Дарёлар

(«Обиҳаёт» китобидан парчалар)

Сена

Бу дарёни бошқа дарёларга нисбатан кўпроқ кўрганман. Сенанинг қирғоқларида нақ ўн тўрт йил яшадим. Ёки салкам ўн тўрт йил. Нима бўлгандаям, унинг 11 йили Парижда ўтган. Шуниси қизиқки, мен ўзимни парижлик деб ҳисоблайман! (Москвада кўчгунимча ва қайтганимдан кейин ўтказган йилларим ҳам бундан камроқ.) Чинакам «parido» сифатида ўз «Paname»м билан фахрланардим; туб парижликлар («parido») шевада пойтахтни аср бошида содир бўлган Панама канали можароларига шаъма қилиб «Paname» деб аташади. Бу воқеаларга аср коррупцияси Фердинанд Лессепс аралашган, аниқроғи, парижликлар айтгандек, «доллар пул бирлигининг можароси Париждан чиққан».

Сена. Сен-Луи оролида, Анж соҳилида «Пимодон» («Лозен») отели жойлашган, XIX аср ўрталарида у ерда Шарль Бодлер яшаган (Теофиль Готье ҳам) ва гашишинлар клуби фаолият олиб борган. Йўқ, мен бекорга асарларимда Бодлернинг уйини эслайвермайман. Гап шундаки, Шарль Бодлер мен учун нафақат ҳозир биз яшаётган замонавий шаҳар эстетикаси асосчиси (унга қадар санъатда дворянлар: зироатчи мулкдорлар маданияти ҳукм сурарди). У яна янги дунё — шаҳарлар дунёсини кашф этган. Ҳаммасини у ўйлаб топган. У ва Бальзак.

Баъзан Сен-Луи оролида, Бодлерга яқинроқда қуёшда тобланишни истадим. Ўзим билан американча рюкзак олиб, унга чойшаб, бир-иккита французча китоб, кундалигим ва ижодхонам бўлган ёндафтаримни солардим. Баъзида бутерброд ва вино ҳам. Йўналишим Парижда ўтган умрим давомида ўзгармай қолган (1985-йилнинг олти ойидан ташқари), мен ўнг соҳилдаги учинчи аррондисманда*, яъни Марэда истиқомат қилардим. Учта турли манзилим бор эди: 54, Rue des Archives, Rue des Ecouffes (рақамини унутибман) ва 86, Rue de Turenne. Учовидан ҳам Сенага нари борса 5-7 дақиқалик йўл эди. «Аэ» эски француз тилида «ботқоқ» демакдир. Иккинчи мингйиллик бошларида, Нотр-Дам рўпарасидаги ўнг қирғоқ ўрнида улкан ботқоқлик бўлган. Одатда мен аввалига Сенани Луи-Филипп кўприги орқали кесиб ўтардим, кейин (Бодлернинг уйига қарай-қарай) мўжазгина Сен-Луи оролидан ўтиб, Сенанинг бошқа, оролни ўраб оқувчи тармоғидан чиқардим. У ерда Сен-Луини Ситэ ороли билан боғловчи кичик кўприк бор. Мен унинг чапроғига, тошлар билан қопланган соҳилга тушиб ўтирдим. Шу қоятошлар Париж баррикадасини қуришда ишлатилган. Бу сассиқ тошлар орасида менинг севимли жойим бор эди — занглаган кема халқаларидан бири. Унга чойшабимни ёзиб, зайтунранг аскарча шалваримни ечдим. (Уларнинг бир неча жуфтини Калифорниядан, армиядан second-hand олиб келганман.) Шимим, ботинкам ва майкамни тахлаб, ёстиқ қилдим ва қуёшда теримни қизартирганча ястаниб ётдим. Бирин-кетин бу пляжнинг доимий меҳмонлари келишди. Биз ҳаммамиз бир-биримизни танирдик, саломлашардик, лекин гаплашмасликка ҳаракат қилардик. Ёнгинамизда Нотр-Дам-де-Пари собори бизга орқа ўгирганча кўкка бўй чўзиб турарди. Орқадан у ҳозиргина қўнган фазо кемасини ёдга соларди. Соборнинг бир қисми печакли камуфляж билан ўралган эди. Шу ерда Сена яна бўлинарди ва яқинимиздаги ирмоғи қум, тош ва кўмир билан қопланган баржалар орқали Конкорд майдони ва Александр III кўприги томонга, у ердан Трокадеро ва Эйфель минораси тарафга қараб оқарди. Узоқроқдаги ирмоқ ҳам шундай баржаларни айланиб ўтиб, қарама-қарши томонга, Ботаника боғи ва Аустерлин вокзали яқинига ўтиб кетарди. Сена кунларнинг исиганда бундай очиқ пляжларга тез тўлади. Айниқса, шаҳар маркази, Лувр ва Тюильри боғи атрофидаги ороллар. Шаҳарнинг барча, кўп сонли аҳолиси Боқий дарё бўйига сочилганди. Биринчи мингйилликнинг охири-иккинчи мингйиллик бошларида Сена ўз сувларида норманн жангчиларининг кемаларини кўрди. Немислар Парижга ҳужумлар уюштиришди. Лекин, албатта, улар биздан кам эди.

Сена бўйларида кўплаб ажиб, саробдек туюладиган бахтли онларни бошдан кечирганман. Қуёш ва шаҳар ифлосланишидан зарарланган теримни қашидим. Вино мени ним жинни — америкаликлар тили билан айтганда «groggy» ҳолга келтирганди. Париж қизлари атрофда topless**, оппоқ сийналарини осмонга қаратиб ётишарди, юқоридаги парапет ва кўприкдан уларга энди ривожланаётган миллат вакиллари — соқолдор араблар тикилиб ётишарди. Аслида улар ривожланишдан ортда қолмаган, Астағфируллаҳ, мен, шунчаки, улар қизларнинг шаҳар ўртасида, куппа-кундузи ечиниб ётиши уларнинг маданиятида йўқлигига шаъма қиляпман. Баъзан иш билан чиққан аёлим Наташани кўриб қолардим. У баъзида менга бир соатлар шерик бўларди-ю, лекин ҳар сафар бундай вақт ўтказишимни ноқулай деб топарди. Кўпинча у менга, зоҳидга, Луи Арагоннинг машҳур романидан (рассом Вильям Бруи) ўзимга олган номим — «Paysan de Paris», яъни Париж асирига, қарарди. Бруи ўша пайтларда яқинимизда, Авлиё Луи оролидаги бир хонали катак-квартирада турарди. Бир неча марта Нотр-Дам манзараларида, машиналар тутуни, туристлар шовқини, араблар ва topless girls нигоҳлари остида пикниклар ташкил қилганмиз. Мен, Наташа, Вилли Бруи, Тьери Мариньяк ва яна кўплаб шундай одамлар, ўша пайтда улар кўп эди. Хуллас, Сена бўйидаги ўша жой менинг штаб-квартирам эди! Сенага шўнғишга ҳеч ким журъат этолмаган. Шунча йил яшаб, бир-иккита истисноларни кўрганман, холос. Ҳаво ўта қизиб кетганда бир неча марта тиззамгача сувга кирганман. Шағаллар йўл каби бир текисда қияликдан сувга тушиб борарди. Тўлқинлар билан курашишдан чарчаган киши қулай чиқиш йўлига эга бўлиб, унинг тик қояларга тирмашишига ёхуд бекорга қалқиб туришига ҳожат йўқ эди.

Парижда ўтган йилларим умримнинг энг бахтли дамлари бўлиб қолади. Оёғимга келадиган бўлсак, уларни Сенада ювганимда ҳеч нарса бўлгани йўқ. Сув унчалик хавфли бўлмаса керак.

80-йиллардаги Париж фотографияси Лаутреки Жерар Гасто олган яхши расм бор: мен Нотр-Дам-де-Парининг томидаман, узоқларда, Эйфельгача бўлган йўлларнинг бари Сена кўприклари остида ётибди. Ўша Жерар Гастонинг яна бир расми бор: мен қоронғида совет аскари шинелида ўтирибман, Сен-Луи ороининг шимолидаги шуъла мени шу зулматда кўринишимни таъминлаган. Парижда қаёққа борманг — ҳамма ерда Сена. 80-йиллар охирида «Шарль Бодлернинг «Ёвузлик гуллари» романига Сена дарёсининг таъсири» асарини ёзмоқчи эдим-у, афсус, ўхшамади.

У шаҳар об-ҳавосини бошқаради. Ундан чағалайлар озиқланади. Парижнинг барча йўллари Сенадан ўтади. Бу шаҳарда кўп ишладим: ўн роман, олти насрий тўплам ёздим, яхши ҳордиқ истадим. Тушлик қилгач, куннинг иккинчи ярмида дарёга, кўпинча Луи-Филипп кўпригига борардим ва ўнг соҳил бўйлаб кетаверардим. Саёҳатим гоҳ Конкорд майдонида тўхтарди, гоҳ Александр III кўпригигача борар, мен чапга қайрилиб, Елисей майдонига чиқардим ва Триумф аркасига борардим. Худди шундай пиёда қайтардим. Триумф аркасига бориб-қайтиш йўли ўн икки чақиримдан ошарди. Қишда қўнжи тиззамга чиқадиган узун американча этик, хитойча пахтали куртка, хаки рангидан, кийиб, шарф ўрардим. Пахталигимнинг камари бор эди. Бошимга нима кийганим эсимда йўқ.

Тез одимлаб борарканман, ўйланардим. Луи-Филипп кўпригидан бирпасда Париж мэриясига, Hotel de Villeга етиб олдим. Мэрия биноси, шубҳасиз, нисбатан янгироқ эди — 1871 йилда Рариж коммунаси давридаги қатлгоҳ ўрнига қурилган. Бироқ мэриянинг дарё тарафга тўшалган силлиқ, батартиб плиталари Greve майдонининг жабрдийда ерлари — қатл ва қийноқ қурбонлари хоки узра терилган. Бугуннинг олғир маъмурлари Париж харитасидан Greveни олиб ташлашди, энди у Place de l’Hotel de Ville деб аталади. Ҳозиргача Greve сўзи оммавий иш ташлаш маъносини беради. Қадим замонларда, у жой қатл майдонига айланмасидан аввал ҳам Сена бўйидаги бу нишабга ишсизлар, en Greve ҳолатига тушганлар йиғилганлар. Яъни, қачонлардир бу майдон Ишсизлар майдони деб аталган. Буёғига Сена (ундан доим турли ислар: ёзда — пишлоқ ва уй ҳарорати, қишда — тешиб ўтгудек аёз ифори таралади) «Самаритэн» дўконлари ёнидан Понт-Неф ва Pont des Artsга боради. Сенанинг бутун узунлиги бўйлаб каштанлар экилган. Баҳорда улар гулга киради, кузда йўл тошдек қотган жигарранг мевлар ва уларнинг яшил пўстлоқлари билан тўлади. Ўнг томонда монотон, қорамтир кулранг, учтагина кичик қаватдан иборат Лувр казармалари. Кейин Лувр тугаб, Тюильри боғининг панжаралари бошланади. Унинг қаршисида, Сена узра аҳоли баржалари боғланган. У ерда бойлар яшайди. Ёзда баржа эгаларини ўз палубаларидаги пастки стулларда, гуллар орасида қўлларида қадаҳ билан кўриш мумкин. Сена бўйлаб абадий юриш мумкин. 150 йилдан ортиқ юриб ҳам зерикмайди одам. Парижда қолган минг варақли кундалигимнинг қаеридадир ўша ўн тўрт йиллик сайрларнинг тасвири бўлса, не ажаб.

Кетяпсан, этиклар бир маромда тақиллайди. Бир ўзинг. Дарё ва қадимий тошлар билан ёлғиз. «Самаритэн» универмаги бинолари тугаб, улар ва Лувр орасидан черков кўринади, ўша ердан Варфоломей туни — гугенотларни калтаклашга сигнал берилган. Сенадан юз қадам нарида. Сена буларнинг барини эшитган. ОИТСга чалинган Рудольф Нуриев ҳам сўнгги ойларини Волтер қирғоқларини сайр қилиб ўтказган.

Волга

Одамлар тинимсиз жон бермоқда. Ёш ҳам, қари ҳам. Мен Кимры шаҳридан бир ёш, қаттиққўл ва совуққон йигитчани эслайман. Лақаби «Вася» эди. Бир куни мени Дубна шаҳридаги кутубхонада нутқ сўзлашга таклиф қилишди. Сафар ёввойиликка айланиб кетди. Аниқроғи, у ерга тинчгина етиб олдик, китобхонлар билан ҳам рисоладагидек кўришдик. Қайтишда бўлса «Вася» кўз олдимда бир бегуноҳ, фуражкаси думалаб кетган офицерни шафқатсизларча қонга белаганди. Хўп, гап бунда эмас. Бир куни «Вася» уйидан ички кийимда чиққан, уни гаплашиб олишга чақиришган. У эса қайтмаган. У кичкина, ва шунга бўлса керак, ғирт жинни бўлган.

Кимрида кўп бора бўлганман. Чунки у ерда партиямиз асосчиси Тарас Адамович Рабконинг ота-онаси яшашган. Бу тарихий шахс мени «Лимонка» газетасига асос солишга ундаган. Унгача у Миллий-большевиклар партиясига аъзо бўлган. Сўнгги йилларда у биздан узоқлашиб борди. Уни кўргани Кимрыга Лиза билан борганман. Адашмасам, 1996-йилнинг ёзи эди, зеро 1997 йилда мен Марказий Осиёни кездим, кейин Ставропольда — Чеченистон чегарасида Давлат Думаси сайловларида қатнашдим. Демак, 1996-йил.

Тарас Лизага ўхшарди. Худди ака-сингилдек. Ўша-ўша кулранг-зангори кўзлар, икковиям сихдек озғин, юзлари чўзиқ ва рангпар. 90-йиллар ўрталарида Тарасга кимдир унинг украинча фамилияси Рабин билан Рабинович иккови раввин касби ўзагидан келиб чиққанлигини айтибди. Бу ҳақида Тарас менга қўрқа-писа айтиб берди. Шундай қилиб, Тарас ва Лиза Израилнинг бир қабиласидан бўлиши мумкин. Лиза Кимридаги Чапаев кўчасида ўтирганда, мен Тараснинг онасига дедим: «Қаранг, улар қуйиб қўйгандек ака-сингилга ўхшайди-я». Тараснинг онаси Лизага узоқ тикилди. Бундан ташқари, Лиза севгимни муносиб баҳоламади, ёнимда узоқ вақт бўлмади, гарчи 1998-йилнинг мартигача «Лимонканинг» эскизини тузган бўлса-да. Лиза ҳаммага ёқарди — онамга ҳам. Москвада онам Лизани «чумчуқча» деб атарди. Бироқ бу чумчуқчанинг тиши птеродактильники экан, таассуфки, буни муштипар оналаримиз пайқашмабди. Птеродактиль тиши деб, ошириб юбордим, албатта, аммо Лиза, оҳ, Лиза, — уни ва унинг қарашларини тушуниб бўлмасди. Йўқ, у, ўзи ўйлагандек, ёлғиз ва мустақил эмасди. У фақат бир эркакники эмас, ҳамманики, бутун дунёники бўлишни истарди. Бирга яшай бошлаганимизга олти ой бўлганида, у эски муносабатларини тўхтатмаганлигини, балки ҳануз уларда ўз тўрида чувалиб, унинг бурчак-сурчакларидаги ўлик пашшаларнинг сўнгакларини ҳам қўймайдиган йирик ўргимчак каби яшаётганлигини тушундим. У эски жазманлариникига ҳам бориб тураркан.

Аслида, бу жиноят ҳам эмас. У шунақа эди, тамом... Ягона жиноят —ҳаёт, қайноқ муҳаббатга қарши. Зеро, тирик муҳаббат тўлиқ бўлишни хоҳлайди ва атрофдаги Ишқ мурдалари билан рақобат қилмайди.

Аввалига унга ахлоқ сиймоси сифатида кўнгил қўйдим. Кейин эса фоҳишани севгандек севдим. Бу икки илгак мени керагидан ортиқ вақт давомида у билан ушлаб турди. Унинг бўйи жуда узун ва барно эди (унинг рассом отаси салкам икки метрли дудлама арқон эди), суяклари енгил, болаларча сонлари, узун оёқларидаги болаларникидек нозик тиззалари, оёқлари орасида кичик бўшлиғи, қовундек тўлиқ ва нафис сийналари... Унинг кўриниши хорижлик эди, яҳудийлиги ҳаёлга келмас, агар бор бўлса, олийнасаб, идеал француз хонимининг қиёфасини кўтариб юрарди. Sophisticated look*** — мана нимаси бор эди. Шундай бўлса-да, ҳеч бир чет тилида бирор оғиз гапирмасди, дунёқараши кундалик ҳаёт билан чекланган эди, фақат яқинларининг ва танишларининг ҳаёти билан қизиқарди. Опаси, отаси, онаси, жияни, Никита — опасининг эри ва бир талай эски ва янги жазманлари билан.

Турмушимизнинг биринчи ойларида у эриб, бир муддатга нозик, ювош, дангаса ва бахтли болага айланди. Кейин яна жаҳлдан портлади. Болага айланганда, мен билан ярим соатлаб ўтирар, Эдит Пиаф қўшиқларини ва менинг таржимамни тингларди, вино симириб, бахтиёр кўзлар билан боқарди. Лекин мен уни бундай ушлаб туролмадим. У қаёққадир шошилди, кўп шошиладиган бўлиб қолди. Бироқ баъзан у менинг мулойимлигим олдида таслим бўларди. Балки, кимнингдир зуғумлари аламини мендан олгандир у.

Шундай кунларнинг бирида биз Кимры шаҳрига бордик. Савелов вокзалида электричкага ўтирдик. Оилавий тушлик пайти новвой ота-онамнинг уйидаги ҳидланиб кетган стол атрофида ўтирдик. Мен Адамнинг отаси билан бироз ичдим. Қароқчи бўлиб улғайган безорилар — Тараснинг болаликдаги дўстлари билан Кимри кўчаларида мингга қўйиб юрдик. Қачон қарама шаҳарнинг четида ғалати ишлар чиқиб қоларди. Бозорга бориб, чўчқа гўшти олдик, уни бояги йўлтўсарлардан бирининг ёғоч кулбасида тузладик. Ўрмон йўллари билан лойқа Волга бўйига келдик. Учоёқ ясадик. Ёмғир ёғди. Мен йигитлар билан лойқа Волгада чўмилдим. Баржалари катта экан, чўкиб кетай дедик. Лиза хоним джинси ва анави безориларнинг бирининг курткасини кийиб олган бўлиб, бирин-кетин сигарета чекарди. У чўмилгани йўқ. Қайноқ гўшт едик.

Кун булутли, совуқ ва ёмғирли эди. Ароқ ёрдам берди. Менинг бир нуқсоним бор эди — ўнг болдиримнинг орқа тарафидаги қора доғлар. Шунинг учун севганим билан юзма-юз туришни маъқул кўрардим. Менимча, Владивостокдан Гибралтаргача оралиқдаги энг бамаъни эркак бўлганман. Ёки уларнинг бири. (Боўқа барча bad boys: Аркан, Караджич, Денар, Жириновский, Худойбердыевлар билан таниш эдим.) Ва қолдим. У, шунча ўйинлари ва манипуляциялари натижаси ўлароқ, эркак жинсидаги итоаткор ва тасқара оқ мавжудот билан яшайди (аниқроғи, йигит унинг квартирасида туради). Ғалати. Нега? У Лизанинг оғзини пойлайди, чизган чизиғидан чиқмайди. Мен уни китоб ўқимаганлиги ва янгиликларни кўрмаслиги учун тергардим. Кейинроқ бир танишим улар қандай топишишганини айтиб берди. Ҳаммасини Лиза бошлабди. «Ўпсангчи мени. Ё ўргатайми?..»

Унда ўзи билмаган кўп нарса яширин эди. У ўз ҳаётини анча юқори поғонада тута оларди. Камёб бузуқ мушукчалик ахлоқли, даҳшатли фоҳиша ўзидаги олий табақа вакиласи lookи билан «Никита» киноси қаҳрамонини эслатарди, анави немис сериали эмас, оригиналь версияси — француз фильмидагини. Кейин нима бўларди, бу йил у йигирма тўққизга киради. Эркингни йўқотишдан қўрқасанми? Эҳ, Лиза. Таваккал қилмаган байрам қилмайди.

Волга эса бўшашган ва сувли катта хола танаси билан чайқалиб, лойқаланган ер тўшагига урилди. Волга бутун Россия бўйлаб оқарди. Волга хола Россия хола устида, икки хола устма-уст ётарди гўё. Қарағай ўтинлари ёнарди. Лиза хонимнинг ёнида ёш бандитлар роса ҳунар кўрсатдилар. Баржаларда ўтмиш ва келажакка бориб келдилар. Аслида эса жойларида турардилар. Ёмғир томчилари кир сувга пуфакча бўлиб тушарди. Волганинг бир қирғоғида Савелово, иккинчисида Кимры жойлашган. Тарас айтган афсоналарга кўра, икки халқ қўшинлари қадимда жанг қилишган. Кейин уларни Волга ажратган экан. Нариги соҳилда Лиза хоним ёндирган чўплар ва сигарета қолдиқлари қолди, у арчалар орасига ёзилди, лекин ёмғир бу мушукнинг сийдигини ювиб кетди.



_____________-
* Аррондисман — туман, уезд, округ.
** Topless — устки кийимсиз, ярим яланғоч.
*** Sophisticated look (англ.) — мукаммал қиёфа.