Ўрта олам

 
Гулхан ёқиб ўтни озиқлантирдим,
Минглаб қон томчисин томиздим унга,
Олтин, ўз қоним-ла секинлатилган,
Ҳақиқий — ёнувчан ва кўзи очиқ.
Қувонди, қийқирди, отилди олов,
Олов тиллар ила ўкраб юборди,
Учқун ила отди қора зулматни,
Юлдузларга томон сапчиди улар.
Осмонга ўрлади тутунли устун,
Учқун пўстли илон каби тебраниб
Қулоғига кирди устки оламнинг.

Юлдузлар чарсиллаб шовқин солдилар,
Бурала-бурала тезлашиб кетди
Жингалак соф зангор тасмаси янглиғ
Ғаройиб электр шуълаларининг.
   Шимол ёғдуси.

Ўт атрофидаги ол кедр-арча,
Мустаҳкам, тик-қийшиқ таналар, яна
Музлаб қолган мудроқ новдалар ҳамда
Қорли буталарнинг уйғоқ шохлари —
Ҳаммасига илиб чиқдим туморлар.
Чизилган бурчаклар жаранглаб кетди,
Иссиқ илдиз инди улар остига,
Ғимирлар қортепа инда айиқдай,
Ернинг қони эриб, очилди, мана,
эриган қор билан уйғонди тузи,
Қулоғига кирди пастки оламнинг.

Сезгир туморчалар — моржнинг сўнгаги,
қушнинг тирноғидан — кетди тебраниб,
уларда чақнади афсун, соф зангор
ёруғлиги билан кетди товланиб
   Шимол ёғдусининг.

Сакраб туриб чалдим доирамни мен,
Пирпираган ўтдай рақсга тушдим:
Оқиб келинг минглаб муқаддас руҳлар,
Қочиб келинг минглаб муқаддас руҳлар,
Учиб келинг минглаб муқаддас руҳлар,
Кўмак беринг бугун кеса Айяга.

Минг йил асраб юрдим мен ушбу ерни,
Ерни ва ҳаммани — бунда яшаган,
чопган, ер ҳайдаган, ўйлаб, тин олган,
сузган, севган, учган, куйлаганларни.
Мен минг йил асрадим, асралган ердан
кўкариб чиққан ким, неки бор, барин.

Ўзанни тинчитдим, балиқ ташладим.
Ўрмонни безатдим, ҳайвон зичладим.
Ҳавони покладим, қушга тўлатдим.
Ерни чуқур қилиб, бойлик жойладим.
Чегарадан ўтган ёвни қақшатдим.
Бугун эса кучим бормоқда тугаб.

Вақт шамоллаб қолди, қийшайиб қолди.
Меҳрибон ер жисми буралиб қолди.
Очкўз ғазаб тутди ўрта оламни,
Нафас олиб бўлмас, хириллар дойрам.
Эслолмас ҳеч нени. Ейди бир-бирин.
Ўзганинг дардини ҳис этмас ҳеч ким.

Мени ғажиб еди, куйдирди бу дард.
Кўз ўрнида — андуҳ, муз қотган кўзёш.
Зах ернинг остидан, мангу музликдан
қайнаб чиқаётир, кўтарилар ғам,
Тоғлар бориб-келар тинмай уҳ тортиб,
Кўпик-ла қопланар бетоб денгизлар.

Жанговар ўртоқлар, қутқаринг ахир.
Ҳордим, кетолмайман сафдошларимни
кимга қолдираман? Бунда тириклар
яширинган. Шимол боқар йиртқичдай.
Мен деярли шаффоф тус олдим, дўстлар.
Шошилинг, укалар ва сингилларим.
Титраб шохлар, сузиб кетди қортепа,
Туморлар тўкилди нафис кул каби,
Тасма ўчиб, зангор нуқтага келди.
Бошқариши учун оламни ўзи —

Гулхан халқумига ёғди юлдузлар.
Оҳиста чекинди шиддатли олов,
Соялар йиғилди ўраб шомонни,
Чийиллади қора ҳаво буралиб:
Бошланди оламнинг эврилишлари.
   Ёруғликнинг юз ўгириши.