Чулишман
Борис Доронинга бағишлайман!
Мен эски телевизорни экранидаги пириллашини йўқотиш учун тузатишга уринганимда ўн олти ёшда эдим.
Телевизор қутисини очиб, тўқ сариқ ва кўк рангда ёнаётган чироқларига бир муддат тикилиб турдимда сўнг улардан бирига қўл узатдим.
Доктор Артамонова мени тубсиз зулматдан, ўша қисқа туташувдан сўнг тушиб қолган оламимдан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Бир неча ойдан бери мени қийнаб келаётган озгина дудуқланиш вақт ўтиши билан бутунлай йўқолди. Олти ой ўтгач, фақат ўнг кафтимдаги чандиқ нима бўлганини эслатарди. Унинг кўриниши мажақланган медузага ўхшарди.
Шунга қарамай, мен тез орада шаҳарни орзу қила бошладим.
Мустаҳкам оқ тошлардан қад ростлаган шаҳар тепаликлар бағрида жойлашганди. Унинг ортида шаҳарнинг сўнгги уйлари, кулбалар ва улардан сўнг қизарган яйловлар, сув тўғонлари ва тартибсиз жойлашган узумзорлар ортидаги тоғ янада тик бўлиб, буталар ва қарағайлар билан қопланган эди. Сал ўтиб, оқиш қиррали тошли ёриқлар, қирлар бошланиб сентябрь ойининг ўрталаридан то март ойининг охиригача турувчи қорлари қуёшда порлаб турувчи чўққилар кўзга ташланди.
Адирнинг қаеридир текис, қаеридир пасту баланд қирлари қирғоқнинг моғор босган қояларига, кемалар ва қайиқларга бошпана берган кўрфазга туташарди. Қаттиқ, майда барглари бўлган дарахтлар шамолда кумуш тусда жилоланарди. Тўлқин қирғоқ деворларига тўхтовсиз урилганча пишқирар ва қирғоққа шилимшиқ сувўтларни келтириб ташларди. Бетартиб, режасиз қурилган уйлар орасидаги хиёбонлар ва боши берк кўчаларни ҳисобга олмаганда, шаҳарда атиги иккита кенг кўча бор эди. Оқ тош билан қопланган кўчанинг бири амфитеатрга олиб чиқар, иккинчиси анча қадимий бўлиб, уйдум-чуқур ва қаровсиз тошли йўлга айланганидан бери қаёққа олиб бориши ҳам номаълум эди. Эрта тонгдан кечгача кема юклари ортилган вагонлар унинг бўйлаб ғизиллаганича қатнарди.
Мен шу кўчалар бўйлаб борардим, ғилдиракларнинг ғижирлашини эшитардим, буйволлар тортиб кетаётган араваларни томоша қилардим, кўзимни қисиб, қўлимни пешонамга қўйганча денгизга термулардим. Шаҳарда ҳақиқий инсонлар ҳаётининг барча фазилатлари борлиги ва тушларга хос бўлган ўзгарувчанликни умуман намоён этмаслиги ғалати эди. У ёки бу уйнинг ёнидан ёки кўча бўйлаб юриб, мен ўзимни яна шу ерда кўрсам (бир неча кундан кейин ёки ҳатто эртанги оқшомда) ўша йўлка тошларини, ўша йўлакларни кўришимга амин бўлардим. Ўша узумзорлар, тош деворлар, ўша уйлар ва таниш инсонлар мен ўтиб кетаётсам, менга бош ирғашар ёки қўлларини силкишарди. Менинг уйим ҳақиқатдан ҳам шу кўчадаги энг ҳашаматлиси эди, у кўчанинг энг охирида, амфитеатрга яқинроқ майдондан бор йўғи етти ҳовли берида жойлашганди.
Мен чет тилида равон гапирардим, она тилим бўлмиш рус тили хотирамдан бутунлай учиб кетганди. Ўзимга келганимда, мен яна реал ҳаётга қайтишнинг қисқа ва бўронли жараёнини бошдан кечирдим: маҳаллий ва тушунарли бўлган нарсалар хиралашган ва шовқин узра сингиб кетганди; мен ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган ҳолда, бузилган тўғондан тошиб чиққан сув каби потрадим, ғазаб тўлқинлари бутун борлиғимни қамраб лди. Бироз ўтган вақт ичида ҳеч бир сўз эсимга тушмас, буларнинг ҳаммасини эндигина таниганимни илғардим — бироқ бир сония ўтар-ўтмас буни ҳам унутиб қўярдим. Ёстиқдан бошимни кўтариб, баъзан ўзимни қаерда турганимни тушуниш учун узоқ вақт қийналардим. Шунчаки қуёш ўрнига денгизнинг ёрқин мовий ранги, иссиқ оқ тошлар, буйволларнинг секин-секин одимлаши, кемага чиқиш йўлагининг ғижирлаши, яланг оёқ кишиларнинг шитирлаган товушлари, сариқ қопларни кўтариб юрган ҳаммолларнинг тиржайган башаралари, қуритиш учун ёйилган чириган сув ўтларининг ўткир уфунати — буларнинг барчаси ёмғир томчиларини дераза ойнасига урилиши, булутли осмоннинг нурсизлиги, хира чироқ узра эритилган маргарин ҳиди, ошхонадаги тованинг шовқини ва дераза остида тезлашаётган троллейбуснинг қаттиқ чинқириғи юракка озурдалик соларди.
Бошқа барча жиҳатларда менинг ҳаётим мутлақо одатий тарзда ривожланди.
Мактабни тугатгач, университетнинг физика факультетига ўқишга кирдим. Биринчи курсдан кейин талабаларни қурилиш жамоасига олишмади, лекин менга омад кулиб боқди: жамоа раҳбарларидан бири аспирант Мишка Козихин эди, мен унинг укаси Витка билан бир гуруҳда ўқиганман. Витканинг сўзи билан айтганда, биз Ярославл яқинидаги суғориш каналларини қуришда бир ярим ой давомида чивинларни боққандик. Аммо энди биз пул ишлаб, ажойиб саёҳатлар қилишимизга ишонишимиз мумкин эди.
Негадир ўртоғим Осиёга боришга иштиёқманд эди, лекин мен уни ўзим борадиган саёҳатга ишонтира олдим. Биз денгиз томон юрдик. Уч ҳафта Қрим қирғоқлари бўйлаб кезиб, кейин Кавказга кўчиб ўтдик. Пулимиз тезда тугаб қолди. Кекса бир татарнинг қўл остида мева териб, вагонлар тушириб, қамишдан буюмлар тўқиган ҳолда бироз пул ишлаб топдик. Мени даҳшатга солгани, бу қирғоқлар чирк босган, ташландиқ ва бузуқ, зиқна, ярим жиноятчиларга тўла бўлиб чиқди, мени хаёлларимда тасаввур қилган нарсани бу ерда кўрмадим.
Ўшандан бери мен ҳар ёзни саёҳатларда ўтказдим. Бошида таътил вақтларида кейин ишдан дам олишга чиққан пайтларимда саёҳатларга борганман. Биринчи хотиним менинг эҳтиросларимни тушуна олмади ва биз икки йилдан кейин ажрашдик. Иккинчисини мен саёҳат пайтида учратдим.Олти йил бахтли яшаб, бирон фарзандли бўла олмадик. Еттинчи йилимда мен келажак ҳақидаги ҳар қандай орзу ва фикрлар жарроҳ бармоқларининг биргина ножуя ҳаракатига ҳам арзимаслигига амин бўлдим. Яна ёлғиз қолганимда, ҳаёт тарзимни ўзгартирадиганчалик ёш эмас эдим. Ёз келди, мен таътилга чиқдим, сумкамга енгил йиғма ётоқ жиҳозини ва чивинга қарши малҳамни солиб, бекат томон юрдим.
Асосийси, сайёҳлик эмас, балки ихтиёрий равишда балиқ овлаб, баъзан тоғли даралардаги каналларда қайиқда сузиб, кейин ўчоқ бизнесига ёки қарағай ёнғоқларини йиғишга вақт сарфлаб сабр ва машаққатли меҳнат билан пул топиш эди. Бир ой ўтгач, мен бошқа одамга айландим ва узоқ вақт давомида кундалик ҳаётим ажойиб ва ғалати ўтганини ҳис қилдим. Мен денгиз бўйидаги шаҳарни орзу қилардим, лекин саёҳатларимнинг ҳеч бирида мен уни эслатадиган нарсаларга дуч келмадим.
Олтойда мен ёғоч ўймакори Пилипчукни учратдим. Ундан ўзига мени шогирд қилиб олишини сўрадим, лекин Пилипчук бу ҳақда айтадиган ҳеч нарса йўқлигини айтди, чунки ҳунарни ўзлаштириш ҳақида ўйлаш учун бир ой жуда қисқа вақт эди. Шунга қарамай, биз дўст бўлдик. Пилипчук мени Телет кўлининг етмиш мил узоқликдаги кўзни қамаштирувчи энг чекка гўшасига олиб борди. Бу ердан оқиб ўтадиган дарё узоқ вақт давомида ирмоқлардан тўпланиб, кўп чақирим йўл босиб, тош дараларга етганда, катталашиб, сўнг уларни кесиб ўтарди-да, ниҳоят очиқ майдонга чиққанда, унинг тўхтовсиз шовқини пасайиб, худди енгил ҳаво сув устида учиб ўтгандек таассурот қолдирарди. Бу ерлар қандайдир ёввойи, шов-шувли, жарангдор манзара касб этганидан мен узоқ вақт буни ҳазм қила олмадим, ундаги сирлиликка ўзга бир қиёсни ҳам топа олмадим.
Пилипчук оҳисталик билан моторли қайиқни оқим томон ҳайдади. Бир соатдан кейин биз бўронли ирмоқнинг бошланишига етиб олдик, қайиқни қояларга судраб чиқдик ва шикастланган жойларини тўғрилаб қасдма— қасдига чаққонлик ва бардош ила юқорига интилдик. Мен олдинга интилдим, чўққининг юқорисидан пастга шашт билан тушаётган шаршара суви қуйида бамисли қайнаб турган ҳовузни эслатарди. Бу ерда мен бир ярим қулоч таймен балиғининг шовқинли оқим бўйлаб икки марта деярли тепага кўтарилганини кўрдим, у ҳаво босимини охир-оқибат кўтара олмасдан, тўп овозидек шовур солганча сув қаърига қулади. Учинчи марта эса у шаршарани четлаб ўтганча кўздан ғойиб бўлди.
Пилипчук етиб келганда, мен ортга қайтмоқчи эмаслигимни айтдим.
Ўша пайтда мен бу қароримга тўлиқ амин эдим.
Менга дарё бошланишидаги тошли оролга яқинлашаётганимга ишонардим. Биз дарҳақиқат оролнинг ёнидан моторли қайиқда ўтдик. Олдинлари орол кимсасиз, одам оёғи тегмаган жой эди. Айтишларича, Смирнов деган бир киши НКВД таъқибидан қочиб шу ерга жойлашиб, ерга ишлов беришни бошлаган, чунки унда унумдорликни ошириш ва бошқа тажрибаларни синаш учун вақт керагидан ортиқ бўлган. У бу ерда олма дарахтларини экиб, парваришлаганди. Мен уй қуриб, қайиқлар ясаб, гўзал бир Олтой қизи билан оила қуришни тасаввур қила бошладим. Қишда дарахт кесиш, ёзда тоққа чиқиш мумкин бўларди. Яқин орадан кўлнинг қирғоқлари кўзга ташланарди, у ерда бир пайтлар ибодатхона бўлган. Вайроналар ўрнида ўсиб ётган ўт-ўланларни сигирлар пайҳон қилмаган, юқоридан қараганда ибодатхона қолдиқлари гўзал бир ўтмиш чизмаларини тасвирлар, унга қараб ўтмиш ва ҳозирги замон қандай, қаерда туташиб кетганини, бугунги кунлар қачон келажакка ўз ўрнини бўшатажагини илғаш мумкин эди. Мен иссиққина тошга ўтириб, кўзимни қисиб узоқларга термулганча бошқа одамларнинг ҳаёти ҳам худди тушга ўхшашлигини ўйладим. Вақт ўтиб бормоқда эди. Бир пайтлар бу кўлга қизил армия аскарлари келиб ибодатхона қўриқчиларини чўктирган, кейин уларнинг бошлиғи Кайгарадов ўч олиб, қизил армия аскарларини кўлга гумдон қилганди, охир-оқибат янги кучлар юборган қизил армия Кайгарадовни ҳам шу кўлга чўктирганди. Кўл тубига уюштирилган экспедиция эса муваффақиятсиз тугади: ғаввос қора музли қисмга тушиши билан белги берувчи арқон учини бетоқат торта бошлади, тезда тортиб олиниб, кўзойнакли оғир ғаввослар бош кийимидан халос этилди. Улар кучли стресс ҳолатда шўнғишни қатъиян рад қилишди. Чўктирилганлар муз қатламнинг тубида ётишгандир эҳтимол, барчалари — ғамгин отлар, ибодатхона поплари, узун пальто кийган казаклар, Будёновнинг қизил армиячилари...
— Ҳа, майли саёҳ, — пичирлади Пилупчик. — Кеттик, қоронғу тушди.
Мен унга болаликдаги орзуларим ва оқтош шаҳар ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Менинг барча саёҳатларим, сарсон-саргардон кезишларим дунёда ўзлигимни, ўз оламимни излашдир, фақатгина шу ерда, Чулишман водийсида мени ўраб олган ўша ажойиб манзара ва нафис овозларни тўйдим. Бу ерда шаҳар йўқ эди, лекин унинг ўрнини босувчи нарсалар бор эди.
Мен марварид каби жилоланиб ётган шаршара узра ўйнаётган олтин қанотли балиқлар масканида қолишни истардим
Аммо қолмадим, поездда саёҳатга бўлган қизиқишларим сўнди.
Ватанимда мени ёмғир ва телефон қўнғироқлари қарши олди. Жумладан, котиба эртага бошқарма йиғилиши ўтказилиши белгиланганини айтди.
Буларнинг барчаси бемаънилик эди. Мени доимо олдинга интилтирган қувонч, эркинлик ва қониқиш ҳисси ўрнида қанақадир номаълум орзулар қамраб олганди.
Ётганча, у ёқдан бу ёққа ағанадим, аммо ухлолмадим. Ниҳоят деразам остидан охирги троллейбус ўтаётганида шамол дарахт баргларини шитирлатаётганини эшитдим.
Кейинроқ қандайдир товушдан сесканиб уйғониб кетдим ва каравотда ўтириб хаёлга чўмдим.
Деразадан тонгнинг майин нурлари мўралади. Ҳовлида токнинг қуриган барглари шитирларди, кабутарлар ғувурларди.
Мен эснаганча, юзларимни ишқалаб ўрнимдан турдим ва ихчам ўзимга қулай уй кийимларимни кийиб олдим. Сув идишнинг тубидагина қолганди. Жаҳл билан идишни тақиллатиб ювиндим. Аммо нонушта тайёр турарди. Мен қайнатилган тухумни арчиб, тузланган бодринг ва зайтун билан маза қилиб едим.
Ҳовлида сокин тонгги ҳаёт давом этарди. Аёл кишининг овозлари элас-элас эшитилди. Тимон ёғоч устида ўтириб, дарахт кесарди. Мен чолни кеча уйга сув олиб келиб қўймагани учун танбеҳ қилмоқчи эдим ва ҳатто отамдан уни бошқаларга сотишни сўрайман, деб қўрқитмоқчи бўлдим.
— Улар таёқ билан уришганда, кўп ҳали пушаймон бўласиз! — дедим. Лекин, озғин ва қадди букилган чолга қараб, фақат ғазаб билан тупурганча дарвоза томон йўналдим.
Ҳовлидан чиқиб, қийшиқ тош кўча бўйлаб, уйларнинг томлари ва дарахт шохлари кўриниб турган оқ тош панжаралар ёнидан ўтдим. Мармардан ясалган арслон оғзидан тушаётган сув чиғаноқсифат чуқурчани тўлдирмоқда эди. Ўнгга бурилганимда чайқалаётган денгиз аксида кўзларим қамашиб, қўлимни пешонамга тутганча қарашга мажбур этди. Уммоннинг силлиқ юзасида узоқларда балиқчилар қайиқларининг қораси кўзга ташланар, улардан анча олисда катта кемаларнинг елканларини ҳилпираши элас-элас кўринарди.
Отам ҳадя қилган узумзорнинг ярмини сотсаммикан, буни мен мингинчи балки ундан кўпроқ ўйладим. Шу пулга кемани қанчадир қисмини ёки бутунлай сотиб олишни хоҳлардим. Бошқа тарафдан қараганда узумзор ҳам ёмон эмасди. Боғимиз туманда узум ғужалаларининг жилвасидан сармаст эди. Ер инсонни бир ерга боғлаб қўярди, кема эса саёҳат қилиш учун айни муддаодир!...
Шарқий ҳаммом эшиги олдида бир неча киши ошиқ ўйнаётганди. Ўйинда дов кичкиналиги учун, ошиқлар беҳафсала ташланарди. Перемен келгач, мен арзимас зараримни тўладим-да, ўрнимдан қўзғолдим. Биз ҳаммом ёнидаги тош ўриндиққа жойлашдик. Қуёш анча баланд кўтарилган, соя жойлар салқинлашиб қолган, денгизда октябрнинг майин шабадаси эсарди. Олис-олис чўққиларда зайтунлар ҳилпираб, қуёш нурида ялтираб турарди.
— Менинг фикрим шу, дедим. — Узумзорнинг ярмини пуллаб юборсам бўлмайдими? Яхши сумма таклиф қилинмоқда...
— Ким?
— Ларосалик бир одам, — жавоб бердим мен гапни айлантирмасдан.
Премен бош чайқади.
— Бунинг учун унчалик яхши вақт эмас, — деди у бўғимларини силкитиб, баъзиларини эса қарсиллатиб қуйди. — Эпес ўзининг иккита кемасини сотмоқда.
Бу менинг учун умуман кутилмаган ҳолат эди.
Бой Эпес туз савдосини кенг миқёсда олиб борарди, аммо майда-чуйда нарсалар билан ҳам савдо қилиш имкониятини қўлдан бой бермасди. Доимий равишда денгизда ҳаракатланадиган еттита йирик кемаси бор эди.
— Шунақа. Ҳаёт ўзгарувчан, — деди Премен ибратомуз ва муштларини қисиб очди. — Ер ҳозир қадрли. Денгиз савдоси эса қароқчилар туфайли жуда хавфли ва ишончсиз. Бор-будудан айрилган ким қанча инсонларни кўз ёшлари оқмаган...
Мен истар истамас бош қимирлатиб қўйдим.
— Буларнинг барчаси ернинг нархи ошаётгани билан боғлиқ, — хўрсинди Премен. — Ер қимматлашган сари ҳаёт қимматлашади. Одамлар охирги умидларини-да сотадилар, кейин-чи, кейин нима қиладилар, қаёққа борадилар? Ана катта кўча...
— Тўппа-тўғри.
Биз жимиб қолдик.
— Ибодатхонага янги ҳайкаллар келтиришдими, — деб сўради у қўлидаги майда оқ тошчаларни ирғитганча.
— Аллақачон олиб келишган.
— Ҳа яхши. Кеча мен хабар олгани боргандим. Айтишларича, кимлардир бундан катта фойда кўрганмиш. Даҳшатли бечоралик...
— Бу шундай амалга оширилади...
Биз сукутга чўмдик. Премен шағални хўрсиниб четга ташлади.
— Бу йил яхши шароб олдим, — деди у бепарво.
— Ҳа? — қизиққаннамо қараш қилдим.
Унинг узумзори энг яхшиси эмас эди.
— Нима, сен! — асабийлашди Премен. — Ажойиб! Юр!
Мен қуёшга термулдим.
— Тўғрисини айтсам, мен хоҳлардимки яна ...
— Хўп, майли. Бир таъмини тотайлик, ундан сўнг кўрамиз-а, нима дейсан?
Мен хўрсиниб қўйдим ва рози бўлдим.
Биз йўлакдан ўтиб, иккинчи йўлга чиқдик, яшашга бермаётгани учун лаънати буйволларни, жин ургур вагонлар ва чангларни роса сўкдик ва яна йўлакка бурилиб, унинг ҳовлисининг дарвозасига келдик.
Мен охиригача ичиб тугатмасданоқ, Премен сабрсизлик билан столга эгилиб, сўради:
— Қандай?
Мен ўйчан кулимсирадим.
— Ич, ич, — ниқтади Премен яна шароб солинган идишни олиб. — Шароб ёмон эмас, тўғрими?
У косаларни яна тўлдирди.
Енгил шабада бошимиз устидаги қип-қизил баргларни шитирлатарди.
Шароб эса анча нордон эди.
— Ҳа, ҳа, — дедим мен. — Ёз анча намчил келганди.
— Тўғри, — рози бўлди Премен, — Аммо барибир бу яхши шароб, шундай эмасми?
Охиригача сипқориб, лабларимни артдим. Мен уни ранжитишни истамасдим.
— Ёмон эмас, — бош ирғадим. — Кўрдингки, куз анча қуруқ келди.
Ҳатто керагидан ортиқ, — хўрсинди Премен. — Биламан, сенда ҳар доим мўл ҳосил.
Мен идишдан оқаётган шаробни кўриб елка қисдим.
— Ҳа, одатда яхши ... Лекин шунга қарамай, мен узумзорнинг ярмини сотмоқчиман.
Премен кулиб юборди.
— Яна сен ўзингникини мақуллайсан. Ҳар кимнинг ўз хоҳиши бор ... Аммо гап шундаки Эпес ҳам бир нимани билмаса кемаларини сотмайди.
Косалар яна қизил рангга чўлғанди.
Премен нон ва пишлоқни олдинга сурди.
— Биласанми? — дедим мен. — Кемада сузиш, оламни кезиш, саёҳат қилиш мумкин. Мен шуларни айтмоқчиман.
— Қаерга саёҳат қилиш керак? — деб ҳайрон қолди у. — Нега?
Мен кулдим. Аҳмоқ, Премен! Аҳмоқ!..
Шароб бир оз таъсир қилди. Болалигимдан ҳақиқий ҳаётга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қандайдир ғалати, ноодатий, ваҳший тушлар мени қийнаган: кўлнинг нилуфарлар билан тўлиб тошган қисми... музли чуқурликлар... уриб турган юракнинг ақлга сиғмас даражада тўсатдан тўхтаб қолиши... бешафқат қуёш остида тўқ мовий тоғларнинг матонат ила гуллаб-яшнаши... қора булутлардан ҳосил бўлаётган чақмоқлар ... номаълум оролдаги сокин уй... олма боғи... ва дарё, даралардан шошилиб оқаётган дарёнинг ваҳшатли шовқини!..
«Тор, бўғиқ жойдан кенг оламга, эркинликка чиқ», — деб шароб пичирларди.
— Чулишман, — дея ғўлдирадим мен, бу сўз қаердадир қулоғимга чалинганди.
— Нима деяпсан? — сўради Премен.
Мен кўзимни қисиб, чаккамни ушлаганча беҳуда хаёлларни миямдан ҳайдаб юбордим.
— Мен айтяпманки, бу... шароб ёмон эмас, — дедим. — Ҳатто, жуда яхши деса ҳам бўлади.
Ва у қийшайиб, ўнг кафтини уқалай бошлади, негадир тўсатдан куйгандай оғриқ пайдо бўлди.




