Айиқ-оға
(нивх афсоналар мотивида)
Акам тушимга кирди.
Марҳум акам кирди тушимга.
Адашиб қолибман ўрмонда
мен — ёлғиз овчи
Шоҳ-айиқни ўлдирмоқ бўлиб,
сўнгра унинг жонсиз жисми-ла
Тўйдирмоқчи бўлиб оч кимсаларни.
Адашиб қолибман ўрмонда,
Акам дуч келди-ку ногаҳон
ўрмон ичра, худди тирикдек
Эргаштириб кетди, шу ўрмон
Эгасининг ажиб ўтови томон.
Мени кўриб,
деди ўрмон Эгаси:
«Ҳукмдор йўқ менинг устимдан,
ёлғиз ҳукмдорман ўзим ўрмонда
Барча ҳайвонларнинг устидан...
Жавоб бер, булардан қай бирин
Отмоққа сен чоғланган эдинг?»
«Ўлдирмоқчи эдим мен шоҳ-айиқни».
«Майли, бўлақолсин сен айтганингча», —
деди ва акамни кўрсатиб,
Буйруқ берди: «Кийиниб олгин».
Ранги ўчиб кетди акамнинг,
Аммо бош ирғади бўйсуниб
ва ёпиниб олди айиқ терисин.
Сўнг тўсатдан акам кўздан йўқолди:
Акамнинг ўрнига бақувват айиқ
Пайдо бўлди ҳамда ўтовдан чиқиб,
Менга боқмай, ўрмон сари йўл олди.
Мен уйғониб кетдим уйқудан,
энди сизга айтай, овчилар:
Бир аёл сингари энди мен
ўчоқдаги ўтга қарайман,
Ўрмонга бормайман қуролни олиб,
унутаман тузоқ, хўракни,
Қонини тўкмайман акаларимнинг...
Сиз эса, овчилар, давом эттиринг
Гўшт учун ўлдиринг,
егулик учун
Нуқта қўйинг умрларга бирма-бир.
Омон қолиб бўлмас ўзгача ахир.



