Одессея қўшиғи
Рафиқам Наташа Румарчукка
Кемам қирғоқ томон келиб тўхтаса,
Қўшиқ ҳам тушади у билан бирга,
Аввал уни фақат денгиз тингларди,
Сиреналар ила баҳслашган жойда.
Унда бордир фақат нам унли товуш,
Сарсонлик тилидан қирғоқ тилига
рангсиз ўгирмада янграйди шундай:
Денгиз чағалайларининг ҳирқироқ қичқириғи,
Прометей бағри ҳидига учган бургут сайроғи,
Денгиз тошбақаларининг минг йиллик сукунати,
Ўкиришни орзу қилган кашалот пишиллаши,
Саккизоёқ оёғи-ла ижро этилган ҳамда
денгиздаги сувўтларни оёқда тик турғизган
пантомималаринг ила севаман сени!
Сени денгиздан бунёд бутун вужудим, унинг
барча сойи, Амазонка, Миссисипи ирмоғи,
Ўзин денгиз ҳисобловчи чўллар ила севаман,
Кўргин, қуриган бўғзимга қандай тўкилар қуми.
Севгум сени бутун қалбим, ўпкам, қорачиқ ила,
Севгум сени ер қобиғи, юлдузли фалак ила,
Шаршаралар тўкилиши, феъл тусланиши ила,
Севгум сени Оврўпога хунлар юриши ила,
Юз йиллик уруш ва мўғул-татар босқини ила,
Спартанг қўзғолони ва халқлар Буюк кўчиши,
Искандария устуни ва Пиза минораси,
Гольфстрнинг шимолий қутбни иститиш шавқи ила.
Мен сени севаман ернинг тортишиш кучи ила
ва севаман ўлимнинг шафқатсиз ҳукми ила,
Севаман сенинг тубсиз Бермуд учбурчагингга
ўлим ҳукмига кўра мангу қулашим ила.





