Шер амин
Отам саросимага тушди.
У паҳмоқ, турфа рангли шарфини — қизил, сариқ, жигарранг, тўқ сариқ рангли шарфини ўраб олди, кейин улар ҳали ҳам ўша пайтда французча услубдаги шарфларни тақиб юришни билишмасди; отам рус зиёлилари каби шарфни ўраган — иссиқ тутиши учун шарфини юқори лаб остидан қўярди, нафас олаётганда, бундай вазиятда ҳўл намлик шарфда туриб қолади.
Отам мўйнали кийим кийганди; у осиб қўйилганда, анчайин дадил кўринар, отамнинг эгнида эса анча ювош тортиб қолгандай туюларди.
Мен ундан: «Қаерга кетяпсиз?» деб сўрадим. Дадам сохта бепарволик билан дўконга сигаретга кетаётганини айтди.
Бувимни ҳамма «Бабука» деб чақирарди, орага суқилиб, отамнинг гапларини тасдиқлади «У дўконга кетяпти, ҳозир қайтади.
Бир эшик, кейин бошқа эшик тақиллади. Кетди. Биз бувим билан ўтирдик, у диванда, мен полда. У кўзойнак таққан, бобомнинг кўйлагини тикиб, игнага кўзини қадаб, майда-чуйда нарсалардан ранжиш арзийдими ё йўқми, деб ўйлаб ўтирганди; бувимга тикилиб ўтирибман, қандайдир улкан сирларнинг тагига етмоқчи бўламан. Эҳтимол, мен беш ёки ундан кичикроқ ёшдаман.
Бошимда битта ҳам ортиқча фикр йўқ эди, улар ҳозир камдан-кам келади, шунинг учун мен ўрнимдан сакраб турдим ва югурдим, ҳатто кийинмагандим.
Мен нима бўлаётганини англаб етганимни ёзмоқчи бўлдим, лекин буларнинг бари ёлғон, қанақа англаш, шунчаки кўз олдимда тасвир пайдо бўлди: отам йўлда сигарета чекиб, қўлини кўтариб турибди; энди у қишлоққа кетяпти, у ерда оиламиз яшайди ва уни хотини онам кутмоқда. У юк машинаси ҳайдовчиси билан гаплашяпти, улар ҳазиллашиб, нималардир, деб кулади, отам ҳайдовчини «Беломор» тамакиси билан сийлайди. У деразани очади ва ташқаридан февраль шамоли отилиб киради.
Ташқари совуқ эди, қор кўп эди — қишлоқда ҳар доим шаҳарга қараганда, кўпроқ қор бўлади. Ўрмон бизнинг дарвозамиздан бошланарди — ва йўл ўрмон орқасида эди, ярим километр узоқликда ётарди. Бувим ортимдан дарҳол етиб келди, ўрмон ичига қочиб кетгандим. Уйга қайтариб олиб келди. Мен йиғламадим ёки қаршилик қилмадим. Тутиб олишди, начора тутиб олишди. Демак, тақдир эмас экан.
Бувим мени тағин ўтирган жойимга ўтқазиб қўйди ва кўйлакни қўлига олди, сўнг тағин игна билан ипни олиб тикишни давом эттирди. Ҳеч нарса бўлмагандек, ишини қилаверди.
Нега югурганимни билмайман. Отам учун югурганим аниқ эди.
Лекин мен ҳеч қачон ота-онамни соғинмаганман — агар бобо-бувимникига бир неча кунга қолдириб кетишса ҳам, ҳеч нарса бўлмагандек яшардим.
Қаерга бунча отилдинг?
Эҳтимол, отам ўз февралидан қайтиши ва мени бағрига олиши керак эди.
Чунки ўшандан бери ҳаммаси айтгандай эмас.
Кейинги шиддатли февраль, сўнгги кунларида, кўчада хотиржам ва малладан келган бола ўтиб кетаётган эди, қишлоғимизда Чебрякова фамилияли безорилар яшарди. Мен уларни фарқлай олмасдим, иккиси ҳам узун, юзлари чўзиқ, аҳмоқ, разил, бири мени елкамдан, иккинчиси орқамдан туртди, музлаган лой устига бўйим баравар йиқилдим.
Қишлоғимизнинг лойи ёмон эди, ҳозир бунақасини тополмайсиз, худди қайнатилган бўтқага ўхшарди, баҳорда эса майда майдаланган муз билан қоришиқ эди, ёзда чангга ўхшаб кўтарилар, кузда оёққа ёпишарди. У ҳеч қачон қуримасди. Бу лой ичида гўё нефт қудуғи овоз чиқараётганга ўхшарди.
Мен ўша лой кўлмакка йиқилган куним, қишлоқ трактори ўша жойдан чуқурроқ ўтганди, шиналарнинг изидан лойнинг баъзи жойлари ингичка, баъзи жойлари қалин эди. Унинг устидан от, буқалар-у чумчуқ оёқларининг излари билиниб турарди.
Мен айнан ўша ерга йиқилдим.
Уйга масхарабозга ўхшаб келдим.
Оғзимгача лой кирган эди.
Онам ҳеч нарса демади, мен Чебряковларни бориб ўлдиради, деб умид қилгандим, лекин, аксинча, индамай мени ювинтирди. Ҳамма нарсамни ечиб, ўрнига тозасини берди.
Кейинги сафар, яъни орадан бир йил ўтиб, яна февраль маҳаллари эди. Биз мактаб орқасида футбол ўйнадик — қишда футбол ўйнашни яхши кўрардик, ёз ғоят қисқа, уни кутишга сабр етмайди, тўп эса турган жойида зарбани кутиб ётади. Мен эгнимга увадаси чиққан учта эски свитерни устма-уст кийгандим, бошимда шапка, бу гўё ўзимча менга қойилмақом туради, деб ўйлардим. Ёшга қараб жамоалар аралаш эди.
У рақибларга қўшилганди — исмини эслай олмайман — фақат шуни биламанки, эндигина армиядан қайтган — киприклари оқ иблисники каби оппоқ юзида табассум ўйнаб турарди. Мен дарвоза олдида дарвозабонлик қилиб турардим. У қувноқ, эпчил ўйнарди, кутилмаганда у тўпни тепди ва у тўғри келиб юзимга тегди, мен ҳеч муболағасиз айтаяпман, ҳавода икки марта айланиб, ерга йиқилдим; кўзим гўё бошимнинг ичига кириб кетганга ўхшарди, кейин мен уни эҳтиёткорлик билан кўз қовоқларию кирпикларимни ташқарига чиқардим, қўрқиб кетгандим, бармоқларим кўзларимга текканда, қандайдир гўштдор, шишган қовоқларга ботарди ва улар зулукка ўхшарди.
Aгар мабодо штанганинг ёнида турганимда, бошимни унга уриб ўлиб қолган бўлардим.
Жамоавий ўйинларда менга талаб йўқ эди.
Улар мени қишлоқдан худди инидан чиқариб юборилган полапондай ажратиб қўйишди, мени завод қувурининг олдига қўядиган бўлишди. Оилам Совет ҳокимиятининг адоғини шаҳар асфальтида туриб кутиш яхшироқ, деган қарорга келдим.
Мен янги мактабга илк марта қишда, февралда келдим.
Мактаб яқинида параллел синфдан бир буқа бор эди, мендан бир бошга баланд, тўққиз ёшли ҳайвоннинг ўзгинаси. У бошимдаги шапкамни ечиб олдига отиб юборди. Мен қасос олиш учун унинг бош кийимига қўл чўздим, лекин у мени осонгина итариб юборди. Кучлар тенг эмасди.
Танаффусда унга эргашдим, ўзимча уришим керак, деб ўйладим, лекин менда жасорат йўқ эди.
Янги мактабда синф раҳбарим, сталинчилардан, оқсуяк муаллимам бор эди.
Қайта қуриш бошланди, у демократлаштириш зарур, деган қарорга келди, у синфда бунга ким қандай муносабат билдириши борасида аноним сўровнома ўтказди.
Партадошим Чибисов муаллимани пасткаш, деб ёзганди.
Мен ҳеч қандай шикоятим йўқлигини ёздим.
Кейинги, бир кун ўтгач, сўровнома энди аноним эмас, балки имзоланадиган бўлди.
Бизнинг жавобларимизни у кўзойнагидан менга ёмон қаради: «Кўрамиз, бу ерда нима ёзган экансан», деди.
Орадан тўрт йил ўтиб у менга ҳайвондай муносабатда бўларди, мен ҳеч нарсани тушунмасдим ва чидардим.
Бир марта мактабдан кейин синфни ювдим, муаллимамизнинг қасоси ўтиб кетмаган эди, у яна шу мавзуни кўтарди ва мен қанчалик арзимас, ёлғончи эканлигимни ва бу билан қандай яшаётганимни ва нега ер мени ютиб юбормаётганини айтди.
Мен аллақачон улғайгандим ва муносабатининг сабабини сўрашга журъат топдим
У ахийри ёрилди: «Эсингдами, деди у, сўровнома ўтказган эдим. Aноним тарзда ўтказганимда мени пасткаш деб ёзгансан, лекин имзо билан олганимда, пасткаш эмас дегансан. Шундан бир хулосага келганман: сен ёлғончисан, сен билан разведкага бориб бўлмайди.
Мен: «Анкетани кўрсатинг!» дедим. Муаллима уни шунча йиллар давомида махсус дафтар ичида сақлаб, қасос олиш учун ўзи билан олиб юраркан): қара, — у қоғозни силкитди: ҳозир томоша бўлади.
Қоғозга кўз ташлаб шундай дедим: «Яхши! Бу мен эмас! Чибисов. У уч йилдан бери бошқа мактабда ўқийди! Буни Чибисов ёзган!
У саросимага тушиб, дарҳол жавоб қилди: «... Менга туҳмат қиляпсанми энди!» Муаллима анкеталарни дарҳол олди. Кечирим, албатта, буни лозим топгани йўқ. Бир муддат у деразадан эриган қорга тикилиб турди, бир болани кўп йил давомида масхара қилиб, азоблаб юрган хатолари ҳақида ўйлади, чоғи, лекин кейин йўқ, деган қатъий хулосага келди. Кимки эски нарсаларни эслаб юрса, ўшанга катта кўча, дея ўйлади у катталарга хос донолик билан.
Суйган қизларим бўларди, лекин кўпинча бўлмасди.
Ёнимда қиз йўқлигини кўп эслайман, фақат бош айланиши ва ўсмирларга хос кўнгил айниши бор эди, холос.
Улар эски Янги йил шарафига қаердадир ўтказилган зиёфатдан маст ҳолда қайтардилар, икки хонимни кўнгилли равишда кузатиб қўйдим, ҳозир уларнинг юзлари эсимда йўқ, ҳеч қанақасига хотирамда қолмаган.
Мен энг яхши суҳбатдош бўлишга уринардим, атрофимдагиларни хурсанд қилиш учун бор кучимни ишга солардим: ҳамроҳларим вақти-вақти билан ҳиринглаб кулиб юборарди.
Улардан бири, ёқимтойи, телефон рақамини берди, тўғрироғи, ўзим сўраб олдим.
Мен февралда қўнғироқ қилдим, кутилган учрашув ҳақида нималардир дедим, у гўё қулоғига кимдир танбур чертаётгандек, тишини тишига қўйиб, эшитди. Кейин қандайдир шовқин эшитилди, сўнг эркак кишининг овози келди, у бирдан пичирлаб сўзлади: «Мени тинч қўй, ниҳоят овозинг ўчар, тошингни тер!»
Гўё мен гўё бўронли денгизга тушиб кетгандай бўлдим, совуқ тўлқинларга урилиб, қирғоққа чиқишга уринардим, лекин бу қизга мени тағин оёғи билан сув ичига итарарди. «Қирғоққа чиқма! Кимга айтаяпман! Суз! Эшитмаяпсанми?!
Бу воқеага йигирма йилча бўлиб қолди, эҳтимол у эрга тегиб, у учун карам шўрва пишириб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек яшаб юргандир, қиз ҳаммасини унутган, э қўшмозор бўлмайдими эри билан. Шу эри ликобчанинг четига қошиқни уриб, карамшўрвасини ағдариб, болаларни қўрқитиб: «Ҳе сани ўша! Қай гўрданам сенга учрадим!» десин.
Кимдир мен учун ҳам қасос олиши керак-ку!
Ана ўшанда мен айбсиз йигитча бошимдан нималарни кечирганимни тушунади.
...лекин йўқ, эри индамай овқатини ичади, ҳеч нарса демайди, энг муҳимини ичида сақлайди.
Aрмияда бир марта маст бўлдим, лекин қўлга тушиб қолмадим, барча мумкин бўлган таҳдидларга эпчиллик билан чап бердим ва ўз койкамга чиқиб ётдим.
Менинг бўлинмамдан бўлган йигитнинг камераси бор экан, у эсдалик учун уйқуда ётган хизматдошининг суратини олишга қарор қилибди.
Бу фикр тезда оммавий тадбирга айланибди: улар шам топиб, уни қўлларимга қўйишибди. Шам ёқиб қўйишибди, у жуда чиройли кўринибди.
Улар чойшабни оёқларимгача тортишибди, пешонамга хоч чизишибди, низомни кўкрагимга қўйишибди, энди ўқишга вақтим кўп бўлади, дея тахмин қилишган-да, шунингдек қирқ еттинчи ўлчамдаги этикларни оёқларига кийгазишибди: марҳум ёқимтой, меҳрибон ва хотиржам кўринарди.
Улар бошимга супургидан ажойиб гулчамбар ясабдилар.
Битта шам етарли эмас, деган қарорга келишибди, бирданига учтасини қўлларимга қўйишибди.
Янги келган аскарларни ҳайдашолмабди, улар ҳам маза қилиб завқланган.
Шунингдек, мабодо швабрани яқин жойга қўйишса, нур устига аъло нур бўлади, деган қарорга келишибди: агар улар марҳумни зиёрат қилиш ўликлар йиғилса, мен уларни иблисдай қўрқитарканман.
Товоқ, қошиқ — ҳар эҳтимолга қарши уни ҳам ёнимга қўйишади: дейлик, қуртлар мени ейди ёки мен қуртларни, хуллас, бу ажойиб айирбошлаш бўлади. Шундай қилиб, сиз узоқ вақт завқ олишингиз мумкин, қани ким биринчи бўлиб тугатаркин.
Пешонадаги хоч остида улар фломастер билан беш ҳарфли кулгили сўзни ёзиб қўйишибди: омин.
Менинг ёрқин аскарлик номим, камина унга ана шундай жанглар, ҳақиқий тўполонлар, шу қадар зукколигу эпчиллик билан эришганман, ўн тўққиз йил давомида эришганим тамоман ғойиб бўлди.
Фотосуратни чоп қилишди, ярамаслар, пулни аяшмабди, уларни ҳамма кўрди.
Ошхонага борганимда ҳамма бошимдан то оёғимгача ҳар бир қадамимдан кўз узмай табассумлар билан кузатишарди: кутинг, у келяпти, дейишарди, ўлик шам ва швабра билан, омин.
(Ўша февраль мен совуқдан музлаб ўлишимга оз қолди — яшаш ёқмай турганди)
«Шер амин» менинг энг яқин дўстим шундай чақирди, лекин у каминанинг ягона ўртоғи, ботаник, мактабда француз тилини ўрганган, мен унга кўп марта ёрдам берганман, менсиз бу ерда йигитни ўлдиришган бўларди, аммо бу сафар мен уни ўзим бобладим, тишини уриб синдирдим, оғзи қонади, тиши ошхона столи устида учиб тушди. Мен, уни олайми, деб ҳам ўйладим, жойига қўйиб бўлар деган хаёлга бордим: ҳамма нарсани қандайдир иложини қилиш мумкин ахир.
(...кейин менга дедлар (армияда узоқ вақт хизмат қилганлар шундай аталарди) гўзаллик учун шамни оғзимга қўймоқчи бўлишган экан, лекин ботаник қўймабди.)
Бироқ энди тузатишнинг иложи йўқ эди.
Мен қиз танишимга кўп кўчишлардан кейин оиламдан қолган квартирамдан яшаш учун бошпана бердим.
Онамга у ёқди — онам унга ишонарди.
Онам бутун умрини отам билан ўтказган, эркаги қўлидаги бармоқларидан кўп бўлган аёлни «фоҳиша»дан бошқа нарса дейиш мумкин эмаслигини хаёлига ҳам келтирмасди.
Бундан ташқари, ким ўғлига хиёнат қилиши мумкин — ақлли, хушмуомала, келишган, жасоратнинг идеал тимсоли ахир. Хўш, бу Шер аминга, оғзи лойга тўлиб келган, заиф одамдан қасос оладиган, ёлғон гапирадиган, қийшайиб юрадиган, ўзини камситадиган, ҳеч нарсани билишни хоҳламайдиган, ўзини кўзгуга солиб, норози бўладиган масъулиятсизнинг кўзига ким қум сепарди.
Мен анча армияда обрўйим ошиб қолдим, бу қиз мен билан учрашмади, у бувисиникида эди, ахир қариб қолган кампирни ёлғиз қолдириб бўлмайди-ку! Мен буни тушунардим. У бир ҳафтадан сўнг келди, менга жилмайиб, мулойим гапирди, лекин ўзини худди целлофанга ўраб қўйишгандек тутди. Ёноғидан ўпсанг, гўё терини эмас, целофанни ўпгандай таассурот қолдирарди.
Менинг фантазиям бир ярим йил ишлади, мен шу вақтгача трансформатор каби ҳаракатланиб турдим, демобилизация қилинганимда аниқ нима бўлишини батафсил ўйлаб кўрдим, лекин ҳаёт ўз версиясини таклиф қилди. Йўқ, фуқаролик ҳаётига қайтганимдан кейин илк кечада воқеалар ривожи бундай тус олишини тасаввур қилганим йўқ, тўғрироғи, фуқаро хонимнинг ёнига.
Фуқаро хоним панд берди. У энг оддий нарсаларни қандай қилишни унутганди. Унга ёрдам бер, ахир бу унчалик қийин эмас. Сен қанақасига ўпишяпсан?
Қанақа?
Ҳечқиси йўқ, эътибор берма. Мен шунчаки толиққанман.
Чарчадингми? Бир ярим йилдан буён толиқдингми? Ёки бир ярим йилдан бери дам олмадингми? Бувиникида, ошхонадаги раковинани ҳам ювмагансан. Ваннани занг босиб кетган, гўё сиз у ерда темир одамни ёки қандайдир темир отни тозалашгандай.
Нима? Комбайн ювганмисан?
Бақиришни бас қил. Мени оқсоч қилиб ташлаб кетувдингми? Билганимдами?
(...кетиш учун бир қадам ташлади; қаршисида туриб, уни тўхтадим, тўхта, ҳали ҳаммаси айтилмади; гарчанд ҳаракатимнинг маъноси, албатта, бироз кенгроқ эди: қаерга отландинг? Мен бу ерда ёлғиз ўзим нима қиламан?)
Биз эрталабгача гаплашдик. У хотиржам, қийналган ҳолатда, мен ҳаддан ташқари ҳаяжонда эдим. Нималарни бошдан кечирганимни биласанми? У ерда бизни қандай уришганини биласанми? Сафда турганимда қандай музлаб қолганимни хаёлингга келтира оласанми? Бизни ахир Чучмекистонга жўнатмоқчи эдилар, мен биринчи бўлиб кўнгиллилардан бўлиб рўйхатга ёзилдим, аҳволим ёмон бўлиб қайтишим мумкин эди, ўшанда сен чинакамига хафа бўлган бўлардинг: «Нега мен унинг кўнглини олишга ҳам ярамадим деб. У қандай зўр эди? У беқиёс ярамас эди! Ва мана аҳволини? Энди уч марта ярамас бўлган! Мен, ҳатто бир марта генерални кўрганман! Ва ниҳоят биласанки, улар бир марта оғзимга шам қўйишига бир баҳя қолган. Қандай қўймоқчи бўлишганини кўрсатиб берайми?
Эрталаб ҳамма нарса аччиқ, нордон, бемаза туюлади, ҳиссиз, илиқлиги йўқ, ҳал қилингандай, ҳал қилинмаса яхши эди.
Эртаси куни менга қўнғироқ қилишди: мен телефонни кўтараман
— Алло? — аввалига индамай туришди, кейин хижолат тортиб, бепарволик билан: — Тина мумкинми? — деб сўрашди.
(У ухлаяпти; гарчанд у орқасини ўгириб, телефондаги суҳбатни эшитиб ўтирганини кўрган бўлсам ҳам: у уйғоганини билардим.)
Мен дарҳол трубкадаги эркак овозини танидим: бу синфдошим эди. Тина мендан олдин у билан юрганди, кейин менинг олдимга келди, лекин уни узоқ вақт унутолмай юрди, у мендан баландроқ, чиройлироқ, бойроқ эди, лекин у иккиси дўст бўлган пайтлар унга тегмаган эди.
Лекин ватанпарвар тимсоли сифатида маршларда юрганимда, честь бериб, қасамёд қилганимда, ватан олдидаги бурчимни бажараётганимда, унга теккан. Aфтидан, Тина квартирамда яшашини ҳам айтмаган. Нега? Қайтганимдан сўнг квартирамни ёқиб юбориш учунми?
Уни квартирамдан ҳайдаб чиқаргач, мен шеърлар жаранглайдиган ва янги драма яратилатилаган, ғалати кийимдаги йигитлар арзон сигаретларини улкан тошбақа кўринишдаги ёндиргичлар ёқиб тутатадиган янги дунёга бордим... агар бунга бадиий ёндашса, ёзувчилар учун махсус шундай қилинса керак, мен уни бекатдан махсус сотиб олдим, яъни биз ҳам ердан чиққан қўзиқорин эмаслигимизни кўрсатиш учун), бу ерда қизлар ўғил болаларга қараганда анча яхши кийинадилар ва йигитларга эътибор бермайдилар, фақат киноя билан кўзларини қисиб қўйишади холос, лекин эҳтиёткорлик билан улар моҳир ёзувчиларга қарайдилар, чунки улар қандай сўзларни айтишни билишади, улар қиммат (биз хоҳлаганимиздек қиммат эмас, албатта) пиджакларни кўзга ташланиб туришади. ...Бродский? — Нима бўлибди Бродский бўлса? Улар Бродскийга қиё ҳам боқмайди. Лекин улар ундан ҳам таъсирлироқ нарсага, меҳмонхона номерида чиқишдан олдин ойнада аксларига тикилиб қолишади.
Биз — мен ва бир қанча тенгдошларим — тезда бир давранинг одамига айландик; ёшлар орасида энг каттаси, ёши улуғлар орасида энг кичиги бўлдик, ўтган асрда туғилган, ўсиб-улғайган ва қаерда бўлишидан қатъи назар хизмат қилган, янги минг йилликка нафақат тошбақа кўринишидаги ёндиргич, балки богаж билан ҳам кириб келган, йигитлар ўзини шуҳрат ярмаркасида тақдим қилинадиган омад ва умидга кўз тикиб қадам ранжида қилганди.
Мени ёзувчи деб атайдиган бўлишди.
Менинг акам бор эди, тўғрироғи, акам эмас, балки яхши дўстим бор эди. Гавдаси улкан, кўзлари кичик, ошкораликни севарди ва бошқаларни ҳам шундай яшашини талаб қиларди: ҳамма нарса — юракдан, чин дилдан, уялмай ошкор, яланғоч ҳақиқатни сўзлаш керак, дея санарди у... лекин бошқалар иккиланиб, ўзи ҳақида гап очганда, ўртоғим дарҳол бошқаларнинг ҳаётидаги нарсалар муҳимлиги борасида ўзиникидан сезиларли даражада катталашганидан азоб чека бошларди.
Вақт ўтиши билан у бутунлай олдинга ва юқорига қарашни тўхтатди, фақат атрофдагиларга ёнбошига қаради, токи бу тикилишлар унинг кўзларини ғилай қилиб қўймагунича тўхтамади, кейин ўзининг юртига, денгиз бўйидаги балиқ овига жўнаб қолди, у ерда ёлғиз ошкора сўзлаши ва ўзидан бошқа одам ўзиб кетаётганига шубҳа қилишидан қўрқмаслиги мумкин эди.
У энди овланган балиғининг катталиги билан ўз қадрининг ўлчамини солиштирди ва қувонганидан кулиб юборди, сўнг бу дунёга, бу улкан ва меҳрибон дунёга ошиқликдан йиғлади.
Aммо қочиб кетишдан олдин, ўртоғим менга мукофот топширган пайтида ёқамдан тутди ва шундай овоз чиқардики, атрофдагиларнинг ҳаммаси: қизлару моҳир ёзувчилар, тошбақа ёндиргич кўтарган йигитлар кўзларини очди:
— Буни ким деб ўйлаяпсиз? У ўзини кўрсатаётгани каби эмас! Ёлғончи, ярамас, маккор, оғзи лойланган, пешонасида беш ҳарфдан иборат сўз ёзилган, номини ҳам ўғирлаган! — ва бармоғи билан кўксимга қадади: — Айт, хоин, бизни алдадинг-ку!
Ҳамма менга жим қараб қолди. Кимнингнинг қўлидаги тошбақа олов чиқаролмай, хирилларди.
Мен (саватни ташламадим) кўчага қараб югурдим; Мен йиғламадим, кулмадим, шунчаки ҳаводан нафас олдим ва уятдан ёндим: мен ҳеч қачон ўйлашни ўрганолмадим. Чаккаларимга қон гупиллаб уриларди: энди қандай яшайман, бундан кейин яшаб бўладими?
Ташқарида, қишнинг сўнгги ойи яна эрийди, фақат ёлғон ва оғриқли, совуқ бир муаммони ваъда қилади.
Мен саватдаги гулларни қор устига ташладим, яшил қоғозни чўнтагимга солдим, бўлмаса улар тортиб олишади.
Мен ҳеч қачон отамга етиб ололмадим.
Ҳаммаси бошидан нотўғри бўлди.
Aгар у кетмаганида ҳаммаси бошқача бўларди.
Ўшанда кетмаганида, ҳаммаси бошқача бўларди.
Ўшанда у мени ташлаб кетмаганида, ҳаммаси бошқача бўларди.
Ишондингизми? Тўғри, ишондингиз.
Ўйлайсизки: энди, ниҳоят у иқрор бўлди ва биз унинг ичида қанчалик қайғуси билдик, дейсиз.
Ҳали ҳеч нарсанинг тагига етганингиз йўқ, жим бўлинг.
Энди сизга бошқача қилиб айтиб бераман.
Қишлоғимда, чеккасида, бир соатча пиёда юрса, қоялар бор, агар ўша ерга чиқиб, қоядан ташласангиз, синмаган жойингиз қолмайди.
Кейинги совуқда, мен тўққиз ёшли болакай, ўша ерга бордим — нима учун қишда тепаликка чиқмоқчи эдим, ҳеч ким тушунтириб беролмайди. Қор тизза баравар эди, менинг кўксимгача келарди, тоғларга илк қадамлардан мен зудлик билан қайтишим керак эди, лекин мен эмакладим, қичқирдим, йўлда қўшиқ айтдим, бир марта йиғлаб юбордим: олдин ҳали олис эди, ортга қайтиш эса кеч.
Одамлар ёзда ҳам у ерга кўтарилишга журъат этолмасди.
Мен чўққига кўтарилдим. Чўнтакларим тўла қор, этикларим ҳам тўлган, қўлқопларим, кўкрагим, қулоқларим, кўзларим, оғзимгача қордан тўлган эди. Мен сени ютиб юбораман, февраль.
Бош кийимни ечдим, сочларимдан иссиқ тер оқарди, у шунчалар ёқимли, шунчалар ширин эдики, ҳушимни йўқотдим.
Бир дақиқагами ёки бир соатгами хабарим йўқ: кимдан сўрашни ҳам билмайман.
Мен ҳушимга келдим ва тезда пастга думаладим.
Қоронғи зулматда қишлоқ жуда узоқда кўринаркан, унинг чироқлари февралнинг сиёҳида аранг сузиб юрарди.
Aммо кумуш ва шодлик аллақачон ичимга жойлашганди.
Мен тамоман музлаган аҳволда қайтдим ва фақат бошимнинг орқа қисмида иссиқ эди, гўё қиш ўз қуёшида қиздирган мисни ўша ерга босгандек эди: мени мана шундай уйғотдилар.
Муайян ёшдан, айтайлик, ўн беш ёшдан бошлаб, ҳар қандай даврада мен ўзим учун жимгина қарорга келардим: «Мен бу ерда эркакман». Мабодо қарор қабул қилиш керак бўлса, мен буни ўзим учун қилардим. Кўпинча оддий сабабга кўра, ҳеч ким ҳеч нарса қилишга журъат этолмайди.
Мен ҳаёт учун ҳеч қандай ҳаракат қилмадим, бундан буён унинг ўзи оёқларим остида ўралашиб юрарди.
Дунё иккига бўлинган: кимдир дўст, бошқалари мендан заифроқ. Ҳали ҳам баъзи учинчи томонлар бор, лекин биз бир-биримизга аҳамият бермаймиз.
Мени фақат ёқтирмаганларгина тарк этди, яхши кўрганлар эса камина билан қолди.
Мактабда бошимдаги қуёнча шапкамни ечиб отган болани ўн беш йилдан кейин кўчада тасодифан учратиб қолдим, у мендан яна ҳам баландлашиб кетганди, уч бошга каттароқ бўлиб қолибди — сакрашга мажбур бўлдим. У довдираб қолди, гўё устига гуашь тўкилгандек, кўзи ости бир зумда кўкара бошлади.
— Нима эсингни еганмисан? — сўради у.
Биз энди бундай саволларга ортиқ жавоб бермаймиз.
Тина ўн етти йил ўтгач, хат ёзди: кимлигингни билмас эканман.
Нега? Аёл эдинг, буни билишинг керак эди; фақат эркаклар билмаслик ҳуқуқига эгалар.
Ўн тўққиз йилдан сўнг мен қишлоғимга машинада кириб бордим — мен ҳар йили у ерга қайтардим, гўё қорда бир пой ковушини ёки тангасини йўқотган одамдай?
Мен қишлоққа кириб келдим, тағин ҳамма жой қор билан қопланган эди, бориб ўйлайман: қорни ҳаммасини супуриб ташласа, ялангоёқларимнинг излари бор. Aгар мен бу изларга эргашсам, мен ўзимга аниқ келаман, сўнг ўз ҳаётимга кираман ва яна барини қайта яшайман, яна ўша жойда туриб ўйланаман: агар қор супуриб ташланса, у ерда излар...
Мен қарайман, кўлмак ҳамон ўша жойда турибди, рус тупроғи битмас-туганмас, гарчи қишлоқда отлар ёки трактор бўлмаса-да, лекин барибир, кўлмакда лой қорайиб кўринади.
Яқинроқ бораман: Чебряковлар икки ака-ука чўзилиб ётишибди, бири тиқилиб қолди, иккинчиси уни туртади, улар гўё кекса итларга ўхшайди, овозлари чиқмайди, нурсиз юзларида тупук музлайди. Юзлар ҳали ҳам бир хил.
Қасос вақти келгани аниқ. Мен кўйлагининг бир енгини юлиб олдим.
Қорда қайсинидир яланг қўли кўринди, бармоқлари қорда судралади.
Уларга бошқа ҳеч кимга ёмонлик қилишга рухсат берилмайди.
Мен иссиқ қуёшларни қўлимда ушлаб туришим мумкин эди, лекин имкониятни билган яхши, мен буни ҳамиша туйганман.
Ниҳоят момақалдироқ гумбурлаётган чегарага қадар етиб келдим ва одамларга қарата ўқ уздим, лекин кимдир уларни кафтида териб оларди, мен ўқларни гўё пўчоқдек улоқтирардим. Мен, албатта, ҳеч кимни ўлдирмаганман, буни аниқ биламан, лекин сўрасам, ўлдиришга ҳам беришади. Улар истаган нарсамни беришади.
Дадам кетди, мен унга етолмадим.
Ва агар у қайтиб келса, улар атаганларини ҳозиргидан кўпроқ беришармиди?
Aлбатта, отамга етиб олиш учун, фақат унга етиб олиш учун ҳозирги яхшиликлардан кечган бўлардим, лекин ҳеч ким мен билан савдолашмайди, ҳеч ким ҳеч нарса таклиф қилмайди: ҳеч қандай айирбошлаш йўқ, улар шунчаки олдимга қўйишади, кўзларим олдида ҳар хил ажойиб нарсаларни теришади ва мен буни қабул қиламан.
Танлов йўқ. Албатта, олмаслигингиз ҳам мумкин, лекин у ерда ҳаммага етарди, мен буни кўрдим. Ҳеч кимга ёмонлик тилашмайди, у ерда саховатли хўжайин ўтиради.
Мен катта залга қайтдим, ҳамма менга қараб жилмайди, «Салом, яхшимисиз, биродаримиз-Пушкин, биродаримиз — Хлестаков, салом, биз сени ямламай ютмоқчи эдик, лекин ўрнига сизни юрагимизга босамиз.
Мен ўртоғимни топдим, ошкораликни яхши кўрадиган биродаримни топдим, тугмасидан тутдим, сўнг бурчакка тортдим, у билан юзма-юз бўлдим, кўзига тикилиб сўзладим. У буни билади, эслайди, унутолмайди, кечиролмайди, — дейман ўзимча. «Мен сендан кучлироқман, одам сифатида ҳам, эркак сифатида ҳам, ёзувчи сифатида ҳам, худди чегарани билмайдигандек, хуллас, ҳамма нарса каби. Мени тушундингизми? У бош ирғади, тушунди. Кўзимга кўринма!» — буюрдим мен. У ғойиб бўлди.
Ҳа, катталарнинг ҳар қандай ғалабаси боланинг мағлубияти фонида кулгили ва майда кўринади, лекин қўлдан нима ҳам келарди.
Лекин энди каминанинг ўзи пешонасига ҳар қандай сўзни ёза олади ва бунга ҳаққим бор, бу ҳар қандай тиржайишдан устундир — тишингга эҳтиёт бўл, аҳмоқ, нега куласан, аҳмоқ, ўзингни устидан куласан. Амин.
Кўп рангли шарф аллақачон нафасим билан тўлган, қор ёзда эрийди, февраль, сен ютқаздинг ёки ғалаба қозонгандирсан, менга ҳамма нарсани ўргатдинг, лекин содир бўлган нарсадан битта хулоса чиқаролмайман.
Мен ҳозир остонада турибман, болаларим қишки кийимларимга савол назари билан қарайди, кўзлари ёнади.
Қаерга? Қачон қайтасиз?
Мен нима қилишни ҳал қиламан: кетиш ва орқага қарамаслик? Ёки ҳаммасини қўлга олиш учун қайтиш? Уларга нима ёрдам беришини қаердан билса бўлади?



