Гузель Яхина
Яхина Гузель Шамилевна (1977 йилда туғ.) — ёзувчи, сценарист. РФ Ҳукумати Мукофоти лауреати (2019), «Большая книга» (2019) ва «Ясная Поляна» (2015) мукофотлари соҳибаси.
У Қозонда шифокор ва муҳандис оиласида дунёга келган. Қозон педагогика институтининг хорижий тиллар факультетини ва Москва кино мактабининг сценарий факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини реклама соҳасида олиб орган.
Ёзувчининг илк бадиий асари — «Мотылёк» («Капалак») ҳикояси бўлиб, у 2014 йилда «Нева» журналида чоп этилган. Кейинги йилда эса унинг «Зулейха открывает глаза» («Зулейха кўзларини очади») номли 1930 йилда содир бўлган татар деҳқонлари билан боғлиқ машъум воқеага бағишланган тарихий романи нашрдан чиқди. Роман бестселлер (энг кўп сотилган) мақомига эришди, кўп марта чоп этилди ҳамда экранлаштирилди, шу асар асосида фильм суратга олинди. Яхинанинг бошқа романлари — «Дети мои» «Менинг фарзандларим» (Волга бўйида яшаган немислар тақдири ҳақида), «Эшелон на Самарканд» («Самарқанд томон эшелон») (1920 йилдаги Волга бўйидаги очарчилик ҳақида) ҳам катта муваффақият қозонди.
Яхина — XX аср эпосини акс эттирадиган, архив тадқиқотларини талаб қилувчи мураккаб тарихий материаллар билан ишлай оладиган кам сонли ёзувчилар сарасига киради. Унинг асарлари, улардаги ички динамика сабабли экранбоплиги билан ажралиб туради.