Қушқўнмас
Ҳаммасин унутдим. Кўру кардирман,
Наркоз енгди, ўзда эмасман беҳол.
Ҳовлида турибман, хитойи гулга
Орзуманд-у ошиқ қушқўнмас мисол.
Қандайдир даҳшатдан фол очар укки,
Дарё узра сўнди шом шафағи жим;
Мен қачондир сўйган хўроз устимдан
Кулади масхара айлаб бетиним.
Заҳар таклиф этар қўзиқоринлар,
Бошимда чарх уриб кезар ари ҳам.
Чалғи ўроқ — уйга суяб қўйилган,
Мени ҳурмат қилар, дардимга ҳамдам.
Қабул қилгум — неки қисматимда бор.
Шамолда умрбод туришга шайман.
Мен энди ўлмасман, сенинг ҳам энди
Ўлишингга сира йўл қўймагайман.




