Мен уйқудан биринчи бўлиб уйғондим...


* * *

Мен уйқудан биринчи бўлиб уйғондим. Деразамда ҳайбатли
ой сузиб юрарди. Айтганча, афв этинг, барчасини орқага,
уйғониш нуқтасига қайтарамиз. Дераза бўйлаб уйқудагилар
кетиб боришарди: елкалар, елкалар, елкалар. Осмон тоқидаги
қуёш эса оппоқ эди. Мен иттиканак ёнидан ўтаётиб, чеҳраларга
қарардим. Мусибатнинг рангги бўлмиш кийимлари офтобда
куйиб, мусибати июль сўнгидаги боғлар сингари чангланиб
қолганди. Сўқир ва озғин, оқиб боришарди — татар-мўғул
қўшини эмасди улар, герман халқлари эмасди.
Осмонда Худонинг тепакали ялтирар ва унинг юзидан мум
янглиғ тер қуйиларди. Ҳамма эриб, оқиб борарди. «Агар ухлаб
қолсам, — ўйлардим, — эгилган бош билан: «...вайронкорлик,
зулм, мустабид» дея такрорлаб қассобнинг олдига боргандай
бўламан».
Мен фалак юкининг залворини ҳис этдим ва гуноҳ —
бегуноҳларнинг туши эканини, халқимга меҳрибон Худо қаҳр
қилмаётгани, балки айбдорлик ҳисси унинг ич-ичига сингиб
кетганини ва у Одам Ато ва момо Ҳаво учун, Бобил, Гоморра
ва Содом учун, урушлар ва дераза ортидаги офатлар учун,
қотил-шоҳлар учун, ўлдирилган шоҳлар учун ҳам, Учинчи
рейх, ГУЛАГ, турғунлик даври, Газпром, мана шу Украина, ўзи
туғилган туғруқхона, ҳамма-ҳаммаси учун жавобгарлигига
ишонишини англадим. О, Тангрим, Тангрим, Тангрим!
Мен қичқирмоқчи ҳам бўлдим: ўйин тўхтатилсин!
Кун ўзгарди, энди кечаги кун эмас, ота-боболарингизнинг
терингиз остига юборилган гуноҳларини унутинг! Софланинг!
Урҳо!!!
Аммо улар кетиб боришарди, ҳар бирининг кўксида тешик
бор: бармоқларинг сиғиб кетгудек бўлса керак.