Жаннатдан қочиш

(қиссадан парча)

Эҳтимол, ҳар биримизнинг ичимиздаги қулфланган ёғоч кабинада, даҳшатли махлуқ айиқ кутиб туради; ундан қутилиш ҳеч биримизга осон иш эмас, темир эшикларни тамбадан халос қилиш, занжирларни шарақлатиб очиб юбориш керак, шунда лаънати махлуқи лаъин иложсиз қолади, унда Худо яратган ожиз руҳни ортиқ эзғилашга имкон қолмайди, бизнинг руҳи равонимиз эса батаҳқиқ эркинликка чиқиб кета олади. Аммо ўшангача биродарим, сиз бу танқис ва шафқатсиз лаҳзаларни не бир гумон ва қўрқув ичра ўтказасиз? Аммо у ҳар бир лаҳзангизни ҳушёрлик билан кузатиб туради, ҳийла-найранг қилишингизга заррача имкон қолдирмайди, унинг ғазаб ва шафқатсизлик урчиган нигоҳи сизни озодликка чиқиб кетгунингизча бўлган ҳар бир дақиқангизда таъқиб қилишдан тўхтамайди.Қалб қўриқчисининг ўша сирли нигоҳини, хўш, биз қандай қилиб сезамиз, унинг руҳимизда йиғилган ғалаёнларини қандай қилиб бостирамиз? Ҳаётнинг тиниқ ва сокин сувларини арзимас нимарсаларга сарф қилиб юбормаслик ва бахтсиз етимларни кўрганда йиғлаб юбормаслик учун биз ўзимизда қаердан куч топамиз? Нега биз шалдироқ ва ботқоқ йўллар бўйлаб йўл солиб кетаётган бўлсак-да, мудом йўлни юқорига қараб соламиз, минг ҳийла-найранг билан фақат шу томон интиламиз, ҳолбуки олдимизда захлаб моғорлаган деразалар ортида бизни даҳшатли ҳалокат комига тортиб кетадиган кўл бор, у бизнинг ўлик руҳимизни бадтар сиқади, булутлар остидаги сариқ қуёшнинг сочаётган ғариб нурлари ҳам бу йўлда кўнглимизга асло таскин беролмайди.
Не бахтсизликки, ичингиздаги доимо ҳаракатланувчи абадий уйқусиз айиқ, бошини қуйига эгганча, кўзларидаги иссиқ чўғлар билан кўксингиздаги музли тоғларни тирнайверади. Бас, шундай чоғда биродарим, сиз қандай қоқилмаслигингиз мумкин, қайғу ва мунг ичра қандай йиғламайсиз:
— Ё, Раббим, ёрдам қил, раҳм қил!.. Ахир мен бугун бир одамни ўлдирдим.
Ростини айтсам, мен буни узоқ вақтдан бери хоҳлардим, аммо бундан нажот топишни излардим, таассуфки, уни топа олмадим, мени шунча вақт нима ушлаб турди десангиз шу йўлни топа оламан деган истак эди бу: бироқ менинг мослашувчан онгим қанчалик чайқалмасин, қанча махфий йўлларни ўйлаб топмайин, ичимдаги бу қаттол ўйни қанчалик яширишга интилмайин, охир-оқибат ҳаммаси аянч билан тугади. Ҳийлагар жамеки тугунлар ечилди, айёр илмоқлар кесилди, таассуфки менинг кулбамга револьвер кўтарган давлат арбоби пайдо бўлди, у менинг қўлларимга пўлат кишанларни уриб, қамоқхона томонга судраб кетди; Бошим гангиб қолди, совуқдан тўниб, ҳеч нарсани фарқлай олмай қолдим.
Маълум бўлишича, шундай бепоён она юрт, ўтиб бўлмайдиган ўрмонлар ва тайга даралари, тоғ унгурлари, овчилар учун панагоҳ бўлган овлоқ далалар мени бағрига олишдан бош тортди; билланиҳоя қонун ҳақиқати мамлакатни ўзининг ҳушёр назорати билан ўраб олди, у одамларни иродадан, ҳатто ҳокимиятдан яшириниш орзуларидан мосуво қилди. Мен беихтиёр тахмин қилдимки, бу дунёнинг қабиҳликлари ва қудрат соҳиблари, ҳокимиятни ғайриинсоний равишда ўғирлаганларидан буён жазонинг муқаррарлигини қатъий тайин қилишганки, сиз, шубҳасиз, ўзлигингизни йўқотасиз, натижада бўйсунишдан завқланганларга нисбатан яширинча ҳар доим исён қилишга чоғланасиз.
Батаҳқиқ ҳар бир исён Худо томонидан муқаддаслаштирилган ўзига хос қасосдир. Мен бу нарсани ҳеч тушунмайман, агар инсон бошқани ўлдиришни, ундан Яратган берган ҳаётни тортиб олишни ўйласа, у ҳеч қандай суддан қўрқмайди: на ердаги, на кўкдаги, демак, у нажот ҳақида ўйламайди. Бу ҳолат бир инсон билан кутилмаганда юз бериши мумкин, айтайлик ҳеч кутилмаганда унинг ҳаётида бахтсизлик рўй беради, шунда бирдан ҳамма нарсага нисбатан бепарволик бошланади, илгари унга маълум бўлган юрак илиқлиги уни бутунлайга тарк этади, гўё барча ачинарли туйғуларини шамол учириб кетгандек мияси ғовлаб, маст одам каби у ҳамма нарсани унутади.
...Мен билан ҳам шундай бўлди.
Ўшанда Петровсчинада хотира куни бўлиб ўтганди. Менинг кулбамнинг орқа томонида қабристон дарвозаси кўриниб тургани боис, мотам тутиш учун келганларни мен шу ердан кўриб турардим; ўзлари билан аллақандай катта қутиларни кўтариб келган, қабристон дарвозаси олдида узоқ вақт туриб қолган кампирларнинг кўз ёшлари тинмади. Улар мавжуд бўлган ҳамма ирим-сиримларни бажариб бўлмаганча, бу ердан жилла қўзғалишмади, мен уларни деразадан ўт-ўланлар қопланган қабристон ичкарисида ивирсиб юришганини кўриб турардим.
Очиғи қабристон мен учун бегона бир маскан эди, ота-боболарим ўзи учун бошқа ерларни кашф қилиб, ҳоклари ҳам ўша ерларда қолиб кетган, мен бу ерларда ёлғиз ўзим улар билан мени боғлаб турадиган умумий оқимга қўшила олмай, мени ҳеч бир туйғу билан ўзига чорлай олмайдиган гўшада ўзимни ҳақиру нотавон сезардим. Шундай бўлса-да, мен бу хотирлаш кунида улар билан пасхадан кейинги биринчи якшанбада марҳумларни эслаш ҳамда хотирлашга келганлар билан бирга овқатланиш учун чўнтагимда бир-иккита қайнатилган тухум солганча, боғ йўли билан юрдим-да, қарағай дарахтлари ўсган йўналишда порлаб ётган Проня дарёси соҳили тарафга чиқдим.
Бу қадим дарахтлар остида уймалашиб юрган кампирлар, айниқса тиззаларигача, ҳатто кўксигача ерга илдиз отгандай, тасаддуқки аянчли кўринарди; бу бевалар қабрлар атрофида эмаклаб юриб узрхоҳлик билан илтижо қилишар, ўзлари билан бирга уй ва ҳовлиларидан асал, сийрак бўғдой ўти, қуён карам ва қаттиқ сичқонча нўхотларини маросим учун олиб келишган, уларни титраётган бармоқлари билан қабрлар устига ароқ билан ёнма-ён қўйишарди. Ёмғир ва ўрмон таъсирида чириб битган захлик ичра улар ўрмон қушлари ва қабристонга келадиган ҳайвонларни даволаш учун ғойибона чорлардилар.
Королишка лақабли Груня кампир юзини қабрга қаратиб, бўғиқ қичқираётган қуш каби хириллаб дуо ўқирди:
— Оҳ, Ванюшка, азизим, келмай қўйганимга кўп қайғурмадингми? Нега сендан олдин мени куним калта бўлмади-я? Зерикмадингми? Ахир бу ерда сен билан гаплашадиган ҳеч ким йўқ.
Мен қанчалик эҳтиёткорлик билан ва хочлар орасидан секин қадам ташлаганимга қарамай, Груня қандайдир ўзгача инстинкт билан мени келаётганимни сезиб қолди ва худди номаҳрам одамдан уялгандек, елка қисганча, тиззасидаги чангларни қоқиб, шошилиб ўзини силкитганча ўрнидан турди. Грунянинг кўзлари, айниқса унинг шишган, рангпар юзи қаҳрабо янглиғ порларди. У йиғламай қўйган, йиғлолмасди, қайғудан йиғламай қўйганди.
— Ўғлингизни соғиндингизми? — деб сўрадим мен кимнингдир дўмпайган қабрини айланиб ўтарканман, хаёлимга келган биринчи фикрни тилимга чиқариб.
— Бўлмасам-чи, албатта... Ваняга гапириб ётибман, лекин у жим. Мана ароқ ҳам қўйдим. Мен айтаяпман, ича қол. Бироқ у жим турибди. Ким билсин, балки ўйлаётгандир, менга бу қари кампирни нима кераги бор деб... Мен гапириб чарчадим. У эса жим.
Груня оғир хўрсинди, лекин ўзини назоратдан озод қилгандек, қайнатилган тухумлардан бирини майдалаб, қабр устига эка бошлади.
— Қабрдан ниманидир эшитиб бўларканми? — ахмоқона жилмайиб сўрадим мен. — Ёки у ерда телефон алоқаси ўрнатилганми? Бу ёқдаги тирикларни нариги дунёга қабул қилиш учун гаплашиб туришга шундай қулайликлар қилингандир балки?..
— Пастга яхшилаб қулоқ солиш керак Пашенка. Сиз эса дангасасиз, тиз чўкиб тинглашни билмайсиз. Бирор биродарингиз ётгандир ахир сизни ҳам. Балки у сизга жавоб қайтарар.
Унинг шу гапидан сўнг, беш йиллар олдин менга таниш бўлган, аммо эндиликда вафот этган Горбач лақабли Иван Горбачев исмли танишим ёдимга тушди. Мен унинг қабрини ҳам билардим, шу яқин ўртадан бирдан излаб топдим ва унинг қабрига қулоқ тутдим. Алҳол, кимдир мени чақиргандек бўлди. Мен чўчиб атрофга қарадим, кўзимга кулранг хочдан бошқа нарса кўринмади. Бу ҳол менга ҳайратланарли даражада таъсир қилди. Шошиб яқин оралиқдаги Груня кампирга қарадим. Аммо у ерда унинг ўғли Фёдор қўлида очиқ яшил шишани тутганча, мени имлаб чақирди. Идиши ўн икки рублдан баҳоланадиган бундай арзон гаров ароқ ер ости алкагол ташувчилари томонидан қашшоқ бир қишлоқда қадоқлангани сезилиб турарди.
— Унда бу хоч нимага? Бу ерда ким ётибди унда?
— Нималар деяпсан? Қандай хоч? Қаерда? — Менинг алаҳсирашимга Груня кампир ҳайрон қаради. — Паша, сиз уларни эшитдингизми ё кўрдингизми? Мен сизга ёрдам беришим мумкин. Осмон ва ер орасидан туриб аждодларингиз билан боғлана оласиз.
Кампирга ҳайрон боқдим. Нариги дунё билан алоқани боғлашда у менга қандайдир иррационал таъсир кўргузганига шубҳам қолмади. Фақат у ҳаммасини чалкаштириб, нариги дунёга кетган Иван Горбачевгача эмас, наҳотки ўзгалар билан боғлаган бўлса?! Мен кампирни менга узатилган қўлини итариб юбордим. Бу шилимшиқ, бўйни шишиб кетган, ўлимтик кампирнинг менга бу тахлит таъсир ўтказишига ортиқ йўл қўя олмасдим.
— Ўз яқинларингиз билан боғланаверинг, — маслаҳат бердим унга.
Атроф ёмғирдан кейин чайилгандек шаффоф бир манзара касб этган, қарағай шохида ўтирган аллақандай қарға тумшуғи билан патларини тараб тозаларди.
— Мана ичинг, — деди аллаким.
Мен кўз ўнгимда яна моғор босган, баданига қум доналари зич ёпишган Фёдорнинг худди онаси каби қасоскор юзини яна кўриб турардим. Ўзимни худди қарз олиб ўз вақтида тўламаган киши каби тутдим. Мен унинг сариқ тишларини, кулранг-қора мўйловини, доғ қоплаган баданидаги ориқ қовурғаларини қанчалик жирканчлилигини пайқадим. Бундай жирканчлик одатда суяк еяётган итни олдидан ўтаётганингизда унинг буни сиздан қизғаниб ғашинаётганида намоён бўлади.
— Биласизми, мен ичмайман, — дедим унга. — Шифокорлар менга шундай қилишни тавсия қилишган.
— Сув ичадиган қудуққа тупурилмайди Паша. Мен билан жанжаллашмаганингиз яхши, — деди у.
— Бунга ҳожат йўқ, — дедим мен уни айланиб ўтиб юзига яхшилаб назар солмоқчи бўлдим, лекин у яна қайрилиб ғайриихтиёрий равишда бунга тўсқинлик қилди. Унинг қўлидаги қиррали шиша биллур тош бўлаги каби таассурот берар, шиша ичидаги ичимлик эса ғалати чайқалиб турарди. Ичимлик ялтироқ сувли кўк рангдалигини мен кўриб турардим.
— Ҳар хил бидъатни йиғиштиринг, ичасиз, — деди у қўрқинчли оҳангда. Мен тузоққа тушганлигимни сездим. Мен атрофдан олазарак нажот кутдим, аммо ўлимтикни менга бўртиб чиққан кўзлари ҳамон қараб турган назаридан бўлак бошқа нарсани кўрмадим. Агар мен унинг хоҳишини рад этсам, у мени теримни шилиб олишга ёки шунчаки бўғиб қўйишга тайёрлигини илғадим.
— Бугун фақат Масиҳ ичмайди, чунки унинг қўллари михланган, — деди у масхаромуз. Унинг нафасидан чириган мато ва тутун ҳиди келарди. — Қолаверса ичиш текин, рад қилишга бирон асос йўқ. Фақат ахмоқлар текинни ичмайди, сиз эса кўриниб турганингиздек жуда ақллисиз. Тушунтироляпманми? Мен сизга бошқа ичимлик бериб дўзахга равона бўлинг дейишим ҳам мумкин эди. Лекин бундай қилмадим. Ё, шундай қилишимни хоҳлаймизми? Дўзахга боринг, ифлос паразит дейишдан мени нима тўхтата олади?
Мен нима ҳам қила олардим биродарлар. Миямдаги эзгу ҳислар ўрнини қаро бир қисмат қоплаганди. Аммо ўзимда куч топдим, зўравонлик қилмасдан бу зулусни бағримга босганча қучоқлаб, кўтариб ерга урдим, унинг тишлари шақирлаб деҳқон овозида дод солиб қичқирди. Мен орқага қадам ташлаб, бепарво қўниб турган чивинни ҳайдадим ва шу лаҳзада оёғим остидаги қабрга қоқилиб кетдим.
Зулус чайқалди, менга қаршилик кўрсатишга ортиқ ҳоли йўқлигини билгач, чалқанча ҳолда учиб кўздан ғойиб бўлди. Мен атрофга боқарканман, қарағай дарахтлари ва черков ҳовлисининг тепасида ўрнатилган хочдан бошқа нарсага кўзим тушмади. Қабристонга олиб борадиган йўл асрлар давомида унутилиб, чирк босган, мунғайган ва фақат тобут ўтгандагина юриб ўтиладиган бир маскан каби кўнгилни озурда қиларди.
Ажабланарлиси шундаки, инсон ҳаётининг ҳал қилувчи энг охирги тириклик дақиқаларида одам нимани ўйлар экан. Ким билсин, балки у бугунги кунда содир бўлаётган ҳамма нарсани олдиндан тахмин қилиб, эҳтимол юракни дукурлатиб уришга мажбур қиладиган, ички қўрқув ва яширин қизиқувчанлик билан олам уфқига назар солар; ахир ҳар бир кичик нарса инсон руҳиятига сезилувчан таъсир кўргузади, унинг билимлари келажагининг башорати бўлади, алалхусус, келажакнинг ўзи ҳам кўз илғамас чегараларни енгиб вақтни зичлаштиради, гоҳ ундан кесиб ўтади, гоҳ эса орқага силжийди.
Фикрлар билан чалғияпман. Зулусга қайтсак, у орқага чайқалиб қабристон лойшанг этагидаги ёриққа сингиб кетаркан, мен унинг сарғиш териси, ювилмаган кал бошининг бутун уфунатини кўз ўнгимдан қандай пайдо бўлгани-ю бундан қандай қутилишга муяссар бўлганимни ўзимча фаҳм этардим. Мен бу арвоҳнинг танасини бутун оғирлигини, қушнинг тумшуғидай ўткир нигоҳини ёдимдан ўчиролмасдим. Ҳолбуки Фёдорнинг нигоҳи хира, ичидан ёруғлик ўчирилган, кўзлари ойна каби шаффоф, лаблари оғриқдан титраган, оғзининг чап тарафидан қизил қон оқиб туриши унинг бутун важоҳати ва фожеасини кўрсатиб турарди. Қандай телбалик, биродарлар! Шу одам бир пайтлар бор эди, энди эса йўқ. Мен унинг раъйига қарашим керакмиди? Қилган ишим тўғрими? Мен уни ҳаракатларим билан йўқ қилдимми?!
Зулусни қоқилиб кетди деб тасаввур қилайлик, шунинг учун оёғи ишдан чиқди дейлик, демак, ҳаммаси жойида, ҳеч қандай зўравонлик содир бўлмади, менга ҳам ҳеч пўписа қилмади, буни ҳаммаси тақдирнинг иши. Лекин ичимда бошқа бир ғалаён ҳам бор. У менга нега ўзингни оқлайсан, нега дейишдан қўймайди. Ахир мен яширин истакларимни амалга ошириб одамни ўлдирдим. Мен бахтсиз одамга ёрдам беришим керак эди. Мен-чи, қилган ишимдан сўнг, ёрдам сўраб қишлоққа шошилдим. Даҳшатли тушдан сўнг қўрқиб кетган кимса сингари ҳаяжонга тушиб, пахсадан кейинги хотирлаш куни бўлаётган одамлар йиғилган жойлардан югуриб ўтиб, ўзимни яширишга интилдим. Мен қамишзорлар орасидан ўтиб, эски қўнғир шийпонга ўзимни урдим, ҳансираб, ўзимни босишга уриндим, шошқалоқ юрагимни тинчитиб охири шу ерда йиқилдим, ётавердим, сукунатга қулоқ солдим. Шийпон атрофидаги ўрмонда умумбашарий сукунат ҳукм сурар, ибодатхонадаги ваъзлар, юракларнинг оғриқли титраши, юк машиналарининг шовқинлари арча ўрмонлари ичигача етиб келмасдан изсиз ғойиб бўларди.
— Бундай жойлар шундай пайтлар керак, — деган безовта ўй ўтарди хаёлимдан. — Бу ердан Москвага кетсам бўлади.
Бирдан юқоридан кимнингдир хотиржам, самимий овози эшитилади:
— Қаерга кетаяпсан? Қаёққача кетмоқчисан. Улар ҳамма жойдан сени топиб оладилар.
Шохлар шитирлади, кимдир ўрмон бўйлаб йўл олди, пакана малина буталарни шохларга чирмашиб юзларни тилиб ўтарди. Мен даҳшатдан асабийлашдим... Ва шу лаҳзада уйғониб кетдим. Худога шукр! Бу ҳаммаси хаёл, бир туш эди. Юрагим қаттиқ урарди, худди руҳим танамдан чиқиб кетишга ошиқаётганга ўхшарди.
Онам кулба хоналарини айланиб юрар ва ғўлдирарди:
— Қаерларга кетдинг, сени тополмаяпман.
У диван ёнида турганча, бўғриқиб нафас оларди, унинг икки кўзи мисоли ёниб турган чўғга ўхшарди, бу қорачиқларда аввалдан мажуд бўлган меҳр нури ҳамон сақланиб қолганди. Худога шукур, мен ички қониқиш ила ўйлардим, ярим кунлик уйқуда шунча гапми?! Уйқудан кейин шишган қовоқлар билан мен айвонга чиқдим. Ташқарида июль жазирамаси ҳукм сурарди, хотира кунида қабристонга келган охирги одамлар судралгудай бўлиб чиқиб кетарди.
Менинг онгимни яна туман қоплади. Кўзимга яна ғалати нарсалар кўрина бошлади. Атрофдагилар менга қандайдир ғалати жониворга қарагандек қарашар ва ташқи кўринишимдан қўрқиб кетгандек, дарҳол мендан юз ўгиришарди. Кўз ўнгимда Зулус Фёдор ер тепган куйи тирик қиёфада кўринди. У моллари адашиб кетмаслиги учун дарвозасини тамбалаётганди. Унинг юзи ўликдек оқариб кетган, кўзлари остидаги қовоқлар осилиб қолганди, узун бурни гўё ўтмас пичоқ билан кесилган қирғий тумшуғидай осилиб турарди...
Қандай хурсанд эдим мен, азизларим, ё Худойим бу чексиз қувонч эди. Ахир уни ўлдириб қўймаган эканман. Мен улар томонга яқинлашдим.
У ердаги кулбадан хириллаган овоз қулоққа чалинарди. Шу пайт дераза очилиб, нўхот расмли парда ҳилпиради. Ичкаридан овқат ҳиди келарди. Менимча онам энди тайёрлаган пирогларини ёғлаб, столларни устини йиғиштириб олаётганди. Мен ҳатто қорним оч қолганини, тилим танглайимга ёпишиб ичим таталаб кетаётганини ҳис қилдим. Шу пайт Зулуснинг ингичкалашиб бораётгани эътиборимни тортди. Мен беихтиёр унга қарадим, гўё Фёдор эндигина ўзи қабрини қазиб тешикдан эмаклаб чиқаётгандек эди. Мен уйқудан уйғонолмасдим, терга ботгандим, хаёлимда ҳақиқат ва васваса аралашиб кетганди. Мен қувончимни яширолмай Зулусга қарадим:
— Фёдор, Масиҳнинг байрами билан! Хўш, сенга нима бўлди? Тобутдан тушиб қолгандек, юзинг йўқ. Мен сени тушимда кўрдим...
— Менга қара эй ахмоқ, — деди у қўполлик билан. — Сен мени қизим билан зино қилгансан.
— Жиннилик қилманг?
— Оёқларинг қалтираяпти.
— Мени бошқа безовта қилмасангиз.
Зулус бўшашиб, қўлларини муштини қисди. Мени «оёқларинг қалтираяпти» деганидан хафа бўлдим ва ичимдаги қувонч дарҳол сўнди. Нега бошқа одамларнинг қайғусидан хурсанд бўлиш керак? Бугун Зулус учун зиёфат, аммо эртага у яна тобутга киради.
Зулус мен томон яқинлашди, у инсон нафас олиши мумкин бўлган ҳамма жойни эгаллаб олгандек эди; у мисоли одам-тоғга ўхшарди, унинг қошлари, куч-қудрати, қалин тук қоплаган тик ёноқ суяклари, кўзлари осмон остидан менга қадалганди, унинг тер қоплаган шилимшиқ терисидан менга ҳаво етмасди; чирик ҳид, нам тупроқ ва ботқоқ уфунати анқирди ундан. Унинг атрофида Артемон Баринов ҳам кўзга ташланди. У овчи бўлиб, доимо қўлида қуроли бўларди. Зулус мени устимга ўлигини ташлагандек бўлди, мен беихтиёр кафтларим билан ундан ўзимни ҳимоя қилишга тиришдим. У қандайдир одобсиз, ноқулай махлуқ каби тутаётганди ўзини, аммо у мени ўлдириш учун келмаган; у мени бир ғазаблантирди ҳам, шаҳарлик Фёдор Горбачевнинг ёлғиз қизи учун ҳеч кимни бошини олишга чоғланмаганини яна қандай тушуниш мумкин.
Зулус қорнини устимга ташлади, мен виждон азобисиз ночорлик чангига айланганимни ҳис қилдим; кафтларим заифлашди, беихтиёр сўнгги чора ўлароқ:
— Мен ортиқ дош беролмайман, бу жуда азобли, — дея чинқирдим.
Шу маҳал Зулус мени кўкка улоқтириб юборди. Мен узоқ вақт давомида ваҳшатли оқ булутлар ичида учиб юрдим; у ерда пичан ғарамлари, ғалати ажойиб пушти қанотли сариқ қушлар орасида ғаройиб лаҳзаларни ўтказдим.
Аммо буларнинг барчаси беҳуда эди, Раббим мени абадийга тарк этганди, шу боис мен тош каби ерга келиб урилдим, эски бетон хочга қадалиб қолдим, ҳамон ўша шийпон олдида ётардим, атрофимда ҳамон собиқ эгасидан қолган қандайдир гулли ўтлар ва қичитқонлар зиж ўсиб ётарди. Менинг руҳим парчинланиб кетган вужудимни бутунлай тарк этаётганмиди ёки йўқми бир нарса дея олмайман, йиқилиб тушганим ҳам аниқ эмас, балки хоч атрофида сузиб айлана бўйлаб пастга тушгандирман. Гўё учар гиламда эдим: тубсизлик худди кузнинг тунги осмони каби шаффоф эди, юлдузлар нурининг ҳар бир заррасини кўз билан илғаш мумкин эди, мен Зулусни аллақачон унутиб, ҳайратдан донг қотгандим.
— Худо нима? Қандай тубсизлик у!
Юрагимни ағдар-тўнтар қилиб юборган бу нотаниш оғриқдан Ер юзида мавжуд бўлмаган изтироб билан мен нола қилардим...
— Ўғлим уйғон. Худди бировни пичоқлаб қўйгандек, нималар деб бақираяпсан?!
Онам хавотир билан елкамдан силкиди. Мен ҳамон беҳуш ҳолда, жуда қийинчилик билан шишган кўзларимни очдим ва ҳамма бўлиб ўтган воқеалар хаёлот эканлигини англадим. Кўз ўнгимда кўзлар ёшовраган қадрли онам қараб турарди, унинг ажин қоплаган юзлари, июлнинг қуруқ жазирамасида қорайган териси, думалоқ мунгли кўзлари менга меҳр билан боқарди. Онам худди полапонларини қаноти билан силаётган қуш каби мени юзимни силар ва ҳамдардлик билан менга таъна қиларди:
— Хўш, ўғлим, яхшимисан, мана ўз вақтида ухламасликнинг оқибати. Пашенка, бу иродани синдиради. Сен шу нарсани бошингдан ўтказдинг. Охир-оқибат диванда шундай узоқ ухлашга мажбур бўласан, ҳеч кимни ва ҳеч нарсани эшитмайсан. Бундай ҳолда кимсан, неччи ёшдасан ҳеч бири хаёлингга келмайди... Лекин сенга айтсам ўғлим, мен ҳам етмиш уч ёшимгача ёшимни билмасдим. Бутун умр шундай ўйлаганман — югуриб ишлаш керак, тўсиқлардан сакраб ўтиш лозим. Доим ҳаракатда эдим. Резавор териш учун ўрмонга сават кўтариб борардим. Ўрмонни айланмасдим, фақат ўз ишимни билардим. Оёғим остидан йиллар ўрмонда новдалар орасидан учиб ўтадиган чуғурчуқ каби ўтиб кетибди бир қарасам...
Мен диванда ўтирдим, оёғим полни совуқлигини ҳис қилди, юрагим дукурлаб ура бошлади; менга нима бўлаётганди, ҳеч нарсани тушуна олмаётгандим: ё мен кимнидир ўлдирдим, ё улар мени тугаб битиришади. Бу тушмиди, хаёлмиди, аммо муқаррар бир нарсанинг олдиндан кўриниши сифатида менга беҳузурлик уйғотарди. Онам шошилмай кулба бўйлаб айланиб юрар, тасодифан эшик ромини ушлар, сўнгра стол четидан тутарди, орада пишираётган пирогини чимчиб ҳам қўярди. Ким билсин, шундай ҳаётга ўрганиб қолгандир. Ахир менинг онам Мария Степановна новвойхонада нон пиширадиган техника машинаси ёнида қирқ йил умрини ўтказди, унинг қўлларидан тонналаб хамир ўтган, у қишлоқни тинимсиз нон билан тўйдирган. У ерда, полда ва стол устида тўкилиб қолган ун қорларига пуфлаб қўярди. Мен нон ҳиди билан ўралганимни туйдим. Онам пишаётган пирогига эгилиб қараркан, минғирлади:
— Бугун байрам. Шу боис сен учун пирог пишираяпман. Байрам кунлари пишириқ ейиш керак. Биз Нюхчеда шундай қилардик. Сен буни унутмагандирсан Паша? Бу ерда Жабкида эса одамлар гўё ҳаётдан роҳат олиб яшамайди. Ҳамма нарса сотиб олинади. Ҳатто нонларни сотиб олишади, улар фақат тишлашади холос. Мени қандай жойларга етаклаб келдинг-а, Паша... Нега тутуриқсиз ва ҳеч кимга керак эмас чамадондай ортингдан судраб юрасан? Мен кераксиз кампирманми? Сен ҳам менинг ёшимга кирсанг, қариганда одам бир жойга ўтириши керакигини тушунасан. Чунки кексалар ўзи билан ўзи бўлиб қолади, уларни ҳаётига ҳеч ким аралашмаслиги керак.
Қулоғим остида онамнинг одатий гаплари шу тариқа эшитилиб турарди. Инсон ёшлигида дунё бўйлаб қаерга одим отса ҳам қариганида ўз юртида жон таслим қилиши керак, мен бунга қўшиламан. Онам эса ҳамон гапирарди:
— Мени, Паша, уйга олиб бориб қўй. Кулбамиз ҳали ҳам жуда яхши сақланган, лекин у ерни шунча вақт қаровсиз қолдирдик. Ахир у ерга қанча пулим кетган, қанча меҳнатим сингиган. Икки йил ичида қаровсизликдан уйим қандай аҳволга тушган экан. Биз эса ўғлим, бу ерда, бировнинг уйида, худди шкафдаги сичқондек яшаймиз. Мен ҳатто қўзғалишга қўрқаман. Ниманидир нотўғри қилиб қўймадимми деб ўйлайман...
Мен ўз уйимга, киндик қоним томган ватанимга кетишни хоҳлайман. У ерда, ҳамма мени танийди. Одамлар кўришганда, мен билан таъзим қилиб саломлашади:
— Салом, Мария Степановна. Ҳорманг, яхшимисиз?
Сенинг немисларинг-чи, шундай қиладими?! Йўқ, улар кипригини ҳам кўтармайди, ҳатто кўзингга қарамайди, лабидан бир яхши калима айтиш учун биргина сўз ҳам чиқмайди.
Мен онамнинг бу гапларига нима ҳам дердим. Ҳамма ер худонинг мамлакати бўлса, аммо ҳамма жойда тинч яшаб ва ухлаб бўлмайди. Қаердадир, кимдир сизга зулм қилади, ярим тунда эшигингизни тақиллатади. Сизнинг станцияга югуриб, чипта олиб ўз юртингдан кетишга мажбур қилади. Агар сиз бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз ҳайратда қоласизлар, биродарлар, ахир ҳамма нарса чириб-битган ва майдаланиб тамом бўлса, қаерга бориш керак. Буюк мамлакатингиз фақат кран мойига суяниб яшаётган бўлса, шунга қараб ўтираверасизми?! Худога бир яхшилигингиз бор экан, сизларга шуни берибди. Аммо бир кун бу ҳам тақа-тақ тўхтаса, кейин қаерга чопасиз, очликдан ўлмайсизми?!
— Эҳ, онажоним-а, — дейман мен, — сизнинг Нюхче ҳақидаги эртакларингиз менга маълум. Бугун сизнинг ҳар бир айтаётган гапларингиз қанчалар қалбимга яқинлигини билсангиз эди. Лекин мен беш йил деганда зўрға саёҳатга чиқиш имконига эришдим. Сиз эса қишлоққа кетаман дейсиз. Ахир қишлоқ йўли қорга ботган, ахир у ерда ҳатто бир ҳафтадан бери нон келтирилмайди, чунки, йўл йўқ. Дераза бўйи қор, гўё ҳамма ўлиб кетгандек, остангиздан зўрға чиқа оласиз. Эҳ, онам-а, бева аёлнинг ҳаёти квас қўшилган трупга ўхшайди, қорни тўлиб-тошган бўлса-да, гўё ҳеч нарса ичмагандек ғулғула қилади. Мен сизнинг ҳолатингизни тушунаман.
У йиғлаб юборди, қўлқопларини ечиб ташлади, кафтлари қайноқ сувда куйганга ўхшарди, териси пўст ташлаётганди. Онам ёлвориб, йиғларди:
— Сени менга Худо қайтарди ўғлим, мени дуоларимни эшитди. Паша мен энди бу ерда яшай олмайман. Чарчадим. Бундан ортиғини қила олмайман...
У менинг ёнимда уч йилдан ошиқ юрганди. Онам туғилиб ўсган қишлоғини соғинганди. Уни у ерга қайтаришим керакми? Кичкина уйимиз, йиллар давомида ҳилвираб қолган бўлса эҳтимол. У ерда дераза токчаларида сичқонлар юради, ҳашоратлар тахталарни кемиради, шифтларни чанг гарди қоплайди, агар елкангиз билан тутиб турмасангиз бир куни у кулба қулаб тушади. Кейин уни ўтин қилиб ёқиш керак бўлади, аммо унга исинадиган ҳеч ким бўлмайди...