Россия шимолида кундалик ҳаёт

(асардан парчалар)

Айрилиқ


                       Болакай 3 қадам босиб, эгилди, бир қўли билан

                       Бодронинг тиззасига суянди, иккинчиси билан мўлжаллаб отилган суякни кўтарди.

                       Мана, етиб келди... кет! Тарқалинг, қизиққон оломон.

                       Четга ўтинг: рус ботирлари ўйинига халал берманг.

                                                                                                             А. С. Пушкин

Болалик қишлоқда ҳануз соф, самимий, чинакам болаликка хос шўхликлар билан ранг-баранг ўтади. Бу ўйинлар кундалик юмушлар билан ёнма-ён юради. Бу мавзуда айтиб ўтишга арзигулик гап кўп... Балиқ овлаш ёки отда юмушларни бажариш бу фойдали ўйинларга мисол бўлади. Ўйиннинг ишга айланиб кетиши ёхуд кундалик юмушларнинг шўх завқ касб этиши одатий ҳолатдир. Эрта баҳор пайтлари ирмоқ ва сойлардан сакраб ўтиш улар наздида завқли, бетакрор ва ҳатто шарафли иш эди. Бунда болалар нафақат чиниқар ёхуд жасур бўлишга ўрганар, яна, ўз назарларида, бошқаларга фойда келтирардилар.

Бироқ болакай ўтишнинг ушбу усулини танламай, бўри ва айиқлар қолдирган сўқмоқдан ўтди, бу, аслида, зерикарли сакрашдан анча фарқ қиларди. От қўшилган аравада у пичан, гўнг ва ўтин ташиш кераклиги учун эмас, учиш учун ўтарди.

Бундай ўйинлар доимо катталар томонидан рағбатлантирилган, бироқ ўспиринларнинг фойдали меҳнатга даҳли бўлмаган бир талай ўйинлари ҳам бор эди. Ота-оналар, ака-опалар, умуман, катталар бу ўйинларга нисбатан бефарқ муносабатда бўлар, баъзан жиддий бўлмаган оҳангда уларни болаларга таклиф ҳам қилардилар. Болалар ва ўсмирлар ўзлари ушбу ўйинларни авлоддан авлодга ўтказиб борадилар.

Ўнлаб шундай ўйинлардан бири — ўйинчоқ шамол ва сув тегирмонларини қуриш. Болакайларнинг биринчи соддагина пирпирагини ясашга акасими, буваси ёки отасими қарашиб юборган, албатта. Лекин вақт ўтган сари, бировнинг ёрдамини ёқтирмай боради киши... Тез орада паррак ҳар қандай чуғурчиқ ўзига макон қилиши мумкин бўлган қўлбола дастали тегирмонга айланди. Бу ишни эплаган болаларга ён-атрофдаги ирмоққа тегирмон қуриш нима бўпти.

Бу ирмоққа ҳали тўхталамиз, ўрмонда эса яна бир сой оқади: ширин қайиндан оқиб тушаётган шарбати тушгача кичикроқ челакни тўлдиради. У ирмоқнинг қирғоғида нордон отқулоқ поялари ўсади, бу ерда бўлса подоспел ўсимлиги ва гигеллар — анжеликанинг ширин ва қарсилдоқ найчалари ўсади. Уларни энди униб чиққан, сувли ва юмшоқ пайтларида еса бўлади. Терим пайтигача у йўғонлашиб, қаттиқлашади. Агар энг катта пастки бўғимини кесиб, унинг бир учини ёпиқ қолдириб, айланасига тешиб чиқилса ва тўқмоққа кампирларнинг каноп ипи билан боғлаб қўйилса, қарабсизки, қўлбола сув олиш мосламаси тайёр бўлади. Гигелини сувга тўлдириб олган болакай қизлар олдига аста судралиб боради-да... Сувнинг ингичка, шиддатли оқими 8—10 метргача етади, қизалоқлар тушунмай тип-тиниқ, булутсиз осмонга қарайдилар. Ёмғир қаердан келди экан?

Ўша учи ёпиқ гигельни узунасига чуқур кесиб пуфласа эшитганни кар қиладиган шовқин чиқаради. Ёз тугаб, четан мевалари пишганда, гигельдан бизбизак ясайдилар. Резаворлар уларнинг дастидан 20—30 метрга учиб кетади. Дарахт ёки бута устида ўтириб бемалол ўқ узиш мумкин: хўрозларга ҳам, мушукларга ҳам, тенгдошларга ҳам, бироқ... Келинг, шу ерда бироз тўхтаймиз.

Қаердан бошлаб, қаергача келганимизни эслайлик. Ахир, бундай яқин масофадан нафақат хўрозни, умуман ҳеч нарсани мўлжаллаб бўлмайди... Боланинг кўнгли яхши ва ёмон ишнинг фарқига бормайди, бола бу ишга соф виждон билан киришади ва ўша ишни (хатони) одат қилиб олади. Энг хавфсиз ўйин билдирмайгина, кўз очиб юмгунча ҳазил-ҳузулга, ҳазиллшиш эркаланишга айланади, эркалик билан безориликнинг ораси бир қадам... Шу сабабдан катталар ҳазиллар чегарасидан чиқмай туриб олдини олишар, бу билан болалик қувончларидаги софликни, қадимий ўйинлардаги қонунлар қатъийлигини сақлаб қолардилар.

Шунга қарамай, кўп жойларда сим найзалар (бир зарбада тугмага етиб, уни босиш мумкин) ҳамда резина рогаткалар (тошлар бемалол деразани роми билан синдиради) вақт ўтиши билан безиён гигеллар ва мажнунтолдан ясалган ҳуштакларни четга чиқариб қўйди. Бу ўзгариш фақатгина болаларнинг қўлига пўлат сим билан қинбоп резина берган цивилизациянинг таъсири эмас. Биринчи жаҳон урушидан сўнг, қишлоқларда катта ёшли ярамаслар кўпайди. Бу «ярамас» жамоат бинолари ойнага тошни ўзи отмай, ўз жонини ўйлаб, бир-иккита болакайларни бунга ўргатди. Шундай бўлса-да, Иккинчи жаҳон урушигача болалар ва ўсмирлар ўз ўйинларидаги анъаналарни тўлиқ сақлаб қола билди. Уларнинг хилма-хиллиги ва ҳаётийлиги вақт синовлари, мураккаб меҳнат ва яшаш шароитлари билан изоҳланади. Болалар нима қўлига тушса, шуни ўйнаган. Энага бувилар осонгина, бошидаги рўмолини шундай ечиб, тахлаб, «қуёнча» ясаб бераверган, агар «кумалар» «ухлаб» қолишса, уйғотиш учун вақт етмаган. Ўроқ бир ҳовуч сомондан сомон кума ясаган (эҳтимол, «сомон бева» ҳам шундай пайдо бўлгандир). Тенг жавдар пояларини икки буклаб, момиқ «сарафан кийдирилган «белини боғлаб» тайёрланган «кумалар» стол устига қўйилади. Столни енгил муштласангиз, «кума» рақсга тушади. Энди бир нечта сомон қўғирчоқларнинг кенг стол устида хиром айлаётганини томоша қилаётган болаларнинг (умуман, ҳар кимнинг) юзидаги завқни тасаввур қилинг! Қўғирчоқлар тўпланадилар, тарқаладилар, бир-бирига тегиб-тегмай ўтиб кетадилар. Вазифа уларни ёнма-ён, столдан тушириб юбормай рақсга тушириш...

Оддий машъал кўплаб фокуслар учун қиш оқшоми вазифасини бажарган. «Бизбизак» ясаш учун бир парча шингила ва пишиқ канвас ип кифоя эди. Болажонларнинг ўзлари, афтидан, абадий айланиб турадиган «тепа» ясадилар. Турли кўзбойлоғичликлар, мусобақалар, ҳалқа ва қайчи ёки узук билан кўрсатиладиган найранглар оммалашганди. Ниҳоят ҳамма толиққан тасаввурлари билан уйқуга ётади, бироқ эртасига тонгда, албатта, янги нимадир ўйлаб топилади. Дейлик, эски пальто ёки ёстиқ жилдини кийган кимдир оёқ-қўлларини орқага маҳкамлаб, «товуқ» бўлса, бу дунёда уни турғизиб, кейин каловланиб, қоқиниб-суриниб юришини кўришдек қизиқарли томоша топилмайди.

Баҳорда ўрмонзорда, ёзда эса пичанзорда ўсмирлар ўзларига доимо ходалар кесиб устида юришни машқ қилишарди, бошида калта, кейинчалик бу ходалар борган сари узунлашиб бораверган. Қичитқи ўт ёхуд сув устига ташланган ходалар болалардаги куч ва чидамлиликни оширган*.

Қишлоқча чехарда ўйини шаҳарникидан тубдан фарқ қилиб, жуда кулгили эди. Ўйинчилар кўчада тўсатдан тўпланиб қолишади, ёқимсиз вазифани бўйнига олиб бир кўнгилли ўртага чиқади ва майсага ўтиради. Ўйинчилар унинг қалпоғи устига бош кийимларини терадилар.

Баъзан бош кийимлардан қурилмиш минора жуда баланд бўлиб кетар ва у қуламаслиги учун донг қотиб ўтириш керак бўлар эди. Кейин энг новча ва бақувват ўйинчи югуриб келиб, минора устидан сакрайди ва у туширган қалпоқлар саналади. Кичкиналар энг охирида сакрайди, лекин бунгача одатда ўтирганнинг бошида битта камилавка ҳам қолмайди... Айбдорлар (қалпоқ туширганлар) бирин-кетин тўрт оёқлаб туришади. Қолганлар бор кучи билан ўша ўгирилиб турганнинг орқасига шапалоқ тортади. Шапалоқлар сони туширилган бош кийимлар миқдорига тенг бўлади. Зарбалар мутлақо оғриқсиз ва хавфсиз бўлган, лекин жуда кўп кулгилар олиб келган. Калтак ейишдан аввал бола узоққа тикилиб қолади. Энг қизиқ пайт — у ўша ҳолда турганча, нима бўлаётганини кўриш учун орқасига ўгирилиши. Зарбадан олдин унинг юзи шунақа қиёфа касб этадики...

Ёзда рус йигитлари севиб ўйнайдиган ўйин Пушкиннинг тилига тушган «ошиқ ташлаш» ўйини эди. Уни нафақат болалар, яна ўсмирлар ва бўз йигитлар ҳам бирдек ёқтиришарди, уйланганлари-да бўш вақтида ўйнаб туришни канда қилишмасди. «Ошиқлар» — холодец қайнатганда ажралиб чиқадиган мол ёки қўйнинг бўғим суяклари бўлиб, «козонка», «козня», «бабка» деб ҳам юритилган. Улар ажратиларди, сотиларди ва сотиб олинарди, оиланинг кичиклари орасида авлоддан авлодга ўтарди.

Пушкиннинг назарида «муносиб» ошиқ — буқанинг катта бўғим суягидир. Кейин у тешилиб, ичига қўрғошин тўлдирилган. Кейинчалик суяклар тош билан, йиллар ўтиб «бита» деб аталувчи темир плиткалар билан алмаштирилган.

Бир қаторга биттадан, ўйинчилар оз бўлса иккитадан қилиб ошиқлар терилади.

Ўйинлар жуда кўп ва турли-туман эди, лекин уларнинг ҳаммаси учун ҳам ўткир кўз, эпчиллик ва бардош талаб қилинарди. Ошиқни тушган жойидан энг узоққа ирғита олган одам ғолиб бўлган. Қайсидир бир ўйин турида, агар ҳарбийлар тилида изоҳлайдиган бўлсак, ошиқлар битталик шеренгаларга эмас, иккиталик колонналарга бўлиб тахланган. Улар баъзан девор тагига, баъзан очиқ майдонларга бир саф қилиб терилган, иккинчи вазиятда ҳар бир зарба турли тарафлардан йўлланган.

Черков-мактабларнинг учинчи синфида ўқийдиган болаларга ўргатиладиган шеър:

Йўл четидаги кўлмакда
Туришибди бир тўп бола,
Турнақатор тизилиб, гўё
Жангга кирган туллар мисоли.

Эҳ, Павликнинг бугун ҳам,
Биринчи бўлиб келди навбати.
Ўйинга тикилган ганак,
Ютилиш керак.

Давомини ҳатто муаллиф Анфиса Ивановна ҳам эслаб қола олмаган.

Катта ёшдаги ошиқ ўйновчилар тантанали байрамларда, кўплаб мухлислар олқишлари остида ўйнаганлар: аёллар, тенгдошлар, меҳмонлар...

Ошиқ ўйини билан фақатгина бир ўйин — «рюхи», ёки городки беллаша олади. У ҳам жуда чиройли ўйин бўлиб, бугунги кунгача сақланиб қолган ва ҳатто расман спорт турлари сафига киритилган ягона миллий рус қадрияти саналади.

Ўйинлар ва миллий томошаларни бир-биридан ажратиб, яккалатиб бўлмайди, ҳатто иккаласи алоҳида, мустақил ва аниқ чегараланган бўлса-да.

Айнан шунда миллат маданиятининг абадий ўзгармас қонуниятидир.

Масалан, қишлоқча ҳайинчалак нима? Уни таърифлаш, унинг аҳамиятини аниқлаш мумкинми? Албатта, мумкин... бироқ бу тавсифлар баҳорнинг, сув парилари ҳафтасининг, хуллас, қишлоқ шодиёналарининг нима эканлигидан бехабар ўқувчилар учун пуч ва мазмунсиз бўлиб қолади.

Айтгандай, арғимчоқлар (шимолда улар доиравий ёки маятниксимон бўлади) қадим замонлардан бери жуда машҳур бўлган. Айнан унинг теварагида, байрамона шовқин-суронда, бутун дунёни унутиб ўйналган фйрим ўйинлар вақт ўтган сари мусиқий оҳанглар билан тўлиб, рақсга хос жозиба касб этиб борган.

Бола ҳам энди бола эмас, ўсмир бўлса ва даврада қарама-қарши жинсдаги тенгдоши билан шундай рақсга тушса, ўйиннинг ўйинлигидан асар ҳам қолмайди, у тубдан бошқа, янги маъно касб этади.

Оддий одам ўйинлардан жуда, ниҳоятда узоқлашганда... Фақатгина кўнгли синган, тош қотган, эрта қариб юборган, ғазабланган ёхуд Тангри кўнглига солган учқунидан айрилган одамларгина ўйинларга, ҳазилларга, эрмакка эҳтиёж сезмаслиги мумкин.

Фитна

«Тикандан ўткир, вулқондан хавфли» сўзлар, «дугоналар билан кўп ўтирма, ҳаммомни буғга тўлдирма»дан тортиб «нордон нарсани ялама, эзилганни бўғма»га қадар, — буларнинг барида чексиз қудрат яширин эди. Улар тиш оғриғидангина эмас, «учар найзадан, ишлов берилган ва берилмаган темирдан, кўк пўлатдан, қизилию оқидан ҳам, қизиган ўқлардан, қизил асалдан, симлардан, тури ҳайвонлар ва уларнинг суякларидан, (ерлик ёки чет элникилигидан қатъи назар) дарахтлардан, ўрмон-у яйловдаги қуш патларидан, ва бутун инсон рудасидан**, у хоҳ рус, хоҳ татар, хоҳ черемис, хоҳ литвалик, хоҳ немис бўлсин, барча бадахлоқ Елена авлодларидан, ғаним ва душманлардан» халос қила оларди.

Кўп афсун ва суқилар қадимги даврларда ибодатларни келтириб чиқарган, насроний динига хос атамалар улар билан ёнма-ён юради. «О, Муқаддас хоч, менга раҳм қил, мен ва менинг қадрдон дўстларимни ўз паноҳингда асра, ўт балоси, ўқ балоси, сув балоси, туҳмат балосидан, очлик-яланғочликдан, бевақт ўлимдан сақла, банданг (исми) ва содиқ маслаҳатгўй биродарларимни ҳам. Омин, омин, омин».

Аммо «фақат омин билан жинни енгиб бўлмайди» — дейилади бир мақолда, жодулар ҳам, шубҳасиз, асранганларни асраган... Афсун қўллаган одамлар ўзларида бошлаган ишларида омад ёр бўлишига ишонч, руҳий бардамлик ҳис этганлар ва маълум мақсад йўлига отланганлар. Н. А. Иваницкий ёзиб олган овчининг ёвузларга қарши дуоси қуйидагича: «Ўрнимдан баракам билан тураман, эсон-омон кулбамдан эшикка, эшикдан дарвозага, яйдоқ даштларга, қоронғу жарлар лабига, қалин ўрмонларга, сокин ботқоқларга, шпинделларга, юксак тоғларга бораман. Ўрмонларда мен яхши илвасинларни: олмахонни, сувсарни, қуённи, тулкини, бўри ва айиқни ўлжа оламан. Мовий денгизларда, кўл ҳам дарёларда ғозлар, оққушлар ва кулранг ўрдакларни ўлжа қиламан. Менга қасд қилган ёмонлар кўк денгиздан қум ташиб, сувини ичсин, ўрмондаги арча ва аспенларни санаб чиқсин, кўзида арпа сомонини қуритсин, шлакоблокни тиши билан кемирсин. Тангрининг марҳамати билан бўрон-у тўфонлар ҳўл-у қуруқни баравар пайҳон қилганидек, у муртаднинг суяг-у бўғимлари синсин. Худонинг қудрати билан чақмоқ чақиб, шайтонга ўқ отилгани сингари, ўшандай бир ўқ ёвузларга бориб тегсин. Сўзларим қабул бўлсин».

Ёнғинга қарши, ҳайвонлар касалланишига қарши, одамга иситадиган, совутадиган, чорвачиликка оид, қуруқ туҳмат ва шаҳарлик бузуқ аёллардан сақлайдиган бир талай қарғиш ва суқилар азалдан мавжуд бўлган. Овчилар ва аскарларга хос қадимий қарғишларга қараганда, эркаклар ва аёллар илгарилари тенгма-тенг қарғанишган, кейинчалик қарғаниш аёллик «имтиёзига» айланган.

Назаримда, қарғишлар ҳам худди ўз-ўзини гипноз қилишдек психологик таъсирга эга бўлган.

Кўпчилик кундалик рўзғор дуолари бевосита ўша жараёндан аввал ёки унинг давомида туғилган. Мисол учун, бека сигир соғиб ўтирганда, фақат сигир эшитсин, дея шивирлаб ёки овозини сал пасайтириб дейди: «Сени соғганман, она Катеринанинг қули, соғяпман, она сигир, туришинг ғоз бўлсин, соғилишинг соз бўлсин, тоғдек қаддинг кериб тур, дарёдек сут бериб тур, думинг ҳар томон бурма, туёғинг туёққа урма».

Жумбоқ

Қиш оқшомларида, ўйин-кулгиларсиз суҳбатларда топишмоқлар ажойиб эрмак бўлган. Болалар ва ўсмирлар эса бу ўйин билан йилнинг тўрт фаслида бирдек шуғулланиб, кўпроқ топишмоқларни биладиган катталарга тез-тез мурожаат қилишган. Бундан ташқари, топишмоқларнинг мақсади тахмин қилишдан иборат эди, ўйлаб топиш шарт эмас эди. Ҳамма биладиган топишмоқни топиш зерикарли, ҳеч ким эшитмаган ёки ҳозир ўйлаб топилганини топиш эса жуда мушкул. Шунинг учун саволни берган, қизиқувчиларни тўхтатиб, охирида ўзи жавоб берган. Топишга уриниб кўринг-чи, қуйидаги топишмоқда ким ким билан гаплашяпти: «У айёр ҳамда қийшиқ, қайга кетгани қизиқ. Соч-соқолини қирдирган, унга ҳаммаси барибир». Энг топағонлар ҳам бир деганда ўрилган дала ёки шудгор атрофида оқаётган дарёни хаёлига келтирмайди. «Нима ўрмондан баланд, қилдан ингичка?» — саволига жавоб бериш осонроқ, чунки гап табиат ҳақида кетмоқда. Сув билан шамол ҳатто эртакларда ҳам ажралмайди. Бу уюшиш орқали сиз «қандай йўлдан ярим йил пиёда, ярим йил отда ўтилишини» тез топасиз.

Дарёни эслаб, албатта, тешикни ҳам эслайсиз: «Айлана деразанинг шишаси кунда синади, тунда яна бутланади». Булардан кейин: «Нима пастга қараб ўсади?» — деб сўрасангиз, балки, бу сумалаклигини топадиган билағон чиқади.

«Қайси гиёҳни кўр ҳам топа олади?» — деб набирасидан сўраган буви биладики, бир муддатдан сўнг қувноқ қийқириқ эшитилади: «Қичитқи ўтни!» Хўроз ҳақида топишмоқ: «Икки марта туғилиб, бир мартаям чўқинтирилмаган, оламдаги илк қўшиқчи», — катталарни ҳам бироз ўйлантириб қўяди. «Сигир билан қайин орасида чўчқа зиғир судрайди»га ўхшаш топишмоқлар бир касб эгалари доирасида, масалан, юқоридаги топишмоқ этикдўзлар орасида туғилади. «2 ака-ука бир камарда боғланган» топишмоғини фақат Россия шимолида тушунишади, чунки бу ерда тўсиқ тагида ток билан ўралган иккита қозиқ бор.

Айрим топишмоқлар мақолдек эшитилади, ва аксинча, кўплаб мақолларни топишмоқ сифатида бериш мумкин.

Мазмунан сал тарбияга зидроқ «коса тагидаги нимкоса» топишмоқлар ҳам кенг тарқалган эди. Уларнинг одобсиз шакли маъносига қараб бироз юмшатилган.

Ҳазил топишмоқлар («Деразада мушук ўтирибди, думи мушукники, лекин ўзи мушук эмас») тахминларни тақлидга улайди ва рақамли топишмоқлар:

«Қушлар учиб келишди ва қўнмоқчи бўлишди. Агар улар иккитадан бўлиб, иккита қайинга ўтирса, битта қайин ортиб қолади, биттадан ўтирса, битта қушга жой етмайди. Қушлар нечта-ю, қайинлар нечта?» Халқ эртакларида қаҳрамонлар ҳам бир-бирига тез-тез топишмоқлар берадилар.





* «...Барча ўйинлар ва томошалар тамоман қўл меҳнатига асосланган... Қишлоқнинг ташкилотчилари ва амалга оширувчилари ҳам ўша қишлоқдан бўлган. Баъзи арғимчоқлар учун озмунча ускуна ва жиҳоз сарфланмаган, уларни ясаш эса катта меҳнат талаб қилган. Болалар бўлса ўз ўйинлари учун нарсаларни ўзлари тайёрлашган. Масалан, лох (сунъий қорли тоғ)ни доим болалар ўзлари ясашган. Иш осон эмасди, болалар ўнлаб кубометр қор тўплаб, устидан бир неча ўн челак сув қуйганлар. Барча ўйин асбоблари қўлбола бўлган. Лапта учун резина тўплар 20-йилларда чиққан, унгача қўлбола, латта ёки яхшиси чармдан тайёрланган тўпларда ўйнаган болалар қайсар тўпларни осон идора этишган». (Китобхон А. М. Кренделевнинг мактубидан.

** Ноаниқ мазмунда қўлланган. Темир рудаси ёки инсон қони бўлиши мумкин