Қисқа мактублар
*
Қайлиғига: «Қоронғуда ёнаркан чироқ,
йўқотгаймиз, ҳа, у ҳамма нарсада бироқ
бизнинг қалбу тандек, уни нохос ҳар сафар
ўчирамиз» — деган куёв маъюс нақадар,
Лек ўзга ел эсганин ҳис этиб, оловмас,
ҳаёт «ретро» шаклида ўт олар ҳар нафас,
шиша сасга айланади муҳаббат бари,
эҳтироснинг фани — бошқа фанлар сингари
ҳақни излаш эмас, тана лабиринт*ларин
пучмоғида туйқус номлар акс-саси — ҳазин.
*
Тасодифий ҳамроҳинг шўх тўшакда, рости.
Балиқчи ой нуридан тўр сув узра осди.
Аёлларни қийнаб, узоқ яшади қанча,
балиқларнинг сояси шу тўрга тушганча!
Нафс қондириш, бошпанасиз танлар чарчоғи
ёки қушлар кўланкаси тун чўккан чоғи
ёки қалблар сарсонликни ўтар муҳлатда
қачонлардир тож кийдирган сенга зулматда.
*
Яратганнинг қошида ўзни оқлай олмасмиз, —
на ўз чимилдиғимиз, на ёт ишқ ила ҳаргиз,
на кўзда ёш, бўш чангли йўлларда юрмоқ билан,
на она қабридан ёр бир ҳовуч тупроқ билан.
Она қорнида гўдак каби қуш ухлар инда,
ўзга чеҳралар балқир сенинг ҳам юзларингда.
*
Тузли сув-ла ичимда чанқоқни этдинг бисёр.
Роҳат излайман, аммо бу роҳатда мен ҳушёр.
Жафо учун, дарвоқе, жой топилар доимо.
Кун никоҳдан ўтди, тун келинчакми унга ё?
Улар ишқи мовий, тез олов билан боғланди,
бугун шафақ кул билан гўё буткул қопланди.
жаннатдан умид, зеро, ақлсизлик, азизим,
чунки вақт олам аро ўтар шовқинсиз ва жим.
*
Бандани ювар унинг оқим, дарёси фақат.
Ёринг кўзда ёш ила ўқиб турар шундай байт:
«Зич ёпилмаган эшик ортида калит турар,
юракни парчалар ишқ, уй совуқдан қалтирар...».
Ҳаётнинг бор кенглиги шу тупроқда барқарор,
ошкор ёлғон, Оллоҳнинг шафқатидан умид бор.
Тунда, майли, кўзларинг Сомон йўлин этсин акс,
тан томири ичра қалб — мажруҳ оловдек абас
ёки бурилиши кўп тўлқиндек бор туғёни,
лек бир ўзи ўлиммас, акс этдирар Худони.




