Сирли эҳтирос

(романдан парча)

1968, >ноябрь

Карузо

Ҳали ҳамон «Шум» йилнинг ноябр ойида Кукуш ва Ваксон Дон бўйидаги Ростовга келиб қолдилар. Оқшом олди марказий хиёбонда сайр қилишди. Бу ердаги бинолар аллақачон вайрон бўлган бўлса ҳам меъморий иншоотларида буржуага хос тўкисликнинг излари қолган. Илк модерн ҳам қайсидир маънода кўриниб турибди. Албатта, конструктивизмнинг комсомолча утопиясидан ҳам икки-учта ёдгорликлар қолибди, мана масалан, улар қўним топган писта рангли меҳмонхона ён томондан буғдой янчгичга ўхшайди.

Шаҳарни айлана туриб, пойтахтлик меҳмонлар бу шаҳарнинг ҳам пойтахтдан қолишмаслигини пайқадилар. Худди шунақа пайтда озиқ-овқат дўконлари олдида мана шундай навбатга туришади. Кафе ва ресторанларга одамлар чиққанлардан кўра камроқ киритилади. Пештахтасига «Коктейллар» деб ёзиб қўйилганидан ёзувчиларни ўзига жалб қилган биргина муассаса бошқалардан ажралиб туради. Ўша бетакрор коктейллар совет ёшларининг иштиёқини ошириб юборди! Бу ерда ҳам шу ҳолат. Йигитлар тангалар ва қоғоз пулларини санаб, баланд эшиклардан ўзларини ичкарига уришар ва у ерда оломонга сингиб кетишарди. Оломон ортида очиқ мармарли пештахта бўлиб, ўша ерда кўнгилни суст кетказадиган ичимликлар аралаштирилади.

Ўша ёқдан аёлларнинг қўпол оҳангда: «Ҳой йигитлар, бокалларни қайтарсанглар-чи! Виждонингиз борми ўзи, қуядиган идиш қолмади-ку!» деганлари эшитилиб турибди.

Этаги кенг шимлардаги бу йигитчалар пештахтадан икки-уч метр нарида туриб, баланд овозда бақирганча буюртмалар беришяпти: «Битта «Карузо»! Иккита «Карузо»! Учта «Kapyзо»!»

Девордаги Брежнев ва и Подгорныйлар портретлари остида «Ичимликлар прейскуранти» осиғлиқ турибди. Турли номлардаги, масалан «Южный» и «Крымский» ичимликлари орасида айнан «Карузо»га «ўртача кучдаги ичимлик»деган изоҳ келтириб қўйилибди. Ёшларнинг шу ичимликка рўжу қўйганининг сабаби шу.

— Кўряпсанми, Кукуш, бу ерда ҳаётнинг қайнашини: биргина карузонинг кучини кўр! — ўйга толганча деди Ваксон.

— Назаримда, бу улар учун мушакбозлик билан ҳаракат қиладиган ғилдирак. Карузо ғилдираги, ёмон жарангламаяпти, — ўз муносабатини билдирди Кукуш.

— Шундай кунлар келадики, бу ердаги менюда Кукуш ҳам пайдо бўлади, — тахмин қилди Ваксон. — Буюртмаларнинг қандай бўлишини тасаввур қиляпсанми: битта «Кукуш», иккита «Кукуш», учта «Кукуш»!

Ёқимтойгина Кукуш ингичка мўйлови ва Лермонтовча пешонаси билан доимгидек қувноқ, бироқ ҳар сафардагидек бироз ғамгин, весельчаковскийча ғамгинлик ила кулди: — «Вакса» деб номланган коктейлни эса кутмасанг ҳам бўлади!

Улар бу ерга маҳаллий университет таклифига кўра ташриф буюришган. Биргаликда кеча ўтказишади: Ваксон ўқийди, Кукуш қўшиқ айтади. Бир гала талабалар уларни вокзалда кутиб олишди. Ўша ернинг ўзидаёқ қўшимча таклиф олишди — Ленин комсомолининг 50 йиллигига бағишланган шаҳар байрамида иштирок этиш. Ваксон-ку кўнмас эди, бироқ Кукуш унинг қулоғига шивирлади:

— Рози бўл, тентак, ахир комсомол — бизнинг альтернатив партиямиз-ку.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, у пайтларда ёзувчиларнинг чиқишлари учун «Бадиий адабиёт ташвиқоти бошқармаси» ўн тўрт рубль эллик танга ҳақ тўларди: тижорат замони эмасди-да.

Уларни спорт саройига олиб келишди. Ўн минг кишилик зал тўла эди. Саҳнада комсомол тарихига доир театрлаштирилган концерт қўйиб беришди. Биринчи от бошқармаси томонидан ҳақиқий донча отчопарлар ўз намойишларини кўрсатишди. Ҳақиқий от-арава ҳам саҳнага чиқди ва унинг шарафига хор бўлиб қўшиқ ижро этишди:

«Эҳ, тачанка-ростовчанка, бизнинг ғуруримиз, фахримиз!»

ДнепроГЭС қурувчилари ҳам қўлларида болғалари билан чиқиш қилишди. ВОВ қўшинлари Рейхстаг биносига байроқни қўндиришди. Орбитадан қайтган космонавтлар скафандрларида зиналардан тантанавор тарзда тушиб келишди. Қизил байроқлар ҳилпиради. Карнайчилар карнайларини чалишди. Кейин ҳаммаёқ тинчланиб, саҳна тозаланди. Кукуш Ваксонга шивирлади: «Сўнгги қаҳрамонлар ҳақида индашмади-я».

Танаффусдан кейин бошловчи: «Ажойиб байрам билан бизни қутлашга москвалик ижодкорлар, шоир Октава ва носир Ваксонлар ташриф буюришган» дея эълон қилди. Гулдурос қарсаклар ила икки дўст саҳнага кўтарилишди, иккаласи ҳам одми кийинишган, бўйинбоғсиз, бири (Кукуш) чарм курткада, иккинчиси (Вакс) эса ғижим вельвет костюмда. Биринчи қатор «маҳаллий амалдорлар» билан тўлиқ, улар ҳам бошқалар сингари қарсак чалган бўлсалар ҳам, бир-бирига кинояли назар солиб қўйишди. Сўз навбати биринчи бўлиб Кукушга берилди. Москвалик дўстимиз ўзининг қисқагина нутқида жамиятнинг асосий қатлами қолиб, турмушда зиёлиларнинг ўрни ҳақида гапира кетди, асосий қатламни эса шунчаки гап орасида қистириб ўтди. Унинг бу ишидан йиғилганларнинг ҳуши бошидан учди, талатўп бошланди. Биринчи қатордагиларнинг қошлари чимирилиб, энсалари қотди. Ўртароқда кимдир нимадир, деб пичирловди ҳамки, ўша гап бирдан зал бўйлаб тарқалишга улгурди. Микрофон олдига келган Ваксон Кукуш бошлаган мавзуни давом эттирди, ҳатто вазиятни баттар чигаллаштирди. Ҳозирги кунда биз бутун кучимизни ўз ақл-идрокимизни ривожлантиришга қаратишимиз даркор. Акс ҳолда биз динозаврларга ўхшаб қоламиз. Бизнинг аждодларимиз ернинг етакчилари сифатида ривожланишдан тўхтаб қолди. Фақат танамиз ўсиб кетаверади, миямиз эса ҳаддан зиёд кичрайишда давом этаверади. Бунга жавобан залда тартибсизлик пайдо бўлди, биринчи қаторнинг ўрта ўриндиқлари эса бўшаб қолди.

Тонгда меҳмонхонага университетдан янги санъатнинг думалоқ кўзли ихлосмандлари етиб келишди. Кукуш ва Ваксон, илтимос, эҳтиёт бўлинглар. Ҳукуматга сизлар ҳақингизда москвалик ёзувчилар ўзларини номақбул тутишиб, ёшларнинг қадрли байрамини бузишди, деган гап етиб борибди. Энг ёмони, биринчи секретарь университетга сизларнинг чиқишларингиздан воз кечишни тавсия қилганмиш.

Университетда худди Кўнгиллилар армияси чегарани ёриб ўтгандек қўрқув ҳукм сурарди. Амфитеатр тўла, тўғрироғи лиқ тўла эди. Москвалик меҳмонлар гўё адабиёт мавзусида гапиргандек бўлдилар. Бир нечта филологияга оид саволлар берилди. Кейин кимдир кукушдан янги нимадир куйлаб беришини сўради. Бард (куйчи шоир) ҳар доимгидек бироз ноз қилиб турди. Ҳа, ҳозир мен деярли куйламаяпман, гитарам йўқ ва ҳоказо. Талабалар томонидан шай қилиб қўйилган гитара ўша заҳотиёқ унинг тиззасида бўлиб қолди. У «Моцарта», «Молитву Франсуа Вийона», «Возьмемся за руки, друзья» қўшиқларини куйлади. Залдаги талабалар ичида йиғидан кўзлари нам қизлар ҳам бор эди. Тўсатдан қаторлар орасидан қандайдир шовиқн кўтарилди ва ўқитувчилар орасидан келбатли бир казак муаммоли бир саволни ўртага ташлади: «Айтинглар-чи, ўртоқ москвалик ёзувчилар, қўшинларимизнинг Чехославакияга киритилишига қандай қарайсизлар? Ва яна ўша заҳотиёқ худди кечагидек тўс-тўполон бошланиб кетди.

Ректор дарҳол қўлларини юқорига кўтарди ва тинчланинглар, дегандек секин туширди. Унчалик ҳам дағлдор бўлмаган саволга бунчалик қизишиш ярамайди. Зал тинчланади, шундан кейин Кукуш Октава ўз жавобини беради: «Шахсан мен Чехославакияга қўшинларимизнинг киритилишини сиёсий хато деб биламан». Бу сўзлардан кейин энди ҳақиқий зилзила бошлангандек бўлди. Амфитеатрнинг ҳар бурчагидан «Шармандалик!» деган сўз янгради. Ҳақоратнинг айнан кимга аталгани мавҳум эди: совет армиясигами ёки кукуш Октавагами, орсиз либералларгами ё мағлуб бўлганларгами? Кукуш кўзларини кафти билан беркитганича ўтирарди. Ваксон қўлини кўтарганича ўрнидан турди ва қичқирди: «Фитнани йиғиштиринглар! Кукушга тегманглар!» Орадан бир неча дақиқа ўтибгина зал тинчланади. Учрашув тугади. Кетишаётганида Ваксон микрофонни олди-да: «Бу ўйинни ким уюштирганини билсам дегандим», деди.

Ҳеч ким уларни кузатиб қўйишга келмади. Перрондаги гавжум жойда ҳам уларни кимдир таъқиб қилаётгандек туюлди. Поездга чиқишгач, дарҳол вагон-ресторанга ўтишди. Коньяк буюртиришди ва аҳён-аҳёнда ярим стакандан ичишди. Кейин эса қучоқлашишди. Вакса, азизим! Кукуш, меҳрибоним!

Бу одамлар дўст учун қон ютдилар
Нафақат богема ўйинлари,
Ва ёки бурятлар илдизи эмас,
Яҳудий йўлбарслар жангида.

Аждодлари коммунизм гулханни ёқдилар,
Урал тоғларига бош бўлдилар,
Телба тўда ҳукмрон юртда,
Шаҳватпарастликдан ҳалок бўлдилар.

Оналари турли найрангларга учдилар,
Эвазига қабиҳликнинг қурбони бўлдилар.
«Комсомол» мунгли мотам куйини чалиб,
Баджаҳл амакилар қўлида қолди.

Қурбонлар боласи, ҳали имкон борида
миллатга эга чиқинг,
Ҳаммаёқ чириб улгурмасидан
Шоирликнинг сирли оғушида маст бўлинг.

Бир соатдан кейин «ўчиб» қолишди. Улар тебраниб турган рестораннинг бир бурчагида ўтириб, иккинчи бутилкани ҳам тугатиб бўлгач, дўстлари Гладиолус Подгурский айтганидек «оилавий ва шахсий ҳаёт» ҳақида гаплашишди.

— Қани, жононинг ҳақида гапир-чи, — деди Ваксон. — У интим муносабатларда қанақа ўзи?

— У ўз назокати билан муқаддас ва муқаддаслиги билан назокатли, — жавоб берди Кукуш. — Соддалиги билан улуғвор ҳамда улуғворлиги билан соддадир.

— Ажойиб таъриф!, — бошини ирғади Ваксон. — Уни шундай кўришинг қандай яхши.

— Энди сен ўзингники ҳақида гапириб бер, — илтифот билан деди Кукуш.

— Ким ҳақида гапирай?

— Жононинг ҳақида-да.

— Нега энди мен у ҳақда гапиришим керак?

— Ахир мен сенга ўзимники ҳақида сўзлаб бердим-ку.

— Сеникини танийман, сен эса меникини танимайсан.

— Шунинг учун ҳам у ҳақда тўртта сўзда нимадир дегин.

— Тўртта сўздами?

— Ҳа.

— Суюкли разилим, бадҳазм маҳбубам.

— Ёмонмас, пиёниста, ахир уни яхши биламан-ку.

Бу орада гавжум вагонда уларни бир-бирига жуда ўхшаш икки йигит диққат билан кузатиб борарди: уларнинг сочлари узун, бакенбардлари ҳурпайган, мўйловлари ўсиқ эди. Йигитлар уларга официантдан қуйидаги ёзуви бор кичкина хат билан учинчи бутилкани бериб юборишди: «Бизнинг столимиздан — сизнинг столингизга. Федор ва Сергей Борисовлардан, истеъдодингиз мухлислари». Яхшиямки, бутилка уларгача етиб бормади. Коньяк қурилиш отряди кийимидаги фариштанамо бир йигитчанинг қўлига тушди. Коньякни чўнтакка ураркан, бор овозида қуйидаги сўзларни айтди: «Бакенбардли мана шу икки йигитни жаҳаннамга улоқтириш даркор. Ахир қалбаки леопардлар антилопаларга муносиб эмаслар!» Ва шу заҳотиёқ тутунли ҳавода ғойиб бўлди.

Москвада уларни жононлари кутиб олишди. Ёришиб келаётган осмон остида тамаки чекишганича, гаплашиб ўтиришибди. Жентельменлари поезддан тушишаркан, иккаласи ҳам хандон отиб кулишди: «сенга айтмаганмидим? Боришади-ю — келишади!»

Қора-сариқ «Волга» Садовое кольцо томон юрди. Рулда Ралисса эди. Улардан ўн метр орқада бутунлай қоп-қора «Волга»да икки, бир-бирига қуйиб қуйгандек ўхшаш ёш йигитлар энди мўйлов ва бакенбардларсиз. «Вой ярамаслар-ей, яна изимизга тушишди-я», — деди қиз йигитига. Орқа ўриндиқда эса Кукуш маҳбубаси билан ўтирарди. Улар бир-бирига маҳлиё бўлишганидан, ҳеч нимани кўришмас, ҳеч кимни эшитишмас эди. Энтикиб шеър ўқишарди.