Голландиялик

(«Москва эртаклари» туркумидан)

Биринчи марта уни кечки соат ўн бирларда (баённомада шундай ёзилган: «Ҳудудда тунги соат 23:00 да...») Кутузов проспектида пайқашган.
Январь ойи эди, қорли излар бу пайтга келиб деярли бўшаб бўлган кўчаларга илон каби чўзилганди, трафик — маъзур тутинг, русча сўз билан алмаштиришга эриндим, аммо бу сўз ҳам руслашиб кетмадими? — йўқ эди ҳисоб, фақат онда-сонда қимматбаҳо маркали машиналар шаҳар ташқарисидаги машҳур жойлар томон учиб ўтар, ёлғиз 412 рақамли қайсар «Москвич» томида турли чиқиндиларга тўла қийшиқ бак билан, изғиринда барча қанотлари титраб, ифлос фараларини уйқусираб пирпиратганча номаълум томонга йўл олганди. Марказ тарафларда умуман ҳеч ким йўқ эди, фақат уятчан «Газель» ўнг томондан сездирмайгина сирпаниб келиб, чакана савдога дахлдор ишлар билан қоронғу тор кўчага кириб кетди.

Ҳаммаси шу ерда бошланди.

Бироздан сўнг содир бўлган воқеанинг фожиали қаҳрамони бу томонда, тезлик чекловларини ва бошқа бир қатор йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чап йўлакдан вилоят томонга қараб ҳаракатланаётганди дейилган, аслида эса, ҳатто чап йўлакдан ҳам эмас, ажратувчи йўлакдан рўйхатга олинмаган милтилловчи маёғини ёққан ҳолда, ичкилик ва гиёҳванд моддалар таъсирида келаётган бўлган ва ҳамма нарсани... Кўп гапириб нима наф, шундоқ ҳам бари тушунарли. Ҳайдовчининг исми Абстулханов Руслан Иванович эди, унинг нима сабабдан баҳайбат япон машинасини (Джип) бунчалик ёмон бошқарганини фақат қудратли ва билгувчи Аллоҳга аён, балки ҳатто у ҳам унутиб юборгандир, ахир бунга анча бўлди, бу хилдаги маълумотлар юқорига узлуксиз равишда келади-ку...

Ва нега Руслан Иванович қадрдон дўсти, депутат ва истиқболли ёш кадр Володичка Трофимерга қарашли тунги клубда... майли, Володичка ҳақида кейинроқ... хуллас: нега дўстлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдагилар одатда қисқача Абстул деб чақирувчи Абстулханов Руслан тунги клубда виски ичди, кокаин ҳидлади, кетидан шампан кўтарди, ахир буларнинг барчасини юқорида зикр этилмиш Аллоҳ ман этган-ку? Майли, Абстул вискини ёқтиришини ҳамма билади, бу сафарги кокос бошқача сифатлигидан экан, шампан ҳам тоза французларники бўлиб, унинг нархи клуб эмас супермаркетдаям юзларга боради... Лекин нега рулга ўтиришдан аввал?! Қисқаси, билмайман. Аниқроғи, менимча, биламан-у, сизга тушунтириб беролмайман. Хуллас — унга мумкин. Унга, Абстулга, маст ҳолда ёпиқ резервадан — яна денг, нега бўм-бўш йўл қолиб резервадан, — бунинг устига соатига 160 километр тезлик билан, мигалкани ёқволиб юриш мумкин, чунки ҳаёт шунақа, унга ва дўстларига мослаштирилган, асло сиз-у бизга эмас, сиз нима деб ўйлардингиз, тўғриси! Аллоҳнинг, аслини олганда, ҳамма учун Худо битта, бу ерда умуман даҳли йўқ. Абстул хоҳлаганди — ичди, тортди, Володичка берган дўндиқчалар билан бўлди, хоҳлаганди — чиқди-кетди. Агар сиз ҳеч қачон рульга ичган ҳолда ўтирмасангиз, кокаинни фақат кинода кўрган бўлсангиз, тўғри қиласиз, унинг сизга алоқасиям, керагиям йўқ.

Шундай.

Демак, давом этамиз.

«Джип» резерва бўйлаб елиб борарди, Москванинг минглаб тунги оловлари йўл устида ва ҳар икки томонда нур таратарди, бечора Руслан бўлса, ишонч билан (бу таҳсинга сазовор), йўлини йўқотмасдан, ухлаб қолди, уйғонди, қаёққа кетаётганини эслади, яна ухлаб қолди, улкан машина эса ўзини-ўзи бошқариб борди...

Бирдан Абстул ўзининг ёлғиз эмаслигини, кимдир уни худди кузатаётганини пайқади, гўё хонанинг эшигидаги туйнук товушсиз очилди.

Аввалига Абстул ўнгга қаради — ҳеч ким йўқ, бўм-бўш чарм йўловчи ўриндиғи, унинг устида қорайтирилган ён ойналар, ойна ортида бўм-бўш проспект.

Ундан кейин Абстул чапга ўгирилди ва уни кўрди.

У универсал, бизнинг автоишқибозлар «сарай» деб атайдиган, Европада кўп фарзандли оилалар томонидан, ўзимизда юридик шахс ҳисобланмайдиган, буюм бозорида майда-чуйда сотиб юрадиган тадбиркорлар томонидан ташишга қулайлиги учун қадрланадиган машина миниб олганди. Абстулханов Руслан ўгирилганда кўрган ушбу автомобиль модели тахминан ўн йилдан кейин Россияда жуда оммалашди, чунки уни Германияга чиқаришни тўхтатишди.

«Бу нимаси, — дея ўйлади Абстул, — мен ҳам, у ҳам бир юз олтмишда кетаётган бўлсак, резервадан юриб бораётган бўлсам, у эса қарама-қарши йўлда, қандай қилиб мана шундай шалоғи чиққан арава ментлардан ҳам чўчимай юз олтмишда кетяпти, ахир бир чақиримдан кейин арка келади-ку, жин урсин?!»

Аслида у буларнинг ҳеч бирини хаёлига ҳам келтирмади, албатта, хаёлидан фақат: «Вой онангни..!», — ўтди, тўғрироғи, ундаймас, балки... Хуллас, изоҳга ҳожат йўқ, чунки Триумфал империя соясига оз қолди.

Абстул рулни яхшилаб ушлаб, ўнгга, катта йўлга буради, ҳайкални айланиб ўтади, чап ён ойнага машинанинг америкача кинолардагидек сальто отиб тушишини кўриш умидида тикилади, асфальтга ишқаланаётган резина ва темирнинг тарақлашини эшитиш учун қулоғига зўр беради, лекин ҳеч нарсани эшитмайдиям, кўрмайдиям. Орқада кимсасиз, қоронғу кўча, унинг қора пардаси ортида фақат рекламалар хира ёришиб турибди, қулоққа эса «Джип»га ўрнатилган қимматбаҳо приёмникдан таралган оромбахш қўшиқ чалинади. Абстул эса ўзига келиш учун бошини бир-икки силтади, бироз секинлашди, чунки Рублёвкага бурилиши, ярим соатдан кейин эса уйининг олдида тўхташи керак. Бу уй, замонавий тилда айтганда коттеджнинг биринчи қавати деярли битган бўлиб, у ерда ҳозир Абстулхановлар оиласи яшамоқда, ёзгача усталар бутун уйни ҳатто бу шосседагилар ҳам ҳурмат қиладиган қўшниси Руслан Ивановичникидан зўрроқ қилиб қуриб битирадилар. Ўшанда у ака-укаларини чақиртириб келиб, ўз ишларини юритишни уларга топширади. Ўзи Володичканинг клубига ўхшаган нисбатан тинчроқ жой топади, кейин...

Ҳали у ўгирилмай туриб яна ўша жин ургур «сарайни» кўрди. Энди бу занглаган касофат ўнг томондан, бортни бортга тақаб тенгма-тенг келар, бурилишдан аввал йўл алмаштиришга халал берарди. «Ёмонмас, — яна мазмунан шундай ўйни хаёлидан ўтказди Абстул, — мен 140да кетяпман, у ҳам 140да кетяпти, умуман, қанақасига ўнгга ўтиб олди бу палакат?!»

Бу саволга жавобни у аввалгисига топа олмагани сингари, топа олмади чунки кейинги лаҳзада у шундай нарса кўрдики, ҳуши бошидан учди. Бу нарса ҳақида қуйида батафсил ҳикоя қиламиз.

Тезликни пасайтирмай «Джип»нинг ўнг тарафида учиб бораётган универсалнинг салони ёрқин, муттасил айланиб турган кўк чироқ билан ёритилган, гўё унга нимқоронғи шифт лампочкаси эмас, чинакам зенит прожектори ўрнатилгандек. Бу ёруғликда лаънати экипажнинг ҳайдовчиси ва йўловчилари аниқ кўринди. Улар оддийгина кийинишган эди: барида қора чарм куртка-ю, қора трикотаж шапка. Лекин, салкам ақлдан озган фуқаро Абстулханов Р. И. қора куртка ёқалари ва қалпоқ беркитган айрим нарсаларни пайқамади. Модага амал қилиниб, ўстирилмаган табиий соқол тўсиб турган, ҳар балони кутса бўладиган қорача юзлар; миллий чемпионатда қатнашган оғир атлетикачиларнинг рангпар, мушаклари саломатликка хавф солар даражада шиширилган бўйинлари, буни биров сўрамади-ю, лекин барибир тушунарли; булар ўспиринларнинг мастликда тошбўрон қилинган, адоватли, аммо безиён юзлари эмас; бу ҳатто одатий фуқаролик кийимидаги ментларнинг расмий такаббурлик ва очкўзлик акс этган, бироз муллажиринг билан даф бўладиган қиёфаси ҳам эмас... Эссиз, у шўрлик буларнинг биронтасини ҳам пайқамади!

Мовий олов нуридан ёришган машинада узун ва қийшиқ тишлари тиржайиб турган жигарранг бош чаноқлари, чарм курткадан чиқиб турган ингичка билак суяклари, рулда яланғоч, силлиқ, ялтиратиб сайқалланган фаланжлар ётарди.

«Ҳозир мендан кўрасанлар», — аҳмоқларча ўйлади Абстул, учли итальян этигининг тагчармини педалга қўйди ва дўзахнинг қаъридан чиққанларнинг йўлини моҳирона кесиб ўтиб — ўз-ўзидан тажрибали фирибгар моторикаси ишлаб кетди шекилли —тўғрига қараб газини босди. Ойналарга қаради: ўнгда ҳам, чапда ҳам, тепада ҳам кимсасиз кўча аксланарди. «Ўлик зоналарида қолишди, тасқаралар», — нисбатан мантиқий хулоса чиқарди бу сафар Абстул. Кейин бор овози билан кулиб юборди, шундай қаттиқ кулдики, ойналарининг бари зичлаб ёпилган машинани тўлдирган қаҳқаҳа бутун проспектга эшитилди.

1

Овсарнинг қаҳқаҳаси тоталитар даврида қурилган ҳашаматли, деразалари оқ ромли, томларида сунъий йўлдош ликопчалари ўрнатилган бойларнинг уйлари, асил моллар билан савдо қилувчи дўконлар, япон ва итальян ресторанлари (улардан бирида қачонлардир Абстул отишмада қолиб кетди, лекин ҳеч нарса қилмади, фақат пешонаси бар столидан қирилди) Москва осмонини ўпган ҳашаматли тураржой биноси узра, булутлар муаллақ сузиб юрадиган, тунда қорамтир тусда, кундузи кумуш тумандек, қуёш ботаётганда пушти олтин тусида товланадиган ўша булутларнинг устида яшовчи руҳларимиз қачон чақирилиб, юқорига кўтарилишини хаёл сурадиган ерлар узра учиб ўтди... Кутузовскийнинг ҳали ухламаган, вино билан тамадди қилаётган ёхуд теледастурларга берилган, дўстлари билан суҳбатлашаётган ёки жавобсиз севгидан сиқилган аҳолиси бу ёввойи қийқириқни эшитдилар, лекин уни кимдир портлашнинг акс-садоси, кимдир клубни тўлдирган диджейнинг қичқириғига йўйдилар, ухлаб бўлганлар эса тушларини давом эттирдилар.

Руслан бу орада Рублевкага бурилиб, Москва ҳалқа йўлига чиқиб олди, сигарет чекди, натижада чап кўзини тутун хиралаштириб, бошида майда тарқоқ томчилар тарзида зўрға турган ақли яна секин-аста атрофдаги бўшлиқлардан оқиб чиқди. Ҳаммаси шундай тугай қолганда, эрталабгача оддий бош оғриғидан бошқа асорат бўлмасди.

Бир пайт иблислар экипажи, кутилгандек, яна пайдо бўлди. Тасаввур қил, агар биз ўша ерда, ҳалокатли «Джип»да бўлсак... О муқаддас фалак, хочнинг кучи биз билан, «спаси и сохрани!»

Лаънати автомобиль уни қувиб ўтди: 90-йилларда чиқарилган «пассат-вариант» яп-янги «ленд-крузер»ни 150 да қувиб ўтди.

Ва яна узун чақмоқларни эслатадиган нур мурдалар ўтирган салонни ёритди. Орқа ўриндиқдаги иккитаси бош суягини худди шарнир ўрнатилгандек 180 даражага буриб, маъносиз табассумларини намойиш қилганча Абстулхановга кўз ўрнидаги қора туйнуклар билан тикилишди, улардан ҳазилкашроғи далда бергандек панжа суякларини силкиб қўйди: «Нега орқада иршайиб турибсан, болам, кел, қувиб ет...»

Кучли зарбадан педал полга қапишди, қутурган «Джип» ўлим машинасини қувиб ўтди ва 1978-йил Нальчикда туғилган Абстулханов Р. И. кўрган сўнгги нарса — рақибининг кул рангли юкхонасига ёпиштирилган оқ, овал шаклидаги, икки чет элча ҳарф: NL тасвирланган стикер бўлди, бу нимани англатишини у билмасди, лекин кўпчиликка маълум эдики, бу ҳарфлар «Нидерландия», яъни «Голландия» маъносини англатади.

Кейин нима бўлди? Нималиги аён. «Джип» тезлигини пасайтирмасдан бориб, баланд пиёдалар кўпригининг таянчига урилди, бу таянчга қисман зарар етказди, ўзи эса ахлатга, пачақланган бир уюм темирга, даҳшатли тушга айланди. Абстулхановнинг ўзини ҳисобга олмаганда, қурбонлар бўлмади. У маст ҳолда бўлган, Рублевское шоссесининг ушбу қисмида тезликни белгиланган меъёрдан ошириб юборган, бошқарувни йўқотган ва ҳодиса жойида қалок бўлган. Қутқарувчилар махсус асбоблар билан марҳумнинг жасадини машинасидан ажратиб олишди, лекин улар ҳам, йўл полицияси ҳам «Land Cruiser SUV»нинг қаеридан учиб чиққан деталь жабрланувчининг кўксига санчилиб, юрагини тешиб ўтиб, чап елка чаноғи остидан чиққан ва чарм ўриндиққа чуқур кирганини аниқлай олишмади, хуллас мурда, шафқатсиз ёш табиатшунос қўлга тушган капалакларни тажриба қилгани каби, ўриндиққа михланиб қолган эди. У буюм бир учига учбурчак ўткир темир парчаси, бошқасига калта қуш патлари маҳкамланган салкам бир метрли, қайси дарахтникилиги номаълум силлиқ шох эди. Ходимлардан бирининг тўқнашувдан олдин ушбу предмет билан қотиллик содир этилганлиги, бахтсиз ҳодиса эса уюштирилганлиги, жиноят-қидирув бўлими ходимларига хабар бериш кераклиги ҳақидаги тахмини шундай рад этилди: «Сен, лаънати, валдирашни бас қил. Уни аборигенлар гумдон қилган дейсанми, нима бало? Найзани чўз-да, овсар, ишингга бор, чақир, келсин жин теккан эвакуатор, бўлмаса эрталабгача турамиз шу ерда, эрталаб шаҳарга кетаётган кортежлар бу «Формула 1»ни кўрса, онамизни кўрсатади, тушундингми?» Кейин у қора ўтмишли ўқни олди ва бу ўқни ҳеч қайси ҳужжатда кўрсатмади.

Рублевское шоссесининг Москва ҳалқа йўли билан кесишган қисмида навбатчилик қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходими, милиция лейтенанти Профосов Н. П. ўша тунда, соат тахминан 23:15ларда катта тезликда ҳаракатланаётган «фольксваген пассат-вариант» автомобилига гувоҳ бўлади. Ўта ёрқин мовий чироқлар туфайли давлат рақамини илғай олмайди, лекин шу нур остида пайқайдики, салон умуман бўм-бўш, ҳеч қанақа ҳайдовчи ҳам йўқ. Давлат шоссесида узоқ ишлаган катта лейтенант, одатига кўра, ажабтовур машина билан расмий саломлашди, кейин ўзига келиб, енги қалин курткаси сабабли сал қийналиб, чўқинди. Кимсасиз автомобиль жанжаллар, қўнғизлар ва кўплаб тепаликлар томон йўл олди ва кўкиш нур 5 дақиқадан сўнг кўздан ғойиб бўлди. Николай Петрович Профосовнинг оёғи остига ўлчами ҳандалакдек келадиган думалоқ жисм думалаб келди. Коля вазиятни яқинроқдан кўриш учун эгилиб, бошига суяк чоклари «кўрк бағишлаган», катта-катта тишлари орасида пломбаси тилла тус бериб чақнаётган, сирли кўз чаноқлари ва бурун ўрнида учбурчак бўшлиққа эга ноодатий скелетни кўрди. Милиционер бир муддат шундай турди, энди ақлдан оза бошлаганди ҳамки, шимоли-ғарбдан учиб келган одам қўли суяги қулоқ-чаккасига қараб туширди. Калтакдан йиқилган одамнинг бурни қорга тиқилди, ярим дақиқа шу алпозда тўрт оёқлаб турди, кейин оёқ-қўлларини ҳомиладек қорни олдига йиғиб олиб, аста ёнга қулади. Суяклар ўша заҳоти чангга айланди.

Унинг тақдири қандай кечгани бизга қоронғу. Органдан ҳайдалганлиги аниқ, чунки ҳамкасбларининг унга ишонмаганликларига чидай олмаган, бироқ кейинги иш жойини ва қандай кун кечираётганлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Мишмишларга қараганда, баъзан ойдин кечаларда, Профосовнинг руҳи ўлган жойда қўлига йўл-йўл таёқ ўрнига катта сўнгак ушлаган, ўзидан мовий нур таратадиган патрул ходими пайдо бўлармиш, аммо бу қип-қизил сафсата. Ким қўйибди, бунақа ходимларга махсус тартибли трассада туришни?

Анави ифлос «пассат» кейин ҳам бир неча бора турли ҳудудларда кўриниш берди, бунга шубҳа йўқ. Айримлар ҳатто тирик қола олдилар, шу сабабдан уларнинг таассуротлари бизга Руслан Абстулхановнинг ўлим олди кечинмалари каби тасаввуримиз орқали эмас, бевосита етиб келди,

Мисол учун, бир куни тонг саҳарда, тунда ёғган илиқ июль ёмғиридан сўнг селгиётган Ленинград проспектида бир қўрқинчли машина ўлгудек секин юриб келаётганлиги маълум қилинди.

Айнан шу, тирбандлиги билан машҳур бўлган ва фақат эрта тонгда бўшайдиган Москва магистралида ўзининг «пежо-206» русумли машинасида ёш ва мафтункор хоним келарди. Уни Олеся Грунт деб аташарди — ҳозир ҳам шундай аташади, бироқ Грунт биринчи эрининг фамилияси, қизлик фамилияси, албатта, Теребилко. Олти йилча аввал у Феодосия курорт шаҳридан пойтахтга кўчиб келади, бир муддат ҳужжатлар, уй-жой ва ишсиз қийналади, бир амаллаб тунги клубларда қорин тўйдиради (айтишларича, у Володичка Трофимерникига ҳам борган, бироқ бу дунёнинг кичиклигини ва машҳурларнинг доираси қанчалик торлигини тасдиқлайди, холос), чайқов бозорлардан кийинади, аммо тез орада ёш молиячи Борис Матвеевич Грунт билан танишади. Ўша пайтда у институт комсомол комитети котиблигидан бошланган йўлини миллионер сифатида якунлаган эди. Олеся унга турмушга чиқди. Хайриятки, фарзанд кўришмади, бироқ Грунт бир ярим йилдан кейин Ольгага фамилиясини, Усиевичдаги иккита квартира бирлаштирилиб қайта таъмирланган ва жиҳозланган 4 хонали квартирасини, табиий «Ольга Митрофановна» ўрнига дабдабали «Олеся» исмини ва бироз пул қолдириб, у билан ажрашди. Борянинг ўзи узоқ судда ушланиб қолмади, телеэкранда бирров кўриниб, кейин Испаниянинг Каталония провинциясига кўчиб ўтди, у ернинг иқлими жуда яхши. Олеся яна клубларга қатнай бошлади, бироқ энди қорин ғамида эмас, кўнгилхушлик истаб келарди, бунда у эркак-дўстлар («бойфренд» сўзининг ўзи биз учун жирканч) орасида чопган омадидан унумли фойдаланди. Бу дўстлар мунтазам равишда алмашиб борар, уларнинг ҳар бири Олесяга ўзидан бир ёдгорлик қолдирарди. Бири нафис узук кўринишида, гап унинг неча каратлиги ҳақида эмас; бошқаси майин мўйна пальто кўринишида, албатта қиммат, бироқ, асосийси, жуда юмшоқ ва енгил, пуштиранг бўлса ҳам тоза шиншилла терисидан тикилган; яна бири шунчаки машҳур банклардан бирининг платина картаси дегандек... Ушбу тезкор жаноблардан бири хонимнинг хотирасига замонавий оч яшил рангдаги «Пежо-206» русумли автомобиль воситасида кирди. Ўша қисмат тонгида йўл бўшлигидан фойдаланиб Олеся Грунт бир пайтлар келажак учун олинган ҳайдовчилик кўникмаларини ривожлантириш учун чиқди.

2

Мана у пайдо бўлди — тўрт ғилдиракли дўзах элчиси.

Олеся тезликни оширмасдан, чалғимасдан, қўрқоқлик ва тиришқоқлик билан 20 км/соат тезликда келди-да, бўғимлари оқариб кетгунча рулни чангаллаб, чапга разм солди. Унинг ёнида катта, кулранг, аёл маркасини фарқлай олмаган машина борарди. Лекин у пайқадики, биринчидан, бу машина ўзининг Қрими тарафларда «пикап» деб юритиладиган турга мансуб, уларнинг бадавлат қўшниси бутун оиласини товуқлар билан бир пайтда ташиш учун фойдаланган, ўриндиқлар орасига қафасларни ўрнатган эди. Иккинчидан, машина бутунлай эскириб, занглаб кетган, кузов чок-чокидан емирилган. Учинчидан, ғалати экипажнинг ойналари ғайритабиий даражада тўқ, тим қора, бу ерларга бегона.

«Ҳм, — ўйлади Олеся, — ғалати машина экан».

Ўша заҳотиёқ, унинг қизиқишидан хабар топгандек, иблиснинг «пассати» — ҳа, худди ўшанинг ўзи — ўнг олд ойнасини туширди.

Ҳаракатни кўз қири билан пайқаб қолган Олеся яна чапга ўгирилди ва ўзининг чинакам аёл кишилигини исботлайдиган бир неча ҳаракатни бараварига амалга оширди. Тўғри, уни Москвадаги шафқатсиз ҳаёт анча тоблаган, дугоналари уни совуққон ва эҳтиёткор деб ҳисоблаб келишган (ҳануз шундай деб ҳисоблашади). Аввалига у бор овози билан: «и-и-и!» — деб чинқирди. Бақираркан, дуч келган биринчи педальни босди, бундан толесиз француз механикаси гуриллади ва кенгурудек олдинга сапчиди, лекин ўша ерда тураверди, чунки мотор ўчиб қолганди, ҳайдовчи эса энди нариги педальни, яъни тормозни боса бошлади. Ва кўзларини юмиб олди.

У кўрган нарса оддий машинанинг тонгги кулранг-бинафша нурлари ёритган салони эмас, балки чексиз қора бўшлиқ эди, мисоли дунёнинг барча зулмати шу машинанинг ичига қамалгандек. Ойналар-ку оддий эди, лекин уларнинг ортида ер ости дунёсига кириш йўли ётарди. Ва бу жаҳаннамнинг кўчма парчасидан бир бурунсиз калла суяги чиқиб, омадсиз Оля Теребилкони кўзсиз нигоҳи билан ўзи томон чақирди.

Оҳ, бечорагина, муштипаргина! Тасаввур қилиб кўринг: одатий тонг, ҳатто жуда ажойиби, Москванинг марказидаги «Аэропорт» тумани, атрофда фақат ёқимли манзаралар, ўзи ҳам ҳали ёш, энди ўттизда, ҳаётининг баҳори —ва бирдан зулмат ва ўлим... Оҳ, Эгам, ўзинг қўлла, пронеси, Господи, ўлимга йўл қўйма!

Олеся Грунт кўзларини очганда Ленинград проспекти кимсасиз ва тоза эди, арвоҳ-мобильнинг изи ҳам кўринмасди. Олесянинг автомобильчаси бордюрга тақалиб қийшайиб турар, негадир сигнализация чийиллар, атрофда эса ҳеч ким, бирор зоғ йўқ эди.

Нима бўпти? Ваҳима ўз йўлига, лекин мана у тартибсиз сумкасидан телефонини топди, кучининг сўнгги қатралари билан энг ишончли дўстининг рақамини терди, у ҳам, қойил қолиш керак, бирпасда қудратли «аудисида» «гелендвагендаги» қўриқчилар карвонини эргаштириб етиб келди. Зарарланиб улгурмаган «пежо» автомобиль тўхташ жойига жўнатилди, машинанинг эгаси эса бир соат ўтар-ўтмас энг қиммат клиниканинг олий тоифали психотерапевти томонидан текширилди, унга фойдали муолажалар, антидепрессантлар, массаж, умумий тикланиш режими буюрилди. Кейин у Швейцария тоғларига, ундан гавжум Ибиза оролига жўнади, мазза қилиб ўйнаб-кулиб, ўша даҳшатни деярли эсидан чиқарди ва куз бошланганда ҳеч нарса бўлмагандек қайтиб келди. Фақат унинг стилисти ҳозирда буткул оқариб кетган сочларни нима қилиш ҳақида бош қотирмоқда. Аввалига у битта шуни деб имиджни тўлиқ ўзгартиришга иккиланди, охири у оддий бўёқни (лекин энг сифатлисини) танлади.

Унга оғир дамда ёрдамга келган дўсти эса, азбаройи қизиққанлиги туфайли ўз ахборот манбаларидан ўша расво тонгда содир бўлган барча йўл ҳодисаларини, ҳатто энг майда-чуйдаларини ҳам ўрганиб чиқди. Ва билдики, Олеся ўзига келиб, ёрдам сўрагандан тахминан етти дақиқа ўтгач, йўл полициясининг тун-у кун уйғоқ патрул экипажларидан бири Ленинград проспектида, «Сокол» метроси яқинида секин ўрмалаб кетаётган кулранг «Фольксваген пассат-вариантни» Волоколамский ва Ленинград магистраллари кесишувига етмасдан пайқади. Оддийдек кўринган ушбу шалдироқ арава нимаси биландир ҳушёр милиционерларнинг эътиборини тортди ва улар машинани қувиб етдилар. Бу қийинчилик туғдирмади, зеро машина тушида юрган одамдек соатига 40 киломеир тезликда келарди. Улар чапга ўтдилар ва машинага назар солдилар — «пассатнинг» ҳамма ойналари туширилган, салон бўм-бўш. Жиддий ва тажрибали эркаклар бу ваҳимада сирли ҳеч нарса топмадилар, қайсидир чол ўзининг тешик тоғорасидаги қўл тормозини туширишни унутган, машина бўлса қайрилмасдан тўғри кетиб борган, хайрият, йўл бўш экан, бировни уриб кетмабди, деган хулосага келдилар. У ерга техник юк машиналарини чақиртириб, йўлни тўсдилар, токи қочоқ ўтиб кета олмасиин. Ўзлари бўлса, онда-сонда учраётган йўловчи машиналардан ўнг томонга ўтишни бақириб талаб қила бошладилар. Вақт йўқотмаслик мақсадида улар давлат рақамлари орқали машинанинг эгасини аниқламоқчи бўлдилар, бироқ унда ҳеч қандай давлат рақамлари ўрнатилмаган, фақатгина NL ҳарфлари туасвирланган овал эмблема ёпиштирилган экан. Бу эса автомобиль неча йиллар аввал собиқ Нидерландия Қироллигида, яъни ҳозирги Голландияда рўйхатга олинганидан бошқа ҳеч нарсани англатмайди.

Ўшанда чекига бу вазифа тушган ходимларнинг нисбатан маданиятлироғи, ҳуқуқшуносликнинг кечки факультетида ўқиётган талаба ҳам ножоиз сўзлар айтиб юборди.

«Ҳа, сеними, паъдарланат голланд!» — деди у.

Ўша ернинг ўзидаёқ афсунланган «пассат» даф бўлди, унинг ўрнида фақат бир тўп кулранг қум қолди, у қумни-да бироздан сўнг шамол учириб кетди.

Патруль машинаси ҳам йўқолди, у ва унинг экипажи ҳануз қидирувда.

Олеся Грунтнинг қадрдони ҳам ғойиб бўлди, айтишларича, Англияга кетибди, Лондондан, Хайгейт Дистриктдан ҳашаматли уй сотиб олиб, ўша ерда оиласи ва дўстлари билан яшаётган экан, лекин у ерда бўлмаслигиям мумкин.

Олеся Грунтнинг ўзи ҳам ҳеч қаерда кўриниш бермай қўйди, ҳатто Юксак модалар ҳафталиги намойишларига ҳам боргани йўқ, аввалги йилларда у намойишларда ҳозир-у нозир эди. Йўқ, дўстлари унинг тақдири борасида ташвишланишмайди, унда ҳаммаси жойида, деб ўйлашади, лекин қани у?

Анави лаънати «фольксваген» ҳам, гарчи бизнинг қарғишимизсиз ҳам лаънатланган бўлса-да, энди йўқ.

Ё бормикин?

Шайтон билади.

Мана машҳур сиёсатчи N ўз дачасига йўл олди, унинг фамилиясини айтмаймиз, аллақачон эл-юртга донғи кетиб бўлган. Катта сиёсатдон, сиз, эҳтимол уни биласиз, кўп марта телевизорда кўргансиз ва эшитгансиз. Ва мана ниҳоят у Минск шоссесидаги дала ҳовлисига кетди, дала ҳовлиси ёмон эмас, ярим гектар, уч қаватли, камини, ҳовузи, хуллас, ҳар балоси бор. У пулларининг барчасини ғарб университетларида маърузалар ўқиб топганлиги ҳақидаги факт декларацияларга ҳам киритилган. Мана у дачасига жўнади-ю, етиб боролмади. Кун келиб Баварияда ишлаб чиқарилган эскириб кетган машинасини олиб бориб тиқишди-да, унинг сиёсатига нуқта қўйишди. Занглаган аравага жинам урмади, лекин яп-янги «БМВ» парчаланиб кетди.

Устига-устак, қанақасигадир учиб кетган юкхона қопқоғининг чети Nнинг бошини узиб ташлади, тасаввур қиляпсизми?

Бандитларнинг машинасидан — «пассат» эди, шекилли, —скелетлар чиқишди ва ўша пайтдаёқ Россиядаги энг зўр матчни бошлашди. Футбол, жин урсин!

Бироқ мен бу гапларга ишонмайман. Бунинг иложи йўқ —қуёшли шанба кунида, гавжум Минск трассасида?..

Бошқа томони — N йўқолди... Сиёсатни ташлади, унинг қаердалиги ва нима билан шуғулланаётганлиги номаълум. Гоҳ қайсидир кенгашда директор дейишади, гоҳ Висконсин штатида университет талабаларига демократия асосларидан маъруза ўқияпти дейишади... Айримларнинг фикрича, у анча вақт Исроилда узоқ муддатли сиёсий фаолияти сабабли орттирган иммун танқислиги синдромидан муолажа олган ва аллақачон вафот этган... Йўқолганидан бошқа ҳеч нарса аниқ эмас.

Яна бир Москвалик машҳур, серқирра, қобилиятли, Тимофей Болконский исмли ёш йигит бор эди. У қайси Болконскийларданлиги бизга қоронғу, ким билади, балки, бевосита Л. Толстойнинг китобидан чиқиб келгандир, эҳтимол ўзи шундайдир, ёки пайтида отаси гуриллаган, қўша-қўша партиявий-маҳаллий мукофотлар олгандир. Аслида, унинг отаси Балконский бўлган, шекилли, «балкондан»... Тимофей, шунингдек, клипмейкер, сиёсий стратег, ресторанлар эгаси ва экстремал спорт устаси сифатида ҳам машҳур — у Альп кўчкиларини кесиб ўтди, Ҳинд океанига калла ташлади ва ҳар куни мотоциклда юрарди, эрталаб уйдан студиягача, кечқурун ресторандан уйгача. У бирга уй жиҳозлари журналларига суратга тушадиган ажойиб кўп болали оиласи бор эди. Уни самимий ва мулойим, чинакам эркакча муносабатлар боғлаган дўсти ҳам бўлиб, у билан Тимофей бошқа журналлар учун суратга тушарди.

3

Умуман, ҳаммаси яхши эди.

Аммо шундай кун келдики, Тимофей ҳам йўл шарпаларининг қурбони бўлди.

Мотоциклга ўтирди, озодлик шамоли қирилган, тарбияли жамоаларда қабул қилинадиган бошини жунжитди, сочи олинган ушбу бошда янги, ватанпарвар ва замонавий ғоялар қайнай бошлади, қўл остидаги ресторанларнинг менюлари шаклланди: осетрали суши, вязигали махсус пицца, кун-у тун щи-пюре... Бирдан — ёнида машина, бош чаноғи, скелет деразадан чўзилиб, унга ўзининг қаттиқ суякларини бепарво узатади, бир силтаб Тимофейни эгардан узади, ўзининг жирканч, трансформатор будкаларига чизиб кетиладиган таниш танаси томон тортади ва нақ юзига, майин соқолига, силлиқ ёноқларига — сўнгги лаҳзада улгурди — ақлли кўзларига тупуради! Ўзининг жирканч сарғиш тишларини очмасдан тупуради, махлуқ, бу тупук ҳам эмас, қандайдир ўлимтик йиринг, ва бу қабоҳат соқолларида, киприкларида осилиб турибди... Бундан қандай қутулиш мумкин? Айтинг. қанақасига?

Тимофей бўлса қутулди. Ёвуз руҳлар томонидан отиб юборилгач, йўл четига учиб тушди, ўша ерда бирпас ётди... Кўринишидан тирик, ҳатто яраланмаган. Ўрнидан туриб, тақир Москва майсасига ўтирди, енгига артинди. Мотоцикл ҳануз асфальтда бир ёнга оғиб турарди, бироқ уни кучли ахлат машинаси босиб кетди, энди мотоцикл ҳам йўқ. Тимофей Болконский турди-да, боши оққан томонга пиёда жўнади, қўлига тушган нарса билан юзини артиб бораверди: чарм енгида ҳам, қиммат кўйлагининг этагига ҳам, кафтига ҳам, лекин умуман тўлиқ артиб ташлолмади, ҳид уни таъқиб қиларди.

Тимофей шундай кетаверди, бироқ ҳеч қаерга бормади. Москвадаги ҳамма унинг Исландияда зороастризм билан шуғулланаётганига ишонади, аммо бунинг ортида биронта далил йўқ. Шу аниқки, Болконский ўз мобиль телефонларини ўчирган, фақат дўсти у билан қандай боғланишни билади: қайсидир Гамбург идорасига қўнғироқ қилиш керак, улар боғлаб беради.

Ҳали-ҳамон шаҳар кўча ва проспектларида, яна Москва вилояти атрофидаги шосседа турли пайтларда турли одамлар юради, бироқ ўша аксар қўпол, лекин ростгўй саналадиган голландни учратса бас —ғойиб бўлади. Улар орасида тадбиркорлар, ОАВ ходимлари, шаҳар ва ҳатто федерал хизмат ходимлари, жиноий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари, ҳуқуқшунослар, амалдаги маъмуриятни ҳам, мухолифатни ҳам қўллаб-қувватловчи жамоат арбоблари, чет эллик кузатувчилар, ҳарбий ва ёшга доир пенсионерлар, вақтинча ишсизлар, қонуний ва ноқонуний муҳожирлар, эркаклар, аёллар ва бошқа шахслар, ҳушёрлар, мастлар, наркотик таъсири остидагилар, ОИВга чалинганлар, ёшлар, кексалар ва ўрта ёшлилар... Бўлди, давом эттиролмайман, жой ҳам етмайди. Яна икки вазиятни алоҳида эслаб ўтиш жоиз: Москва яқинидаги бўлинмалардан бирида рўйхатга олинган дивизия жанговар машинасининг йўқолиши ва такси ҳайдовчиси билан содир бўлган воқеа. Ўша ондаёқ шикоят қиламиз — иккала вазиятда ҳам ўликларнинг иштироки шубҳали. БМПга келсак, у ё жанговар машқлар пайти чўкиб кетган, ё қайсидир ҳаваскорга сотилган, зеро экипаж таркиби хизмат жойларига соғ-омон, лекин маст ва ажралган ҳолда қайтиб келди. Ҳайдовчи бўлса ўзининг ва хўжайинининг фойдасига 14 соат қатнаб, катта эҳтимол билан рулда ухлаб қолди, йўлдан чиқиб кетди ва у ерга анча секин ағдарилди. Ҳайриятки, ўша куни йўловчилар йўқ эди, ҳеч ким бекатда кутиб қолгани ҳам йўқ. Ҳар ҳолда чиқиб кетган қўлига олтин дукат* тутқазиб кетишмагандир, яна ким билсин?!

Хуллас, майли.

Уфқдан пастлаб учаётган кулранг булут кўринади, қуёш нурларининг уни тешиб ўтиб, ерга етади, худди ўртачароқ рассомнинг унутилган картинаси каби, энди шамол турди, айланди, бироз чанг олиб келди, ё биринчи ёмғир томчиси томди, ё илк қор парчаси тушди, ёхуд умуман ҳеч нарса бўлгани йўқ, булутлар сездирмай тарқалиб, осмон ёрқин металл рангини олди...

Ҳали ҳам, бизнинг шаҳримизда, шубҳасиз, содир бўлаётган қабоҳатлардан қўрқамизми? Хўш, бизни эски кулранг универсал қувиб етади, ўнг-чап ойналарда кўринади, афтидан, у эски «пассат»...

У эса тўғри дўзахга элтади.

Нима ўзи бу, нима бу, нима?!


* Дукат — баъзи Ғарбий Европа мамлакатларида: қадимги кумуш ёки олтин пул, танга