Кит насли



(Ю . С.  Ритхэунинг "Китлар   кетиб
қолганда» қиссаси   мотивларидан
фойдаланилди)


Мен — денгиз овчисиман.
Энди бўлдим кит овловчи —
    ўз аждодларимнинг қотили:
Катта бобом кит бўлган менинг,
     момом эса — замин худоси.
Улар қандай турмуш қуришган —
    аниқ билмайман.
Билишади буни кампирлар,
    айтиб берар улар бу ҳақда.

Инсон бўлиб қолгач кит-бобом
    овлашни бошлаган
Морж, тюленларни...
    (Не қилсин? Бошқача яшаб бўлмаса!)
Лек денгизлик қондошларига
    найза кўтармаган бир бор ҳам,
Ўғилларига ҳам буюрган
    китнинг — ғамхўр аймоғимизнинг
Хурматин жойига қўйишни.

Ишонаман — бари бўлган гап...
    лек халқ очдан ўла бошлагач,
Кетиб қолгач морж ва тюленлар
    узоқларга — қўл етмас жойга,
Ана шунда ўлдирмоқ учун
    китлар кўпдан буён яшовчи
Бўғоз томон сузиб кетдик биз:
    нима бўпти улар ўз эти билан
Боқсалар оч биродарларин.