Пониш воқеаси

(романдан парча)

Ёзда кенглиги йигирма қадам чиқмас Пониш дарёси ҳозир қарама-қарши қирғоқдаги кўз илғамас арчазорларгача қулоч ёзибди. Бу йил баҳор анча кеч ҳамда сокин бошланди. Тоғ ёнбағирлари ва сойларда сув ҳапқириб оқар, оқим ўзи билан шох-шабба, майда муз парчалари, мох ва майсаларни, барг-пўстлоқларни, ўт-ўланларни оқизиб кетарди.
Дарахт пўстлоқлари жигарранг тус олган, сув юзасидаги лойқа кўпик оқим бўйлаб гирдоблар юзасида парчаланиб кетарди. Пониш худди қуйқа шаробдек чайқаларди.
Рюкзакларимиз уриниб кетган, сийрак қайинлар оралаб буюмларимиз сочилиб ётарди. Катталарга нарсаларни тартиб билан жойлашни тушунтираман. Қизил қутқарув нимчаларида маст-аласт у қирғоқдан бунисига лаш-лушларини судраб чайқалишарди.
Бир ярим соат деганда базўр йўлга тушамиз.
— Сол учун ходалар кесиш керак, — дея уқтираман.
Катталаримизнинг энсаси қотиб, тўпланган куйи чекишдан нарига ўтмасди. Беўхшов ҳуштак чалганча, болтани ўйнатаман. Оломон ғимирлаб қолди. Катталар хода кесиб келишни бир-бирига солишарди. Ноилож тўдадан Тютин эмаклаганча чиқиб, қўлимдан болтани олади, букчайганча минғирлаб қайинлар орасида кўздан йўқолди. Қолганлар жимгина тамаки тутатиб унинг қайтишини кутишарди. Жумладан мен ҳам. Тютин бир боғ ингичка қарағай қучоқлаганча қайтиб келди.
— Булар ходага ярамайди-ку, бизга бақувват ходалар керак.
— Ҳов, лақма, бор бақувватини олиб кел! — дўқ уради Градусов.
Аёллар овлоқ қирғоқ бўйига жойлашишди. Эркаклар ҳар ерда чўзилиб ётишарди. Мен эса тамаки тутатаман. Бечора Тютин бутазорлар орасида жонҳалак кийикдек мўлтираб турарди.
— Ўзинг биласан, — гап бошладим, — булардан ҳам сол ясаса бўлади, аммо огоҳлантириб қўяй, улар синиб кетиши мумкин.
Куйинганча сол ясашни тушунтира кетдим. Авваламбор гандолаларни қандай шиширшни ўргатдим. Кўрганларга бу иш осондек туюлди. Градусов, Демон ва Овечкинлар мен томон одимлашди. Градусов аввалига насос билан ҳаммани туртди. Нимаям дердим, бир Градусов дам уриб кўрсин-чи.
Сол рамкасини тўқишни кўрсатиб берарканман, атрофимга бекорчи хўжалар тўпланиб, беписанд разм солишарди. Текин томоша бўлди. Мен тўқийман. Улар томошабин. Мен ишлайман. Улар эса қоққан қозиқ. Ниҳоят сўз очаман:
— Инсон уч нарсани кузатишга ишқибоз: бири ёниб турган олов, яна бири тупуги ва бировнинг меҳнати.
Борман чуқур хўрсинганча, чўккалаб арқоннинг бир учидан тутади. Истар-истамай унга Чебыкин қўшилади. Кейин эса хомуш ҳолатда Овечкин. Демон ва Тютинлар ҳамон бутазорлар ичида ястаниб ётишарди.
Солни секин бўлса ҳам ясаяпмиз. Ингичка ходаларни намат билан боғлаб, тўртта сол ясадик ва уларни икки қатор қилиб жойладик. Солларни сувга туширарканмиз, уни сув юзида қалқиб туришига маҳлиё бўламиз.
— Қойил-ей, — гап қотади Чебыкин.
— Қишлоғимиздаги бир бола ҳам шиширилган қайиқда сузиб-сузиб, кейин чўкиб кетганди, — шивирлайди Тютин.
Орага жимлик чўкади.
— Сўйлоқ тиш бўлмай кет-ей, — ниҳоят тилга киради Градусов ҳам.
— Қани, унда жойни эгалласин-чи, — дея таклиф қиламан. — Солнинг ўнг четини менга қолдиринг. Илло бу қисм — бошлиқлар учун мўлжалланган бўлса-да, отахонлар у ер лақмаларнинг жойи деб билишар, аслзодалар эса одатда доим олди қаторларда бўлишган. Градусов гондолага қоқилиб, юзтубан йиқилди, сўнг қолганларга қайрилиб, ҳаммани сўка кетди. Чебыкин ва Овечкинлар уни тортиб олишга ҳаракат қилишади. Градусов ўрнидан қўзғаламан деб бир ножўя ҳаракат билан кўмакка жонҳалак Тютиннинг нақд кекирдагига оёғи тегиб кетди. Тютин ҳушсиз ерга қулайди. Чебыкин ва Овечкин Градусовни четга тортишаётган бир паллада, Борман эпчиллик билан гандоланинг чап томонини боғич билан боғлайди. Туллак Демон лаш-лушларини Борманга юклаб қўяди. Тўртовлон базўр Градусовни оёққа қўйишади. Чебыкин бир сакраб солнинг олдига ўтди, ортидан Овечкин жой олади. Градусов Борман ва Демоннинг қўлидан отилиб чиқиб, солнинг мустаҳкам боғланган қисмидаги Чебыкин рюкзагига маҳкам ёпишиб олди. Қолганлар уни қўлидан тутиб, тинчгина четдан Географ ёнида кайфингни сурсанг-чи, дея уқтиришди. Градусов нафрат билан Чебыкиннинг рюкзагига тупуриб, четга ўтади.
Аёлларни — Люськани Градусов олдига, Машани эса ёнимга оламан. Ҳушига келган Тютинга солнинг марказий — ўнг ёки сўлидангина жой қолганди.
Тютин эшкакни олди-да, солнинг қия томонига ўтиб, қайси қўлда бошқариш ўнг эканини билиш мақсадида, уни ҳар икки қўлида силтаб кўрди. Унга чап қўлида эшкак эшиш маъқул келди. Рюкзагини гондоланинг чап томонига маҳкамлади. Градусов қаршисида Жертванинг башарасини кўрадиган бўлса, уни боплаб таъзирини беришини айтиб таҳдид қилди. Ҳафсаласи пир Тютин бошини эгганича солнинг ўнг тарафига ўтиб олди. Ва ниҳоят машмашага чек қўйилди.
— Энди, — дедим мен, — тушлик учун ўтин олиб келиш керак.
Катталар бир оғиз сўз айтмасдан ғазаб билан қайинлар тагида тамакиларини тутатганча ўтиришарди.
— Йигитлар..— ўтинганнамо сўради Люська.— Анови Борманга ўхшаб кетяпсизлар...
— Ҳов мени айтмаяпсанми?! — тишини қайрайди Бармин. — Қачон қарама Борман! Борман!.. Топволганларинг менми? Ана Демон борсин!
— Мен боролмайман. Қўлимни кесиб олдим. Мана, ишонмасаларинг кўринглар.
— Сен нимага шаъмага қиляпсан! — бақиради Градусов. — Тошингни тер! Мен ҳам оёғимни қайириб олганман! Шунга нима қипти энди?
— Оёқларингни қайиргансан — қўлларингни эмас, оёқларинг билан ўтин кесмайман-ку.
Жанжал авжига чиқади. Бақир-чақир қилиб, ёввойилардек кўкракларига муштлашади, бир-бирларига болта ўқталиб, енгил жароҳатлар етказишади. Тютин эса ўзини бутазорга урди.
— Виктор Сергеевич, — ҳорғин оҳангда гап бошлайди Маша. — Кўриб турибсиз-ку, булардан бир иш чиқмайди... Эҳтимол, шунчаки тамадди қилиб олармиз?
— Ҳамма нарсани еб тугатди-ку бу махлуқлар, — дейман.
— Менинг заҳирам эса ҳали бой, — дейди Люська бирданига.
— Иккинчидан, — гапимда давом этаман, — қизлар, сабр қилинглар. Сабрли бўлишимиз шарт. Учинчидан, юринглар ўрмонга кириб, Люськанинг пирогини учовлон паққос туширамиз.
— Фақат учовимизнинг қорнимиз тўйиши инсофдан эмас, — гапида туриб олади Маша. — Ҳаммага тенг бўлишимиз керак
— Маша, — Айни дамда муҳокамага эмас, ишончга муҳтожман. Тез орада ҳақлигимга амин бўласан. Ҳафсаласи пир бўлган Маша ортиқ чурқ этмади.
— Маша сизга ишонади, бир ўзини кўрсатгиси келди-да, — кулди Люська.
— Жим бўл, аҳмоқ, — қизариб кетди Маша.
Учаламиз ўрмонда Люськанинг бутербродлари, вафли ва қарсилдоқ картошкаларини еб олдик. Ярим соат ўтиб қайтарканмиз, катталар қирғоқда ястаниб ётарди.
— Мана ўтин... — дея менга таъна қилганча Градусов этигининг учи билан қайиндан кесилган шох-шаббага ишора қилади.
Шохни бир четидан тутиб, уни этик пошнаси билан букаман.
— Бу ўтинмас, нам новда. Қолаверса озгина. Гулхан учун айри ёғочлар қани? Тутгич-чи? Қайнатишга сув ҳам йўқ. Олов ёқилмаган. Катталар ер чизиб туришарди.
— Хуллас гап бундай, — мақсадга кўчаман. — Тунашга жой ахтариш учун ҳозирнинг ўзидаёқ йўлга чиқиш керак. Нонушта ва тушликни кечки овқат билан бирга еймиз.
Ва ниҳоят солда сузиб кетдик. Шу хабарни айтишга қанчалар муштоқ бўлганимни билганингизда эди: Биз сузяпмиз. Бутун вужудим билан тоза ҳавони ҳис эта бошладим. Шафақ дарёсида эшкак эшарканмиз, сув юзида ҳосил бўлган тасвир қадимий нақшларни эслатади. Йил давомида қалбимни ўртаган ҳовурим босила бошлади. Анчадан бери кўнглимда бунақа завқни туймаган эдим.
Катталар очликни ҳам, чарчоқни ҳам унутишди. Улар ҳақиқий тайгада, росмана дарёда чиндан сузиб кетаётганларидан эсанкираб қолишган эди. Ишқибозлардек эшкакларни турли томонга эшишар, қувончдан завқланиб қаҳ-қаҳ отиб кулишарди.
— Қандай маза!.. — завқланганча қичқиради Чебыкин.
Ўнг-у сўлини зулмат қорақарағайзор маҳв этган зумрад Пониш дарёси — бағрида шафақ тусини акс этганча мавжланади. Дарё ҳапқирар, бутазор исёни атрофни жунбушга солади. Гўё қарағай ва ўртамизда атиги эшкак етгулик жой бор эди. Қош қорайиб, само яна ҳам қуюқ тус олди, кўкдаги булут ўзига мисли сузгичлар ясаб, балиқдек товланади. Фалак тандирида қизарган қуёш сув жилвасида бизга боқади. Улар гўё ҳапқирган уммон бағрида ожиз кимсалардек қўлбола солда қалқишади. Бу ҳис нафаслар бўғизга тиқилган, бу худди илк муҳаббат, эҳтиросли шеър каби.
— Географ, ҳов олдимиздаги нима? — сўрайди Борман. — Ибодатхонами?
— Пермдаги черков шекилли, — иккиланди Тютин.
— Сузаверайлик-чи — кўрамиз! — дейман мен.
— Жин урсин, қоялар-ку!.. — қичқиради Чебыкин.
Қаршимиздаги қояларни айланиб ўтамиз. Қарағайзор бирдан чекиниб, ўркачли аждар каби узоқларда қолиб кетади. Чебыкин қўрқувдан ва ё ҳайратданми узоқ ҳуштак чалади. Унинг ҳуштаги худди бомба чийиллашига ўхшарди. Қолганлар эшкак эшишдан тўхтаб, тош қояларга ҳайратланганча қараб туришарди.
Пониш дарёси бағридан катта қоя — сўл томонда уч, ўнгида тўрт ўркачли икки қия қоя бўртиб турибди. Қоялар бағрида хаёлий бурмалар кўкка интилиб, Шайтон панжаси номли ваҳмкор қалъа ҳосил қилади. Улар гўё етти найза — етти оғайни, Етти кимса қояси. Қарағай шох-шаббасин бағрида тутган Етти оғайни.
Пониш бизни қоя остига улоқтирмоқчи бўлади. Ҳамма бошини эгади. Қоя уюмлари. Азалий ёриқлар. Қоялар дарёнинг шижоатига дош беролмай дарз терган. Ёриқлар баҳор тошқинидан қолган сув ва қўнғир замбуруғлар билан қопланган. Дарахтлардан шохлари, шағал тошлар, қуриган шох-шаббалари дарадан пастга отилади. Ақлбовар қилмас баландликда эса қарағай тожлари шафақ рангида товланади.
Эшкакни қалтираганча тутган Борман беихтиёр қичқириб юборди. Нигоҳларимни чўққидан узиб, дарёга боқаман. Сочларим юзимни тўсади. Қоялар қўйнида ҳапқираётган Пониш тош плиталарга урилиб, думалоқ ошади.
Зумрад дарё плиталар узра хиром айлаб, кўпик бағрига отилиб, атрофга сув сочади. Кучли оқим катамаранни ўз домига торта бошлади. Сал қолса ағдарилаёздик.
— Чап томон, эшкакни эшинг! — қичқирдим.
— Орқага эшинг! — бақиради Борман.
— Чеба, ярамас, ҳали таъзирингни ейсан! — қичқирди Градусов.
— Орқага! — чийиллайди Чебыкин.
— Бурмайсанми! — айюҳаннос солади Овечкин.
— Вой дод!.. — фарёд кўтаради Тютин.
Бутун вужудим билан танамни ортга ташлаб, оёқларимни сол четига тираганча, ортга эшкак эшаман. Эшкакка зўр келиб, ғичирлар, ҳар ердан дарё сўлиғи тошарди. Катамаран бир силтаниб, тумшуғи ғов томон бурилди. Наздимда, ортимдаги боғичлар узила бошлади. Шафақ акс этган дарё бизни шаршара томон суриб кетади.
Шаршара кўпиги аввалига Бормана ва Чебыкинни, кейин Демон ва Овечкин ютиб юборди. Катамаран парчалангандаги инграши шаршара шовқинини ҳам ёриб ўтди. Катталар бирин-кетин сув юзига қалқиб чиқа бошлади, Тютиндан қочган кўпиклар Маша ва Люськанинг тиззасига ёпишади. Сув остидан отилиб чиққан катамаран мен ва Градусовнинг оёқларимизга урилди.
Тютинни сол парчасига тирмашаётганига кўзим тушди. Унинг чурқ этишга мажоли етмасди. Қўрқувдан кўзлари чақчайган, лаблари маҳкам сиқиқ эди. Икки гондол тўқнашиб, Тютин остидаги каркас парчаланиб кетди. Катамаран иккига бўлиниб кетганди.
— Жертвани тутинглар!.. — биринчи бўлиб қичқиради Градусов.
Худди Иван Коровийнинг ўғлини ердан тортиб олишганидек Маша, Люська ва Овечкинлар бир бўлиб каркас орасидаги Тютинга ёпишишади. Тютин иккита катамаранни маҳкам қучоқлаб турарди. У кўкрагигача сувга ботиб, эшик табақаларини боғлаб турган қулфга ўхшарди.
— Ҳамма қирғоққа! — буюраман.
<...>
Етти кимса чўққиси қарағайлар билан қопланган ясси тоғ эди. Ясси тоғ Етти оғайни қоясигача ёйилган. Бўртиб чиққан қоялар орасида ўт қоплаган мох босган эгри ёриқ лабиринтлар бор эди.
Қоя четга тирмашдик. Жарликда ваҳмкор бўшлиқ. Қаршимизда то уфқ чегарасигача тайга ястаниб ётибди. Тайга узра оҳиста туман кўтарилади. У ерда на қоя, дарё ва на тураргоҳ бор, ёлғиз туман ҳукмрон.
— Буни гўзаллигини қара!.. — ҳайратда атрофга аланглайди Чебыкин.
Кўз олдимизда Шайтон панжаси яққол намоён бўлади. Наздимда, у жониворлар қолдиқларидан яралган Пермь шаҳри асори-атиқасидек эди. Қоя капчар илондек кишини ўзига сеҳрлаб қўяди. Осилган тош қовоқларига қарамай, унинг сирли нигоҳларини ҳис этаман.
— Вуй, нигоҳларини-чи... — эти жунжикиб кетади Люськанинг.
Катталар тош устунлар ёнидан тезроқ ўтиб кетишга ҳаракат қилишади.
— Географ, бу гўзалликка инсон аралашуви мумкинмикан? — сўрайди ­Чеба.
— Албатта, — фақат инсон эканлигингизни унутманг...
Чебыкин ғорлардан бирида ғойиб бўлди. Қолганларнинг қадами негадир секинлашди. Куитлмаганда Чебыкин Етти оғайни қиррасида пайдо бўлади.
— Ҳой, бу ёққа келинглар!.. — қўл силтаганча қичқиради у.
— У ердан дарҳол туш!.. — таҳликада жўр бўлиб қичқиришади Маша ва Люська.
Чебыкин қаҳ-қаҳ отиб юқорига тирмашади, у гоҳ кўздан ғойиб бўлар, гоҳ чумолидек чўққига тирмашганча вайроналар ичра яна пайдо бўларди. Кўкрагимгача музлаган танамда дамим ичимда уни кузатаман. Қолганлар ҳам қўлларини мушт қилганча, асаблари таранг ҳолда туришарди. Люська қўрқувдан қўллари билан юзини тўсиб олган. Ўзимни тинчлантирай, дея қалтираганча тамаки тутатаман. Чебыкин қоянинг энг баланд тўмтоқ қисмига чиқиб олди. Юқорига чиқиб олган Чебыкин бош кийими ва кетини ликиллатиб бизни мазах қиларди.
— Ўлдим деявер, Чебе, — тишини қайратади Градусов.
— Бу ерда ғор бор экан!.. — Чебыкиннинг қичқириғи бизгача етиб келади.
Ортга тез ва осонгина қайтиб йўлнинг ярмида ғорга борадиган яқин йўл томон бурилди.
Қани биз ҳам ҳов анови ғорга борамиз, — йўл бошладим катталарга. Мох босган, зах, совуқ ва қоронғи ғорга кирамиз. Ғор ўнқир-чўнқир ва тик тепалик эди. Нам тошларга тирмашаётган катталар мох тикани ва шиллиқ дарахт пўстлоқларида тойишади. Баъзи жойларда пастқам қояларга сакрашга тўғри келди. Қолганлар эса ортимизда аёлларга кўз-қулоқ бўлиб туришибди. Маша менга бугун негадир бефарқ.
Ҳаммадан ортда бу ҳақда ўйлаб бош қотираман. Кечаги ишлардан ҳечам афсусланмайман, Машанинг бепарволиги-ю, нафрати мени ортиқ ташвишга солмайди. Унга бўлган ҳисларимга нуқта қўйдим. Қалбимга кўмилган бу туйғудан заррача из қолди. Тепадаги Чебыкин пастга қарайди.
— Бу ёққа кел, эшшак! — ғазаб билан бақиради Градусов.
— Олдин етиб ол! — мазах қилди Чебыкин ва зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
Ва ниҳоят яланғоч тепаликка чиқиб олдик. У ерда учбурчак ғор бор эди. Катталар ғор оғзига бориб, ичкарига разм солишади.
— У ерда жарлик бор экан, — деди Овечкин.
— Унда Чебыкин буни қандай уддалади экан? — ҳайратланади Люська.
Ғор ичидан: Ҳу-ҳу-ҳу-ҳу! деган кулгили товуш жаранглайди.
— Оҳо, — пичинг қилди Борман. — Ҳамма ҳам макака бўлсин экан-да.
— Қишлоғимизда битта бола шунақа тепаликка чиқиб, пастга қулаб ўлган, — дейди Тютин.
— Қишлоғингда бирорта тирик бола қолганми ўзи? — Машанинг энсаси қотади.
— Чебанинг қаерга чиқиб борганини биласизларми? — уларни қизиқтираман. — Қадимда бу ғор...
— ...бадрафхона бўлган! — минғирлайди Градусов бир нималарни кавшаб.
— ...ибодатхона, турган еримизда эса бут-санамлар бўлган.
— Қанақасига? — ҳайрон бўлади Люська. — Бу атрофда одамлар яшаганми?
— Бу ерларда инсонлар хотиридан ўчган буюк тамаддун вакиллари яшашган. Уларнинг қалъалари, сув қувурлари, бутхоналари бор эди. Улар корчалон, коҳин, мунажжим ва шоирлар эди. Уруш ва суронли даврларда шаҳарларни маҳв этиб, жасорат ила шу қоялар бағрида сўнгги нафасларигача курашишган. Э, бу қоялар неларни кўрмаган.
Катталар ҳикоямни жон қулоғи билан тингларди. Бунақасини мактабда ҳам кўрмагандим. Юз-кўзларидан қанчалар таъсирланаётганликлари аён эди. Улар Шайтон панжа қояси қаршисида мен каби тушуниб бўлмас ҳолга тушишди. Оёқлари остида замин гўё тилга киргандек. Бу ер тириклик мозоригина эмас, қонли ва шонли маскан ҳамдир. Ўтмиш ҳисси кўкдан худди Чернобил радиацияси каби танимизга чақиндек уради. Тайга ва қоялар бизга ортиқ бегона эмас, ўтмишдаги қишлоқ ва асирлар зиндонини бағрида сақлаган макон. Тайга ва қоялар энди тириклик учун баридан афзал ерга айланди.
— Географ, биз ҳам эшитайлик!.. — гапни бўлди Чебыкин.
— Ёнимизга тушсанг бўлармиди?! — қичқиради Борман.
— Мени дўппослашингиз учунми?.. Географ, яхшиси баландроқ гапира қол!..
— Археологлар узоқ қазишма ишларини олиб боришган, — ушбу Етти оғайни қояси ҳақида билган ва ўқиганларимни сўзлай кетдим, — бу ердан кўплаб қурбон қилинган жониворлар ҳамда турли камон ўқлари қолдиқлари топишган...
— Сон суягингни йўқотиб қўймовмидинг мабодо, Жертва? — Градусов Тютиннинг биқинига туртиб.
— Буни қаранглар! Бир нима топдим! — Чебыкиннинг ҳаяжонли овози эшитилади ғор ичидан. — Найза учини топдим!..
Катталар ғор оғзи томон чопишади.
— Пастга туш, ярамас! — бақирди Градусов. — Эр сўзим! Ҳеч ким сенга тегмайди!
Бироз вақт ўтиб, Чебыкин ёнимизга тушади ва қўлимга қадимий тош бўлагини тутқазади. Катталар диққат билан тошга разм солиб, бу тош бўлагига эҳтиёткорлик билан тегиб кўришади. У — синган тош парчасига ўхшарди.
— Нима бу? Камон ўқими? Ёки найза? — яшнаб кетди Чебыкин.
— Бу мамонтнинг тош қотган ахлати, — дедим мен.
Катталар кулиб юборишди. Чебыкин хижолатда тошни чўнтагига солади.
— Сизлар учун эҳтимол шундайдир... — шубҳада ғулдирайди у.
Ортга, дара томон йўл олдик. Ҳаммадан ортда бораман. Йигитлар олди қаторда гап билан бўлиб аёлларни унутиб қўйишди. Машани ёнимга тортганимни биламан, бир хўмрайиб, ҳаддимни билдириб қўйди.
— Кераги йўқ! — ғазабланади у, қўшимчасига: — Бармоғингизнинг учи ҳам тегишини истамайман! — дея қўшиб қўяди.
Тушликдан сўнг жўнашга тараддуд кўрамиз. Борман маслаҳатларимга қулоқ осаркан, Маша бефарқлик қилиб, менга бўлган ҳисларини кўрсатиб қўяди. Гўё мен унинг учун йўқдекман. Аммо кўнглим хотиржам, сабаби — Маша — меники. Аммо нима қилишга бошим қотган. Ахир нима қилай, тақдиримда унга жой йўқ. Бундан эса қалбим изтиробда. Уни севганим боис, қанчалик оғир бўлмасин, мен билан бу саёҳатга чиққанидан хурсандман. Сафар бу — тақдир синови. Палатка олдида рюкзагимни жойларканман, беихтиёр Машанинг Овечкин билан суҳбатини эшитиб қоламан. Улар палаткада ёлғиз эдилар, назарларида, палатканинг юпқа девори суҳбатларини барчадан сир тутадигандек эди.
— Бугун негадир ғалатисан... — оҳиста сўради Овечкин.
— Ҳаммаси жойида, — қатъий жавоб беради Маша. — Қўлингни торт.
— Географни дебми?
— Сенга нима.
— Мен нима қилай? — сўрайди Овечкин бироз сукутдан сўнг.
— Ўзинг биласан.
Овечкинга раҳмим келди. Машанинг феъли ҳам ўзига яраша. Люська ҳам бир даҳмаза. Етти оғайни қоясидан тушаётганимизда, қоқилиб, кейин мени кўтарволинглар, дея пиқиллади.
— Бўпти, кел, кўтарволаман, — дея рози бўлди Борман.
У Люськани елкасига опичлаб, букчайганича лагергача кўтариб келди. Яхшиям манзилгача икки юз қадам эди.
— Градусов, бугун сен навбатчисан, — эслатади Борман туш пайти.
— Бор қозонларни чай, — ияги билан ишора қилди Люська ёнидаги Борманга.
— Нега менга ёпишиб олдингиз? — норози бўлади Градусов. — географга ҳам буюрсангиз бўлармиди!
— Ухлаб ётганингда сен учун нонуштада навбатчилик қилган.
— Шунга мен айбдорманми? Уйғотиш керак эди! Нега Борман бизга бошлиқ бўлиб олди? Ўзи уни ҳечам хушламасдим.
— Уни кўпчилик тайинлаган, демак у энди — бошлиқ!
— Унда идишларни ҳам ўшалар ювсин!.. Хўп, у бошлиқ бўлса сен нимага менга буйруқ беряпсан? Жуда бўлмаётган бўлса, ана бориб Борманингга буйруқ бер, менгамас, тушунтиролдимми, Митрофанова?
— Нега энди менинг Борманим экан? — довдиради Люська.
— Ахир сени бир қоп тезакдек елкасига ортиб олган-ку...
— Майли, уни севиб қолдим ҳам дейлик! — жаҳл қилди Люська. — Сен бурни носқовоқдек, сариқ машакка алам қиляптими!
— Ўлибманми! — жеркиб берди Градусов идишларни оларкан. — Севса севавермайдими, менга нима, кетса бир қоп тезак кетар!
Люська атрофидаги машмашадан Демон ташвишга тушади. У ҳам бу машмашага аралашарди-ку, бироқ уни ҳеч ким пайқамайди ҳам. Шунда тебса-тебранмас Демон дарғазаб бўлиб, ўзича қаҳрамонлик кўрсатмоқчи бўлди. Тушдан сўнг у Люськага унинг рюкзагини катамаранга боғлаб келганини айтди.
— Вой, раҳмат... — тил учида миннатдорчилик билдирган Люська шу заҳотиёқ: — Ҳой, Борман, нега Градусов заҳарини сочяпти?..
Градусов негадир тўнини тескари кийиб, ҳаммага заҳрини сочар, нарсаларни дуч келган томонга итқитарди. Маълум бўлишича, биргина у йўл ҳозирлигини кўрмаган. Атрофда ивирсиб, тинмай бақирарди:
— Борман, рюкзагим қани? Тайёр қилиб қўйгандим-ку!
— Ана-ку рюкзагинг, — хотиржам тарзда боши билан бутазор томонга имлайди Борман.
Градусов рюкзакни титаркан, жирканганча уни улоқтиради.
— Бу исқирт рюкзак меникимас!
— Меники... — секин шивирлайди Люська.
Демон қўрқа-писа тиржайиб, елкасини қисади. Айбни бир-биримизга ағдарганча, сузиб кетамиз.
Понишнинг лойқа, жиловсиз суви яна бизни бағрига олди. Сув четидаги қарағайзор бизга яна ҳамроҳ бўлади. Тайга узра бетартиб булутлар пастлаб ўтади. Оловранг мовий сув юзасида гирдоблар айланади. Қуёш нури тушиб турган узоқ-узоқлардаги дўнгликларда ўрмон зумрад тошдек товланарди. Тоғ ёнбағирини босган ўрмондан қоялар оқариб бўй чўзади. Сув шаштига дош беролмаган мустаҳкам тошлар ўринларидан қўзғалиб дарёга қулайди. Дарё бизни қирғоқ бўйлаб олиб кетаркан, само ва заминни ажратиб турган чизиқ гоҳ қарағай учларида тўлғанар, гоҳ тоғ томондан гўё она замин нафасидек майин шаббода еларди.
Қош қорайгач, йўлимизда аёзга дош беролмай қулаган дарахтларга дуч келамиз. Дарё четига қулаган бу хавфли тўсиқлар гондолимизни ёриши ҳеч гап эмас, дея хавотирга тушаман. Қаршимда синиб учга бўлинган қарағай дарё узра оғганига кўзим тушди. Енгил шамол ҳам уни ўрнидан қўзғатиб, йўлимизга ғов қилиши мумкин. Катамаранда сапчиб ўрнимдан турдим-да, олдинга қарадим. Қаршимизда дарёга қулаган бир нечта қарағайларга кўзим тушди.
Ишлар чатоқ. Қулаган қарағайлар остидан дарахтлар мозорига кириб борамиз.
Катамаран бир тўсиқни четлаб ўтса, бошқасига тутиларди. Борман хотиржам аниқ кўрсатмалар берарди. Учинчи ғовни четлаб ўтишнинг имкони бўлмади. Градусов жон-жаҳди билан қарағай шохлари билан олишар, бечоранинг юзи бўзариб, сочлари патала, танаси жароҳат олди.
— Ҳов ярамас! — Борманга бақиради у. — Бизни қаерга бошлаяпсан!
Қаршимизда бизни яна бир қулаган арча кутиб турарди.
— Ҳамма ётсин! — қичқираман мен.
Экипаж аъзолари худди мусулмонлар саждага бош қўйгандек юзларини ерга қаратиб ётишди. Арча остидан сузиб ўтарканмиз, унинг шохлари танамизни шилиб, буюмларимиз ўралган чодирни ҳам йиртиб юборди. Қуриган дарахт шохлари қулоғимиз остида ғичирлайди. Пониш бизни бошқа тарафга итқитиб юборди.
— Вой-дод! — қичқиради Чебыкин баттар ваҳима қилиб.
Энди қулаган қайинга дуч келамиз.
— Уни эшкаклар билан суриб ташланглар! — дея бақираман.
Оқимнинг кучидан эшкакларни базўр тутиб турардик. Дарахтнинг синган шохларини янчиб ўтарканмиз, қайиқ рамасига тирмашиб, тўқнашув зарбига оёғим билан қарши тураман. Бизни ағдариб юбормаслиги учун синган дарахт шохини бор кучим билан итараман. Дарахт сувга бир чуқур кириб, бизни қалқитиб юборди. Пониш иродамизни бука олмаётганидан ғазабда эди гўё. Шох-шаббалар энди чап томондан ҳужумга ўтади. Чап томондаги ғовларни ҳатлаб ўтиб, ўнг тарафга қочсак-да, оқим бизни ҳалокатли қайин домига тортади.
— Тютин, Маша, дарҳол чап бортга ўтинглар! — дея буюраман. — Ҳамма қутқарув нимчасини кийсин! Овечкин, солни дарахтдан ажрат!
Овечкин қўлда болтаси билан чаққон ҳаракат қилиб ёғочга миниб олади-да, шиддат билан шох-шаббаларга ҳужум қила кетади.
— Овечкин, қўй уларни!.. — қичқираман.
Овечкин чурқ этмас, юзи докадек оқариб, манглайида томирлар бўртарди. Ҳар болта зарбида юзимга ёғоч парчалари сапчийди. Катамаранни сув қаърига тортмоқчи бўлган дарахт қулоқларни жумбушга келтириб, фарёд солганча дарз кетади. Градусов ва менга сув фавворадек сачрайди. Катамаран озодликка отилиб одимлай бошлайди. Сал қолса, Овечкин ўзи маҳв этган дарахт поясида қолиб кетарди. У худди кўршапалакдек ўзини катамаранга отиб, нақд кўкраги билан сол биқинига тушди. Градусов билан уни сувдан тортиб оламиз. Пониш биздек эсини еган ва ҳурриятпарварларни узоқларга суриб кетарди.
— Ақлдан оздингми?! — қичқира кетди Градусов Овечкинга. — Ўзингни ёғоч Буратиноман деб ўйладингми?!
Маша Овечкинга қоп-қора кўзлари билан жиддий назар ташлайди.
— Ахир у бизни қутқарди-ку!.. — таъсирланиб кетди Люська.
— Қаршимизда яна тўсиқ! — қичқиради сал ўтмай Борман.
Бу сафар дарё ўзанини сершох, бесўнақай қарағай тўсиб турарди. Оқим дарахт поясидан ошиб ўтар, оқиб келган турли чиқиндилар шох-шаббалар бағрида хиром айларди. Бу ғовни қуруқликни айланиб ўтибгина маҳв этиш мумкин.
— Чапдагилар, эшкакка! — буюраман.
Буталар ичра ўтарканмиз, ҳамма бор кучи билан дарахт шохларига тирмашади, аммо катамаран ҳеч қўзғалмасди. Эшкак билан чуқурликни ўлчамоқчи бўламан.
— Нега лаллаясизлар? — жаҳл қиламан катталарга. — Кийимларни ечиб, итарсангиз-чи!
Борман жимгина этикларини еча бошлади.
— Биз ҳам ечинайликми? — юзланади Маша.
— Кўп вақиллама! — бўкиради Градусов. — Жойингда жимгина ўтирсанг-чи!
Свитерларда, яланг, этикларда сувга тушиб, сирпанганча сол каркасидан тутамиз. Муздек сув танамизни чақар, яланглик тизза бўйи эди.
— Қаерга суқиласан, ярамас? — қичқиради Градусов Тютинга. — Беш килоли рўдопода бизга кўмаклашоламан, деб ўйлаяпсанми?..
— Қани!.. — ишга тортаман ҳаммани. — Сурдик бўлмаса!..
Еттовлон нақд филдек оғир катамаранни қулаган қарағай четидан суриб ўтамиз. Илдизлар оралаб борарканмиз ўтлоқдаги қуриган шох-шабба оёқларимизни тирнар, Чебыкин ва Борманлар тойиб йиқилса-да, яна қайта оёққа туришарди.
— Қани Ермакнинг қадимий солини тортинглар-чи... — базўр инқилладим мен.
Ва ниҳоят қайиққа чиқиб олдик. Катталар шалаббо бўлган кийимлари устидан қуруқларини кийиб олишади. Совуқда бўзарган Градусов бақиради:
— Митрофанова! Менга ичимлик ва қуруқ кийимларимни узатиб юбор!
— Уларни қаердан топаман? — қўрқиб кетди Люська.
— Қаердан!.. тагингдаги рюкзагимдан!
Люська шошилиб Градусов рюкзагини очаркан, у ердан арқон, ғалтак, бутилка, шағам, қандайдир тушуниб бўлмас матоҳларни чиқариб қўрққанча уларни Машага узатади. Ва ниҳоят Градусовнинг қопдек иштони ва бир бутилка ароқ узатилди. Бутилка қопқоғини тишим билан очиб, қопқоғида ичаман ва қолганларга ҳам узатаман. Бундай аёзда ароқ мойдек ёқиб кетди.
— Олдинда муз парчалар, — ҳафсалани пир қилади Борман.
Бўйнимизни чўзганча олдинга қараймиз. Дарё бўйидаги арчага катта муз бўлаги ёпишиб олганди. Муз парчаси қуёш нурида ялтираркан, туман тарқаганини пайқадик. Ўнгу сўлда ўтиб бўлмас сувни тўсган қарағайзор. Тамом. Бари тугади. Ортиқ йўл йўқ.
— Энди нима бўлади? — капалаги учди Борманнинг.
— Тамом, — дейди Градусов. — Етиб келдик.
Тунаш учун қуруқлик ахтариб, бутун ялангликни кечамиз. Атрофда зулмат ва сукунат ҳукмрон. Пониша шовқини ўчади. Атрофимизни ўраб олган қарағайзор оралаб оҳиста сузиб борамиз. Олдинги йўлаклар сув остида қолган. Тиниқ сувда ғумбаклар қалқийди. Ўрмон бутун гўзаллигини намоён қилади. Оламни гўё сув босган. Узоқларда музлаган қарағай игна ва шохлари ортида ёрқин пушти шафақ жиловланади.