Гёте
Мен ёниб қичқирдим: «О-о, қанчалар
истайман яшашни узоқ, навқирон!
тинмай емирмоқда жисмимни қалбим!
қайноқ симоб тўла муз кўза каби
эриб кетмасайди шу жисмим!
етмишга кирганда, дейлик, икки бор
бардамроқ бўлмоқни ва серҳаракат
махфий маслаҳатчи ва қайноқ ошиқ
бўлмоқни қанчалар истар эдим мен, — худди Гёте каби!»
Сен илжайдинг: «Дўстгинам, афсус,
сен шоирсан ахир. Истадинг нени —
шеърият ёндирар, ёндирар сени.
Кимки шеър ёзмаса, яшайди собит
ва фаол, умрида донни кўрмаган
тегирмон тошидай.
Ким бўпти Гёте!
Агар шуғулланса у ёзиш билан —
амримаҳол эди узоқ яшаши.
Унга қутқарувчи бўлди умрида
бир сатр ҳам ёзмагани, тўғри эмасми?» —
дея ердан уздинг нигоҳларингни.
Даҳшатдан муз қотдим.
Хонам айланди
хурофотчи кимса боши сингари.
Ҳаво шамдек қотди. Шам ўз-ўзидан
ёнди бидъатчининг бармоқларидек.
Ноаниқ тебранди май тўла қадаҳ
ва столдан учди. У тушар экан,
сен боқардинг менга (илжайиб — тунда
ойнага ташқари томондан теккан
оппоқ доғ мисоли), демадинг бошқа
ҳеч нима.





