, бир неча дақиқага чироқ ёнди. Жуда қисқа лаҳзада бу ҳол амалга ошди, биз юқорига кўз югуртирдик, зерикарли ва иссиқ қоронғулик, туйқус юлдузли осмонга айланди, гумбаз узра юлдузлар порлади.

— Воҳ-ҳ-ҳ! — деб юборди ҳамма бирдан, лекин бу вақтда ёруғлик ўчди ва биз яна зулматга чўмдик. Яна кимдир бу гўзаллик учун пул тўлади, ажойиб ва ғаройиб ранг-баранг юлдузлар ва ўша «кўк олов бўлиб яшнаган нур» — бизга иккинчи бор жаннатнинг гўзаллигини тараннум этди — лекин яна қоронғулик чўкди. Яна бир бор тангаларнинг жаранги жаннат манзараларини бизга намойиш этди, лекин тағин зулумот. Гуноҳкор оломон жодулангандек кўкка боққанча туришади. Зулмат эса яна ўз ҳукмини ёяди, устимизда номаълум санъаткорлар томонидан яратилган мовий тубсизлик ғойиб бўлади, ҳамма нарса йўқолади, аммо шу дамда яна ёруғлик милтиллайди ва бизнинг байрам яна давом этади. Нур ёғдуси остида фаришталарнинг куйлари эшитилади. Мен оломон орасидан ўтиб черков деворларини ёруғликдан тўсиб турган эшик олдида бораман. У юзини қуйига қаратганча, ногиронлар аравачасида ўтирарди. Унинг тиззасида бир қути танга бор эди. У қўли билан танга қидирарди, керакли тангаларни тутгач, уни дастгоҳга ташлар ва шунда собор ичида кўк-бинафша ва қип-қизил ёғдулар нур сочар, ўша онда унга ҳамроҳ бўлган йўлбошловчи аёл шоша-пиша унинг қулоғига ҳеч кимга эшиттирмасдан алланималарни пичирларди, мен унинг нима деяётганини ҳар қанча диққат қилсам ҳам эшитолмадим, эшитган тақдиримда ҳам балки тушунолмасдим: у сўзлаётган тил менга номаълум эди.

Аравачада ўтирган одам кўр эди. Унинг ҳамма кўрлар каби хотиржам ва сабрли юз ифодаси бўлиб, қовоқлари ёпилган, бошини эгганча, қулоғига пичирлаётган ҳамроҳини тингларди. Ёнидаги ким экан, қизими ёки хотиними, балки шунчаки саёҳат учун ёлланган ҳамроҳдир. Кўр одам унинг шивир-шивирларига қулоқ солади ва вақти-вақти билан унинг сўзларини тасдиқлаб бош ирғайди: ҳа, ҳа, дейди у. У кўпроқ тинглашни хоҳлайди, дастгоҳга эса, танга ортидан танга ташлайди. У зулматни тангалар билан ёритади, зулмат чўккада эса бир соҳир овоз каби сўйлайди ва гўзалликнинг буюк тасаллиси ҳақида гапиради. Сўнг ҳамроҳининг сўзларига қулоқ осиб, бош ирғаб жилмайиб қўяди. Аёл аравачани эпчиллик билан бошқариб, уни айлантириш учун мақбарадан олиб чиқиб кетади. Ҳамма уларга қарайди: лекин у парво қилмайди, ким билсин, эҳтимол, ҳаммасига аллақачон кўникиб кетгандир. Ногиронлар аравачасидаги кресло тош майдон бўйлаб сакраб-сакраб юради ва бундан унда ўтирган одам бироз азият чекади. Шу маҳал кўкдаги булутлардан ёмғир ёға бошлайди, лекин бу кўпга бормади, томчилаб ўтиб кетди.

— Ортга юзлан! — мен отамнинг сўзларини эслайман. Бироқ орқада ҳеч нарса йўқ, ҳа, у ерда фақат зулмат, иссиқлик, сукунат, ғазаб, шубҳа ва умидсизлик бор. Орқада узоқ вақт олдин муҳим бўлган нарсаларнинг эскирган тасвири бор, лекин улар менга таскин бермайди.

— Мен йиғламоқчиман! — деб ёзган эди отам, бундан қирқ йил олдин уни ҳайратга қолдирган гўзаллик ҳақида (эҳтимол, уни бошқа нарса ҳайратга солгандир), мени кўзларимда энди ёш халқаланади, мен йиғламоқчиман, чунки энди отам йўқ, уни қаерга кетганини билмайман. Ундан фақат мана шу мактуб ва яшил жаннат сурати бор мана шу откритка қолди, мен уни хатчўп каби қоғоздан китобга ўтказдим холос.

Ким билсин, эҳтимол, ҳамма нарса мен ўйлаганимдек эмасдир, булар узоқ вақт олдин ўйланган ҳодисотлардир, ҳаммаси олдиндан ўйланган режа бўйича ўтаётган қилингандир эҳтимол. Номаълум Византия устаси диндан илҳомланиб ўзининг Яратган ҳақидаги гўзал ҳисларини мозаикаларда муҳрлагандир балки. У қўлидан келганча, ўз ҳисларини ифодалаб беришга интилган, ким билсин, янада гўзалроқ ифодалар топа олмаганидан балки ранжигандир. Орадан энди шунча асрлар ўтди, отам Равеннага келди, бу ердаги соборнинг тоқига қаради ва у ердаги Аданнинг суратини кўрди, кейин шу суратни арзон откриткада кўриб уни сотиб олди, сўнг буни менга меҳр ила юборди, бу гўзалликка бўлган ҳиссиётларини ифодалашда унга ундовларни қўйди. Сирасини айтганда, агар у ўшанда буларни менга юбормаганида, ҳозир мен бу ерга келмасдим, шубҳасиз бу ерда сўқир одамни ҳам учратмаган бўлардим, у танга ташламаганида кўк тоқидаги гўзалликдан ҳам бебаҳра қолардим. Зулумот орқасида ҳам доим шундай кўк нури ёнади, аммо биз ҳам аслида кўрлармиз, аравачадаги бу чолдан эҳтимол минг чандон кўрдирмиз.

Биз учун ҳам шивирлайдиганлар бор, лекин биз қулоқларимизни беркитамиз, улар бизга имкон ва йўл кўрсатадилар бироқ юз ўгирамиз. Бизда ишонч йўқ, биз ишончдан қўрқамиз, балки алданиб қолишдан қўрқармиз. Биз аллақачон лаҳатга ётганлигимизга менинг ишончим комил. Зулматда ҳеч нарса йўқлигини биламиз. Зеро, зулматда ниманидир бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Ана улар шу кичкина ўлик шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб кетмоқдалар, аёл аравачани итариб бормоқда, айни дамда кўр одамнинг қулоғига пичирлаб алланималар демоқда, у тилни мен эҳтимол ҳеч қачон тушунмасман. У кулади, аёл эса унинг ёқасини тўғрилайди, унинг тиззасидаги қутидан танга олади ва йўл ёқасидаги пиццахонадан у учун бир бўлак пицца олиб келади, у миннатдорчилик ва тиришқоқлик ила бу тансиқ овқатни тановул қилганча зулмат бағрига сингиб кетади.