Кема
Улкан кема бадқавоқ бандаргоҳни тутунга
тўлдирди аллақачон;
ҳадемай сигнал чалиб жўнайди у қандайдир
Лима, Лиссабон томон.
Ғижим канотье ҳамда ғижим шляпалилар
тирмашганча трапга,
кўздан ғойиб бўлади зумда, тилин кўрсатиб
картуз кийган сатрапга.
Уларнинг кўпчилиги ҳақида эшитганман —
бари юксакка доир;
Қўл силкир тепаликдан, минорга ҳукм этиб
ўзин алдовчи шоир.
Бўл, шошилгин, бор-йўғи бир дақиқа вақт қолди —
уёғи йўл, яна йўл!
Бу кемадан бизга ҳам аллақандай каюта
топилиб қолар, шошил.
Канар, Азор, Бермуд ва Багам ороли бўйлаб
сузиб борамиз тикка —
денгиз ортидаги дев ҳаққи эмас — Худолар
ҳузурига, базмга.
Сузгувчиларни, афсус, на астойдил уриниш,
на инъом асрай билар —
бизни самовий зотлар худди йиртқич қуш каби
ютар, аямай ютар.




