Тил ўқитувчиси

1. Қисм. Тонг

Ҳар тонг ҳали юлдузлар нур сочиб туришганида Якоб Иванович Бах уйқудан уйғониб, қалин пар тўшакка узалганича дунёга қулоқ тутарди. Атрофни қуршаб олган маҳзун куй гўё ўзгалар ҳаётига ҳузур олиб кирмоқчидек. Уй томларида шамол кезади — қишда қор аралаш, музли қоришмадан ҳосил бўлган шамол эса, кўкламда эса қайсар, осмон оғушига чўмган намлик ила қоришган шаббода, ёзда эринчоқ, қуруқ, чангли, енгил уруғ аралашмасига ўхшаш шамол эсади. Итлар ҳуриб, тонг уйқусидан мудраганча уй айвонларига чиққан хўжайинларига пешвоз чиқадилар, ҳатто чанқоғини босиш учун йўлга тушган чорва ҳам тонгдаёқ безовта. Дунё нафас оляпти, хириллаяпти, ҳуштак чалади, минғирлайди, туёқларини тақиллатади, овоз беради ва турли оҳангларда куйлайди.

Бах ҳаётининг оҳанглари шу қадар хазинки, Бах уларга қулоқ солмай қўйганига анча бўлган: ўз ҳаёти куйини ҳам оҳангларнинг умумий оқимига қўшиб юбориб, уларга бепарво бўлишда давом этади. Ҳар замонда дайди шамол хонадаги ягона ойнага бориб урилиб, анчадан бери тозаланмаган тутун ютгични ларзага солиб юборади, аллақаердаги печдан кулранг сичқоннинг алланималарни қитирлатаётганини эшитиш мумкин. Бор-йўғи мана шулар холос.

Ҳаёт куйини тинглаш у қадар ҳам қизиқ эмасдек. Бах гоҳида шу куйни тинглар экан, ўзи шу олам ичра эканини унутиб қўяр, яхшиси айвонга чиқиб, бошқалар сингари бўлгиси келарди: шунчаки қўшиқ айтгиси, эшикни бор кучи билан шарақлатиб ёпгиси ёки бўлмаса жилла қурса аксириб қўйгиси келарди. Бироқ Бах шовқин кўтаришдан кўра сукут сақламоқликни афзал билади.

Соат олтида у ўзига оро берганча қўлсоати билан мактаб қўнғироғи олдида туради. Соатнинг ҳар икки ўқи белгиланган вақтни (катта ўқ олтини, кичиги эса ўн иккини) кўрсатганида, у бор кучи билан арқонни тортган эди ҳамки — бронза қўнғироқ жаранглади. Бахнинг узоқ йиллик машаққатларидан кейин қўнғироқ бонги соатнинг белгиланган нуқтасида якун топарди. Орадан бироз ўтгач, қишлоқдаги ҳар бир одам қўнғироқ томон ўгирилиб, ибодат қилади. Янги кун шу тариқа бошланади...

2. Қисм. Кун

...Ўқитувчилик йиллари гўё бир-бирини такрорлар, кунлар бир-биридан деярли фарқ қилмасди. Якоб Иванович бир хил сўзлар ва вазифаларни такрорлайверишга шу қадар кўникиб қолган эдики, ҳатто фикран ўзининг иккига бўлиниб қолганини сезмай ҳам қолди: тилида навбатдаги грамматик қоидани тушунтирса, қўлидаги чизғич билан сергап ўқувчининг бошига уриб қўяр, оёқлари эса синф бўйлаб тинмай юрарди. Ўз овози эса бошини сарак қилишига ва унга мос шошилмай ташлаётган қадамларига жўр бўлиб, фикрларини илҳомлантирарди.

Немис тилидаги нутқ Бахни зукколик ва тетикликка қайтарувчи ягона восита эди. Дарсни оғзаки машқлардан бошларди. Ўқувчиларга нималарнидир гапириб бериш айтилар, Бах уларни эшитиб, таржима қилар: шевага хос бўлган сўзларни немис тилидаги жимжимадор адабий ибораларга айлантиради.

Улар секин-аста жумладан жумла, сўздан сўз ясашар, гўё қор босган кенгликдан изма-из юриб бораётганга ўхшардилар. Алифбо ва ҳаттотликка муккасидан кетишни Якоб Иванович кўп ҳам ёқтирмас, шундай кезларда суҳбатни тугатиб, дарснинг шеърий қисмини бошлашга киришарди: шеърлар болаларнинг қалбларига тоза булоқдан оқиб кирган оби-ҳаётдек бўларди.

Шеъриятга муҳаббат Бахда ўсмирлигидаёқ пайдо бўлган. Ўша пайтларда унинг қорни картошкали шўрва ҳамда тузланган карам билан эмас, аксинча баллада ва мадҳиялар билан тўядигандек туюларди. Атрофидаги барча-барчани шу тарзда озиқлантиришни мақсад қилгани сабаб ўқитувчилик касбини танлади. Ҳозиргача дарсларида севимли шеърини ўқиркан, қалбида алланечук ёқимли ҳисни туяди.

Ўқувчиларга устозининг иштиёқи юқмади, ўйинқароқ, шўх болалар шеърнинг илк сатрларидаёқ ювош тортиб қолишарди. Немис романтизми уларга хапдоридан ҳам кучлироқ таъсир қиларди. Шеър мутолааси ўқувчиларга бақир-чақир ҳамда чизғич зарбасидан ҳам кўра кўпроқ тинчлантириш воситаси эди...

3. Қисм. Оқшом

...Бах мактаб остонасидан ойналари равоқли, шинам ибодат зали ҳамда учи ўткир қаламни эслатувчи улкан қўнғироғи бўлган муқаддас даргоҳнинг майдонига келиб қолди. У томлари мовий, тўқ қизил ва сап-сариқ тусда бўялган ёғоч уйлар ёнидан ўтади; ясама деворлар олдидан юради; эгасини кутиб, тўнкарилган қайиқларни кўради; майда олча гулли батазорлар бўйлаб юради. У шу қадар шахдам қадамлар билан қорни валенкасида ғижирлатиб ё бўлмаса баҳорда эриган лойларни бошмоқларида дадил босиб ўтардики, бир қарашда уни шу бугуннинг ўзида ҳал қилиниши лозим бўлган, ортга суриб бўлмайдиган ўнлаб ишлар кутиб тургандек кўринарди...

Йўлида унга дуч келганлар тўхтатиб, фарзандларининг ўқишлари ҳақида суриштиришарди. Тез юрганидан нафаси тиқилиб, ҳаллослаганча одамларнинг саволига хушламай имкон қадар қисқа жавоб берар, ростдан ҳам вақти зиқлигини рўкач қиларди. Гапининг исботи сифатида чўнтагидан соатини чиқариб, унга жиддий қарар, бошини чайқарди-да, югуришда давом этарди. Қаерга бунчалик шошаётганини, рости Бахнинг ўзи ҳам тушунмасди. Унинг шошқалогининг яна бир сабаби борлигини айтиш жоиз, албатта: одамлар гаплашганида Якоб Иванович дудуқланиб қоларди. Унинг «сайроқи» тили дарс пайтида немис адабиё тилидаги кўп бўғинли жумлаларни ҳеч бир қийинчиликсиз, тўхтовсиз гапирар, мураккаб қўшма гапларни шу қадар усталик билан талаффуз қилардики, ҳар қандай зўр ўқувчи ҳам гапининг индаоллосини айтгунича, гапнинг бошини унутиб қўярди. Бах ҳамқишлоқлари билан уларнинг шевасида гапира бошлаган ҳам эдики, шундай ўткир забон негадир ўзидан ўзи эгасига панд бера бошлади. Олайлик, у «Фауст» дан парчаларни ёддан айтиб бераётганида, қўққисдан қўшни аёлга: «Аҳмоқлигингиз ўзингизга сийлов!» деган ҳақорат тишларингиз орасидан ҳеч бир машаққатсиз тил орқали оғиздан чиққанига ўзи ҳам ҳайрону лол (танглайга ёпишиб қолган хом пишган чучвара каби).

Бахнинг дудуқланиши унинг ўзига йил сайин кучайиб бораётгандек туюларди, аммо буни текшириб кўриш осон эмасди: у одамлар билан борган сари кам суҳбатлашарди... Умр шу тарзда ўтиб кетмоқда, унда ҳаётдан ўзга ҳар нарса бўлса-да, осуда, бир олам қувонч, бироз ташвиш, қайсидир маънода бахт ҳам мавжуддир.