Нимфа

1

Шубҳасиз оқ халатнинг ўз айтар сўзи бор. Бу классик «сатирчи» сизга ўз сўзини ўтказишга уринади. Чунки у ўзини сиздан бир қадам олдинда деб билади. Мен «сатир яратувчисиман» дегандай юзингизга қараб ғўддаяди. У сизни бор-йўғи бир қари чол деб билади. Уни ҳатто ўзи-да, кекса ёшда бўлса ҳам сиздан кўра ўзини ақллироқ деб ўйлайди: Агар ҳозир даволанмасангиз?! Том кетади, бу хавфли! Унинг таъсир этадиган сўзлари тахминан шу алфозда бўлади. Эҳтимол сал аралаштириб айтар, ахир у доктор, сўзларни аралаштириб айтишга ҳақли. Лекин менинг ҳам унга бўйсунмасликка ҳаққим бор... Зеро, ҳаёт — бу капитал. Мен буни бошдан кечирдим. Демак, энди сокинликда қариб-чуриб ўлишга розиман. Оқ халат эса, осуда ётган беморни атайин илҳомлантиради, лекин сиз ундан доимий қўрқувни туясиз. Қўрқув аораси бор унда. Бемор ўтиради... Нигоҳи муз қотган... Шифокор ва бемор, столнинг қарама-қарши томонларида, бир-бирлари билан юзма-юз бўлганларида, ана шу қўрқув аораси бўй кўрсатади. Унинг хонасидаги муҳит бутунлай бошқача!.. Деворларда турфа схемалар илиб ташланган... Ҳатто аллақандай суратлар... У доимий қўрқувни янада кўпроқ жонлантириш учун беморларга атай хушмуомилалик билан муносабатда бўлади. Таассуфки, мен ҳам энди беморман. Мен ўзимга-ўзим унинг жодусига тушмаслигим керак деб пичирлайман. Ҳа, менга бу осон. Жуда осон!.. У мени деворларидаги расмлари билан гипноз қила олмайди.

Мен унинг кабинетида ўтирарканман, урушқоқлик билан шундай ҳис-туйғуларни ўйлайман! Мана оқ халат рўпарамда турибди...

Ҳозир мана шу дақиқалар мен ундан ўзимни ҳимоя қилишим учун энг мақбул лаҳзалар деб ҳисоблайман. Зеро, минглаб, ўн минглаб кексалар мана шундай кабинетларда ўтириб қўрқувдан ўлаяпти. Бечоралар!.. Аммо мен сабр қилишим, чидашим керак... Ахир биз одамлармиз. Биз онгли равишда бу ҳолат билан курашга киришишимиз лозим. Бундай чексиз чўзилган фронтда курашмасанг мағлубият муқаррар. Ҳа, биз кутишимиз ва курашишимиз шарт... Шифокорлар бир куни келиб айтишсин: Бу Пётр Петрович Алабин оддийгина кекса одам эди, лекин у жуда сирли!

— Бугунги кун учун охирги саволим, Пётр Петрович, — дейди доктор. — Ҳаммаси қандай бошланди? Ахир қандай қилиб, сиз бундай ҳолга тушдингиз?

Уч кундан бери у менга шунга ўхшаган саволлар берарди.

— Нимани бошланишини сўраяпсиз? — мен бирдан ўзимни зерикарли ҳис қила бошлайман. Чунки жуда чарчагандим.

— Биз нима ҳақида гаплашаётганимиз ёдингизда йўқми?

Мен атайин ундан сўрайман:

— Ҳа, ҳа, мен ҳам худди шуни сўрамоқчи эдим. Воқеатан биз нима ҳақида гаплашаяпмиз?

— Уч кундан бери унда мен сиз билан нимани гаплашдим. Пётр Петрович, сиз бу ерга бизга келганингиз учун мен сиз билан суҳбатлашяпман.

Мен бирпас ҳеч нарса демайман...

— Менми? Нима учун келганимни айтайми? Бу менинг ишим, сиз ахир шифокорсиз. Бу сўзларни ўзингиз айтгансиз, мен бу ерга психология ва психатрия бўлимига бир кекса чолни қизиқувчанлиги учун келдим. Қизиқувчанликдан... Айтайлик, бироз омма олдида бўлишни истадим. Ахир одамлар ичида бўлишни ҳар бир кекса одам хоҳлайди.

Ҳар ҳолда бу ерга ўзимга гўр қазиш учун келмаганман. Сиз билан буни муҳокама қилмоқчиман.

Доктор Недоплёсовнинг овози шундан сўнг баландроқ янгради:

— Хўш, сиз бундан қўрқсангиз нега бу ерга келдингиз? Бу сизга, қаерда, қандай бошланган? Нимадан бошланди бари... Чарчоқданми, эслаб кўринг...

Мен қўл силкийман:

— Эсимда йўқ.

У кулиб юборди.

— Онгингиз қулфми? ... Тушундим, Пётр Петрович. Кекса чолнинг васвасаси... Ҳа, айнан шундай. Бу психатрнинг аёлдан ҳаётидаги биринчи эркак ҳақида сўрашдай гап... У ҳамма нарсани эслайди, ҳамма нарсани билади... Бу пародоксал ва айни пайтда жуда кенг тарқалган собит ҳақиқатдир!

Аммо унинг сўзлари менинг ҳақиқатимни акс эттирмасди. Мен ҳақиқатан ҳам ёмон хотирага эга эдим.

— Аммо барибир, Пётр Петрович, бу зўриқиш, — деди доктор. — Баъзи тафсилотларини аниқлаштиришимиз керак. У ҳар қандай арзимас нарса бўлиши мумкин... Тушунинг ахир, сизнинг илк тажрибангиз шахсиятингиз ҳақида кучли, ҳатто айтиш мумкинки, ўта кучли маълумотларни ўзида тўплаган. Буни кодланган билим дейиш мумкин. Сиз ҳам, мен ҳам буни дарҳол тута олмаймиз, уни бирдан тахмин қилиш ҳам мумкин эмас. Аммо аста-секинлик билан... Босқичма-босқич... Биз бу сабабларни била оламиз.

Алҳол, психолог-психатр беморга қаердан, қандай ҳужумга ўтишни биларди. Майли, билганини қилсин. Унга қаердадир, кимдир Недоплёсов ҳақида гапирганди. Уни телевизорда мақташган экан. Бу менинг катта жияним Олежка (очиғи бу ақлдан озган йигит менга дўстдай қадрдон) интернет орқали у билан алоқа ўрнатиб, мени овора қилди. Тасодифни қарангки, энди мен тасодифан шу элита шифокори ҳузуридаман.

Ўшанда мен чой ичаётгандим, Олежка олма еяётганди.

— Бобой, ҳайрон бўлаётгандирсиз? — деди у кулиб. — Мен сиз учун психатр Недоплёсов билан гаплашдим. Эшитдингиз-а?.. У қариялар билан гаплашади.

Олежка кутилмаганда кулиб юборди. Ёшлигига бориб мени бироз масхара қилган бўлди. Мен уни елкасига шапатилаб қўйдим.

Мен ундан интернет орқали у билан нимани гаплашганини кўрсатишни сўрадим. Бу мени дарҳол ўзига жалб қилганди. Қизиқ!.. Юнон афсоналарида инсон руҳиятини лахтак бир моддага қиёслашган. Энди мана бу шифокор Недоплёсов инсон руҳиятини худди шундай тасаввур қилиб уни даволашга бел боғлабди. Худди юнонлар сатирлар, нимфаларни тасаввур қилганидек, бу ҳам ўзича инсон руҳини шундай бир нарса деб тасаввур қилган бўлса керак тентак. Асрлар давомида қанча улуғ рассомлар шу қари ва хунук нимфаларни чизиб бунга ишонишган ўзларича. Недоплёсов билан афсонанинг гўзаллиги меҳрибонликка айланди. Бу менга қисман бизнинг бостириб бўлмайдиган дунёвий эҳтиросларимизни кечириш каби туюлди. Ёмонмас ҳар ҳолда (Умуман олганда бу христианча қўпол раҳм-шафқатнинг бир кўринишига жуда ўхшаш). Ҳа, бу жуда кулгули. Ҳар хил уринишлар, қўшимчалар, бундай даволашга уриниш нима ҳам берарди?! Эҳтимол бу шифокорга мижозларни кўпайтирар, шу билан бирга бу интернет кулгисини кучайтиради. Қизиғи ҳар хил ахмоқлар ҳам, зиёлилар ҳам Недоплёсовни мижозига айланиб боришмоқда. Улар унинг номини ўзлари хоҳлагандек талаффуз қилишмоқда ҳатто. Недоплусов, Недоплаков, ҳатто Недописов, Недопихов каби. Булар мени кулдиради. Мени уни ҳузурига келишимга бир эслатма илҳомлантирди. Шифокор билан маслаҳатлашиш ва қабулда бўлиш бепул эди. Энди эса мен унинг қаршисида ўтирибман.

Недоплёсов менга айтарди:

— Яна гапирасиз, Пётр Петрович... Албатта, гапиришингиз шарт. Бугунми, эртами, билмадим, токи сизни биринчи ҳолатингизга етиб боргунимизча қамални давом эттирамиз. Биз бу борада иттифоқчилармиз, тўғрими?

Мен бош ирғадим.

— Ўн дақиқа дам олинг. Кейин хонангизга боринг.

Недоплёсов қўлида ўйнаб ўтирган қоғозча қийқимини ерга ташлади ва қоғозга мен ҳақимда алланималарни ёза бошлади. Сўнг, ҳузурига ҳозиргина кириб келган беморни текшириб, тегишли устунлар ва катакларни тўлдирди.

Мен сергак тортдим. Ўрнимдан туриб эшик олдига бордим. Мен аллақачон чиқиб кетишим керак эди аслида. Эшикни дастасини тутиб чиқишга чоғланарканман, орқамдан шифокорни чақирганини эшитдим:

— Пётр Петрович, менга дарҳол жавоб беринг. Ҳозир хаёлингизга келган биринчи сўзни айтинг. Мен бу ассоциацияни билишим керак. Тўғридан-тўғри, ёдингиздаги илк сўзни айтинг. Илк сўзни, бўлинг?

— Боржоми, — деб жавоб бердим мен дарҳол.

— Ажойиб. Боржоми — турар-жой мжмуасими ёки ичимликми?

— Сув.

— Ҳа, ҳа, бор шундай.

Мен коридор бўйлаб юрдим. Қандай қатъият кўрсатдим! Энди Недоплёсов биринчи ёзган маълумотларини йиртиб ташлайди. Мен уни бошқа бўш камерага тиқдим. У Боржоми деб аталади. Йўлакда мен тўртта чолни кўрдим, улар ичида хушқад Чижовга қарагандагина юзинг ёришади. У мактаб ўқитувчиси. Мен уларга яқинроқ бориб замонавий тиббиёт шон-шарафи учун ёрдам беришга тайёрлигимни айтдим. Улар врач тавсиясига биноан қандайдир суратларга бўёқ беришаётганди.

— Қани сизнинг расмларингиз? — сўрадим уларнинг бўёқсиз ўтирган биридан.

— Билмайман. Уни балки энди олиб келишар? Ёки аллақачон олиб келишаётгандир, — деди у.

— Улар бирор нарсани олиб келишдан олдин уни узоқ вақт олиб юришади. Менимча улар сизга бўяш учун расм беришмоқчими-йўқми, ҳали буни ўйлаб кўришаётган бўлишса керак.

Мен ҳазил қилиш учун уларни суратларига обдон қарадим.

— Текшираяпман, аминманки... Мана бу нимфанинг орқасини оч буёқларда бўянг.

— Бўяш керакми? — пичирлаб сўради у.

— Ҳа, чизилган-ку?! Демак бўялиши керак.

Аммо Чижовга менинг ҳазил-мутойиба кайфиятим ёқмади. Мактаб ўқитувчиси сифатида у бу ердаги дарсларимизни ҳам жиддий қабул қилаётганди. Недоплёсов ҳам жиддий эди. Ҳаётда ҳам жуда жиддий. Менинг назаримда, унга чолларга хос енгиллик етишмаётганди. Сочлари оқарса, балки ахмоқ чолга айланар, аммо Чижов ҳақида бундай деб бўлмасди. Ким билсин, эҳтимол, улар Недоплёсовнинг ижтимоий кафолати остида ишлар, шундай бир-бирларига ёрдам беришлари мумкин-ку?! Ўқитувчи шифокорга ёрдамга келгандир эҳтимол.

Мени шифокоримиз қизиқтирарди. Дарҳақиқат, у қобилиятли.

— Ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўзига хос, — дея гап бошлайди Чижов(у ўқитувчиларга хос нигоҳ билан менинг кам баҳоланган фикрларимни боришини тахмин қиларкан).

— Менга унинг ўша дудлама фикри маъқул эмас. Мен «сатирман» эмиш...

— Биласизми, — дейди Чижов, — у бу сўзни илмий муомалага фаол киритмоқда. Унинг мақолаларини кўрганмисиз?

— Йўқ.

— Афсус.

Чижов мен билан бу ҳақда гаплашмоқчи эди. Кексалар шифокорга мурожаат қилганда доим ёлғизликни ҳис қилишади. Шу боис бу каби коридорларда улар ўзларига дўстлик учун ҳамроҳ излашади.

— Нима сиз уни шунинг учунгина ҳурмат қилмайсизми? Ахир ўйланг Пётр Петрович, биргина «сатирман» сўзидан шунчалик асабийлашишингиз шартми?

— Ҳм.

— Тушунаман. Кўникиб кетасиз.

У овозини бошқа пардага кўтарди:

— Мен Недоплёсовдан сўрамоқчиман. Мени бир нарса қизиқтиради. У кўп нарса сўрайди ва нуқул нималарнидир ёзади. Мен бу вақтда ундан сўрашга уялдим, шу боис сукут сақладим. Тўсатдан, у сизга «жаноб» бу бутунлай бошқа одамлар ҳақида, сизга тегишли эмас. Ҳа, тушунаман. Биз ҳам ҳазиллашамиз. Сизлар мени буни билишимиз борасидаги фикримни қўллаб-қувватлайсизларми?

— Ҳа, — дейман мен. — Сиз буни ўз вақтида айтдингиз. Биз энди аллақачон учтамиз. Ана Дибикин ҳам бизни сафда бўлади.

Дибикин биз тарафга йўлак бўйлаб келаркан, бизга кўзи тушиши билан:

— Хўш, нима гап доно болалар? — деди.

Ҳеч ким жавоб бермади. Дибикин ахмоқ, у билан суҳбатлашиш кўп қизиқ эмас. Чижов эса бошқа гап. Узун бўйли, озғин, кичкина кулранг соқол ва кўзойнакли бу одам нозик тафаккур эгаси. У қачондир Ялтага келган Чеховга ўхшайди. Бу ҳаммага тушунарли. Қолаверса унинг ўзи ҳам мактаб ўқитувчиси, Чеховни ҳам яхши билади... Эҳтимол, у ўзининг ўхшашлигини яна ривожлантирар. Шубҳасиз, у инсонпарвар, оқкўнгил, гуманист инсон. Дибикин унинг олдида ҳеч қандай хислати бўлмаган бир барваста чол холос. Аслида ҳаммамиз ҳам кучли қариялармиз, шунга қарамай айтиш мумкинки, мушаклари катта Дибикиндан қўпол бир ёввойи куч ёғилиб туради.

У ўзининг шу қўпол куч ва мағрурлигига ишонганича, бизга очиқ:

— Кетдик, орқа эшикка юринглар аҳмоқлар, — деди. — Ҳа-ҳа-ҳа. Расм ўша ерда. Расм келди!

У куларди... Ахир буни нимаси кулгули?

Биз орқа эшикка йўл олдик. У юкни тушириб эшик олдида қолди(Кетаётган машинанинг қулоққа ёқимсиз шовқини урилди). Сурат ёнида ҳамшира Ариша ва бизнинг тўртинчи чол Клюшкин турарди. У асабий кекса чол. У синган қўлини бизга ишора қилиб кўрсатаркан:

— Нима қилаяпсизлар у ерда. Кўрмаяпсизларми сатиралар. Мен буни олиб киришим керак. Мана кутиб турибман, лекин уни кўтариб олиб кириб берадиган одам йўқ!

Биз у томонга борамиз. Суратни қандай кўтаришни чамалаймиз. Мен пастдан ён томондан оламан.

— Воутерс... Нусхасининг нусхаси, — дея паст овозда расм ҳақида маълумот беради мактаб ўқитувчиси Чижов.

Ўқитувчилар доимо шундай. Улар одамларни ҳамма нарсани билишини исташади. Бир сўз билан айтганда маърифатпарвар... Ҳамма нарсани қуйидан бошлашади. Шу боис улар кўп азоб чекишади.

Суратларнинг ўлчами сезиларли равишда катта бўлгани боис рамка оғир эди.

Ариша бизга йўл-йўриқ кўрсатиб ёнимизда борар, ора-орада қисқа буйруқлар берарди:

— Суратни бир текис ушлаб юринг!

Ёки:

— Бурчакларга эҳтиёт бўлинг!

Сўнг яна:

— Оз қолди, қийналмадингизми? Бу сизларга пианино эмас!

Ниҳоят у жим қолгач, йўлнинг қолган қисмида бизга Чижов қўмондонлик қила бошлади. Ҳар ҳолда мактабда дарс берган вақтлари, у расмлар билан шуғулланган. Аслида буни қандай элитишни ўзимиз ҳам яхши биламиз. Аммо суратни бошқалар билан бирга олиб чиқиш кони азоб! Кекса одамлар билан бундан бошқа яна нима хоҳлаш мумкин. Белгиланган жойдаги йўлак деворига расмни осиб қўйишимиз лозим эди.

Дибикин ўзини раҳбардай тутиб илгакни бизга кўрсатди. Чижов ва мен суратни пастки қисмидан тутган ҳолда илгакка яқинлаштирдик. Шу вақтгача томошабин бўлиб турган Клюшкин ёрдамга келди. У боғланган қўли билан орага суқиларкан, асабий ва жаҳл билан бизга бақирди:

— Чапга! Кўпроқ чапга!.. Чиж-оов!.. Сиз бутунлай қотиб қолдингизми?!

Суратни илгакка илганимиздан сўнг, биз нима олиб келганлигимизни кўриш учун орқага бир неча қадам ташлаган куйи унга қараймиз — шунчаки чизилган бир сурат. Албатта, биз картиналарнинг инсон руҳий хотиржамлигига ижобий таъсирини ва тарбиявий аҳамиятини эшитгандик. Недоплёсов ўз суҳбатларида бир неча афсоналарга мурожаат қилган ҳолда гапиргани ҳам ёдимизда. Мен Франс Ваутерс суратига боқаман, XVII-аср, мойбуёқ, «Сатир ва Нимфа» асари. У ердаги майсазорда нимфа тасвирланган. У яланғоч, ухлаб ётибди. Кекса ва жирканч сатир эшитилмас қадамлар билан у томонга изсиз яқинлашмоқда. Мана у аллақачон яқинлашиб ҳам бўлган. Атрофда ҳеч ким йўқ. Чор-атрофни ўрмон эгаллаган. Албатта, Чижовдан билиб олганимиздек, бу нусхасининг нусхаси. Ранглари хира (Ҳозир бу сурат Москва яқинидаги Подолскдаги галлерияда турибди). Гап бу ерда фақат рангларни хиралашишида эмас. Нимфадан нусха кўчиргунча ҳам уни вазни кичрайтирилган: нимфа вазнини йўқотган. У тахминан ўн ёшларда деб чамалаш мумкин. Ўқитувчи Чижов жимгина ва ибратли оҳангда ҳазил билан менга:

— Бу тузатилган суратга «Сатир ва Нимфа» деб эмас, «Сатирман ва Нимфетта» деб номласа бўларди.

Мен:

— Асимметрия, — дедим.

— Айнан. Худди шундай, — ўқитувчи ҳаяжон ичра мени сарлавҳамни маъқуллади. — Сатирманлар она табиатнинг режасига кўра оқланмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин. Нимфеттани мавжудлигини оқлаш керак эмасмиди аслида? Унга соя солишнинг нима кераги бор. Аномалия аномалияни тушунтиради. Сатирманларни, немфетталарни тушунтириши керак рассом. Сатирлар ёш диогонали бўйича нимфаларни чорлашади. Ассиметрик мувозанат ўрнатади шу орқали табиат. Узоқроқда бўлганига қарамай қулоғи яхши эшитадиган Дибикин бизга ақлли хулосалар қилишга йўл қўймайди.

— Мижғовланиб нималарни гаплашаяпсизлар?

Биз жимгина унга қараймиз. У ҳам собит ишонч билан бизга яқинлашади.

— Бобой, — Дибикин енгимдан тортади. — Мутахассислигингиз нима? Тирикчилигингиз нимадан?

Мен осмондан келаман.

— Ёзги резидентман.

— Ҳм! — ишонқирамай ғўлдирайди у.

Биз жим қоламиз. Ҳайратимиз ошади. Гўзаллик ҳар доим инсоннинг қимматини оширади. Биз тўрталамиз ҳам суратга тикиламиз. Ҳаммамиз гўё мум ютгандекмиз. Ўзлигимизга четдан назар соламиз.

2

Нимфанинг шаффоф танаси худди кўзадаги сутга ўхшайди. Бу унинг танасида ёрқин оқлик йўқлигига ишора. Осмон жуда ғаройиб, гўё нимфанинг устига осилиб турибди — у эса яланғоч ҳолда ухлаб ётибди. Иссиқлик... Буталар... Нур — зайтун барглари орқали ўз оқими учун тирқиш очган. Бу суратда очиқ кўриниб турибди. Унга тикилсангиз худди шу нурда сузаётгандек бўласиз. Ўзингизни шу нурдаги бир гард деб тасаввур қиласиз. Баландликда ухлаб ётган нимфа сизга бутун гўзаллиги билан намоён бўлади. Унинг танаси ўта сезувчан. Ҳар қандай ташқи таъсирга нисбатан сезгир. Унинг инстинктлари унга шундай ҳушёрликни ато этган. Бечора сатир бундай инстинктларга ҳеч қачон эга бўлолмайди... Буталар орасидан сакраб чиқсинми сатира? Тўсатдан сакраб чиқиш учун катта жасорат керак. Аммо сатир қаҳрамон бўлишни истаса, унинг олдида бундан бошқа йўл йўқ.

— Пётр Петрович, ухлаб қолаяпсиз! — шифокор Недоплёсов мени дўстона тарзда туртади.— Хўш, келинг, фантазия қилайлик. Лекин аввало бир қарорга келинг:

Бизнинг сатиримиз энди нима қилади. Хўш?

Психатр Недоплёсов оптимизмга тўла нигоҳ билан менга қараб турарди. Кундузги ўнда унинг қувноқ ва қатъиятга тўла овози, бизни ғалабага ишонтириш учун шайдек таассурот қолдирарди. Ҳа, у қарияларни ишонтириши керак. Булар оддий одамлар эмас. Тўртта қария. Уларга на дадиллик, на янгилик, умуман ҳеч нарса қизиқ эмас.

— Ўйлаяпман, — деб жавоб бераман мен.

Ҳа, унга ҳам осон эмас.

— Нимани ўйлайсиз Пётр Петрович — нимфа ҳозир ўзига одам қараяпти деб тахмин қилмоқда. Аммо Пётр Петрович жим. Ажойиб бу суратдан у ҳайратда донг қотган.

Недоплёсов дарҳол мени ўз ҳолимга қолдириб, қўнғироқдек овози билан Клюшкинни сукутгоҳидан тортиб олади:

— Нима деб ўйлайсиз? Нимфа энди ўзига эркак киши қараяпти деб ўйлайдими? Ёки буни аллақачон биладими?

Клюшкин жавоб беришга қийналади. Шунчаки у ёқ бу ёққа чайқалади. Лабларида сўз ғўлдираб чеврилади. Юраги тез-тез уради. Уни тўхтатиш керак. Недоплёсов эса кулади:

— Тушундим. Тушундим... Жавоб қабул қилинди!

Синфни шу лаҳзада зулмат қоплайди. Оқ девор экранида Рубенс. Яланғоч нимфа ухламоқда. Сатир яшириниб яқинлашмоқда... Сатир икки қадам наридан секин яқинлашади. Кейин қадам боса олмай тўхтаб қолади. Унинг катта оқ танасидан ҳайратга тушади. Уларнинг орасидаги нейтрал зона чегара чизиғига ўхшайди. Икки қадам нарида Сатирнинг қайғуси. Клюшкиннинг гаплари ғўлдираб тилида айланади.

— Турган бурчакларингизни ўзгартиринг! — Недоплёсовнинг овози мени яна ярим уйқудан тортиб олади.

Бизнинг синфимиз кичик. Ҳар биримиз алоҳида стол атрофида ўтирибмиз, алоҳида курсида. Тўрт бемор учун эрталабдан психатрия ёмон фикрлар билан азобланган тўртта қарияни бошини қотирмоқда. Биз ўрнимизни ўзгартирамиз. Фақат Дибикин ўзи ўтирадиган дераза олдида қолади. Панжара билан қопланган дераза олди унга маъқул шекилли.

Доктор Недоплёсов орқа тарафимизда прожекторни олдида турарди. У ўша ердан туриб барча жараёнларга дирижёрлик қиларди. Доктор бизга слайдларни кўрсатар ва уларни ўзи шарҳларди...

Хонада хира нур оқарди. Экран ой юзаси каби доғли кўринарди. Эҳтимол улар сурат қанчалик рангпар кўринса, аёл танаси шунчалик нозикроқ кўринишини назарда тутишгандир. Нур ёруғида расмдаги сатиралар ҳам ўзгарарди. Худди тирик одамлар каби. Йиртқич ҳайвонлар эмас, одамлар хавфли туюларди. Доктор Недоплёсов тўрталамизга ҳам касалимиздан уялишни бас қилишимизни сўради. Шундай қилишимиз керак, бу шарт, азиз кексалар! Дунёда кўп нарсалар мажуд! Болаларча комплекслардан аллақачон воз кечишингиз керак. Ҳеч нарсадан уялманг, бу дунё қадимдан шундай. Инсоният минг йиллардан буён шундай яшаб келмоқда. Бир семиз аёлга бутун умр жосуслик қилиб ўтишингиз ажабланарли эмасми? Ана муаммо қаерда. Бас энди ўз нуқтаи назарингизни ўзгартиринг. Ҳаракатга келинг. Ўзлигингизни ўзгартиринг.

Доктор биз учун битта расмдан ўнлаб эффектларни олиб уни бизнинг ҳаёт билан муқояса қилар, гўё биз бунда гимнастика билан шуғулланаётгандек таассурот уйғонарди. Биз ўнг қўлимизга бошимизни тираганча, тирсагимиз билан столга таяниб ўтирардик. Ҳолатимизни ўзгартириш учун энди чап қўлимизга бошимизни тираб, тирсагимиз билан столга таяндик. Докторнинг тўғри ўтиринг, орқага суянинг каби таъкидлари бизга куч берар, унинг ўзини эса асабийлаштирарди. Сатирга қаранг, дерди у, бутанинг бир четидан нимфанинг оппоқ думбаси томон яқинлашмоқда. Дадилроқ кўринг. Рубенс қандай янгилик қилган. Ухлаб ётган Нимфани на кўкси, на бошқа тарафи эмас, айнан чап томони сатирни қанчалик ўзига чорлаганини кўраяпсизми?! Унинг тиззалари титраб кетмоқда, у қалтирамоқда...

— Бу сатир Марсий!.. Сиз, жаноблар, бу ҳақда эшитганмисиз?.. Фригиянинг сатири Марсий ҳақида. Эшитгансиз бўлсангиз яна эшитасиз. Бизнинг Марсийимиз бунга арзийди...

Недоплёсов кулади:

— Қаранг, у қандай камтарин, лекин у ўз соҳасининг миридан-сиригача билади... У нимфага қандай қарайди... Қанчалар қўрқоқ у. Хижолат бўлишини қаранг! Бу сокин махлуқ тақдиридан шундай бўронни айлантиради деб ким ўйлабди. Қандай бўроний куч бор унда! Марсий ҳар куни бу ёш гўзалликка жосуслик қилиш учун келади. Тол шохлари орасидан уни қандай чўмилаётганлигига қарайди...

Лекин у яланғоч ҳолда сувдан чиқиши билан уятчан Марсий ўзини панага олади. Севиб қолган сатир кўнглидагини айтишга журъат эта олмайди. У хижолат тортади. Ахир у кекса махлуқ. Шунинг учун фақат узоқ тепалик ортидан яшириниб, нимфани кузатишга мажбур. У дам олиш учун қандай ётади... Қандай қилиб ухлайди...

Бир марта шу тепаликда Марсий қоқилиб кетади ва оғриқдан додлаб юборишига сал қолди. Албатта, афсона орқали сиз буни яхши эслайсиз. Шунда у майса устида най ётганини кўрди. Шу нарсани ўзига тортади. У уни чалиб ўйнай бошлайди. Қанчалар қобилиятли рақсга тушади Марсий... Бахтига, нимфа уйғониб кетмайди, демакки, унинг олдига югуриб ҳам келмайди. Шундай аёллар ҳаётдаҳам бор. Қайтанга баттарроқ ухлаб қолади... Унга қамишзорларда шамол қўшиқ айтаётгандай туюлади... Ажойиб мусиқа садолари туфайли нимфанинг тушлари янада ғоройибодликка чўлғонади. Аммо бу ерга яқин яшовчи одамлар бу мусиқани эшитиб илҳомланади ва ҳаммалари шу томонга югуриб келишади. Бу одамлар, бу қишлоқ аҳолиси(оддий қадимги юнонлар) унинг оҳангига қойил қолишади ва сатиранинг ўз рақси ва мусиқаси билан тенгсиз бир уйғунликка эришганини таъкидлайдилар. Буни ҳамма тан олади. Бундаги уйғун гўзаллик ҳатто Аполлоннинг ўзини ҳам шарманда қилишини айтишади. Одамлар нимадандир илҳомланса, уни илоҳийлик билан чоғиштиришни яхши кўрадилар. Буни илоҳлар билан қиёслаш қандай оқибатларга олиб келишига оддий одамлар эътибор бермайдилар.

Сатир Марсий бундай қарорга келишга иккилангани рост. Аммо у нимфани ўзининг куй ва рақсига маҳлиё қилишни жуда ҳам истаганди. Аполлон унинг ўйинини кўрди. Оддий сатир, илоҳнинг шарафи учун ўйнамоқда. Аммо бу ўйини билан у ўзидан яхшироқлигини кўрди. Бироқ нимфа буни ҳеч қачон кўрмади. Аллакимларнинг айтишича, у узоқдан бир кўриниш берган, лекин сатирга ҳам, унинг куйи ва рақсига ҳам етарли эътибор бермаган. Эҳтимол Аполлон уни сеҳрлаб қўйгандир. У қандайдир сатирни маҳоратидан безовта бўлаётганди. Аполлон охир-оқибат у билан най чалиш бўйича баҳсга киришди. Сўнг лира чалишди, таассуфки, бу баҳсларда Марсийнинг қўли баланд келди. Аполлон қаттиқ ғазабланди ва дарҳол ўзини қудратини намойиш қилиб, сатирни терисини шилиб олди ва уни кўп асрлар давомида дарахт шохига осиб қўйди. У ерда унинг руҳини шамол ва хорлик азоби масхара қиларди. Ажойиб оғриқ! Бировнинг яқин орада най чалиши ҳам бечора сатиранинг терисини титратарди.

Нимфа эса қаерда бўлмасин, доим ухлашни хуш кўрарди. Ана у ҳозир ҳам ухлаб ётибди.

Доктор Недоплёсовнинг гапларидан унинг экрандаги бу ҳолатни ҳаётда кўчиришни исташи сезиларди. Бунинг учун шунчаки мижози бўлган аёлга шифокор сифатида ухлатадиган укол қилади. Шунда уни ташқаридаги ҳар қандай танбеҳ ва бақир-чақирлардан қўрқмаган ҳолда, хотиржамлик билан шаҳвоний мақсадда томоша қилиши мумкин. Мана онгимизнинг улуғ ибтидоий меҳрибонлиги нимага тақалади. Юнон мифларини ҳаётда шу зайлда акс-садосини кўриш имкони мавжуд. Фрейд бобо ҳам бундай талқиндан хурсанд бўларди, албатта.

Аслини олганда кекса сатир ва ёш нимфа ўртасида ёш фарқидан уяладиган ҳеч нарса йўқ. Ҳа, шундай, бунда ҳеч қандай ажабланадиган нарсанинг ўзи йўқ. Бу ҳолат ҳаётда жуда кўп содир бўлган. Иккиюзламачилик билан дўзахга равона бўлгурлар ҳақиқатни тан олсангиз нима қилади?! Айниқса элликдан ошган аёллар рассомларнинг нимфалар ҳақидаги сюжетларидан доимо ҳайратга тушишган. Улар чўткани ушлаб туролмадилар. Мўйқалам уларнинг назаридан четга қолиб кетди.

— Уларнинг олдида қаранг, сизлар қанчалик кучлисиз. Юрагингиз оғриса ҳам, ошқозон ярангиз бўлса ҳам, — доктор яна бизга сўз қота бошлади. — Яралар бир кун битар. Мен ҳамшира Аришага(карталарни тўлдираётган вақтда) ҳар бирингизни неча ёшда эканлигингизни айтганимда, у ўриндиқдан йиқилиб тушишига сал қолди. Сизлар кучлисизлар. Мана Дибикин, Тайсонни ер тишлатишга қодир. Лекин қулоғингизга қуйиб олинг, барчангиз ўзингизни асрашингиз керак. Шунда барчангизни умрингиз узоқ бўлади. Бу жаннат совғасидек гап!

У «узоқ умр кўрадиганлар» сўзларини бизга сингдиришга интилди. Ўртада бироз пауза қилди.

— Ўзни асрашда жиноят ва ахлоқсизлик йўқ... Лекин...

Недоплёсов ниҳоят тўғридан-тўғри амалий хулосалар чиқара бошлади. Биз учун, кексалар учун, афсонани масалга айлантирди.

— Тушундингларми? — деди у. — Марсий жазоланди. Ҳар бир гуноҳ учун жазо бор. Тушундингизми, жаноб сатирлар? Сиз нимфалар ҳақида орзу қилишингиз ва хоҳлаганингизча уларни, деб сўлакларингизни оқизишингиз мумкин... Ярим тун эротик фильмларни кўриб, ўз нимфаларингиз билан суратини улар билан чоғиштиришингиз, воқеалар ривожини соҳилларга кўчиришингиз мумкин. Лекин... — Психатрнинг овози қотиб қолди. — Лекин най билан бировнинг иссиқ тўшагига чиқманг.

Доктор Недоплёсовни прожектордан слайдни ўзгартирди, энди деворда бошқа ухлаб ётган нимфа жонланди. Бу қанақа нимфа? Қаерда ўзи? Атрофида иккита сатир. Икаласи ҳам қоп-қора. Икаласи ҳам нафасини ичида ютган... Шамол эсиб турибди ҳойнаҳой. Улар унинг деярли оқ баданига суқланиб тикилишмоқда. Уильям Этти. «Ухлаётган нимфа ва Сатирлар» асари.

1828 йил. Лондон Миллий Галериясида сақланади асли. Вазада солинган «Афина ва сатир Марсий» сурати бизнинг эрамизгача бўлган 5-асрга тегишли. Шундай. Бизнинг бечора Марсийимизнинг ҳикояси шунга қурилган: майсазорга қадам босган сатир флейта топиб олади. Бу флейта маъбуда Афинага тегишли эди. Ҳа, най бировники эди! Мана бу асар Пуссинга тегишли «Сатир ва нимфа» асари. 1630 йил ишланган. Нимфа зериккан. У шишадан сатирга май ичишга рухсат беради. Ораларидаги масофа икки қадам. Нимфа унга шунчаки маст бўлишга имкон беради. Ким билсин, балки уни маст сатир қизиқтирар. Балки шунчаки дам олиш учун унга вақт ажратгандир... Кичик Эрот унга яна май қуйиб узатади. Кейин биз кўрамиз, бизнинг кўз ўнгимизда бир камбағал қаҳрамон пайдо бўлади. Зайтун боғининг четида... Чарчаган ва тўниб қолган эркак образи. Энди у сатирдан эчкига эврилади.

— Ракурсни ўзгартиринг! — қичқиради Недоплёсов (Мен уйқуда бўлганимда ҳар қандай овоз даҳшатли даражада баланд туюлади).

Рухсат этилган нарсадан (санъат чегарасидан) ташқарига чиқиб кетмаслик учун кўзларимни қия очиб қараб қўяман. У ерда қуюқ зайтунзорлар ичида нозик нимфалар кўзга ташланади... Ана, яна битта сатир. Мен сатирман эмаслигимни биламан (бу ерда а ёки е муҳим эмас) Менга шунчаки ман дейиш осонроқ. Мен оддий ишқибоз чолман. Шу ҳолда ўлиб кетсам керак. Мен эшитганман. Кўплаб сатирлар фақат ўзини яхши кўрган. Мен ҳам буни тан оламан. Шундай бўлиши керак. Мен аллақачон етарлича нимфа ва сатирларнинг расмини кўргандим. Мен тўниб қолдим. Санъаткорларнинг санъатидан эзилиб кетдим. Шубҳасиз, мен санъат чегарасидан ташқарида(руҳнинг чеккасида) инсон аҳамиятсиз эканлигига тўлиқ қўшиламан. У оддий, кичкина аҳамиятсиз мавжудот. Биз кичкина, саёз ва мўрт жонзотмиз санъат олдида. Мен суратларни кўрганимдан сўнг, энди нима қилишим мумкин. Фикрларимни бўлишиш учун вақт йўқ. Ортга чекиниш учун макон йўқ. Одамнинг ғужури қайнайди, лекин энди мен қариб қолдим, ҳеч нарсани ўзгартиролмайман. Ҳадемайбу дунё мени йўқ қилиб ташлайди.

Ж. Ф. Ж. Сали. «Эчки ва сатир» 1751 йил. Мана!.. Ана шу ерда сатир (мен етарлича суратларни кўрган сатирман) қариндошларини топади!..

Тўрт оёқли жонивор билан бу унга осон бўлади. Мармар сатир бундан қанчалик хурсанд бўлади. Қандай чиройли у. Худди табиатнинг бир бўлаги каби. Ўзи ҳам эчкига эврилган. Эртага у нимфани кўради. Ҳа, фақат эртага...Шундан сўнг унинг бошига уқубатларнинг бутун бир занжири уланади. У буни билганида болалигини, эчкини ташлаб кетмас эди...

Нимфа учун булар асрлар давомида берилмаган саволлардир. Бу саволлар бошқалар учун аслида. Нимфанинг кўзлари — фикрлар учун эмас. У ранглар, гўзаллик жилоси. Жисми-жони табиатга уйқош, у майсалар ичида ухлаб ётади. Зумрад майсазорда. Она ер бағрида гўзалликнинг тажассумидир нимфа! У нимани кутмоқда? Нурними, ёмғирними, оққушними, умуман осмондан тушадиган ниманидирми? Агар сиз сатир бўлсангиз, уни тушунмайсиз. Нимфа учун сатир ахмоқликдир. Узоқ умр кўрадиган нодон. Сатирнинг ҳеч нарсаси йўқ. Унинг макони зайтунзорлар, буталар ва шу чангалзорлардир...

Мени безовта қилмаслик мақсадида қулоғим остидан кимдир пичирлайди.

— Пётр Петрович... Келинг, жойларни алмаштирайлик-а?

Бу Чижов эди. Мактаб ўқитувчиси ўрин алмашмоқчи...

Мақсади ўз жойига қайтиб ўтиш. Худди бу бурчак уни жойидай гўё. Мен бош чайқаб пичирлайман:

— Йўқ.

Ахир мен ухлаяпман, қолаверса, жуда дангасаман. Чижов мендан садо чиқмагач Клюшкиннинг олдига боради, у уни ҳар ҳолда тушунади ва улар ўзаро жой ўзгартирадилар. Баракалла! Мен зайтун боғи улар учун бошқа бурчакдан қандай тасаввур уйғотишини ўйлайман. Ҳар ҳолда семиз нимфадан зерикишган бўлса, эҳтимол. Недоплёсов уларнинг ўрин алмашганини кўради, лекин бунга ортиқ изоҳ бермайди, демак, у буни маъқуллайди. Чижов бир муддатдан сўнг, Дибикин олдига шошилади, яна қайта жой ўзгартирмоқчи у. Ўзаро жой алмашадилар. Икки томонлама алмашинув — бу икки томонлама икки нуқтадан қараш демакдир. Яхши ўқитувчи яхши ўқувчига ўхшайди. У ўзи қандай ўқитувчи бўлган экан? Юқори синфларга кимё ўқитувчисимиди у?! Одобли бўлади кимёгарлар. Ўнинчи синф ўқувчи қизининг шикоятигача шундай бўлишади. Тасаввуримда бир пайтлар ўқувчи қизга тегажоқлик қилиб мактабдан ҳайдалган уч нафар ўқитувчи гавдаланади. Лекин бу камбағаллар ўқитувчиликни давом эттиришга доим мойил бўлишади, майли, узоқ вақтдан кейин бўлса ҳам, давом эттиришса бўлди. Бу мактабни бошқасига алмаштирадилар. Чунки улар ўз касбини яхши кўрадилар. Эҳтимол, бу ҳам бир пайтлар, шундай ишга жойлашишга муваффақ бўлган. Шаҳар атрофида. Охир-оқибат уни мактабдан ҳайдаб чиқаришган. Аллақачондан бери шундай усул мавжуд, нафақага етдингми, нафақахўр сифатида ҳайдашади. Чижов ҳам шундай учиб кетган. Лекин айримлари қаттиқ оёқ тираб олишади. Албатта, у ҳам кетади, фақат кейинроқ.

Мени кўзим илинади. Оппоқ чодирларни кўраман. Сокин илиқ тун яқинлашмоқда. Жуда иссиқ, ахир ёз бўлса, ўйлайман. Ёзги Россиянинг оқшомлари нақадар ёқимли. Агар бу сизнинг кундалик ҳаётингизни бир қисми, эҳтимол, бундай оқшом сизга қизиқ эмас.

— Сизни ҳеч ким калтакламаганми? — илк учрашувдан мендан шу ҳақда сўраганди Недоплёсов. — Айтмоқчи бўлганим, мени мижозларимни одатда калтаклашган бўлади.

Мен бешафқат Дибикин билан бундай манзаралар юз бериши мумкинлигини тасаввур қила оламан. Аммо Чижов билан буни тасаввур қилиш осон эмас. Ахир баланд бўйли, озғин, меҳрибон чеҳрали, майин соқолли, келишган Чижовни калтаклашга ким журъат эта олади. Ўйлаб кўринг, Чеховни қандай калтаклашлари мумкин? Унинг пеньсисини юлиб олишга кимнинг ҳадди сиғади?! Ҳеч кимни! Лекин унинг мактаб ёзги лагерида калтаклаган бўлишлари мумкин-ку?! Мактабнинг ёзги лагерлари,тўғри, унчалик шарафли жой эмас. У ерга камдан-кам ҳолда, ўқитувчилар ўзлари истаб ёзни ўтказишлари мумкин. Ундан кўра, улар шаҳарга умумий жўнаб кетишни маъқул кўрадилар. Ахир бахтсиз фанер уйларда ва шошилинчда тикланган чодирларда яшашнинг нимаси яхши?! У ер совуқ ва зах. Оч қоласан. Ошқозон эса тирнагани тирнаган. Ошқозон яраси ана шундай жойларда орттирилади. Бу ерга келганингизга пушаймон бўласиз. Кейин нима берса еяверасиз. Чижов ҳам шундай жойга келган бўлиши мумкин-ку?! Мен унинг худди Чеховга ўхшаб тунги чодирлар орасида яшириниб ўтиришини тасаввур қиламан. Кўкда ой чиқади... Ҳамма ухлаяпти... Фақат одобли ўқитувчи ухлашга шошилгани йўқ. У бир ўзи совқотиб, чодир чеккасида узоқ ўтиради, кейин ухлаётганлар орасига оралайди. У етилган ўрта мактаб қизига қарайди... Ухлаётган қизга. У ўзини ғалати тутиши мумкин. Йўқ, йўқ, балки меҳрибон тутар, у қўлини қизнинг кўрпаси узра секин чўзади ва уни совқотган елкасини ёпиб қўймоқчи бўлади. Чижовни шунинг учун калтаклашган деб тасаввур қиламан. Уни бундай қилишининг ўзи жирканчлик, албатта. Мен буни бемаънилик эканлигини биламан. Албатта, мен мактаб ўқитувчиларини қадрлайман. Уларнинг оғир меҳнатини қадрига етаман.

Аслида зиёлининг қўллари зўравонликдан эмас, нафратдан қалтирайди. Калтакланган Чижов, менимча, бутунлай ғазабланмайди... У шунчаки дод солиб бақиради, қичқиради, кейин узоқ вақт фарёд уради, йиғлайди.

3

Атрофда иссиқлик таралади. Нур ёғдулари эланади гўё. Нимфа ўрмоннинг энг чеккасида ухлаб ётган эди, сатир Марсий буталар орасидан унга қарамоқда ҳамон. Бу қаҳрамонлик эмас. Чунки сатир ҳеч қачон бир қарорга келган эмас. Йўқ, бунга журъат этмаган. У шунчаки доира бўйлаб юради, унга на яқинлашади, на ундан узоқлашади.

Ухлаб ётган нимфани безовта қилгиси келмайди, айни пайтда уни кўздан ҳам қочирмайди. Ўрмон чеккасида айланиб юрган Марсий қамишдан бўлмаган флейтани топиб олади. Бу флейтани бир пайтлар Афина маъбудаси қизил буғу суягидан ясаганди. Тонг шўълалари ёйилганда у шу флейтани чалиб якка ўзи рақсга тушган, оқшомлари эса Афина омма учун куй чалиб ўйнаган. Ҳера ва Афродита Афинанинг бу каби оқшомларидан кулаётганини сезиб қолади, бироқ бунга нима сабаблигини тушунолмайди. Улар бир-бирларига сирли боқишади, аммо флейтанинг ажойиблигини инкор этишмайди. Бошқа илоҳларнинг бу куй ва рақсдан завқланганлари ғалати. Улар шамол ҳам қамишларни шундай чала олишларини уқтиришади. Афина оригиналликни ёқтиргани сабабли икки тан олинган гўзалликни хушлай олмасди. Бу баъайни ҳақиқат эди у учун. Истисносиз тафсилот гўзалликнинг ягоналигида деб биларди Афина!

Тонг маҳал Афина ўрмон ичкарисига кириб дарё бўйида ўтирди ва сувдаги ўз аксини томоша қилиб, ўзи учун рақсга тушди. Шунда кўрдики, унинг ёноқлари шишиб, юзи ҳаво етишмаганидан хунук бўлиб кетар экан. У маъбудаларни нега бир-бирларига сирли қарашлари сабабларини тушунгандек бўлди. Маълум бўлишича, у флейта чалаётганда, унинг илоҳий гўзаллигига путур етар экан... Афина дарҳол найни улоқтирди ва уни тутган ҳар қандай одамни лаънатлади. Бу бечора Марсий бу овоз чиқарадиган ва лаънатланган ана шу флейтани улоқтирилган жойдан топиб олди. Марсий фақат мусиқа билан нимфани ўзига жалб қилмоқчи эди. Унинг чақириғини қишлоқ аҳли ухлаб ётган нимфадан аввал эшитди. Уларни сатирни айёрлик билан алдаб байрамга чорлашди. Қани келинг, нимфангизни чақиринг, албатта, у келади, деб уни ишонтиришди. Байрамни кўпроқ хуш ўтиши учун улар Аполлонни ҳам лираси билан келишга кўндиришди. Маъбуд уларни рад этмасдан келди. Ахир илоҳ нимадан ҳам қўрқарди?! Қандайдир сатирданми? Йўқ! Алоҳа, икки найнинг баҳси бошланди. Аввал флейта, кейин лира чалинди. Улар кун бўйи то оқшом қўнгунча навбатма-навбат куйларини чалишди, одамлар рақсга тушишди. Аммо улар танлов ғолибини аниқлай олишмади. Мувозанат бор эди. Иккаласини тинглаган ҳалол юнонлар тенглик борлигини айтишди. Аполлон Олимпдаги илоҳлар ҳузурига борди. Одамлар қарор қилолмаса, илоҳлар қарор қилишини истади у. Илоҳлар иккиланмасдан ўз биродарларининг ғалабасини эътироф этишди.

— Мағлубиятга учраганнинг ҳолига вой, — деди Аполлон.

Шундан сўнг у сатирни жазолашга қарор қилди. У Марсийни терисини тириклай шилиб олди. У ерда нимфа ҳам бор эди... Аммо у сатирни терисини Аполлон шилаётганини кўрмай қолди. Нимфа ўз майсазорига жўнаб кетди. Тўқайзор ортидаги кўлга чўмилиб ўтлар орасига ухлашга шошилди. Бу орада Аполлон сатирни терисини шилиб уни дарахтга осиб қўйди. Асрлар давомида Марсийнинг териси ўша дарахт шохида осилиб турди. Аммо вақт ўтиши билан буни рассомлар сезиб қолди. Улар Марсийни терисини, найнинг содда ва зукко оҳангларида титрашини пайқашди ва буни ўз суратларида акс эттира бошладилар. Улар яна шуни сездиларки, агар илоҳлар най чалса, сатирнинг терисида ҳеч қандай ҳаракат зоҳир бўлмас экан...

Мана бизнинг Дибикин ҳам аслида сатир. Билагида куч ёғилган кучли чол. Унда кучли одамнинг зерикарли устунлиги бор, аммо у ҳам ҳаётга болаларча қўрқув билан қарайди. У болалигини яширади. Унинг учун барча одамлар катталардир. Ўринларни алмаштириш вақтида Дибикин ҳам беихтиёр силжийди, аммо унинг ҳаракатлари худди нажас қилиб қўйган боланикига ўхшайди. У кўчиб ўтишни истисносиз қабул қилади. Ўзига бу ҳақда ҳеч қачон савол бермайди. Ахир нега иссиқ ўрнини бўшатиб, бошқа бир жойга кўчиб ўтиши керак?.. Буни нажас қилиб қўйган боладан нима фарқи бор? Сакраб-сакраб кетаётган қурбақанинг-чи?.. У ўзининг ҳаракатларини нима учун шундай қилаётганини тушунмайди.

Недоплёсов унга шундай дейди:

— Дибикин сиз худди туёқли жонивор каби шаталоқ отаяпсиз?

Доктор жилмайиб юмшоқ оҳангда давом этади:

— Жаноблар, бизнинг ҳар биримизнинг ичимизда ўз кентавримиз бор.

Лекин бу гаплар моҳияти Дибикинга етиб бормайди. У сакрашда давом этади. Шу билан бирга у суратдаги нимфадан кўзини узмайди. Унинг оқиш баданига қарайди. Худди сўлаги оқаётгандек қарайди унга.

Мен эса уйқуга кетаман.

Атрофимда илоҳлар, сатирлар, нимфалар кўринади... нега кентаврлар йўқ? Мифологик дунёга ғарқ бўламан.

— Барча асрларда кентаврлар инсонга энг юксак туйғуларни уйғотган, — дейди доктор.

— Унчалик эмас, жаноб Недоплёсов, — эътироз билдираман мен. — Баъзи машҳур бўлмаган мифларга кўра кентаврлар ҳаром ҳисобланади. Чунки уларнинг ярми одам, ярми ҳайвон. Буни унутмаслик керак.

Тўғри, буни ҳамма ҳам унутган эмас. Айтайлик, Свифт, британиялик бу рассом кетаврларга тоқат қилолмаган. У бу кулгули дурагайларни иккига бўлишни хоҳлади. Ҳа, у ҳақиқатни хоҳларди. У уларни чиройли ва ёмон махлуқлар тарзда тасаввур қилди.

Бечора Марсийнинг териси ҳақида гап кетганда, бизнинг Дибикин асабий тарзда тишларини ғижирлатади. Жимгина, лекин таъсирчан ғижирлашни унга эътибор қилсангиз, ҳис этасиз. Агар сатир ўрнида у бўлганида терисини ғанимига бермасди, тўғри маънода у ўзлигини қутқарган бўларди. У уларга куч нима эканлигини кўрсатган бўларди. Эҳтимол, у Аполлоннинг ўзини терисини шилиб олган бўларди. Агар сатирнинг ўрнида чиндан ҳам Дибикин бўлганида асрлар давомида шамолда кимнинг териси дарахт шохида титраши ҳар ҳолда тахмин қилиб бўлмайди...

Тўсатдан Дибикин стулни полга урганча кентавр каби бутун синфни бошига кўтарганча бақирди. У баланд овоз билан қичқирарди. У барчамиздан кўра, моҳиятни чуқурроқ тушунганди.

— Асосийси флейтани қўлга олмаслик! — деди у.

— Пётр Петрович... Ажойиб-а?! — Недоплёсов яна менга юзланади.

Мен дарҳол жавоб бермайман.

— Пётр Петрович!

— Ўйлаяпман, фикр юритаяпман...

Кўзларимни қия очиб уларга боқаман.

— Хўш, нима дейсиз бунга?

Менинг жимлигимдан Недоплёсов фойдаланади. У киноя билан менга гап қотади:

— Нимфа сизни таъқиб қила бошлади. Тўғрими?

Уларнинг истеҳзосига ортиқ рўйхушлик билдирмайман. Бу уларнинг нуқтаи назари, мен ўзимни ҳар қандай фикрга жалб қилавермайман. Ҳа, бу ерда бозор давом этмоқда! Аммо унда мен иштирок этмаяпман. Бу даврада мен уларнинг аъзоси эмасман... Атрофда айирбошловчилар, уларнинг ҳаммаси ақлдан озган, фақат мен эмасман. Менинг кўзларим юмилади. Ўнгга ё чапга оғаман. Мен бўйсунадиган ягона нарса бу уйқу.

Аммо Дибикин аллақачон ўзини қуршаб турган дунёдан воз кечиб курсисини Клюшкин ва мактаб ўқитувчиси Чижов билан алмаштириш билан банд. Энди улар уч киши. Хўш, менга улар нега керак? Атрофимда гала чоллар! Буларни ҳаммаси, чарчаган тасаввурлар! Бу зайтун боғи, ухлаётган ёш аёлга тикилиш, нимага керак? Бу бизга нима беради — ҳеч нарса! Улар эса жой ўзгартириш билан овора. Клюшкин Чижов билан, нотинч ўқитувчи Чижов эса Дибикин билан! Дибикин — Клюшкин билан, Клюшкин эса Чижов билан!.. Тўхтовсиз... Ташқаридан қарасангиз уларнинг ҳаракатида динамиклик кўзга ташланади. Гўё кўринмас аллаким бу уч чол билан ўйин ўйнамоқда. Афтидан, бу янги нуқтаи назар бизнинг сатирларимизга қисқа муддатли бўлса ҳам қувонч келтирмоқда шекилли. Бу ўзаро ўрин алмашишлар ва сакрашлар қанчалар бемаънилик. Эҳ менинг бечора кексаларим! Улар ҳар гал жойларини ўзгартирганда, айниқса дераза олдида ўзларини кўрганларида шодланардилар (у ерда ёриқдан кундуз нури тушарди). Улар шундай вақтларини ўтказишади. Кун келиб уларга вақт етганини ва бу ердан жавоб берилганини билдиришади. Буни қандай ҳаяжон билан қабул қилишади улар. Ҳозирча ракурсларни ўзгартиришдан ҳаловат туядилар, шуни ички бир илинж ила хоҳлашади.

— Пётр Петрович, — деб чақиради Чижов пичирлаб.

У сакраб туради ва мени елкамдан келиб туртади:

— Келинг жой алмаштирайлик, курсидан туринг, дераза ёнидаги менинг жойимга боринг.

Мен бош чайқайман.

— Йўқ, мен эмас.

— Эҳ, бунча қайсарсиз. Пётр Петрович, бу ер зерикарли. Ҳатто зах экан.

— Буни менга умуман фарқи йўқ.

— Қандай бемаънилик, — эски мактаб ўқитувчиси умидсиз қолади.

Ростдан ҳам қандай бемаънилик. Эҳтимол Дибикин бу бемаъниликни тушуна оларди... Ҳатто Клюшкин ҳам... Лекин мактаб ўқитувчисини буни тушунишига шубҳам бор. Ўжар Чижов мени зўрлик билан курсидан кўтаради. У ҳансираб қолади. Мен унинг иродасига бўйсунаман, ўрнимдан туриб, дераза олдидаги унинг жойига бориб ўтираман. Чижовни курсисига ўтириб, экранга қарайман — хўш, нима янгилик бўлар экан?..

Худди аввалгидек, гўзал ва абадий яланғоч нимфа. Худди ўшандай силлиқ майса. Ўша ғуж зайтун мевалари... Айтарли ўзгариш йўқ, кўрадиган ҳеч нарса йўқ. Шу боис мен деразадан ташқарига қарайман. Оҳ, онажоним! Ё, тавба, қўшни бинода, биринчи қаватда, дераза олдида — ёш бир қиз ухлаб ётарди. Тирик!.. Ухлаб ётибди, ярим ёпилган ёноқлари дўмбоқ, шу қадар нафиски, ияклари, лабларини яққол кўриш мумкин. Елка ва кўкракларини баъайни кўриниб турибди. Айниқса унинг оппоқ тиззалари ёрқин ва жозибали кўринади. Мўъжиза!

Уч қаватли бу бино илгари реабилитация бўлими бўлган. Катта, ювилмаган деразалари панжалар билан ўралганди. У ерда машқ анжомлари, ҳатто баскетбол ўйнайдиган майдон бор эди. Буларнинг барчаси чанг ва занг остида хору-толғин ётарди. Улар бу ерни кимдир сотиб олганини айтишарди. Ким билсин, балки бу шунчаки тахминдир. Бироқ бино бўш ётар эди. Бўм-бўш бинода ухлаб ётган қиз ҳар эҳтимолга қарши қўйилган тунги қоровулга ўхшарди. Бу ердан ҳисобласангиз оралиқ масофа ўн беш-йигирма метрлар атрофида чиқарди. Ухлаётган мўъжиза!..

Дибикин стули билан мен турган дераза томон отилиб келди. Қолган чоллар ҳам бу ёққа шошилишди.

— Сиз нега бу дераза олдида узоқ қолдингиз десак, Пётр Петрович гап бу ёқда эканда! — ҳайратланди улар.

Ҳа, бу бугунги кунда, одатий нарса. Ёш қиз тунда ўлик бинони қўриқлайди. Албатта, арзимаган пул учун ишлайди у... Мен тўсатдан қўлларим, бармоқларим ва тирноқларим билан курсимни маҳкам ушлаб олганимдан ҳайратландим. Бундан ҳатто бармоқларим оғриётганини ҳис қилдим. Ҳа, мен бу ердан туришни истамасдим! Кўзларим деразадан ташқарига нимфага, тўғрироғи, нимфага айланган қизга қаратилганди. Мени енгил ваҳима қамраб олганди. Афсус, мен бу ерда абадий қололмасдим. Бизни бу ердан охир-оқибат ҳайдаб юборишади. Йўқ, мен тирик танага алданганим йўқ, қиз шунчаки ёшлигидан ташқари жуда гўзал эди. Эҳтимол у бироз совуққондир. Ростини айтсам мен тирик нимфага маҳлиё бўлгандим. Суратдаги нимфа бу курашда батамом енгилганди. Аммо у тириклайин мени миямдан урганди. Қиз уйғонди. Аммо мен ундан бироз олисдаман. Қани зайтунзорда бўлсам. Мени ўша ерга учиб кетгим келди. Тезликда!... — худди экрандаги нимфа жонлангандек эди. Наҳотки суратга жон кирган бўлса?! Ҳа, айнан шундай. Трамплиндан сакраш каби расмдаги нимфа ҳаётга ўтиб олганди гўё. Ҳаёт ва суратнинг бу тариқа қўшилишидан юрак тўлғонди. Мен ўз истакларимни тушунолмай қолдим. Мен бетин ўйлаётгандим. Ухлаётган аёл эса бошқа тарафга ўгирилди. У ҳам биларди (бизникилар каби ракурсни ўзгартиришни). Шунда унинг устидаги кўрпа ва чойшаб бироз сирғалиб кетди... Ё, худо... Қандай кўргулик. Эҳ, уйқучи бечорагина... Унинг... Ўша қизнинг бир оёғи йўқ эди. У фақат чап оёққагина эга эди водариғ.

Хайриятки, кўрпанинг бурчаклари унинг қорнини ва танасининг бошқа қисмларини ёпиб турарди. Шунга қарамай унинг оппоқ тиззалари одамни ҳушини ўғирлар даражада жозиба касб этганди.

Миямда хаёллар жонланар, кўзим олма терарди. Шу маҳал мен чўлоқ қизнинг каровати тагида протез оёқга кўзим тушди. Кечаси уни олиб қўйган. Бу мумкин. Арзон... Дағал, қўрқинчли оёқ...

Унга протез маъқул. Юриш учун осон албатта...

— Ухлашга қулай, ким билсин — дея ғўлдиради у ўзига-ўзи. Бундан ҳатто таажжубга тушди.

Чижов аллақачон унинг олдида турарди. У жойни бўшатишни сўраётганди.

— Нотўғри тарафга қараяпсиз, — деди.

Сўнг дераза ортидан қизни кўриб:

— Сиз унинг оёқларига тепадан қаранг. Букилишининг ўзи бир эртак... Гўзаллик... Кўрдингизми?.. — деди. — Тизлар букилиши ўзи бир эртак.

— Тушунмадим, — дедим мен. — Бу нима деганингиз?

— Буни мен эмас, Гумилёв айтган, — деди мактаб ўқитувчиси бундан кўпчиликнинг хабарсизлигидан ғазабланиб. — Шоир Гумилёвнинг сатрлари бу. У мисраларни яна такрорлади:

«Тизлар букилиши ўзи бир эртак.»