Аёлларнинг сокин лирикаси



Аёлларнинг сокин лирикаси бор,
фақат ҳозир сокин, кутилмаганда
ташланиш, даъфатан ер билан битта
қилиб ташлаш учун ҳозирча сокин.
Ўткирлаётир у узун тирноғин,
исёнкор лабларин бўямоқда ва
гажагин ўрмоқда жангариларча
чимириб бир чизиқ қошларин.
Кўзёшлар, хўрсиниш, нидо, шикоят —
лаънатланар ёвуз қисмат шу онда;
Бечора ҳижолар — адашган, оқсоқ,
саф тортарлар ҳарбий майдонда.

Унда мангу баҳор — ваъдалар ила
ва кузак қовжироқ япроқлар ила.
Зафарли ноталар, видогўй ғурур,
бир чимдим некбинлик, бир ютум сурур.
Манов риторика, бу истерика,
Гормонлар қий-чуви: вақт етди!
О, бу асабларнинг кулранг сояси
ила ўйнашмоқлик нақадар хавфли.

Қўрқиб яширинди ўша Эрос ҳам,
Ўзининг ўрнига ул чеҳрадошин —
инжиқ, майдакашни: маккор, разилни
юборди қасос ва жазолаш учун.
Бу қувноқ жаҳолат сенда қаердан,
бунга ким айбдор? — дея сўрасанг,
Аёлларнинг сокин лирикаси — бу,
буларнинг ҳаммаси — жаҳаннам.