Русчадан ўгирмалар.
1. Михаил Лермонтов
Денгизда биринчи марта бўлган таъсирчан болакай
ўз ҳис-туйғуларини севимли бувижониси билан баҳам кўрди.
у тарафга қара, кўраяпсанми анави кемани?
(оппоқ осмонни ва рангпар сувларин кўрфазнинг)
айта оласанми нега жонажон портин тарк этганин ва уни нима
бизнинг қирғоқларга бошлаб келганин?
сен фақат тасаввур қилиб кўр ахир: уммоннинг кенглигин
муз найсонларин оёқ остидаги кема саҳнини
мен биламан уни ҳаракат сари ундайди шунчаки фаровон яшаш
истагидан ортиқ қандайдир бир куч
йўқ ўзга ҳеч нима учун ахир у
хайрлашмас эди на бу кўрфазнинг
кўкиш чексизлигу бепоёнлиги на кеч ботгич
шимол қуёши билан
2. Александр Пушкин
Ташлаб кетади ёшлик, орзулар сароб;
таскин берар илк муҳаббат ҳақида ўйлар.
мен тез-тез эслайман бизлар илк бора
яқин бўлганимиз ўшал фурсатни
кўз қамаштиргувчи урёнлигингу
айтган сўзларингни кутилмаганда
узоқ турди улар кўзим ўнгида
ғарибона ҳаёт ораларида
мислсиз чарчоқлар ва ўзга турли
ҳиссий васвасалар ораларида
вақт ювиб кетгайдир хотираларни
тасвирлар йитгайдир бутунлай ўчиб
унутилиб борар овоз оҳанги
заифлашиб борар иштиёқ, майл
лек севги, эврилиш қолар сен билан
тобора чуқурроқ ажинлар ичра
тунги дардли юрак дукурлар ичра
3. Федор Тютчев
Император боғларидан бирида баҳорги сайр чоғида;
марҳума севгилимнинг йилдан йилга аччиқлашган дарди.
яна кезгум боғни баҳор оқшоми
қуёш ботган муздан уфурар совуқ
боққин: бўй кўрсатар ҳар не аввалги
бизлар бирга бўлган пайтдаги монанд
борган сари ҳар не борар қорайиб
олисда ловуллар ўт-алангалар
боққин: бу бир пайтлар дунёмиз эди
ва биз ўзимизча севардик уни
қайғу мотам куни эртага мана
сенинг қазойингга тўлади бир йил
боққин: тилка-пора кўнглимиз бизнинг
ҳамон бу боғларни бирга кезадир
4. Осип Мандельштам
Оилавий даромаддан маҳрум ва буржуа омон қолиш малакасига
эга бўлмаган ўттиз ёшли зиёли аста-секин идрокини йўқота
бошлайди.
эслайдиган ҳолда эмасман энди
қанча вақт янгради менда бу оҳанг
қонга чанқоқ чивин ғиз-ғизи монанд
бўлмайди қутулиб тоқат қилиб ҳам
мен гугурт чақаман атрофни кўздан
кечирмоққа атроф тўла оғир тун
зўрға нафас олар туртиб қўймаслик
қўзғатмаслик керак уни ўрнидан
ҳаво ҳам бўғилар оғир ва қуюқ
мўйна каби қоплаб олган юзимни
оҳ қандайин ёрса бўлар унинг зич
муаттар исини ҳидламоқ учун
тинглайман томирлар ичра оқишин
қуриган алафу пуштитоб қонни
уйқусираб кезиб юрганча тўзғоқ
пичанхона кенг майдонини
5. Борис Пастернак
Эрталаб маъшуқаси ёнидан қайтган шоир
бўлиб ўтган ҳодисаларни қувонч билан яна бошдан кечиради.
қандайин мислсиз изғириқ
босиб қолди бизни бу кеча
деразанинг ярми қор ила
қоплангандек кўринди гўё
стол узра шағам ёқдинг сен
тик ўрлади унинг ёлқини
шифтга тушди икки кўланка
ажойибу ғаройиб улкан
худди бордай эди давоми
сенинг узун бармоқларингнинг
худди тўлқин каби тўлғаниб
чайқаларди ёзиқ сочларинг
шундай таъсирлики эгнингдан
сенинг либосларни ечмоғинг:
икки енгил зарба мисоли
полда ётар эди бошмоғинг
топ-тоза қор мисоли мана
ўраяпсан ўзингга мени
елвизак тебратар кучлироқ
столдаги шам ёлқинини
6. Аноним
Ҳали танилмаган ёш шоир кўплаб ўтмишдошлари ва замондошлари
таъсирида ўз мавзуси ва ўз ифода услубини топишга интилади.
бош ҳамон ловуллар топа билдимми ўзимники бўлган нималарнидир
ёзда ўрилмаган ўтлоқлар ичра содда гуллар ҳамда кўрксиз капалак
кузда ўлим сари қувноқлик ила учиб-қўниб боргувчи барглар
юзига ўргимчак тупурган тайга
келаётган қишни қанча биламан
боз устига унда фарқли маъно йўқ
ҳеч қачон тарк этмас бир умид билан тингламоқ мумкиндир
ҳар бир нарсада
бироз фарқ қилувчи баҳор ритмини
яна ниманингдир ёнидан сезмай
ўтдим кўзим қадаб оёқ остимда эзғилаб ташланган ўтмишимга мен
умидсиз уриниб шу қадам ила сақлаб қолиш учун амаллаб
йиллар давомида гунг овозимни
7. Болқон қўшиғи
Вильнюседаги кафеда ёш болгар шоираси Достен Ангеловани
кутиб ўтириб, унинг шеърларини тагламадан таржима қилдим.
Худдики бир қанча сўзларнинг
бирикмаси каби
эҳтимол тасодифий
(ҳа етарлича тасодифий)
ёмғир ва
сарғайган япроқлар
дарпардаси ила тўсилган ойна
(таажжубки, уларнинг рақси
етарлича жўшқин)
мана шундай бўлар одатда
мусиқий репликалар
(ритмик сувратлар ва
жисмий партитуралар)
(нима учун?) энди
ушбу товушқаторнинг
ўзигина буткул етарли
бу мусиқа
қанчалар етарли
тўйинтирар
(маст қилар
ё завқлантирар —
қай бири тўғри?)
сўзсиз таслим бўлдим
ва
энди мени
мумкин ҳар нимага ишонтирмоғинг:
деразанинг очиқ тавақасида
судралган
мана бу қайишқоқ илон —
мен тайёрман
тўлқинланиб орзу қилишга
унинг қора тиззаларини
аммо сен айтишни унутдинг менга
қандайин боғланиш мумкинлигини
бу совуқ нарса билан
8. Автоясалиш
Мен ўзимдаги ижодий тангликни енгишга уринар эканман,
эски шеърларимни қайта ёзиб чиқаман.
Ўтаётгандирман мингинчи марта балки шу йўлдан
(гарчи аллақачон оқшом бўлса-да қуёш кўтарилган янаям баланд)
мен ҳис этдим бирдан ҳўл бачадон ва
яқинда туғилган баданнинг ҳидин
(дарахтлар остида эримаган қор ҳаддан зиёд тоза
баъзан совуқ ҳам)
йўқолиб қолгандай ҳис этдим ўзни
аслида мен нима демоқчи эдим?
нени айтиш лозим шеърларда инсон
кечам ва бугуним ила боғланган
аччиқ ҳақиқатга тўлиқ мисралар: ҳеч қанақа плейбойча конформизмсиз
(даҳшатли маъносин тушунмай туриб сўзларни талаффуз этишдан йироқ)
буткул кеч тушганда
анҳорга етдим
аммо турган гапки бари беҳуда
у ҳамон муз билан қопланган эди
9. Гавриил Державин
Юрак хуружидан сўнг;
ўлим даҳшати бир муддат чекинади.
Вақт оқими секин ҳамда тўхтовсиз
оқизиб кетар мени
ва мен билан бирга кетади эриб
халқимнинг тил ила боғлиқ хотири, унинг худолари, қаҳрамонлари
не бўлар мангулик уммони ичра бориб қуйилганда бу қолдиқ?
келгинди фольклорчи олим қайдлари
кутубхона ичра чириган китоб
эзгин куйлар пентетоник товушқатори не бўлар?
яшалган энг шодон онлар ҳақдаги
кўрилган энг ғамгин рўёлар ичра



