Светлана Кекова
1951 йил Александровск-Сахалинскда туғилган. Саратов давлат университетининг филология факультетини битирган. Фалсафа фанлари доктори, Николай Заболоцкий ва Арсений Тарковский ижодиёти тадқиқотчиси. Йигирмата, жумладан: «Етти тепаликда» (2001), «Сариқ тоғ остонасида» (2006), «Эммаус йўлида» (2007), «Инсонлар ва фаришталар ҳақида шеърлар» (2009); «Юзта шеър» (2012), «Каллиграфия сабоқлари» (2012), «Олма ва хоч» (2021) шеърий тўпламлар муаллифи. Шеърлари деярли барча Европа ва Осиё тилларига ўгрилган. «Знамя» ва «Новий мир» журналлари мукофоти лауреати, Апполон Григорьев номидаги мукофот лауреати, «Москва-Транзит» Катта мукофоти лауреати, Арсений ва Андрей Тарковский (Украина) номидаги халқаро мукофот лауреати, «Anthologia» Назмий мукофоти, Янги Пушкин мукофоти, «Москва ҳисоблари», Халқаро Волошинский мукофоти ва бошқа мукофотлар лауреати. Саратовда истиқомат қилади.
Адабиётшунос ва танқидчи Наум Резниченконинг эътибор қаратишича: «Кекова Пушкиннинг «фикрлаш ва жабр тортиш учун мен яшашни истайман» деган сўзлари борасида баҳс юритади, аммо, аслида эса у буюк шоирни такрорлайди, ўзининг шеърларида ҳам айнан «фикрлайди ва жабр тортади».