Империя бўйлаб саёҳат китоби

Бир мамлакат

Ёш йигит саёҳати

Осиё дарвозаси. Муқаддима

Болалигимдан бери Осиё бўйлаб саёҳат қилдим. Семенов-Тян-Шан, Пржевальский ва яна Грум-Гржимайло дейсизми... — у ердагилар ўз туяларида юришар, ўз қўтосларини отар, ўзларининг қум-бўронларида қолиб кетишар ва ўзлари буюк жўғрофий кашфиётлар қилишарди. Мен ўзимга мос келадиган тахаллус қидирар эдим (исмим ҳам, фамилиям ҳам мени қониқтирмас эди — уларнинг шуҳрати қониқтирарди...). Сергей Карамышев! Бу яхши-ку! Грум-Гржимайло и Карамышев! Пржевальский қўлларини елкамга қўяди, бошқаси эса узоқларга чорлайди. У ерда Сергей Карамышевнинг умуртқа суяги бор. Буюк сайёҳ Карамышев Монгольский ёввойи туянинг очиқ фонида. Книжка из серии «Ажойиб одамлар ҳаёти» номли китоб серияларидан фотосуратлар: сайёҳнинг онаси, отаси, болалиги.

Китобим билан онамнинг ёнига югуриб келаман.

— Мана Пржевальскийнинг ёзишича... Қандай қилиб буюк сайёҳ бўлса бўлади, бунинг учун қандай сифатлар бўлиши керак... Менда эса буларнинг бари мавжуд: сайёҳ бўлиб туғилганман, жуда қизиқаман, илмий тайёргарлик кўраман, феъл-атворимни ўзгартираман, меҳнатсевар бўлишга уринаман, бутун кучимни сарфлайман, — дейман бармоқларимни тишлаб.

Ҳозир тоғ-кон олийгоҳи талабасиман. Оқ доғлар йўқлигини аллақачон тушунганман. Энг охиргиси ҳам, эҳтимол Грум-Гржимайлега насиб қилгандир (ғаройиб, ҳатто фамилияга ҳам ўхшамайди!). Умуман олганда, бу ҳали болалик орзуси. Билмадим, балки бундан уялмаслик керакдир.

Мен Япония ҳақида орзу қиламан, бенуқсон таъм ва минг йиллик ҳаракатдаги мамлакат ҳақида орзу қиламан... Мана ҳозир ҳам чиройли япон кийимида чўккалаб ўтирибман. Турналар сурати чизилган эшиклар сурилиб очилади. Эшик шундоққина орқамда очилди, аммо мен ўгирилиб қармайман: мен ким эшикни очганини биламан. Унинг қай тарзда ёнимга келишини биламан, аввал таъзим қилади, кейин чашкани олдимга қўяди, кейин яна таъзим қилади, чиқиш арафасида энгашиб таъзим қилади, эшикни орқасдан суриб ёпади ва кўздан ғойиб бўлади. Мен эса ҳатто ўрнимдан қўзғолмайман ҳам, юз ифодамни ўзгартирмайман ҳам: буларнинг барини биламан. Минг йиллардан бери уларнинг барини ҳамма билади. Мана шу хона ҳам, хонада нима қандай жойлашганини ҳам, мана бу аёлни ҳам. Мен ҳам ҳаммасини биламан...

Япония... Бу менинг содда ва ёқимли пучуқбурун ва малла япон қизга уйланишим билан тугайди. Энди Япония режамда борган сари кам жой оляпти.

Кашфиётлар-чи? Ахир менинг соҳам — ер қазиш, йигирма уч ёшимда бунинг меҳнат эканлигини биляпман.

Амалиёт ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. Бутун ёзни Ўрта Осиёда ўтказаман. Ишлашга кетаман. Бироқ мен болалигим эвакуация қилинган Осиёга кетаман.

Яна бошқа эшиклар


— Бу ерда кадрлар бўлими қаерда?

— Тўғрига бориб, чапга қайриласиз.

Тўғрига ва чапга. Қоронғи йўлак. Йўлакка эшик очиб қўйилган. Полга эшикдан соялар тушиб турибди. Эшикни ёпиб, ўқийман: «Кадрлар бўлими». Айнан шу керак эди. Эшикни яна очаман-да, ичкарига кираман. Стол олдида сарғиш сочли улкан одам ўтирибди. Шкафлар. Полда темир сандиқ. Ниманидир диққат билан қирқяпти. Яқин бориб қарайман. Қизил варақда катта қилиб Щ ҳарфи ёзилган эди. Бу бир неча дақиқадан кейин аниқ кўринди. Улкан одам диққат билан қараб турибди. Ниҳоят чуқур хўрсинганча ишини тугатди. Қўллар бўшагач, кўзларини лўқ қилиб менга қаради.

— Хўш... — деди у. — Нима гап?

— Ҳеч гап йўқ, ҳаммаси жойида, — дедим мен.

Гигант сесканиб кетди, таажжубланиб, қизарганча менга қаради.

— Ўқишни биласизми? — ғазабини сочди у.

— Биламан, — дедим мен.

— Унда хонамдан чиқинг-да, деворга нима ёзилганини ўқиб кўринг, —деди у хотиржам ва хайрихоҳлик билан.

Хонадан чиқиб, ўқийман. Кейин қайтиб кираман.

— Хўш нима экан? — кулди ҳалиги гигант.

— «Кадрлар бўлими» деб ёзилган.

— Яна-чи? Пастдаги ёзувни қарадингизми? — У иржайди. Яна чиқиб ўқийман. Қайтиб кираман.

— «Бегоналарга кириш мумкин эмас», — дедим мен.

— Ана кўрдингизми, — кулди у, — ҳов анови туйнук олдига боринг.

Ҳақиқатдан ҳам, деворда панжарали кичик туйнукча бор экан. Ўша ёқдан кираман.

— Мана, — дедим.

— Энди гапиринг — минғирлади гигант.

— Менга кадрлар бўлими бошлиғи керак...

— Мен бўлсам нима?

— Ана бўлмасам...

— Чапга ва тўғрига. Бошлиқ номига ариза ёзинг.

— Нега сиз панжара ортида ўтирибсиз?

— Қизиқ экансиз-ку, — кулди у, — ҳужжатлар ахир...

Чапга ва ўнгга. Тақиллатаман. Кираман.

Стол олдида семиз, оқсоч киши ўтирарди. Мен унинг олдига бораман. Семиз киши бошини кўтариб менга қарайди. Унга кимлигимни, менга нима кераклигини узоқ тушунтираман. Бошқа овора қилмасликлари учун шу қадар берилиб тушунтираманки... У мени диққат билан эшитди, мовий кўзлари билан менга боқади. У менга ёқиб қолди. Шунга бўлса керак, унга ҳаммасини гапириб бердим.

— Шундайми... — деди у. — Унда сиз бошлиққа киринг. — У қўшни столда ўтирган пакана, қоп-қора ёш йигитга ишора қилди.

Мен терга ботдим. Кейинги стол олдига бордим. Бошлиқ бошини ҳам кўтармасдан аллақандай қоғозни ўқиб ўтирибди. Олдига ҳужжатимни қўйдим. У эса ҳамон ўқишда давом этарди.

— Ҳеч нимани тушунмаяпман, — деди у тўсатдан менга кўзларини тикканча.

— Ҳа, бу сизникимиди? — деди унинг кўзлари ҳорғин ва маҳзун эди.

— Меники.

— Фақатгина бир ҳафтадан кейин иш ўрни бўлади.

Шу пайт телефон жиринглади.

— Хуллас бир ҳафтадан кейин келинг, жойлаштирмамиз,— деди у трубкани кўтараркан. — Ҳа, бу мен, бошлиқ. Неча марта айтишим керак ахир, иложим йўқ! Ухлашни истайман, тушунсангиз-чи! Даф бўлинг... — У жаҳл билан трубкани қўйиб қўйди. Кейин менга қаради.

— Сиз ҳалиям шу ердамисиз? Бир ҳафтадан кейин келинг.

Мен довдираб қолдим.

— А-а-а... тушунаман. Пулингиз йўқми?

— Йўғ-ей, нега энди? Бор! — дедим мен негадир.

— Ҳа, унда тунайдиган жойингиз йўқми?

— Нималар деяпсиз? — дедим мен, — Осиёнинг ярми қариндошларим!

— Ҳм, бўпти, унда бир ҳафтадан кейин.

Кўчага чиқдим. Энди қаерга борсам экан?

— Ҳой! — ортимдан чақиришди мени. Бу кадрлар бўлимидаги сарғиш соч гигант экан.— Сиз бу ерларни яхши билмасангиз керак. Юринг бирга. Дарвоқе, мен сизга бу ерлардаги энг яхши пивони кўрсатаман...

У менга ҳам меҳмонхона, ҳам пивони кўрсатди. Орадан уч кун ўтиб, пулим ростдан ҳам тугади.


Баднафснинг ёзишмалари

Қорним тўйиб кетди

Китобимдан топиб олган манзилга қараб йўл олдим. Бу миллати рус бўлган бир дўстим эди. Биз у билан бу ерга келаётганимда поездда танишганмиз.

«Уникида овқатланарман», — ўйладим мен.

Танишим янги кўчада яшаркан, ҳеч ким менга ўша кўчага қандай боришимни тушунтириб беролмади. Биттаси тушунтиргандек бўлди-ку, барибир кўчани излаб, узоқ вақт эски шаҳар бўйлаб тентираб юрдим...

Кўчаларнинг кенглиги бир метр, уйларнинг баландлиги эса икки метр. Кўчадан юрар эканман, елакларим ўнг ва чап томондаги деворларга зарар келтиришдан чўчирдим. Кўчанинг текис ёнларидан эса ора-орада тешиклар очилиб, дарвозалар қилинган. Ўша дарвозалар олдида эса яланг оёқда, сочлари қирқта қилиб ўрилган, йрқин рангли кўйлаклар кийиб, қулоқларига сирғалар таққан, қўл ва оёқлари тирноқлари бўялган, ўзларининг дўмбоқ укаларини кўтариб олган қизлар ўтиришибди; ёки ёпиқ дарвоза олдида ҳеч ким йўқ, икки девор оралиғида кичик йўлакча бўлиб, йўлак худди митти кўчага ўхшар, у ёқда яна ёпиқ дарвоза, кўча ортида боғча, боғчада эса укасига қараб юрган қиз; уч оёқли ўчоқда нимадир қайнар, тахта панжараларда узумлар осилиб ётар, боқда сўри қўйилган бўлиб, гилам солинган, ҳовлининг хилватроғида мотоцикл турибди...

Эски шаҳар бўйлаб юриб, ўзимга керакли кўчага сира чиқолмасдим. Йўлни яна суриштирдим ва бошқа томонга кетаётганим маълум бўлди.

Ортимга қайтарканман, менга нотўғри йўл кўрсатган ҳалиги кишини баланд овозда сўкардим. Мен уни хўппа семиз, ўзига бино қўйган одам сифатида эслаб қолгандим, айнан шу «сифатлари» учун ҳам уни сўкардим. Қадамларим ритмига ҳамоҳанг тарзда ўша одамни оғзимга келган жами ҳақоратлар билан сийладим.

Қорним эса бўм-бўш эди. Ошқозоним чапак чаларди... Ўзимни худди ибодат учун оч қолгандек сезардим. Ошқозонда фақат шовқин ва акс-садо бордек. Оғзим эса қуриб борарди.

Катта йўлга чиқиб олдим. Ёнимдан авотбуслар ўтиб кетяпти. Улардан бирортасига ўтириб кетишим мумкин эди, чунки ҳолдан тойгандим, бироқ ҳатто чиптага ҳам пулим йўқ. Бу ёқда жазирамани айтмайсизми... Куннинг қоқ ўртасидаги иссиқ... ҳар ҳолда тушдан кейин соат тўртлардагисини кўтарса бўлади. Мен кваснинг, музқаймоқ, газли сувларнинг шундоққина ёнидан уларга қарамасликка ҳаракат қилиб ўтиб кетдим: улар ярамни янгилашди. Бироқ ҳамма нарсанинг якуни бор.

Мана мен ҳам мақсадим томон кетяпман.

Мен ҳам кўчани, ҳам уйни излаб топдим.

Энди бу ерда менга едирашади, ичиришади.

Дўстим ҳовлисида юрарди. У машинаси билан куймаланиб юрарди. У мени кутмаган ҳам экан. Дўстим мени жуда тетик ва хурсанд бўлиб қарши олди, ҳар ҳолда ўзини шундай тутишга ҳаракат қилди. Бироқ аслида ундай эмас. Ундан мойли фильтр оқиб турар, юзи маҳзун кўринарди. У мендан узр сўраб, ишини энди бошлаганини, бу ишга яна қачон қўли бўшашини айтиб, бироз кутиб туришимни сўради. У боши билан капот тагига кириб кетди ва мен ҳақимда унутди, капот остидан чиққач эса, менга кўзи тушиб, эсига тушиб кетдим, у мени кулдира кетди. Унинг саволлари ва сўзлари машина олдидаги табуреткада ўтиришимни баттар қийинлаштирар, у мени унутганида эса аҳволим бундан ҳам ёмонроқ эди. У масхарабозлик қилмаганида эди, мен ҳам у ҳақида унутардим — умуман овқатни сабр-тоқат билан кутиш чоғимда бу дунёдаги ҳамма нарсани унутардим

Узр сўраб аллақачон кетишим кераклигини, йўлга отланиб, кейинги сафар, албатта, яна келишимни, кейин эса бу ерларга умуман қайтиб келмаслик ҳақида ўйлашим ҳам мумкин эди-ку, бироқ бу хаёлларни тушлик қилиш ўйи рад этарди. Кейин машина олдида шу қадар узоқ ўтирган эдимки, шунчаки туриб кетиб қололмасдим. Сурбет танишим эса худди фикрларимни уқиб олгандек, қилмишидан уялмади ҳам, узр ҳам сўрамади. Мен эса шўрлик қариндошимнинг бундай ҳолати баттар ғашимга тегарди.

У эса аллақандай бемаъни ишлар билан банд бўларди: гайкаларни тозалар, уларга мой суртар, винтларни бурар, чангларни артарди. Умуман олганда, ҳатто якшанба кунлари ҳам машинасидан роҳатланар, менга эса умуман эътибор бермасди.

Ора-орада сўраган узрлари ҳам ўта расмий ва ҳақоратомуз эди.

Мен эса қайсарлик билан ҳамон табуреткада ўтирар, кетиб қолмас, энди шунга мажбур эканлигимни ҳам кўрсата бошлагандим. Ўзимни ҳеч бўлмаганда алланималарни гапиришга ҳам мажбур қилолмасдим. Ўтирган жойимда хаёлимда бирор бир газетадаги ўқиб улгурилмаган маълумотни эслашга уринардим.

Кимдир унга чиндан ҳам муҳтож бўлиб турганида, унинг бемалолхўжалигини қандай тушуниш мумкин? Ҳеч бўлмаса, гап нимадалигини фаҳмласа бўларди... Агар ҳозир бошқа ҳолатда бўлганимда эди, у мени машина олдида ушлаб туришдан хижолат бўлган бўлармиди, топган-тутганини столга қўйиб, меҳмондўстлигини намоён қилган бўлармиди. Шу йўл билан қашшоқ эмаслигини кўрсатган бўлармиди... Қорним тўқлигида, овқатни кўз олдимга келтирсам, кўнглим айниган пайтларда неча марта менга тушлик қилишимни таклиф қилишган, шундай бўлса ҳам, мезбонларни хафа қилмаслик учун яна овқатланардим. Ўша пайтларда овқатдан қанчалик қатъият билан бош тортсам, мезбонлар шунча қайсарлик билан туриб олишарди. Қатъият билан... Эҳтимол, ҳозир айнан қатъиятсизлигим учун шундай муомалага муносиб бўлаётгандирман? Эй Худо, ҳаётим давомида қанча байрам тадбирлари, тўй тантаналарида қанча овқатларни охиригача емаганман!.. Қанийди, уларнинг бари умрингга тенг бўлинганида эди. Эҳ, нега энди шунақа экан-а?..

Мана бу ярамас эса...

Мен ҳам унинг қилмишига яраша муроса қилардим...

Шу ярамасга ейишга ҳеч вақоим қолмаганини сездирмаслик учун эса геологик фаолиятим учун менга яхшигина ҳақ тўлашларини айтиб уни алдашга мажбур бўлдим. Аравани баттар қуруқ олиб қочавердим. Шу ишимни ҳали поезддалигимизда бошлаган эдим, ўшанда Москвада тасаввур қилиб бўлмайдиган пулим борлигини, у ерда бор-будимни «бир таниш қизникида» қолдирганимни, экспедицияга эски лаш-лушлар билан келиш лозимлигини айтгандим. Кейин эса кеча мени соҳилда тунашганини гапириб бергандим. Шунда у мени вагон-ресторанда меҳмон қилганди (эҳ, у вақтда қорним тўқлиги учун ҳам тинмай ёлғон гапирувдим), у эса менга ишониб, ҳикояларим учун «ҳурмат»имни жойига қўйган ва менга тан берганди. Мана энди эса у менга паст назар билан қараб, ўз ҳовлисида, машинаси олдида куймаланяпти, бу ҳам етмагандек, овчарка итини қувиб, ўғлига бақиряпти ҳам.

«Наҳотки очликдан инсон ўзини шу қадар пастга урилишига қўйиб берса? Энг муҳими, нега энди ўрнимдан туриб кетиб қолмаяпман»...

Унинг барига ақли етиб турганини билиб, чидаб туравердим.

Унинг ўғилчаси ҳам хаста, маҳзун кўзлари билан оёқ остида ўралашар, ҳали қараса челакни ағдариб юборар, мойни тўкиб қўяр, гайка калити билан итнинг ортидан қувар...хуллас у ҳам мени назарига илмасди.

Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.

Қош қорайди, шундан кейингина хўжайин мамнун бўлганича, қўлларини эски латтага артганча деди:

— Мана энди тамадди қилсак ҳам бўлади.

У бақириб, хотинига буйруқ берди.

Столнинг зўрлигини айтмайсизми! Помидордан салат! Ялтироқ тангачали қизил карамли боршь. Оҳ гўшт! Сара қизил картошкалар билан гўшт пиширилган. Стол ўртасига графин ва катта идишда мевалар турибди.

Столни ясатиб бўлишгач, уй эгаси яна ўша кинояли табассум билан, мени ерга ургандек ўтиришга таклиф қилди, мен эса:

— Раҳмат, қорним тўқ. —дедим.

— Демадим — ўйладим. Шундай ўйлаб —стол атрофига ўтирдим.

Уй эгаси ва бекаси — қанчалар яхшисизлар-а!


Бозористон

Эски шаҳар — янги шаҳар. Янги бозор — эски бозор.

Бозор олдидаги майдон усти ёпиқ катта-кичик, пала-партиш фанерли дўконлар билан тўла эди. Бозорнинг ўзига эса узун ва баланд қилиб ёпилган ерости йўли олиб боради. Бу ерга қуёшли жойдан кириб қолсангиз, янаям қоронғи туюлади. Ерости йўлининг деворлари олдида ҳам кичик дўконлар токчалари қаторлашиб кетган. Туннелга тушишингиз билан юзларини рўмол билан беркитиб, қўлларида кармон кўтариб олган қорачадан келган аёллар сизга пешвоз чиқиб, ортингиздан эргашадилар; велосипед тутқичидан тутган ёш ўзбек йигитлар велосипедларининг қўнғироқлари овозидан завқланадилар; бозор чойхонасида ҳозиргина чойхўрликдан турган мешқоринлар ва яна бошқаларни кўраман.

Туннель тугаб, қуёшнинг иссиқ тафти яна менга урилди. Катта кенглик узра қуёшга тўйинган қовун-тарвузлар ястаниб сочилиб ётибди; юклар ортилган машиналар, аравалар;оғир юкни зўрға тортиб бораётган эшаклар; ўтмиш ҳунармандчилигини ҳамон елкаларида ортмоқчилаб келаётган ғаройиб чолларга кўзим тушади. Чолларнинг олдиларига улар ишларининг ранги ўчган, оҳори тўкилган намуналари витриналарга териб қўйилган. Бироқ ҳеч ким уларнинг молларини сўраб келмайди. Чоллар ёш боланинг чойхонадан келтириб берган чойларини ичишар, тушуниб бўлмайдиган тилда алланималарни гаплашишар ва бир-бирларига бош ирғаб қўйишади.

Чоллардан бири араб тилидаги китобларни сотиб ўтирибди. Бундай қилиш унга нима учун керак бўлса? Китоблар қора рангда бўлиб, эскириб тўзғиб кетган, қандайдир сирли кўринарди. Мен унинг олдига бориб, китоблардан дуч келган бирортасини қўлимга олиб, худди тушунадигандек варақлай бошладим.

Бироқ шу ондайқ чолни талвасага солиб қўйганимни фаҳмладим. У менга худди ойдан тушган ўзга сайёраликка қарагандек разм солди. Кейин худди уйқудан эндигина тургандек, ён-атрофга боқди. Назаримда, у қаерда эканлигини, қараса, бозордалигини эндигина тушунди.

— Яхши оқсоқол! — деди у менга қўрққанича, бироқ эркаланганича нигоҳ ташлаб. У қўллари билан ёнида ўтирган чолларга ишора қилди, хириллаган товушда улардан нималарнидир тасдиқлашларини сўради. Чоллар бош ирғаб, алланималар деб ғўлдирашди.

У менга паспортини кўрсатди.

Оғзим очилиб, қаққайиб туравердим. Шу пайт иркит халатли барваста ўзбек биз томон яқинлашди. У чол билан гаплашди. Чол эса тўсатдан виқор билан мени кўрсатди, бошқа чоллар ҳам соқоллари ҳурпайиб менга ишора қилишди.

Кўздан ғойиб бўлишни маъқул топдим.

Мевалар терилган қаторларни айтмайсизми... Буларни кўрмаганим яхши эди! Қандайдир ғайриоддий куч мени улар томон етаклади. Нега бу ердаман ўзи? Шаҳарни кезиб юриб, оёқларим мени бозорни кесиб чиқадиган йўлга етаклади... Нега шундай қилганимга ҳалигача ҳайронман, шунчаки айланиб ўтсам нима бўларди, ҳея қаерга шошмаган бўлсам.

Бироқ айнан шу ерда савдо-сотиқнинг нақадар гўзал бўла олишини кўрдим. Меваларни шундай теришганки... Бу одамларнинг юраги рассомларникидек.

Адоғи йўқ чодирлар бўйлаб, қора, қизил, оқ, олтин ранг, донакли ва донаксиз, худди ёнғоққа ўхшаш думалоқ ва катта, хонимлар бармоқларидек узун узумлари шиғил узумзорлар оралаб юрдим; олма ва ноклар, анжирлар ва анорлар, шафтолизорлардан ўтдим. Дарвоқе, шафтоли жононлардек тотли. Буларнинг барига шунчаки нигоҳ ташлаш менинг ҳолатимда телбаликдан ўзга нарса эмасди. Мевалар сотиладиган чодирлардан қочиб, тарвўз денгизига шўнғидим: Худди ям-яшил тўлқинлар мисоли тарвўзларнинг саноғи йўқэди. Ёки чўл қумлари ичра олтин ранг қовунлар. Ва бу денгизда ҳамда қумлар ичида қўлларини силкиган ҳолда, қуёшга тўйинган ўзбеклар олди очиқ чопонларида қўним топганлар.

Тарвузлардан узоқлашиб, яна чодирга келиб қолдим.

Буларнинг бари гўё тушга ўхшайди. Ҳаммаси такрорланаверади, қочмоқчи бўласан-у, қочолмайман, бақирмоқчи бўласан-у — бақиролмайман.

Яна тарвузлар денгизи олдидан чиқиб қолдим. Чиқиш йўлини қидирардим...

Бозор тугаган ерда ҳам бозор бошланаверади. Бозорларнинг охири йўқ...

Бу бутунлай бошқа бозор эди. Бу бозордаги ҳеч нима мени ажаблантира олмади. Бу ерда савдо бутунлай ўзгача тус олганди.

Бунисида қаторлар шу қадар кўп эдики, аёллар ранг-баранг латта қийқимлар, баъзан материал тўплари устида шовқин солишарди...

Ёқимсиз ҳолат...

Тўсатдан эртакка тушиб қолдим. Ҳамма ёқда гиламлар. Дарахтлар ўртасидаги арқонларга осилган гиламлар, худди учиш майдончасига ўхшаш, ёрқин, ола чипор, худди... хуллас қиёси йўқ. Улар йўлаклар ва кўчаларни ифодалайди, ўша кўчалар ва йўлакларни бирлаштиради; бу кўчалардан одамлар юради ҳамда чорраҳаларда бирлашиб кетишади. Бу ерларда адашиб қолиш эҳтимоли бор.

Гиламлар орасидан чиқиб, мотоцикллар ёнига келиб қолдим. Шунақа жойга келибманки! Мунозаралар бақир-чақирга, имо-ишоралар ур-сурга айланиб кетарди. Сигналларни чалишар, мотоциклларини сийпалашар, ҳўл бўлиб кетган, асабий, эҳтиросли одамлар кўкракларига урар эдилар.

Кейин эса ҳўкизлар, сигирлар, эшаклар, эчкилар... Қўйлар эса ўзларининг ғаройиб думбаларини кўз-кўз қилишмоқда. Бир дунё товуқлар боғлаб қўйилган. Маърашлар, баърашлар, қағ-қағлашлар, устига-устак инсоннинг хириллаган нутқи. Кўз олдимда икки нафар туяни олиб келишди. Туялар жамики ўзига бино қўйган жонзотлардан баланд эдилар, худди параддаги қўмондонлар сингари гердайганча кўкракларини кериб кетяптилар. Ниҳоят, олдинда чиқиш жойи кўрингадек бўлди.

Шундоққина бозордан чиқаверишда дум-думалоқ, кал одам виқор билан олдига товарларни ёйиб олган. У турли кийим-кечаклар, идиш-товоқлар, примус (керосинда ишлайдиган махсус мослама, овқат пиширса, чой қайнатса бўлади) ҳам, мисли газ, мозиров будильниги, маузер ручкалари дейсизми, бари муҳайё эди — буларнинг бари менга Бозористоннинг гўзал оламидаги хунуклик тимсоли бўлиб туюларди. Барча моллар осиғлиқ турган «Ҳар қандай нарсанинг нархи 10 рублдан қиммат эмас» деган эълон бўйича сотилаётган экан.

«Қойил! — ўйладим мен. — Замонанинг таъсири...»

Шундоққина сотувчининг чап биқинида чиройли шаклли, яп-янги похолли шляпа ётибди. Бунинг нархи ўн рубль бўлиши мумкин эмас эди. Шу пайт мени қандайдир шайтон йўлдан урди.

Шляпани олдим-да, бўм-бўш чўнтагимга солдим ва:

— Ўн рубл-а — дедим.

Оёқлар чалкаштирилиб ўтирган ҳолатда қандай қилиб сакраш мумкинлигини кўриб лол қолдим. У ярим метрлар чамаси узоққа сакради. У менга қоп-қора кўзлари билан тешиб юборгудек қаради. Худди терисидан сичқон юриб кетгандек, башараси бутунлай ҳаракатга келди гўё. Назаримда, сўз тополмадиёв.

Кейин мендан шляпани юлқиб олиб:

— Дўконимдан туёғингни шиқиллат!!! — дея бақирди.

Мен чиқиб кетдим... Сокин, одамларсиз гўё ором олаётган кўчалар, совуқ қотган дарахтлар, деворлар ва дарахт ҳамда деворлар соялари ва яна кўчанинг ўртасида совқотган ҳарорат...

Жуда қизиқ-а!


Палов, Ленинград

Кўчадан пул топиб олиш фикрига борган сари ишониб қолдим. Шаҳарни кезиб юрганим сайин, иштаҳам очилиб бораверарди, кейин мана шу бурчакдан, анови қутидан пул топиб оладигандек бўлаверардим... Пулга ўхшаб кўринган қанчадан-қанча бўлмағур ва кир бўлиб кетган қоғозларни кўтариб кўрмадим!

Кун кеч бўлиб қолган, чанқоқ қурғур ўртарди. Чанқоғим шу қадар кучли эканлигидан, ҳатто қорним очганини ҳам унутиб қўйгандим. Оёғим остига қараб, пул топиб олиш илинжида анча тентираб юрдим. Тўсатдан негадир қадамларим секинлаб қолди, орқага юришга ундади: девор олдида, фонар ёруғида нимадир кўрингандек бўлди, мен эса эътибор бермадим. Илгарилари ҳам шундай бўлиб турган, бироқ фойдаси бўлмаган. Олдинга юришга уриндим. Аммо нимадир ушлаб тураверди, кейин изимга қайтдим... ва қай кўз билан кўрайки, уч сўмлик экан. Қувончим чексиз бўлгандиан, бунинг кам пул эканини ҳам ўйламадим. Шуям ҳар нима...

Сигарет харид қилиб, чойхона томонга қайрилдим, бир чойнакда чой олдим. Аввалига яхшилаб чанқоғимни қондиргачгина, қорним очлигини сездим. Тамакимни олиб тутата бошладим. Қўшни столда ўтирган тожик йигит мени гапга солди, мендан сигарет сўради. Бердим. Тожик йигит гап орасида тез-тез бориб чойхона ошхонасида пишираётган паловидан бориб хабар олиб келарди. У билан суҳбатлашар эканман, нима қилсам, у мени палов билан сийлаши мумкинлиги ҳақида ўйлардим. Кутиш баҳонасида ичишни истамасам-да, яна бир чойнакда чой ичдим, ўрнига бир сўмга нон сотиб олсам бўларкан, деб ўйладим.

Тожик йигит техникум талабаси экан.

— Ўқишни битириб, ким бўласан? — сўрадим мен.

— Умумий овқатланиш бўйича инженер-инструктор, — деди у жиддий бўлиб.

— О, қизиқ касб экан. — Стипендия ҳам тўлашадими? — деярли таҳдид оҳангида сўрадим мен.

— Ҳа, ҳам стипендия, ҳам пулим мана қаерда! — деди у томоғини кўрсатиб. Мен ҳам ўзим ҳақимда гапира кетдим:— Мен геологман, беш йил аввал олийгоҳни тугатдим. Уч минг оламан.

— О-о-о-о! — деди тожик.

Оббо, яна нима деб қўйдим! Хатоимни тузатишга уриндим.

— Аммо бегона шаҳарда, биласизми, пул қанақа кетади! — дедим мен. — Якшанба куни келгандим, аллақачон юз мингни сарфлаб бўлдиму, бироқ қорним тўймади.

— Ҳа, бегона шаҳарда шундай бўлади, — дея паловга қарагани кетди.

Вазиятни қўлга олишга уриниб, у айтиб келгач, сўрадим:

— Шундай қилиб инструкторман денг... Овқатни ҳам яхши пиширсангиз керак?

— Ҳа-да, — деди у, — албатта.

— Паловни маромига етказиб пиширишнинг ўзи бўлмаса керак?

— О, о, гуруч, гўшт, ёғ, пиёз, гармдори, помидор, майиз...

Кўз олдим қороғилашиб кетди. Кейин ўзимга қўлга олиб дедим:

— Гўшт ниманики? Қўй гўштими?..

— Қўйники, қўйники, — таъкидлади тожик.

«Ўзинг ўша...» — ўйладим мен. Ва:

— Биз томонларда бекалар ҳамма нарсадан кўра гуручни пишириш мушкуллигини айтишади.

— Гуруч қийин, — дейди у. — Сизларда Ленинградда ҳам чойхоналар, палов бордир?

— Йўқ, — дедим ва у бу гапдан қайғуради, деб умид қилдим.

— Эй, йўқми! Чойхона ва палов бўлмаса...— ғўлдиради тожик.

— Мен бу ерда паловни бир марта татиб кўрдим, у ҳам бўлса ошхонада.

— О, о, оҳ, — кўзлари сузилди инструкторнинг.

— Ошхоналарники қўлбола ошга етмаса керак, — дедим мен.

— О, уй! Сеники — Ленинградда, меники эса — Уратюбеда.

— Уйда тайёрланганини сира еб кўрмаганман... — дедим мен, инструктор эса паловдан хабар олгани кетди. Қарасам, чойим ҳам қолмабди, у яна чой сўрайди, деб ўйласа керак. Кейин човгум ҳам.

Инструктор қайтиб келиб тамаки сўради. Мен уни тамаки ва чой билан сийладим.

— Хўш, қалай? — сўрадим мен.

— Деярли тайёр бўлди. Уни қопқоқ билан бекитдим.

Ошнинг қандай чиқишини тасаввур қилардим, ёғли тутунлар чиқиб, қопқоққа ёпишарди... Манзара ўта ёрқин кўринарди.

— Ҳа, — дедим мен, — бутунлай таслим бўларканман, — қўлбола паловни татиб кўришни жуда истардим...

— Албатта, — деди тожик, — Майлими яна битта сигарета олсам. — У тамаки олди.

«Қаердаман ўзи, менга нима бўляпти?..» — дея алам билан ўйларканман, гап қотдим:

— Биз томонларда шимолда ҳам мазали егуликлар тайёрлашади. Улар, албатта, сизларникидан фарқ қилади. Ленинградга келсанг, сени меҳмон қиламан.

— О, ҳа, албатта бораман, — деди у. — Бориб қарай-чи, тайёр бўлиб қол­гандир.

Мен ҳам ўрнимдан туриб, ўлганимнинг кунидан:

— Қандай бўлишини кўрай-чи, — дедим...

Биз сирли самоварчилари бўлган, одам бўйи келадиган иккита мис самовар олдидан ўтдик. Кейин мўъжазгина хонага кирдик.

У ерда қовун атрофида ўн бештадан кўпроқ аёллар ўтириб олиб гаплашишарди. Худди тошюнгич ускуна айланиб турганга ўхшайди. Бир вақтнинг ўзида, ҳар сонияда ҳар бирининг оғзидан ўнлаб нотаниш сўз чиқарди.

Мен киришим билан тўхтаб қолишди. Ҳаммалари инструкторга қараб туришарди.

— Рафикон колонсолон ЛЕНИНГРАД, — деди у кулиб, — канибадам хушт либос ПЛОВ.

Ҳаммалари кулиб юборишди. Яна ўша тошюнгич ишлай бошлади. Устимдан кулишяпти, ўйладим мен, уларга мазмунсиз табассум ҳадя этганча.

— Палов, Ленинград, — дедим мен беўхшов табассум билан.

Биз қоп-қоронғи (бирорта деразаси йўқ эди) ошхонага кирдик. Ўчоқларда ҳали чўғи ўчиб улгурмаган кўмирлар қалашиб ётар, қўшни хонанинг очиқ турган эшигидангина ёруғлик кириб турарди. Зулмат хонага янада ўзгача руҳ бериб турарди. Шундоққина ўчоқда катта қозон турибди. Инструктор қопқоқни очди.

Шу заҳоти бурнимга ғалати бир ҳхид урилди.

Катта қозон лиқ тўла эди.

Инструктор қопқоқни олиб:

— Тайёр, — деди.

Қизил гуручлар, қозондаги ёғларга қарар эканман, ақлим шошди.

Инструктор қўшни хонадаги аёлларга нимадир деган эди, улардан бири катта идиш олиб келди — умрим бино бўлиб бунақасини кўрмагандим! У қозондаги ҳамма паловни идишга солди, аёл ош солинган лаганни ўртага, қовуннинг ўрнига олдимизга қўйди.

У қозондан қолган ошни ҳам олиб кичикроқ лаганга солди.

Бу бизга, ўйладим мен.

— Мана бўлди, — деди у. — Ленинградда бунақасини кўрмайман.

Биз чиқдик. Аёллар эса қўлларини лаганга узатиб, гуручларни айлана қилиб ўраб, кейин оғизларига солардилар. Инструктор кичкина лаганни чойхоначига берди.

— Яна чой оламиз, — деди у менга ва йигирма беш сўмликни чўнтагидан чиқарди. Мен унинг пулига нафрат билан қарадим-да, дедим:

— Катта пулларни қўйсанг-чи, менда майда бор, — дедим мен, — Чойхоначига сўнгги тангаларимни бердим.

Инструктор йигирма беш сўмини қайтариб чўнтагига солиб қўйди. Чойимизни охиригача ичдик, алланималар ҳақида гаплашган бўлдик.

— Кўк чой, яхши чой, — деди у ва қолган чойни пиёлага қуйди ва менга узатди. Мен рад этдим: ошқозонимда икки литр қайноқ сув бошқа нарса йўқ эди.

Инструкторнинг ичидаги ғазаби ташига чиқди.

— Албатта ичгин. Бизда охирги чойни фақат дўстингга илингин, деган гап бор.

Биз бир-биримизнинг елкаларимизга уриб, қадрдонлардек кулдик. Инструктор соатига қаради.

— Оҳо! — деди у. — Ўн бешта кам ўн икки... Шошилишим керак.

— Хўш, унда хайрли тун, — дедим кулганча мен кетишга шайланарканман.

...Мен оч ошқозонимдаги уч литр кўк чойнинг ғўлдирашига қулоқ тутганча боғдаги ўриндиққа ётиб уйқуга кетдим.