«Мадҳия» туркумидан


Тупканинг тагида

Жасоратга мафтун, шону шуҳратга бефарқ
Юрагимда найза эмас, ўқлар бўлди шай.
Содиқ аскар каби уйқунг, бедорлигингни
Қопқа ичра қўриқлайман ҳаргиз алмашмай.

Афсонавий ўқдан яра — атиргул, тикан —
Ишқ посбони. Сенга қариб-қартайсам агар
Қуш инида антенна ва мембранаман*,
Телефондан, об-ҳаводан башорат, хабар.

Дўсту ёрлар унутсалар — унутсин, майли,
Вақт умумий ташвишларга «тегмагин!», деса
Ва чарчасам очавериб турмушга бағир,
Ўқ юракка ботар, бошим устида эса, —

Бўшамоққа имкон бермас ҳеч қачон, яна
Аҳмоқликка. Шу боисдан нигоҳлар басир, —
Биз иккимиз — овлоқ далаҳовлида, мана,
Сатрим узун-узун, ҳаёт эса қисқадир.

* Юпқа мослашувчан плёнка ёки пластинка, одатда периметр бўйлаб ўрнатилади.


Чўмилиш хонасида

Фимиам* чекаман, у кўпиради шампундек,
Чўмилтирарман сени мен чуқур севгим аро.
Мен — июнда ойдай оқсоч, сен — қордай оппоқ,
Ўлимдан кеч, ўлимдан сўз демай яша аммо!

Ичдан қарайсан — сувга боққан уммонкезардек,
Теранликлар нафаси ора сўйлайсан елдек.
Ҳалокатни унутган нобуд бўлар аввалроқ,
Ҳаётни англаб бўлмас ўлимни ўйламай лек.

Хориж шампунин силкиб мен куларман жавобан:
Азизим, мангу яшил денгизсан, ёши улуғ...
Илонга буғ иситгич момиқ тўни ёпилган,
Кўзгуда кўз ёшимга ҳамоҳанг йиғлайди буғ.


* Тутатқи ёки яҳудийлик ва насронийликда сажда қилиш пайтида ёқиладиган бошқа тутатқилар.

Ўрмонда


Нигоҳингда эриб кетар асрий музликлар,
Нигоҳимда асрий зулмат қотгандир қойим.
Илмий тилда айтсак, анод, катодмиз* гўё,
Жўн айтганда — нур, зулматдек ажралмас доим.

Мен жуфтингман — изингга бош ураман, кўзёш
Ва зардоб-ла мени пайдо айлаган у дам
Қовурғангни намлайман, сен Одам Атомсан,
Пешонамни қуритасан — ўрмонда ер нам.

Одам Ато давридан сўнг минг йиллар ўтди,
Фақат севги қолди — зеро, у танҳо азал —
Кенглик ва вақт моҳияти. Троян ғавғоси,
Ҳозиргидек — олтин тери учун жанг-жадал.

Илгари юнг тилла эди, энди — олтин қум...
Яллачилар ишқин гўзал сўз учун, қаро
Кунга сабаб дерлар (сўзни юксалтирар ишқ).
Рим бўрисин елини қоқ ёлғондан аммо.

Яллачи не, ёпишганман сўзларга ўзим,
Нордон мева бармоғига ёпишгансимон.
Эҳ, чироҳим, соянг ўткир ақлингдан ўлмас,
Ғойиб бўлсанг, йўқолар у бесас, бенишон.

* Ток манбаининг мусбат қутбига уланган яримўтказгичли қурилманинг электроди (диод,
тиристор), қурилма очиқ бўлганда (яъни кичик қаршиликка эга) манфий қутб - катодга
уланган анод деб аталади.




Яфф дарвозалари олдида

Мен сенинг Суламифинг, қари шоҳ Сулаймоним,
Нигоҳларинг бўшашган, нигоҳинг ўткир аммо.
Сен-чун сир йўқ, лек боқиб яшил қияликка жим,
Кўйлаги товон ўпган мени танимайсан то
Пушти узум тераётган турфа кампирлар аро.

Танимасдинг — қорним — қум мавжи, урён этсанг ҳам,
Оёғим ток новдаси янглиғ чайир эмас лек,
Кўксим — қари палманинг ҳосили, сўлғин бу дам,
Терим ичра томирлар ниначи қанотидек,
Гоҳ Яфф дарвозалари олдида кутдим сархам.

Сенга яқин бормам лек. Шоҳни ранжитмоқ нечун,
Эркак руҳи билан зўр, ҳусни билан зўр аёл,
Қучишингдан совиб, сўнг яна ёниб кеча-кун,
Кучли танингдан каммас, қўшиқ берган хушнуд ҳол,
Муҳаббат пайдо ахир, қўшиқ борлиги учун.

Оҳ, қандай сўзлар билан жунбишга солдинг талай,
Сочимни кун нурига қиёслардинг ҳар нафас...
Қалбсиз эҳтирос учун ҳатто чўпон эрур шай.
Аммо гап қоннинг қайнаб кўпиришида эмас
Юрак учиб кетсайди шафтоли момиғидай.

Сўзларингни эмардим болари эмгандек бол,
Гўзалликка мадҳиянг, эй шоҳим, сенга қадар
Наҳот, ҳар қўшиқчига эришмоқ бўлган маҳол,
Денгиз ортининг олтин бузоғига саждалар
Фақат қариган чоғинг келдими сенга малол?

Сендан нари сен учун бор ишқим-ла умрбод
Дуодаман. Ҳозир ҳам сокин тунда олмай тин
Қум идишда етти шам ёқарман сен мамнун, шод,
Кўйлагимни юлқиб, оқ сочимга печ кулларин
Сепаман: Шоҳ, бардам қил, бузоқни сўй шу заҳот!


Боғдаги ўриндиқда

Боғ ичра бир ўриндиқда ўт-ўлан аро
«Ким аҳмоқ»қа ўйнагаймиз шом ботгунча то.
Икки нафар чол — эскилик сарқитин ҳайдаб,
Ёввойи ўт аро, ваҳший кунларда аммо
Икки қари бунда не ҳам қилар, воажаб?

Кунлар оғир ташвишлардан ваҳшийдир баъзан,
Том ва эшик товоғин не билан бутларсан,
Дорихона қайда, дори келар қай пулга?
Эски замон одамлари бўлсак азалдан,
Шарбат шайлаб ё токчани безардик гулга.

Газета ва китоб ўқиш чарчатмас оғир,
Газетада нималар йўқ, айниқса ҳозир,
Мана қарта урамиз, энг ёмони — ҳар кун
Ҳаёт шундоқ — ютқазишга эмассан қодир,
Чап бераман, доим аҳмоқ бўлмаслик учун.

Ютқазганда мажруҳ шердай боқарсан дағал,
Эркак учун жанг ҳам қимор азалдан-азал,
Давр жанггоҳида... шукур, чиқдинг тирик, соғ,
Сталинград жанги — қонли қозонда қамал...
Аммо телба сўзларимни тинглагин камроқ.

Гул тутгани — дама ғиштин, топпон — қалби бор,
Чиллик юрсам — тақдирингда ютуқ бўлгай ёр,
Гарчи енгил келди сенга туз кузир боис.
Биз оқшомда ўйнаймиз — тонг кечадан ҳушёр,
Тонгда ғамгин илоҳалар раҳмига зормиз.



Рашк

Кетган кифтга деразадан боқаман хижил,
Ҳам таъсирчан, ҳам кулгули сенинг рашкинг, бил, —
Кўрмагайсан наҳот кекса, хунук, пастлигим,
Сендан ўзга ҳеч кимсага керакмаслигим?

Хўп, бунда не таъсирчан ва кулгули надир?
Мўйнали, мох босган бизнинг уйдансан, ахир
Камчиликдан иборат бу турмушимиздан
Сен рашк этиб, зада қилдинг ҳаммани ўздан.

Бизнинг уйга келишади яхшилик сўраб,
Томдан мохни супуришар, михларни бураб.
Янги гуллар келтиришар мен учун холис,
Тириклигинг, сенга ғамхўр бўлганим боис.

Меҳмонларда бор пинҳоний манфаат, самар,
Тўғрироғи, орзу — яшаш қарилик қадар
Ва суюкли бўлиш, умри топмай интиҳо,
Тингламоқлик янгиликдан янги мадҳ-сано.

Мени сенга рашк қилурлар ишққа ибрат деб,
Сен ўзингга демак нодон рашкни кўрма эп.
Ёмонлик ва йўқотиш бор оламда ҳар кун
Ҳар келганга кулиб эшик очмоғим учун.


Бизнинг учрашув

Пўстлоқ тешар сассиқпопишак — қуртни тутиш осонмикан, боқ?
Мен уйғондим тонг чоғи, сени уйғотишга шошмасман бироқ.

Неки сенга тегишли — олдинг, ҳамманинг ўз совуғи бордир,
Ўпдинг музин Ладога кўлин, Волга бўйлаб судралдинг оғир.

Совуғим бор ўликхонада, — етим тиббий қисмга равон,
Тортар ўлик ортилган чана, ўлмаслик-чун очдан ногаҳон.

Тақдир ила тўқинса тақдир, этар ажиб маънодан огоҳ,
Ҳаёт музин эритмоқ учун икковимиз учрашдик ногоҳ.


Ҳавза устида

Азизим, қиш ҳақида ўйлайверсин бекалар,
Менга зарурмас — мана шу ерда ва айни кез
Майса, баргу бақатўн, ҳаётдан бол сочиб тез
Кўк хатли яшил ҳарфга ўхшаб турса ҳар сафар.

Балки сенга Одесса, менга эса Бокудан
Салом бор аввалгидек... хафамиз — ортимизда
Турса ҳамки Москва. Майса «вақ-вақ» дер бизга,
Хафамиз. Барглар эса бўшамайди «ку-ку»дан.

Ҳа, йитди империя биз туғилган жойда, бас,
Бутунлай бошқа эрур мамлакатлар ҳам энди, —
Бу менга сатрданмас, қиёқдан — қалбдан инди,
Бу — пишмаган хурмодан тиш қамашмоғи эмас.

Каштанларда рус тили унда унмас энди тик,
Русчасига гапирмай қўйган энди анжир ҳам,
Хунукдир империя йитди дея чекмоқ ғам.
Сиғмас идрокка йитмоқ туйғусин менсимаслик.

Демак, захира ҳақда сўз келди қишга яқин,
Соғинчим дил асабинг кесиб ташлар эрта-кеч
Соғингунча... Қўрқмагин — парчаланиш қурти ҳеч
Менга тегмас — ўлмасдан сен-ла бўлсам мен тағин.

Қораденгиз тўлқинин саси — сенинг қулоғинг
Чаноғида, Каспийнинг мавжи меникидадир,
Муножот-ла тугатгум ғамгин достонни ахир:
Бор кучинг-ла яшна, Ер, то буткул кетсин доғинг!


* * *
Сен — дафна қурбони, мен — олхўрига ўлжаман,
Уялмаслик лозимдир буни олмоқ учун тан.

Замона кўзига тик боқмоқлик учун бот-бот, —
Голгофа* билан Фавор** бирлашдилар шул заҳот.

Кексалик боис ёшмиз, токи тақдирнинг ҳар кун
Қўл билан яралмаган турфа зарбаси учун,

Авваламбор, дош бердик, иккинчидан, тоабад
Қолдирилар тирик ҳолда қурбонлар фақат,

Ўчоқлар қўли билан.