Анна Аренштейннинг «Forever Тухуми» асарига



Нимқоронғуликка бутунлай чўккан
уфқдан чиқиб келган қаҳва идиши
столга яқинроқ келади бирдан
лек ўзи столда турар, жўмраги
ўнгга, сўлга қарар дастаги, ўзи
ўртададир бутун борлиғи билан

мантиқан бутунлай шу ерда, ҳозир,
буюм сифатида, ичида эса
недир яшираркан — қаҳвами ниҳон?
У феномен (ёки феномен?), яъни
ҳақиқат, бизларга асир эрур (sic!),
туйғуларда юзи таниш ва аён.

Бироқ метафизик жиҳатдан турар
у ҳали яқинда (ёки олисда?)
ва ҳозир эмас, беш ё ўн дақиқа,
асрлар бўйи — рамз, иероглиф, белги.
Қўл белги берганин идишдан
қатъий билолмасмиз биз у ҳақида,

тўғрироғи, уни бизлар қанчалик
билишни билмасмиз, қаҳва идиши
столнинг четида турган сингари
ўзини тутаркан, ваҳоланки у
шу лаҳза, шу фурсат ичра турарди
столнинг четидан ҳам анча нари.

Туздон ҳам қўшалоқ — токи ҳам унда,
ҳам бунда, моҳият — ичидаги туз,
борлиғин ифода айлайди шундай.
Фақат това, бизга туюлганидек
ичдаги қуймоғин тутмайди пинҳон,
аммо ҳолат эса, аслида бундай:

това кўрсатилган урён, яланғоч,
куйиш мақомида, това уринар
уни ўзи билан беркитмоққа тез.
Учинчи кўз зарур бунинг-чун, аммо
у бундан маҳрумдир буткул, кўзида
телбалик олови ўйнайди бу кез,

уч-қуйруқсиз эрур телбалик, зотан
Ота Соясидек даҳшатли соя
тимсоли турибди, телба қароғин
яралар — санчқининг шарпаси шундай
шарпа белгисиким, кечиктиргай у
Тақдирдан беркиниш чорасин, чоғин.

«Ҳаёт ёхуд ўлим?» — нигоҳи ичра
ёнар, бунда эмас муаммо, бироқ
бахтиқаро буни тушунмас фақат
ва зўриқиб, тубдан сирли равишда
санчқи томон узатилар Қўл.

                                           О, даҳшат, даҳшат!