Шамоллар шоҳи

(романдан парча)

                                                                                                         Табиати шамол каби, қадди бироз букилган, озғин, ранги ҳам                                                                                                                         табиатники сингари.   Нимжон бўлса-да, кўп гапирадиган, совуққа,                                                                                                                 туманга ва изғирин ҳамда туман билан боғлиқ ҳеч бир нарсага тоқати                                                                                                           йўқ. Табиатнинг унга инъоми ҳам кўп эмас, умри қисқа, уйқуси эса                                                                                                                 номигагина. Шарпалар яратувчиси, мусиқа, табассум, жанжал ва                                                                                                                   отишувлар шайдоси. Калхат, сиртлон, ит ва тулкиларнинг белгилари                                                                                                             бор. Айниқса, отишни ўрганишга мойиллиги бор одамда шамолнинг                                                                                                               табиати бўлмайди. Шарпалар яратишда  устомон бўлган, ўлбарснинг                                                                                                           шахди бор одам табиатга эга чиқиб, шамоллар шоҳига айланади.

                                                                                                                    Вайду-Онбо, тибетча тиббий трактат

                                                                                                        Бу каби фавқулоддаги тасодифий ҳолатлар ҳамда шу каби зукко                                                                                                                    найранглар жамиятга хизмат кўрсатишнинг турли хиллигини                                                                                                                          кўрсатувчи асосий муҳим хусусиятлардир.

                                                                                                                    Чарлз Диккенс. «Детектив полиция»

1-Боб. Соялар театри


1-Бўлим. Ҳукм

1

Маълумки, 1893 йилда шаҳар детектив полициясининг афсонавий бошлиғи Иван Дмитриевич Путилин истеъфога чиқиб, Новгород губерниясидаги, Волхов дарёси бўйида жойлашган олмазорли уйидан қўним топди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яхши бир нашриётдан яхшигина ҳақ тўлайдиган таклиф тушгач, мемуар ёзишга киришиб кетди, икки ҳафтача берилиб ишлаб, истиқболли режалар тузди, китобидаги бўлимларга сарлавҳалар топди, уларнинг ҳар бирига эпиграфлар қўйди, бироқ охир-оқибат ёлғиз ўзининг бу ишга ақли етмаслигини тушуниб етди.

Кимдир унга петербурглик адабиётшунос Сафроновни тавсия қилди. Адабиётшунос хатида нашриёт томонидан унга ваъда қилинган гонорарнинг ярмига даъво қилган бўлса-да, юзма-юз кўришишганида улушнинг учдан бирига рози бўлди, кўнмаса, у бундан ҳам арзонроққа ходим топа олишини уқтирганидан сўнг, ўзаро қўл бериб келишиб олишгач, Сафронов Иван Дмитриевични поездгача кузатиб қўйди. Аслида улушнинг ярмини сўраганида, тўртдан бирига умид қилганди, аммо бироз ҳаяжондан унинг услубини унчалик ҳам бузмай, шахсийлаштирмай, мемуарист шахсини ўзлаштирмаслик ҳақида гапира кетди.

Улар вокзалда хайрлашишди, орадан икки кун ўтгач эса Сафронов худди ўша поезд билан Волхов соҳилига етиб келди. Бу ерда, Иван Дмитриевичнинг хонадонида қарийб бир ой яшаб, уй соҳибининг хотираларини ёзади. Ундан кейин эса ёзишмаларни қайта кўздан кечириб, уни нашрга тайёрлай бошлайди. Муқовада фақат битта исм туриши лозим бўлиб, бу ишдан Сафроновга моддий наф бор холос, ҳеч бўлмаса шундай эканлигидан ҳам рози.

Бир ой давомида Иван Дмитриевичнинг ҳаёти саҳифаларини ёзиш мобайнида Сафронов учта қаламнинг бошига етди, ҳатто ҳаддан зиёд ёзганидан ўрта бармоғи қабариб кетди. Қия учли қаламни думалоқ учлисига алмаштириб ҳам кўрди, бироқ у ҳам иш бермади, қўли қабаришда давом этаверди. Боғдан сўнгги олма ҳосилини териб олишаётганида, дарахтлар япроқлари сарғайиб, тонгда дарёни туман қоплаган паллада Сафронов тўлдирилган бир нечта дафтарни жойлаб, кетишга ҳозирлик кўришни бошлаган эди.

Материал етарли бўлиб, Сафронов Петербургга қайтгач, услубий камчиликларни тўғрилайди, ҳикояларни хронологик тартибда жойлаб чиқади, баъзи ўринларга тарихий сайқал беради, бироз жило ва психология ҳам қўшиб қўяди.

Сафронов уйда, тинчгина, халатда, креслода хуриллаб ухлаётган суюкли мушуги ва суймаган хотини ёнида ишлаб ўтиришини тасаввур қилди. Рафиқаси аёл кишининг сийнаси қанчалар беўхшов ва бели қанчалар кенгая бошласа, эрининг кабинетига олиб кириши лозим бўлган қаҳваси шунчалар мазали бўлиши ҳамда чойга тортилган булочка шу қадар хушбуй таъмга эга бўлиши кераклигини тан оларди.

Қаттиқ тер тўкса, иш баҳоргача якунига етади. Иван Дмитриевичнинг мемуарлари босмахонадан чиққач, Сафронов қўлёзмалар ёзилган барча дафтарларни йўқ қилди, фақат биттасидан ташқари, уни Сафронов ўз архивида сақларди. Бу ҳикояни у китобга киритмади. Эҳтимол, Сафронов ҳикояни ўз романи учун сақлаб қўйгандир, бироқ романни у барибир ёзмади.

Бу муқоваси қаттиқ яшил матодан қилинган қалин дафтар бўлиб, муқовага Иван Дмитриевич китобига ёзилган икки бетли тақриз ёпиштирилган. Тақриз матнида кимдир қуйидаги иборани ёзибди: «Унинг истеъдоди сеҳрли ғилдираги бир хилдаги санъат билан икки ипни — сюжет ва психологияни узвий боғлайди». Бошқа томонида эса: «ғилдирак тика олмайди!» дейилган, пастроқда эса бошқа ёзувда: «Гап сеҳрли ғилдирак ҳақида кетяпти. Сеҳрли бўлгач, ҳамма ишни қила олади!» деб ёзилибди.

Дафтар варақлари орасида 1913—1914 йилларда нашр этилган «Осиё» газетасидан саҳифалар кесиб олинган. Сафронов ушбу ҳикояни эшитганига йигирма йил тўлган бўлса-да, унда яна қизиқиш уйғонди. Нега шундай бўлганлиги ҳикоянинг охиридагина аён бўлади. Фақатгина ҳикоя финалига етиб келгач, тақризлар моҳиятини тушунса бўлади.

Дарвоқе уларнинг бари Мўғулистон билан боғлиқ эканини пайқаш мушкул эмас, уларда рус офицери Солодовниковнинг 1913 йилда ҳарбий инструктор сифатида мўғул исёнчи армиясида хизмати вақтидаги хотиралари берилган. Бир ярим йил муқаддам собиқ Ташқи Мўғулистон (Халха) Пекиндан мустақил бўлганини эълон қилади ва Солодовников мўғулларга хитой аскарларига қарши курашда жанговар тайёргарлик жиҳатдан расмийлаштиришга ёрдам беради.

Бир қарашда унинг хотиралари тарқоқ ҳолатда қоғозга туширилган. Масалан, Сафроновнинг Иван Дмитириевич билан танишуви қуйидагича келтирилади:

«Чингизхонни кўз олдимга келтирган ҳолда мўғуллар ўта жанговар халқ деб ўйлардим, улар жангга киришганларида шунчалик тез ҳаракатланадиларки, ортларидан фақат чанги қолади, улар ҳали янги оврўпоча қуроллар ва замонавий жанг усулларини билмайдилар, деб ўйлаган эканман. Бироқ орадан бироз вақт ўтиб, мўғуллар тўғрисидаги тасаввурларим ҳақиқатдан йироқ эканини, бугунги мўғуллар ўз аждодларидан қанчалар фарқ қилишини англаб етдим».

Уларнинг бари бугунги кунда буддистлар ва «сариқ дин» томонидан уларнинг миясига сингдирилган пасифизмга (ҳар қандай урушдан воз кечиш сиёсати) муккасидан кетганлиги шўрлик қабила учун чинакам лаънатга айланди. Жанг чоғида бутун бошли қўшин жанг майдонини тарк этиб, қўшни монастирга «ибодат учун» кетиб қолишар, ҳатто пулемётлардан қўлбола қимиз ёғилса-да, ибодат қилишни қўйишмас, штаб бригадасидаги ламалар (руҳоний буддистлар) менинг буйруқларимга ҳамиша аралашар, бўлинмамиз ваколати ёки артиллериядан фойдаланиш чоғида шу қадар берилиб диний маърузалар ўқиб кетардики, улар хитой хуфиялари эмасмикан, деган шубҳага ҳам бориб қолардим.

Патронлар сақланадиган омбор ўз-ўзидан сувга тўлиб қолар, пулемётларда ҳам ҳатто бир дона ўқ бўлмасди. Пушкаларни тортиб юриши керак бўлган буқалар эса қачон қараманг, вабога чалинаверишар, уларни эмлашга олиб кетган аскарлар ҳам изсиз ғойиб бўлишарди. Дезертирлар сони кўп бўлиб, ўғрилар улардан ҳам кўпчиликни ташкил қиларди, ҳаммалари бир-бириларидан нималарнидир ўғирлашар ва ҳеч нима билмагандек яна бир-бирларига тез-тез совғалар ҳадя қилишарди. Ҳаммаси яхши ниятда қилинаётганини ўйлаб, ҳеч ким ҳеч қандай чора кўрмасди.

Муҳим ҳужжатлар ҳафталаб мўғул бошлиқларимнинг қўлида бўларди, мабодо ўша ҳужжатлар йўқолиб қолса борми, фолбинларга иш топиларди. Ҳарбий операциялар осмондаги юлдузлар жойлашуви ҳамда қўзичоқ қовурғасининг гулханга ташланганида унда қандай ёриқлар пайдо бўлишига қараб белгилашар, қайсидир санада белгиланган буйруқларни камон оёқ пифиялар (қадимги Юнонистонда Аполлон ибодатхонасидаги руҳоний-фолбин) ўша рақамни хосиятсиз деб бекор қилишар, буйруқни бажармасликнинг виждонли йўлини топишар, ўша сана ўз-ўзидан календардан олиб ташланарди.

Дарҳол ойнинг иккинчи кунидан кейин учинчиси қолиб, тўртинчиси келиб қолар, кейин яна дарров икки марта бешинчи кун бўлиб, ҳар ойнинг учинчисига қадар кунлар мавжуд бўлмас, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари эса бир хил сана билан белгиланар, мен эса бундан шанба куни тонгда хабар топардим.

Бир пайтлар барча жонзотларни Пекиндан Қуддусга қувиб борган мўғулларим қотиллик иштиёқида ёниб, ҳужумга ўтмишдаги шон-шуҳратдан маст бўлиб, худди ёввойилардек ташланар, бироқ илк отишмадаёқ қочиб қолишарди. Интизомни ушлаб туришнинг ягона йўли калтаклаш эди. Зўравонлик озод армия учун эмас, дея ҳисоблаб, буни вазирликка ҳам уқтирдим ва улар мени шу қадар самимий қабул қилишдики, бу масала бир уринишда бутунлай ҳал бўлди.

Охир-оқибат бригада ижрочилари тантанавор ва эҳтиром билан худди маълум бир диний маросимни ўтказган мисоли бамбук таёғи солинган лакланган қутини олиб киришганида гўё ҳеч нима билмагандек, барига қўл силтадим. Бу таёқ бамбукдан қилиниб, шахсан буюк Абатайхонга тегишли бўлганини, афсоналарга кўра бу таёқ қайсидир муқаддас ламанинг бошидан ўсиб чиққан экан. Айтишларича, бу таёқ Абатайхонга тегишли бўлиб, тул қолган бевасининг майин, навниҳол куртакларидан тўйиб олиши учун мўъжизавий тарзда бирор бир муқаддас ламаларнинг бошидан ўсиб чиққан бамбукдан ясалган. Қон сизиб кириши учун ўйилган ариқчали бундай куртакларнинг бири, эндиликда пул қутиси ва бригада байроғи билан бирга штабда сақланмоқда. Бироқ ундан у қадар наф ҳам йўқ, мўғлуллар у ёки бу жиноятнинг жиддийлиги ҳақида ўз тушунчаларига эга эдилар. Отга жароҳат етказган чавандоз ўлгудек калтаклашлари мумкин, дарёдан кечиб ўтаётганларида милтиқ учи билан сувнинг чуқурлигини ўлчаётганида, қурол сувга ғарқ бўлса ҳам бу ҳодисани шунчаки оддийгина қабул қилишарди. Устига-устак эскадрон ва командаларни қай йўсинда шакллантириш маъқуллигини билмай бошим қотарди. Умумий асосда тузилганларида кўпроқ интизом мавжуд бўлиб, бироқ улардаги ноизчиллик хатарли эди; аралаш бўлинмаларда умуман тартиб йўқ, аммо оммавий тартиббузарлик эҳтимоли кам эди. Бундан ташқари уларнинг аҳмоқона тақвими мени ғазаб отига миндирар, бош оғриғим кучайиб, даҳшатли туш каби ғашимга тегиб, кун сайин ҳолдан тойдирарди.

«Шарқ халқлари учун куннинг ҳар қандай вақти бир хилда бўлади», — дейди Киплинг пассажир поездлари учун ҳинд темир йўлларининг ўзига хос жадвалини назарда тутиб. Ушбу ҳақиқатнинг асл моҳиятини Саккизинчи Богдо гэгэннинг шаҳар атрофидаги саройига, Урга Хутухтасига ва монархнинг олдига борганимда англаб етдим. Тахминан қирқ дақиқа ҳарбий вазир бошчилигидаги бригада раҳбарлари қабулни кутиб қолдик ва яна ўшанча вақт қабул маросими давом этди ва ўша вақт оралиғида тўхтовсиз равишда турли соатларнинг тинимсиз бонг ургани эшитилиб турди. Соатлар, асосан сарой йўлаклари, анфиладалар, тантана заллари ва яшаш хоналарида тик ва осиғлиқ турарди.

Менга тушунтиришларига қараганда, Богдо гэгэн ўзининг сўнгги уч марта туғилиши даврида жанг ва мусиқалар билан боғлиқ бўлган соатларни коллекция қилади. Соатларни унга савдогарлар, зиёратчи сайёҳлар, Қин расмий вакиллари, хорижий дипломатлар ҳадя қиладилар, аммо бир ярим йил аввал у трахоманинг оғир формаси билан касалланади ва деярли сўқир бўлиб қолади ҳамда бутун кучини унинг сўқирлигидан ўз фойдаларини кўзлаган фитначиларга қарши курашга сарфлайди, фитначилар саройдаги соат механизмини бузмоқчи бўладилар.

Соатлар ё умуман юрмай қўйди ёки бураб қўйишни унутишди, бурашса ҳам, стрелкаларини тўғрилаб қўйиш ёдларидан кўтарилган. Кўпчилиги умуман тўхтаб қолган, бошқалари юрса-да, турлича вақтни кўрсатади. Бошқалари эса тўхтовсиз жиринглайди ёки муддатидан аввал, баъзилари эса кейин бонг уради. Куну тун ё бу ерда ёки у ерда, зиналарда, тантаналар залида соат пружиналари айланар, болғачалар бонг урар, опера увертураларидан парчалар, аллақачон тугатилган империя мадҳияси ёки эндиликда қабрда чириган полк жангга кирганда айтилган маршнинг икки-уч такти жаранглаб туради. Абадият уйи, ғиштли мусиқа қутичаси, яшил кўзойнакли қирол будданинг темир томли қароргоҳи бўлган бу сарой менга агар мўғуллар унда ўзларининг асосий кимсаларини кўрсалар, менинг улардан кўп нарса талаб қилишга ҳаққим йўқлиги тўғрисида эслатарди».

Сафронов ҳақидаги ҳикояга қайтамиз.

Хуллас, у эртаси куни Петербургга қайтишга ҳозирлик кўрди. Ҳаво ҳамон илиқ, улар Иван Дмитириевич билан бирга икки томони олмазор билан ўралган айвонда тушлик қилишди. Учинчи томонда эса Волхов дарёси ўзини кўз-кўз қилар, соҳил бўйида эса толлар экилган майдон борган сари торайиб борарди. Улар билан пейзажист Мжельский бирга тушлик қилди, бу ёш, қатъиятли ва кўзлари ғамгин, жанубликларга хос йигит эди. Икки ҳафта олдин у бу ерга этюдлар учун келиб, маҳаллий оқсоқолникида яшаяпти.

— Ишингиз ғалати, — деди Иван Дмитриевич пейзажист йигитга юзланиб, — Сентябрь ҳамон ўз гўзаллигини сақлаб турибди, бизнинг ерлар чиройли, бироқ сизнинг суратларингизда эса ёмғир, шамол, дарахтлар эгилган, томдан хашаклар учганини кўрасиз. — Кеча ёмғир ёққанди, — ўзини оқлади Мжельский. — Жума куни ҳам бироз ёққанди.

— Жумада-я? Негадир пайқамабман.

— Ҳа, ёққанди, Иван Дмитриевич, — таъкидлади Сафронов.

— Майли, ҳеч бўлмаса, бирор марта бўлса ҳам тиниқ тонг, сокин шамолни чизсангиз дейман-да. Йўқ, чизганингиз — туманли тонг отиши ёки бўлмаса қонсираган шафақ, ғира-шира осмон, хира булутлар. Булутлар ҳам абгор, худди уларни мушуклар тирнаб олгандек.

— Мана кўринг! — кўрсатди Мжельский деворга суяб қўйган, ҳали қуришга ҳам улгурмаган этюдни кўрсатиб. — Ҳаммаёқ сокин, ҳатто бирорта япроқ учиб тушмаяпти.

— Сизда ахир шунақа-ку. Шамол бўлмаса, демак момақалдироқдан аввал, албатта бўлади, қуёш шўрлик ҳам фақат чақиндан кейин чиқади. Ҳеч бир яхши иш ўз-ўзидан бўлмайди. Ишончни оқламадингиз! Хўш, Италияга борсангиз-чи, ундай бўлмайди-а, дарҳол денгиз узра қуёшни, нур сочиб турган қуёшни чизишни бошлайсиз. Қарағайзорлар, саройлар, ҳаммаёқ нурли. Жононлар узум еб туришади, чўмилишади. Болалар рақсга тушади. Нима бу ердагилар аёл эмасми, шўрликлар ё тул бўлишади ёки аскар, ё бўлмаса эчки ортидан қуваётган бўлади. Бола бечоралар эса изғиринда челакда сув ташишади ёки момақалдироқдан ўзларини ҳимоя қилишади. Италияда ёмғир ёғмайди, деб ўйласангиз адашасиз. Бир қуйса, меҳмонхонадан чиқолмай доғда қоласиз.

— Италияда бўлганмисиз? — сўради Мжельский.

— Бўлганман.

Иван Дмитриевич ҳайрон бўлиб Сафроновга қараб қўйди ва бу гапларининг китоб учун зарурати йўқлигини, Италияга шахсий масалада борганини қистириб ўтди.

— Наҳотки фақат шахсий масала бўлса? — ишномади Сафронов, у энди Иван Дмитриевичнинг ҳар қанақа шахсий иши ҳам хизматига бориб тақалишини аллақачон билиб олганди.

— Ҳа, жисмоний шахс сифатида борганман. Тўғри, сафарим очишим лозим бўлган бир жиноят сабабли бўлган.

— Ана, тилингиздан тутилдингиз. Қани энди гапириб беринг. Бутун оқшом ҳали олдимизда.

— Албатта сўзлаб беринг, — мени қўллаб-қувватлаган бўлди Мжельский, шу баҳонада кечки овқатга умидвор бўлиб.

— Ҳикоям Италия билан эмас, Монголия билан кўпроқ боғлиқ бўлганидан ҳафсалангизни пир қиламанми, деган ташвишдаман, — жавоб берди Иван Дмитриевич.

— У ерда ҳам бўлганмисиз?

— Йўқ, аммо ҳамиша боришни истаганман. Жуда ажойиб, гўзал мамлакат эмиш, ҳатто сизларга ҳам ёққан бўларди. Ўқиганларимга қараганда, мўғулларнинг муқаддас Урга шаҳари жойлашган Тол дарёси водийси Ломбардия водийсини эслатаркан.

— Бўлди, айлантирмасдан бошлай қолинг. Мен тайёрман, — деди Сафронов, янги яшил муқовали дафтарни ўзига тортганча.

Қуйида берилаётган воқеалар тўлиқ унинг ёзишмалари дегани эмас. Ҳатто Иван Дмитриевичнинг ўзи ҳам аниқ реалликка таяна олмайди. Ҳар учала ҳолатда ҳам бўшлиқ бор, албатта, бироқ ҳар ҳолда биринчисида қолган иккитасидан кўра ҳақиқат кўпроқ. Ҳар ҳолда Солодовников қўлёзма дафтаридаги матнлар энг яхши сақланганлигига шубҳа йўқ.

2

Май ойининг ўша тонгида Иван Дмитриевич чақалоқлигидан тирик қолган ўн уч яшар ёлғиз ўғли билан нонушта қиларди. Хотини улар билан ўтирмади. Эркакларни овқатлантириб бўлгач, улардан бирини — хизматга, иккинчисини гимназияга жўнатиб, яна бироз мизғиб олмоқчи бўлди. Илгарилари шундай қилса, буни уйидагилардан бекитарди, аммо яқинда қўшни аёл унга аёллар журналидаги бир мақолани кўрсатиб қолди, унда аёл организми эркакларникига қараганда кўпроқ уйқуга эҳтиёж сезиши исботланган экан. Шунинг учун ҳам энди аёл ўзининг тўлақонли ҳақ эканлигини билиб, яна ўрнига ётди.

— Яхши, мен-ку жонингга теккандирман, ҳеч бўлмаса ўғлинг билан гаплашарсан, — деди хотини Ивана Дмитриевич қўлидан газетани олиб қўяркан, — мабодо ошқозонингни бутунлай бузмоқчи бўлсанг, унда, кел, яхшиси китоб ўқий қол. Қачондан бери китоб ўқиганингни кўрмадим.

Дарҳақиқат, Иван Дмитриевич тергов полицияси бошлиғи этиб тайинланганидан бери доим банд бўлади, кам мутолаа қилади, замонавий ёзувчиларни эса умуман танимайди. Унга ёзувчи Николай Каменский ўз уйида, Караванная кўчаси, саккизинчи хонадонда ўлдириб кетилганлиги ҳақидаги хабарни икки соат кейин айтишганида, у илк марта бу исмни эшитган эди.

Унга бу хабарни ўқишини охирига етказа олмаганидан лақаби Студент бўлган агент Гайпель айтувди. Каменскийнинг охирги китобини ҳам айнан шу агент ҳар эҳтимолга қарши сотиб олиб келувди. Иван Дмитриевич китобни чўнтагига солиб, Гайпелни извошга жўнатганди. Извоз беш дақиқада келди. Энди аравага чиқишган ҳам эдики, чиройли пальто кийган, ўрта ёшли йигит уларга яқинлашди.

— Сизни эсладим, эсладим, — деди Иван Дмитриевич унинг оғзини ҳам очирмасдан. — Фамилиянгиз Печеницын, сиз Обуховдаги руҳий касаллар шифохонасининг директорисиз, бир ҳафта олдин ҳузуримга келган эдингиз. Касалхонангиздан бир жинни қочиб кетганди.

— Уни топдингизми?

— Биз уни қидирмадик ҳам. Бунақа ишлар билан шуғулланмаслигимизни айтгандим шекилли.

Арава қўзғолди, аммо Печеницын югурганича ортимиздан юрди.

— Мен унинг белгиларини ёзиб қўйгандим, — деди у. — ўтиниб сўрайман, шуни олинг. Эҳтимол керак бўлиб қолар?

Иван Дмитриевич шафқат юзасидан қоғозни олди, кейинчалик қоғозга кўз югуртиракан, кўчада ҳар иккитадан биттада бу каби белгилар борлиги ҳақида ўйлади. Қочоқнинг бурнида аллақандай махсус белги бўртиб чиққан экан, шуни сал бошқачароқ ифодаласа бўларди-ку.

— Жинниларни ҳам тутиш билан шуғуллансак, ўзимиз тамом бўламиз-ку, — гап қотди у Гайпелга.

Гайпель бош ирғаб қўя қолди. Варақни ғижимлаб, Иван Дмитириевич уни ташлаб юборди, чўнтагидан Каменскийнинг китобини олди-да, сарлавҳасини ўқиди: «Дарбадарликда». Мундарижадан кўрдики, бу роман эмас, балки ҳикоялар тўплами экан. Иван Дмитриевич унга ҳамиша кулиб боққан тақдирига суянди ва китобни дуч келган саҳифасини худди фол очгандек очди. «Соялар театри» ҳикояси тўғри келди. Ҳикояни Караванная йўлида ўқишга улгурди.

Сюжет қуйидагича.

Мўғул шаҳзодаси Намсарай-гун, «байроқдор қўшин» полковниги, бош кийимида товуснинг уч кўз нусхаси мавжуд патини ёпиштириш ҳуқуқи бўлган чингизхонлардан бўлиб, у Хитой элчихонаси вакиллари билан Петербургга келди. Элчи билан биргаликда пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини кўрди, балларга борди, операга ташриф буюрди. Барча кўрган-кечирганлари унда катта тассурот қолдирди. Орадан бир ой ўтгач, Намсарай-гун насронийликни қабул қилиш ниятида эканлигини, чўқинтириш эса юнон русумлари каби бўлишини айтади.

Воқеа сўзлаб бераётган кимса Драгоман Н., бўлиб, у сибирлик келгиндилар учун оддий, бироқ буддистлар учун ғайриоддий бўлган бу хабарни биринчилардан бўлиб эшитди. Вазият ноёб, бироқ ҳеч қандай қаршиликлар йўқ бўлса-да, диний амалдорлар ва бюрократик тортишувлардан кейин бу ҳикоя ҳам Салтыков-Щедрин ҳикояси сингари тус олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, Намсарай-гуннинг истаги ижобат қилинди.

Чўқинтириш маросими худди унинг ўзи сўраганидек яширин бўлиб ўтди. Унинг мулозимлари-ю, элчихона вакиллари, ҳатто элчининг ўзи ҳам ҳеч қандай шубҳага боришмади. Бу ҳодиса сабаб дипломатик муносабатлар зарар кўрмайди, князнинг рус фуқаролигини қабул қилиши ҳақида гап кетмаяпти-ку, барибир энди вазирликдаги амалдорлар Намсарай-гуннинг Пекинга аввалгидек садоқат билан хизмат қилишига ҳам ишонмайди. Эътирофни ўзгартиришда улар маълум бир сиёсий мазмун касб этармиш. Улар бунинг маъносини князнинг Ўрта Осиёда рус таъсирини кучайтиришга ҳисса қўшишга рамзий равишда тайёрлигини кўришади. Бу шундай ёки шундай эмаслигини текшириб кўриш ўша Н.га юкланган эди. Чўқинтиришдан сўнг Намсарай-гун амалдорларнинг табрикларини ва уларнинг рафиқаларидан совғалар қабул қилди, бироздан сўнг у Н. билан бирга ўз жойига бориб ўтириб, бирга чойхўрлик қилишганида Н. мўғул князидан ҳеч бир наф йўқлиги ойдинлашади.

Маълум бўлишича, икки ҳафта аввал Мариинский театрида Гунонинг «Фауст» спектаклида қатнашаётганида, Намсарай-гун бу дунёда шайтон борлигини, инсон шайтонга ўз қалбини сотиши, аниқроғи, бирорта истагининг амалга ошиши учун жонини алмаштириши мумкин бўлган шайтон борлигини билган. Элчихона таржимонларидан бири шаҳзодага бундай битимлар махсус келишув билан муҳрланганини тушунтирди. Сиёҳ ўрнига у жон эгасининг қонини ишлатади, аммо шуни таъкидлаш лозимки, шайтон фақат чўқинтирилган руҳларга муҳтож. У бошқаларни танимайди ва уларнинг эгалари билан ҳеч қандай муносабатларга киришмайди. Бундай имконият Намсарай-гунни васвасага солди. Н. учун шаҳзоданинг инсоният душмани бўлган шайтондан айнан нимани ундириши сирлигича қолган бўлса-да, бироқ уни черковга нима етаклаб келганининг мантиғи инобатга олинса, мақсад аён бўлади.

Болалигини Онон дарёси соҳилининг бўйида ва чўлларда ўтказган Намсарай-гун ҳар бир оламда учта руҳ бўлишини билиб олган: сайн-сунс — яхши руҳ, дунд-сунс — ўртача, ва му-сунс — ёмон ёки баджаҳл руҳ. Айнан энг охиргиси шайтонга сотиш учун асосли эди. Князь руҳонийни у фақат учта руҳидан биттасини, яъни му-сунсни чўқинтириш ниятида эканлиги ҳақида очиқчасига огоҳлантирди, аммо таржимон унинг сўзларини нотўғри тушуниб, ўша сўзни «ёмон» ёки «жаҳлдор руҳ» деб эмас, «гуноҳкор руҳ» деб таржима қилади. Нумсарай-гуннинг буддизмдан насронийликка ўтишини унинг тавба-тазарруси дея қабул қилишлари табиий эди. Руҳоний ҳам уни тинчлантириб, унинг бу қарорига юқори баҳо бериб, ҳеч қандай иккиланишсиз, хотиржамлик билан чўқинтириш маросимини амалга оширади.

Хуллас ишнинг моҳияти Н. ва унинг бошлиқларига аён бўлди. Ноқулай аҳволга тушиб қолишганидан, бошқа лом-мим дейишмади, князь эса учинчи жонидан қутилганига хурсанд эди, унинг учинчи жонини сотиб олган, эвазига энг муҳим истагини амалга оширишга ваъда берган шайтон ҳам ҳар ҳолда кўп куттирмаса керак. Элчихона вакиллари жўнаб кетишга аллақачон ҳозирлик кўришаётган, хизматкорлар юкларни жойлаётган бўлишига қарамай, шаҳзода сира шошилмасди. Жўнаб кетишларига бир неча кун қолса-да, Намсарай-гун умидини узмади. Н. ундан му-сунс эвазига нима сўраганини суриштириб бекор қилди. Князь ҳеч нима демади. Ҳар сафар тун яримдан оққанида у даҳли эшигини очади ёки дераза ёнига келиб, кўчадаги зулматга термулиб, алланимани кутаверади. Афсус, ҳеч ким бўлмайди, бу орада элчихона ҳам ватанига жўнаб кетади.

Жўнаб кетишдан олдинги оқшомда Н. кечгача князлар апартаментида қолиб кетди. Аллақачон уйига кетиши кераклигини билса ҳам, нимадир уни бу ерда ушлаб турганга ўхшарди. Нумсарай-гун хилхонаси бўм-бўш, хизматкорлар ҳам аллақон ноз уйқуда, князнинг ўзи унга чўқинтириш пайтида совға қилинган самовардан чой қуйяпти.

Деразалар ортида сокин сентябрь ҳукм сурмоқда, ҳаво ёмон, тўкилган япроқлар шитирлайди, карнизлар тунукасининг тобутдан келаетган товуш каби зириллаши эшитилади. Елвизакда стол лампасининг алангаси аҳён-аҳёнда ўчиб қолади, соялар деворга урилиб, бурчакда қисилиб қоладилар, пардалар ортига яшириниб, шамол яна турса, улар яна девор гул қоғозларига соя ташлайдилар. Ярим тунда уларнинг беқарор ўйинида аллақандай мазмун пайдо бўлгандек туюлади, тартибсизликдан аллақандай маъно ҳосил бўлиб, саҳна асарини томоша қилётгандек бўлади одам. Тилсиз актёрлар алданган умидлар, бахт келтирмаган истаклар, амалга ошганида эса унинг тескарисига айланган орзулар мавзусини саҳналаштиришгандек гўё.

Н.да ғалати бир ҳиссиёт пайдо бўлдики, гуё тинимсиз равишда ҳаракатланаётган, ўз оҳанги ва жилвасини ўзгартираётган мана шу қора шарпалар пардаларнинг тебранишига, дераза ортидаги дарахтларнинг шитирлашига, ҳаттоки ой шуъласига, чироқ ва лампалардан тушиб турган ёруғликка ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқдек. Хона сездирмасдан жилоси турфа хил бўлган аллақайси мавжудотлар томонидан деворга туширилган Хитой соялар театрига айланади. Афтидан, бу спектакль турли цивилизациялар бирлашган жойда узоқ вақт мавжуд бўлгану, фожиали равишда бир-бирин тушуна олмаган руҳлар томонидан мавҳ этилганга ўхшайди.

Ҳар ҳолда, бир эмас, иккита олийгоҳда таҳсил олган Н.нинг фикри шунақа, Намсарай-гун эса тамакидан тортар экан, узоқ кутилган меҳмон унинг ҳузурига қай кўринишда келишини ўйларди.. Қизиқ, у операдаги сингари ёнига қилиб осиб, зулмат қушининг пати ёпиштирилган бинафша ранг думалоқ бош кийимида келармикан ёки ўз қиёфасидами? Анекдотни қаранг, аммо айни дамда муаллифга бундай туюлмаяпти.

Ой булутлар орасидан ёриб ўтиб, кўм-кўк оғули туман билан дераза ойналарини маҳкам жипслайди, дарахтлар ҳам қаттиқроқ ва жонҳалаклик ила шовқин солади. Сояларнинг нафис, нозу карашмали рақси шайтоний ишвага айланади, гарчи Н. хурофот шайдоси бўлмаса ҳам, унинг қалбини ҳам алланечук талатўп ҳислар эгаллаб олади. У шаҳзодани ҳалиям бўлса фикридан қайтаришга уринади, бироқ у ўта қайсар. Тилсиз актёрларнинг деворлардаги белгилари ҳам унинг учун аҳамиятсиз. Шаҳзода билан хайрлашиб, эшикни ортидан қарсиллатиб ёпар экан, Н. девордаги спектакль йўғонлашиб, охирига етай деб қолганини, охири эса қон ва ўлим билан якун топишини англаш мушкул эмасди. Ҳар икки дин — насронийлик ва буддизм негизида ҳали англаб улгурилмаган даҳшатли ҳақиқатлар мавжуд. Белгиланган муддат яқинлашмоқда ва улар тез орада вулқондек отилиб, йўлидаги ҳамма нарсанинг кулини кўкка совурадилар.

«Таниш қарталарни тикиб, қисматга бас келиб бўлмайди», — ўйлади Н. Тушида ёки бутун танаси иситмадан ловуллаган бир паллада ҳам бу оддий фикр унга аҳмиятлидек туюлаверади. У даҳлиз бўйлаб юриб кетаётганида, Намсарай-гун чой ичиб ўтирар ва қадрдон чўлларини, отлар подасини, ям-яшил майсалар узра чодир-уйларни, мовий осмонда парвоз қилаётган қушлар галасини эсларди.

Кузда юртидаги аёллар жанубга томон учиб кетаётган қушлар карвони ортидан сут сепадилар, шундай қилсалар баҳорда қушлар мана шу «оппоқ йўл» дан ўз юртларига эсон-омон қайтиб келадилар. «Намсарай-гун ватанига қайтармикан?» — ўйлади Н...

Бу ерда князлик мулозимларидан бўлган кекса руҳоний чўккалаганча ўтирар, у димиққан тошли уйда ухлай олмасди. Н. уни тамаки билан сийларкан, руҳонийдан уч руҳ ҳақида суриштирди: улардан бирини йўқотган одамнинг ҳоли не кечишини билгиси келарди. Руҳоний унга агар инсон сайнс-сунс, яъни яхши руҳини йўқотса, ҳайвонга айланишини, бироқ узоқ вақт яшай олишини, дунс-сунс деб аталувчи ўрта руҳни йўқотса, инсон ўлчов нималигини билмай, тез орада ҳалок бўлишини, му-сунс, яъни ёмон руҳни йўқотган одам ўша заҳотиёқ ўлишини, чунки ер юзида қатра бўлса-да ёмонлик бўлмас экан, ҳаёт мавжуд бўлмаслигини айтиб тушунтирди.

Қўққисдан Намсарай-гун хилхонасидан даҳшатли товуш эшитилди. Н. югуриб бориб, эшикни очади. Ҳеч ким йўқ, князь ерда ётарди. У ўлган эди. Танасининг бирор жойида жароҳатнинг изи йўқ, фақатгина чап қўлидаги бармоқларнинг биридаги бўртиб чиқаан жойи енгилгина тирналибди. Атрофда ғоз пати ҳам ётибди. Н. патни ердан оларкан, унда ҳали қуриб улгурмаган қон изи борлигини кўрди.

Сюжет ғайриоддий бўлса-да, ундан ҳам қизиғи, цензура шундай ҳикояни нашрга ўтказиб юборгани бўлди. Назарида, цензор ҳикояни мўғул шаҳзодасининг чўқинтирилиши воқеасига қадар ўқиб чиққан, кейин эса эринганидан, асар яхши ниятда ёзилган деб ўйлайди.