Ясама йўлбарс
Унг қўли билан пальтосининг ёқасини томоғигача тутган Потапов кўчага йўл олди. Совуқда нафаси бўғзига тиқилиб, кўзлари аёздан ёшланди. Қаҳратон унинг шалпанг қулоқлари ва парланиб турган кал бошини ғижимлаб қўйганди гўё. Меҳмонхонадан эллик метр узоқда шахмат белгили таксига кўзи тушади, қўлларини силкиб, машинани ўзи томон имлайди. Қўлқопи бўлмагани туфайли қўллари дарҳол совқотди, такси эса жойидан жилмади.
Потапов пальтосининг ёқасини илкис кўтарди-да, қор босган тротуар бўйлаб кета бошлади. У ўзини гўё само кемасидан тушиб келаётган самогирдек сезарди. Уни само кемаси билан боғлаб турувчи боғич узилиб, порлоқ юлдузлар бағрида мувозанатини йўқотган кимсадек кетиб борарди. Потапов қоқила-қоқила судралганча базўр таксига етиб олиб, тамаки тутуни бурқсиб ётган, аммо илиққина салонга бир сўз демай ўзини отди.
— Нима гап? — деди оғиркарвон таксичи пинагини бузмай.
— Ҳеч нима, — жавоб қилади Потапов кўз ёшларини артаркан.
— Исинволгинг келдими? Икки юз бўлади.
— Уч юзгаям розиман.
— Уч юзга сени айлантириб келишим ҳам мумкин.
— Зўр-ку... Унда кетдик. Телефон сотиб олмоқчи эдим. Шу яқин атрофдаги дўконда қолдирарсан.
Унинг қўл телефони бир соат аввал қирқ градусли қаҳратонда бузилиб қолди. Потапов рақам териш-термаслигини билмай, телефонини қўлига узоқ вақт тутиб турган эди, аппарат ишламай қолди. Музлаган бармоқлари чўнтагидаги ҳар бир бурмага тегиб қақшаяпти. Она юртида ўн йилдан ошиқроқ вақт давомида бўлмагани сабаб, чекка Шимол қишининг қаҳратонини унутиб қўйган эди.
— Ҳозиргина учиб келдингми? — турган ерида гапга солади таксичи.
— Бир неча соат бўлди.
— Афтидан либосларинг мавсумга мос эмас. Жа пўрим бўлволибсан. Нима иш қиласан ўзи?
— Режиссерлик.
— Оҳ-ҳо...
— Чалғима, юра қолгин.
Таксичи ГАЗ-24 ини ўт олдираркан, эски «Волга» ғирчиллаганча аста майдон бўйлаб юра кетди. Потапов бу ингроқни умрбод эслаб қоладиган бўлди. Бундай совуқда бир ерда қимир этмай турган ҳар қандай автомобилнинг балони ҳаракатга келгандагина доира шаклга қайтади. Қаҳратон сабаб темир йўл етиб келмаган бу шаҳар бундай аёзли кунларда машиналарнинг қувноқ шақир-шуқуридан баҳраманд бўлади.
Таксичи Потаповнинг болалиги ўтган уй олдида тўхтади. Авваллари Потапов бундай тасодифларга ишонмасди, аммо айни дам машина ичида ҳайратда наҳотки бу тақдир ишораси бўлса, дея ўйлади.
Қозонхона ёнида полиция УАЗ автомашинаси, сал нарида эса юк машинаси турибди. Қўпол бушлатлар (усткийимлар) кийиб олган икки нафар полициячи қозонхонада ким биландир гаплашиб турарди.
Юк машинаси кабинасида тамаки учқуни милтирарди. Боши айланган Потапов пештоқига «СВЯЗЬ» деб ёзилган дўкон томон ошиқади.
Бир неча ойдан бери офат ва охират ҳақидаги ўйларга ғарқ бўлган Потапов болалиги кечган эски ҳовлига аранг қадам босди. Ўтган ёз жазирамасида Москва атрофидаги қишлоқ, ўрмон ва ботқоқликлар ёниб, қуюқ тутун сабаб сталинча кўп қаватли уйларнинг ўн бешинчи қаватлари кўринмай қолган кезларда Потапов ҳар тонг каттакон кондиционерлар хоналарини совутиб турган хонадонидан ташқарига хавотирда ғамгин боқарди. Сабаби, ҳар қандай қулайлик истаган паллада киши зарарига ишлаши ҳам мумкин.
Электр таъминоти узилиб, сув дамбалари дарз кетганда одамлар ўртасидаги тартибсизликни ҳеч бир давлат бартараф этолмайди, ҳамма бирдек жабр кўради, шу ҳақдаги ўйлар Потаповни ўз шахсий манфаатинигина эмас, бутун инсоният келажаги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Булар сўзларда қолиб кетадиган ўйлар эмас, етти миллиард аҳолининг қирилиб кетиш хавфи ҳақидаги хавотирлар бўлиб, бевақт ўлим унинг учун ноҳақ ҳукмдек. Бир кишининг эмас, инсониятнинг қирилиб кетиши унинг учун даҳшатли фожеа эди. Талофотда ўзи ҳам омон қолмаслигини билса-да, бутун ер юзида инсон зоти қолмаслигини тасаввур қилолмасди.
Потапов учун ўлим унча ҳам қўрқинчли воқелик эмас, фикрича ўлим хасталик, қашшоқлик ёки истеъдодсиз кўримсиз ва ношуд кимсалар учун мақбул чорадир. Башар қирғинида бир жони арзимас бўлса-да, унинг учун бу ўз мағлубиятидек туюлади.
Интернетда 2012 йил охир замон бўлиши, ер юзидаги озуқа заҳираси инсониятга атиги ўн йилга етиши ҳақидаги шов-шувли хабарларни ўқиб, йиққанларини хомчўт қилганча, давлати ер сайёрасиникидан узоқроққа етишини ўйлаб кўнгли бироз хотиржам бўлди. Уни ҳали икки-учта оламшумул лойиҳаларга қўл уришга қурби келади, аммо ер сайёраси ҳақидаги тахминлар бунинг аксини кўрсатади.
Қисқаси, Потаповнинг беллашувида қўли анча баланд келади. Ҳовлига музлаган ерда сирпанганча кираркан, четда бир-бирига қарама-қарши турган икки бинога қадрдон подъездига ўтувчи йўлга раҳна соларди. Подъезд ёнидаги қозонхона трубаси энига чамаси бир ярим метр муздан соқол осганди.
Бу қувурларда оқадиган сув қишда Фудзияма музликларига, ёзда эса хоналар иқлимини мўътадиллаштиришга хизмат қилади. Хонадонлар остидан ўтган сув деворларга из солар, қишда эса у тирқишдан сув томчилаб, йил давомида бу ҳол такрорланар, бу эса ҳеч кмни ташвишга солмасди. Бу уйдан кимдир хонадонини сотмоқчи бўлган кимса аввал ўша ёриқларни қоғозлар билан ёпиб, устидан оқлар, шу тариқа харидорларни жалб қилишарди. Ранг ортига яширган ҳийлалари эса икки ой қилт этмай чидаб берарди.
Қувурлар остига осилган сумалаклар Потапов яшаган эски уйдаги, қалин қоғозлар ёпиштирилганига қарамай, ҳечам совуқни тутиб турмас, баҳор келганида кулранг тусга кирган уч қават ромли деразаларни ёдига солади. Сатҳи ой каби ғадир-будур бу деразалар ўзларидан самодаги каби ғайритабиий чанглар чиқарарди, яхшиямки улар ўпкага етиб бормай, шиллиқ пардада ушланиб қолади.
Ташқарини кузатиш истагида ойнага қанчалар пуфлаб, тирнаб артмагин, фойдаси йўқ эди. Ойнанинг кирлигидан хонага нур тушиши ҳам амри маҳол эди. Шўрлик қуёш шу ойнадан ичкарига ўғринча разм солиб, нақд тўрт ой тер тўкади. Бутун қиш давомида хонадонни ёлғиз электр токи ҳаёт чироғига айланди. Кундан кунга аёз муз қўлини дераза тирқишидан тиқиб, аста-секин деразани қамрай бошлайди. Дераза рамкаси ва токчаларида аёздан қолган пуфакчаларни эзиш — ташвишлардан чарчаган ҳар қандай кимсага юпанч бўларди.
Потаповнинг муз сумалакларини эриб тушгунча кутишга тоқати етмасди. Болалик кезлариданоқ куз келди дегунча қаерда музни кўрса, уни ошпичоқ билан майдалар, бу иш унга ҳеч ерда йўқ иштиёқни берарди.
Ошпичоқни газ оловида қиздириб, тафти сўнмасдан шошганча хона деразасидаги лойқа музга пишиллатиб босарди. Пичоқнинг иссиқ тиғи қалин музга қанчалар чуқур ботмасин, унга зарар етказолмасди. Музнинг арзимаган кичик бўлагини ажратиб олиш учун ҳам у ошхонага камида икки марта қатнаши лозим эди. Митти Потапов дераза токчасида худди Дюманинг Иф қалъаси маҳбусидек чўкка тушиб муз билан овора бўларди. Тиззалари остидаги муз парчалари ғичирлар, аммо бу Гренландиядаги каби қалин музлар парчалари ҳеч ҳам адо бўлмасди.
Бир сафар у муз билан шунчалар қаттиқ олишганидан, рамканинг четидаги синиқ ойна парчаси борлигини сезмай қолди. Токча қонга беланганини кўрибгина, сергак тортди. Бироқ нақд йигирма сантиметр келадиган музни ёриб, ташқаридаги кўча чироғи шуъласи кўринганида севинчда кўзларида ёш билан бутун оғриқни унутиб юборди.
Милтираган чироқлар шаҳар аҳлининг баъзилари, айниқса Потаповга гўё пўртанада адашган қайиқчилар учун порлоқ маёқдек қувонч бахш этарди. Қиш бўйи қуюқ туман бағрида милтиллаган чироқлар кўклам келганида худди кўзингдан парда олингандек, кўм-кўк само бағрида ёрқин жило сочади. Осмон ҳам илиқ март ойигача бунчалар мусаффо бўлмасди. Кишилар ичида тасаввури бойлари ва ёки аҳмоқларгина қуюқ туман ортида поёнсиз само борлигини биларди. Баҳор чироқларини ҳамма ҳам пайқамас, баъзи кимсаларгина уларнинг шуъласини қишнинг аёзи-ю, совуқ туманга бардош бериб, кутишарди.
— Бу нимаси, — Потапов дўконнинг сирпанчиқ остонасидан ҳатлаб ўтаркан, оппоқ паға қорларни ортда қолдириб. — Бу ерда видеопрокат бор шекилли?
Тор дўконнинг деворларига машҳур фильмларнинг постерлари осилган. Суратлардан бирида Мишель Пфайффер ва Гленн Клоузлар ўртасида ўтирган машҳур Джон Малкович Потаповга маъноли қараш қилиб турарди. Зодагонларга хос оқ парик кийиб олган Малковичнинг мағрур, шу билан бирга қув нигоҳи унга қандайдир сирни айтмоқчидек туюлар, бироқ унинг бу шахдидан икки ҳурлиқо қайтараётгандек эди. Ишвагар бу гуруҳдан ўнг тарафда бутунлай яланғоч ҳолда турган тўлачадан келган Марлон Брандони сонларини кўкрагигача кўтариб олганидан кимлигини таниш мушкул бўлган худди ўзидек яланғоч — парижлик хоним қучиб турарди. Бундан ташқари, афиша ҳеч кимга керак бўлмайдиган ҳуқуқлари поймол этилса-да, Бертолуччининг итоаткор қулларининг номлари оқ ҳарфлар билан ёзиб ташланган.
— Менга бир довдир кимса бу ерда телефонлар сотилишини айтганди, — деди нигоҳларини яланғоч Мария Шнайдердан узаркан, муккасидан кетиб қизил китобчани ўқиб ўтирган сотувчининг баҳайбат гавдасига қараб.
— Нима дейишса ҳам ишонаверсизми? — бироз танаффусдан кейин деди сотувчи китобидан кўзларини узмай. — Мен ҳаммага ҳам ишонмаган бўлардим... Аммо телефон сотамиз.
— Шунақа денг, — Потапов ишонқирамай деразадан бағритош Фанни Арданга қараб турган Жерара Депардье суратига қаради.
Токчада апельсинлар солинган тўқилган саватча турар, Фанни эса улардан бирини пичоқ билан бўлаклар, оқ кўйлак кийган, олд тарафни тўсиб турарди. Бу постер орқали сураткаш Трюффо аёл образида яширин ишва, лидерликка рўжу ҳамда меваларга шафқатсиз муносабатни кўрсатган.
— Телефон сотсангиз, унда манави плакатларни нима қиласиз?
Сотувчи Потаповга зимдан разм соларкан, саволига муносиб жавоб топишга уринди.
— Буни ижод дейишади. Дўкон хўжайини харид яхши бўлиши учун шу пиарни ўйлаб топган. Бироқ барибир натижа кутилганидек эмас.
Сотувчи ғайриоддий, бизнес учун яратилмаган эди. У оч тусли узун сочларини йиғиб олган, эгнига бир дунё металл шақир-шуқурлар осилган чарм куртка ичидан замшли енгсиз нимча кийиб олган. Қора жинси шимини ҳарбийча этикка қайириб олган. Иккита қизил ҳуснбузар чиққан рангпар этли пешанасидан ва чуқур ажинларидан худди шундай гўштли, унчалик ҳам хушмуомалали бўлмаган кўзлари боқиб турарди. Қўлидаги қизил китоб муқовасида Мао Цзэдуннинг портрети бор эди.
Буюк раҳнамо мухлиси бўлган бу йигит ростдан ҳам ўз жойида эмасди. Ёки ўттизни уриб қўяй деган бўлса ҳам ҳали ҳам кимлигини тушунмай аросатдамикан... Йигит суҳбат чоғида ҳамсуҳбатидан кўзларини олиб қочар, Нигоҳларини бир муддат Потаповнинг юзларига қаратиб, кейин дарҳол кўзларини ўнг ёки сўлга олиб қочар, Гўё Потапов ёлғиз келмаган ёки бўлмаса, сотувчининг ўзига ўта ишонганқилиб кўрсатиши ва атрофидагилардан гумонланишидан қандайдир уятли нарсани бекитаётганга ўхшарди.
— Пиар? — қайта сўради Потапов.
— Ҳа, — сотувчи харидорнинг бу ерлик эмаслигини сезди, шунга бўлса керак, унга қимматли вақтидан ажратмоқчи бўлди. — Плакатлар билан чалғитишни ўйлаб топди. Унинг айтишича, буларнинг бари севги ҳақидаги фильмлар экан.
— Хўш, нима бўпти?
— Дўконимизнинг номи «Связь».
У кўзларини олазарак қилиб, ён-атрофга қараган эди, Потапов ҳам беихтиёр ўша томонга ўгирилди.
— Ановинақа мазмунда, — деди у атрофда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач. — Ҳа, шунақами...Негадир ўйлаб кўрмабман.
— Ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Аммо у бундан катта даромад олмоқчи.
— Тушунмадим.
— Ҳа, у бунга катта умид боғлаган, — тушунтира кетди сотувчи. — Капиталист. Мана ҳатто трубкалар учун махсус тиркагич ўйлаб топди. Йигит пештахтадан катта дўрдоқ лаблар учун қилинган телефон подставкасини олиб Потаповга кўрсатди. Қўл телефони мана шу велюрли қизил матоҳга қўйиларкан, агар севимли инсонингдан қўнғироқ келса, лаблар қимирлаб, кишида шаҳвоний ҳиссиётни қўзғатаркан.
— Хўжайин яна сирли қўнғироқлар учун махсус дастурлар ҳам ўйлаб топган. Қўшимча пул тўласангиз, сизга ҳам ўрнатиб берардим.
— Қанақа дастур у ўзи?
— Трэшак дейилади.
— Ҳа, шунақа денг... Хўш, унинг каромати нимада?
— Бир нечта қўнғироқларни кўрсатмайди. Уларни на кирувчи, на чиқувчи қўнғироқлардан топа олмайсиз.
— Бу нимага керак?
— Олайлик, жазманингиз сизга тез-тез қўнғироқ қилади. Хотинингиз эса телефонингизни титишни хуш кўради. Ҳатто бундай қўнғироқларни овозсиз режимга қўйиш ҳам мумкин. Масалан, рафиқангиз билан ресторанда ёки машинада бирга чоғларингизда, сизга қўнғироқ қилишса ҳам, телефонингизнинг овози чиқмайди.
— Унда менга қўнғироқ қилишганини қаердан биламан?
— Вибрациясидан. Уни фақат шу рақамгагина ўрнатса бўлади. Сиздан бошқа ҳеч ким буни сезмайди ҳам. Кириш қўнғироқларини журналдан тозалаб ҳам ўтирмайсиз. Дарвоқе, кўпчиликнинг бундай қилиш ҳатто эсига ҳам келмайди... Оқибатда қанча яхши оилалар барбод бўляпти.
У бошини шу қадар надомат ила чайқадики, худди ўзи ҳозиргина кимнингдир оиласини шу фалокатдан сақлаб қолгандек.
— Тушунарли, — хўрсинди Потапов. — Сенинг бу ерда нима ишинг бор?
— Тушунмадим, — сотувчи гапнинг бирданига бундай тус олганидан каловланди, нигоҳлари эса атрофни кузатишга аллақачон улгурди, суҳбатдошига қараб бақадек бақрайиб қолди. — Нима қилардим, шунақа телефонларни сотаман-да.
— Мао Цзэдун билан бирга дегин.
Сотувчи беихтиёр қўлидаги китобга қараб олди-да, дарҳол жавоб берди:
— Сенга нима? Нима, назоратчисмисан?
— Ҳа.
Йигит кўзларини пирпиратди.
— Иш жойида китоб ўқиш мумкинмас, деб ҳеч қаерда ёзилмаган. Сизни ким жўнатди ўзи? Толик ҳаммасига ўзим жавоб бераман деган. Сизни ҳам у жўнатгандир?
Потапов шунчалик усталик билан елкаларини қисдики, ҳатто томоша залининг энг орқа ўриндиғида ўтирган томошабин учун ҳам унинг бу ҳаракати: «Наҳотки буни ўзинг билмасанг?» деган маънони англаган бўларди. Айнан шу ҳаракатнининг ўхшаши учун у актёрлар билан бутун бошли репетицияни бағишлаган эди, кейин натижа ҳам шунга арзирли бўлди. «Ўзинг билмайсанми?» қабилидаги гапни одамлар нохушликнинг белгиси деб тушунишади...
— Менга аввал телефонингни сот, кўрай, ана ундан кейин яна гаплашаверамиз.
Сотувчи йигитнинг хавотирга тушиб қолиб, аллақандай ҳужжатлар билан андармон бўлганини кўрган Потапов, пештахта олдига келиб, ҳалиги қизил китобни қўлига олди. Сотувчи ўзини билмаганга олса-да, эплай олмади. У телефонни қутига жойлаётган эди. Потапов эса шошганча китобни варақлай кетди.
— Сизни ким жўнатганини барибир айтмадингиз-а? — сукутдан сабр косаси тўлди йигитнинг.
— Меними? — Потапов аввалдан ҳозирлик қўйиб қўйган болаларча нигоҳини унга тикди. — Мени ўртоқ Мао юборди.
Сотувчининг қўллари қутини ўрашдан тўхтаб қолди. Бодомқовоқ кўзларининг туб-тубида қандайдир ғайриоддий фикр яширин эди.
— Мана, қарагин, мана бу ерда ҳар қандай империалист — ясама йўлбарс эканлиги айтилган, —дея гапида давом этади Потапов, — Хўжайининг эса, исми Толикмиди...Империалистнинг айнан ўзи-ку!
— Йўғ-ей... Унинг бор-йўғи яна иккита савдо палаткаси бор холос. Яна веб-студияси... Бир-иккита овоз ёзиш студияси, трэшак... Жа бой эмас у.
— Шундай дегин! Веб-студия, тушунарли. Ана шу веб-студияси орқали Толик бутун дунёга ифлос из қолдиряпти. Демак, у империалист. Бу дегани — ясама йўлбарс. Сенга эса ҳайронман? Суянганинг — келиб-келиб шу ясама йўлбарс бўлдими? Сен эса унга қаллобликда кўмаклашяпсан. Қарагин-а, ҳозир мен эмас, сен билан жаноб Мао гаплашяпти. Бу ердаги юмушинг нималигини ҳалиям фаҳмаламадингми? Бу ерда туриб капитализмга замин ҳозирлаяпсан. Ҳой, кўзингни оч, аҳмоқ, инқилоб қилганмиз! Клааснинг кули юрагингга ўт ёқмаётгандир?
Уленшпигел номини тилга олганда Потапов ошириб юборганини ҳис қилди, яхшиямки буни йигит сезмади. Қолаверса, Тиль ҳам зулмкорларга қарши курашган. Потапов позициясининг тобора мустаҳкамланиб боришига сабаб бу ғалати харидорнинг ўзини ким деб аташининг унга ҳеч бир қизиғи йўқ. Унинг ўзи, кўриниб турибдики, бу чегарани аллақачон босиб ўтган, аввалига шунчаки ўйиндек туюлган бу ҳолат ортига у кейинчалик атрофидагилардан ўзи ҳам билмай омадсизлигини яшириб келди ва бу одатга бора-бора ўзи ҳам кўникиб кетди. У одамларга инқилоб, Че Гевар шахси, Мао Цзэдун ҳақида ваъз қилар, унинг бундай эътиқоди худди оғриқсизлантириш уколидек бошқалар ҳаётига баъзан омад ҳам келтирарди.
— Бу ерда узоқ қолмайман, — дея ёрилди ниҳоят сотувчи. — Онамнинг вайсашлари ҳиқилдоғимга келди. У ётаверасанми, бирор ишнинг этагидан тутсанг-чи, деб кўп койийди. Мен шунчаки ётмасдим, фикрлардим. Бир қарорга келишим, кутишим керак. Маонинг ёзишича: стратегик муносабатларда биз барча душманларимиздан ҳадиксирашимиз керак. Мен айнан шундай қиляпман. Яна ёзадики, тактик муносабатларда эса душманларга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Онам эса ҳоли жонимга қўймайди... Хуллас, разведкада ишлашга қарор қилдим.
— Шунинг учун Толик сени ёлладими?
— Шундай. Биз у билан бир синфда... Қисқаси, душман ўз-ўзидан йўқолмайди. Уни яхшилаб ўрганиш лозим. Биласизми, аслида нимани орзу қиламан? Жипни.
— Жуда ҳаддингиздан ошмаяпсизми?
— Йўқ, албатта. Катта пулемётли улкан қора жипим бўлса дейман. Зўрми? «Сталкер»да шунақам бор эди
— Қаерда?
— «Сталкер»да. Бу — коинотдаги ака-ука Стругацкийлар ҳақидаги компьютер ўйини. «Йўл ёқасидаги пикник» ни ўқигандирсиз?
Энди сотувчи атрофга олазарак бўлмас, аксинча Потаповга тикилганча турарди.
— Буниси муҳим эмас... Давом этавер.
— Хуллас ўша машинамда марказий кўчага чиқаман-да, ҳар томонга пулемётдан ота бошлайман — та-та-та-та-та...
— Тўхта, ахир у ердагиларнинг бари империалист эмаслар-ку.
— Эй, менга барибир, империалист бўлишадими, уларнинг қулларими? Қулларини ўлдирсак, империалистларнинг ўзлари таслим бўлишади. Чунки энг ёмони ҳам улар. Уларнинг ўзлари шуни исташади. Кучлиларнинг ақлини олишади. Библияда айтилишича, дунёга кимдан лаънат келса, ўша ғазабга учраркан. Ўзларининг аҳмоқликлари сабаб ғазабга дучор бўладилар. Ҳеч нимага интилмайди, ҳеч нимани орзу қилишмайди, худди...қўйлардек итоаткордирлар. Қисматларига ўзлари розилар.
— Сен-чи? Сен орзу қиласанми?
— Албатта.
— Нимани?
Сотувчи ҳайрат, шу билан бирга ҳафсаласи пир бўлганча худди ҳамфикрини йўқотгандек Потаповга қаради:
— Бу нима деганинг? Ҳалигина айтдим-ку..Жип...
Меҳмонхона совуқ бўлганидан, Потапов пальтосини ечишга шошилмади. Қутидан янги телефонини олиб, унга эскисининг сим картасини қўйди-да, соатга қаради. Москвада тонг отибди.
Таниш рақамни ёддан териш осон кечмади. Икки марта охирги рақамни теришга иккиланган Потапов дераза олдига келиб, учинчи марта уриниб кўришга қарор қилди.
— Сало-ом, — трубкадан баланд бўлмаган ёқимли, уйқусираган овоз келди. — Қаерга кетиб қолдинг, азизим?
— Шу яқин атрофдаман... Съемка учун табиат манзарасини қидиргани чиққандим.
— Қо-чиб кет-динг, — дея чўзиқ оҳангда кулди ўша овоз, ҳануз уйқудан хириллаб.
— Йўғ-ей, — деди ночор қолган Потапов қаршилик билдриб. — Мен шунчаки...
— Бекор қилгансан, — деди аёл кулганча, у эса ис олган итдек, табассумнинг бежиз эмаслигини пайқаб қолди.
— Шошма-чи, нима гап? Натижаларни олдингми?
— Бўлмасам-чи, — аёл оҳангидаги бундай тантаворликка у ҳатто умид ҳам қилмаган эди.
Москвага узоқ олти соатлик парвоз давомида аёлдан хавотир ҳадиги ва унинг олдида ўзини айбдор ҳис қилаётганидан юраги эзилди.
— Энди-чи, энди нима қиламиз? — аёлга босим ўтказмоқчи бўлади Потапов.
— Энди тезроқ изингга қайт, — дея хўрсинди у. — Менга энди химия шарт бўлмайди. Врач ҳаммаси жойидалигини айтди.



