Маҳбубаси дея ғам чеккан Олтой шомони
Шундай қилиб, кетиб қолди
бир рус билан тоғ ортига,
севгим эди, ҳаётимнинг қувончи эди...
Бектай дердилар уни.
Уни деб кўп узоқ қайғурдим,
сўнгра чилдирмани олиб қўлимга
Ульген худога —
Осмонлар худоси, раҳмон худога юз бурдим.
«Бектайни қайтар», дедим.
«Қўлимдан келмайди», — деб жавоб қайтарди Ульген.
Янги чилдирма олдим ва
ўзга худога сўз солдим,
Ульгенга ялинганимдек
Ялиндим қаҳҳор Эрликка:
«Менга Бектайни қайтар», деб.
«Қайтараман, — деди Эрлик. —
Сен не десанг, шу бўлади,
айтганингдай бўлар, шомон.
Ўлдираман унинг эрин,
шунда у қайтар сен томон,
Қисқа қилар узун кунинг,
тунлари овлайди кўнглинг,
Аммо қалби вужудидан олисларда этар парвоз,
Жуда олис! Бунга қарши
қўлингдан ҳеч нима келмас».




