Чойнакдан садо
Кимдир уни қаттиқ силкитди. Бироқ унинг кўзлари юмиқ эди. Ҳа. Кечаги «бўйдоқлар базми» нинг якуни шунақа бўлдики... Минг афсус, бўлгани бўлиб бўлди. Энди қаерга келиб қолган экан? Уй деса, унга ўхшамайди, уйида уни аллақачон силкитмай қўйишган.
Қовоқлари аранг кўтарилди. Оббо! Кўзларини очмагани маъқулмиди. Шундоққина устига бир қорамағи йигитнинг сурати осиғлиқ турибди. Биз томонларда ҳам шу қоравойларнинг кўпайиб кетганига менинг қандай даҳлим бор? Дарвоқе, бу негр йигит бошига «New York City» деган ёзуви бор кокарда ли фуражка кийиб олибди. Худди шу ёзувнинг каттароғи кўйлагининг енгида ҳам бор эди.
Мана ва ниҳоят етиб келди! Умри давомида не-не кўргиликларни кўрмади, бироқ баридан устомонлик билан чиқиб кетди. Литейний кўчасидаги Офицерлар уйидаги пивохонада кружкани лабига тута туриб, кўз очиб юмгунча Нью-Йоркда уйғониши — ҳали бунақаси бўлмаганди. Энг аввал, вазиятни ҳушёр ҳолатда тушунишга уриниши керак, аммо ҳушёрликнинг ўзи бўлмагач... Орқаси қотиб қолган, худди нимадир санчилганга ўхшарди. Ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа аланглади. У орқаси билан кейинги зинага суянганича, кенг, беўхшов зинада ястаниб ётарди. Юқорида серҳашам кул ранг бино қад кўтариб турибди. Айланма ҳаракатли ойнали эшикдан зиёли кўринишдаги одамлар кириб-чиқиб туришибди.
«Хайрият, жилла қурса жой яхши экан!» — илжайганча ўйлади у. — Демак, ҳурмат қилишарлкан. Аммо ким?» У «Патриот» деб аталган бардаги официант билан нималар ҳақида гаплашгинини аниқ эслайди. Нью-Йорк тушига кирибдими?
— Ёрдам керакми? — сўради полициячи.
Полициячининг инглиз тилида гапирганида, Сидоровнинг ҳуши бошидан учди. Зеро, нимагадир умид қилиш энди аҳмоқликдан бошқаси эмас. Аммо у негадир умид қилди. Эҳтимол, мана шу меҳрибон йигит уни Литейний кўчасидаги Офицерлар уйигача элтиб қўяр? Нотўғри тушунса-чи?
Бўлди-да! Ахир мени ахлатхонадан топишмагандир! Оз бўлса ҳам қадрим бордир! Манави қора танлига буни, албатта, билдириб қўйишим зарур. У қатъий ўрнидан турди, полициячига кулиб қаради: шу билан бўлди! Ахир унга қандайдир юмшоқ сўз айтиши мумкин эди-ку, аммо билиб бўлмайди-да, акценти кимлигини ошкор қилармиди? Бўлди-ей! Етар энди! Ўзимизни қўлга оламиз! Энди у зиналардан бемалол туша бошлади. Хотиржамликни худди шу тарзда сақлаб, қаергадир бориши керак. Ўнггами? Чапга? Питерда буни аниқ билган бўларди.
Бу ерда эса ўзини йўқотиб қўйди. Антарктиканинг «Мирный» ва «Восток» станциялари орасида тўхтаб қолган поездда ажал билан юзма-юз турган бўлсам-да, негадир хотиржам эдим. Ҳалок бўлмоқ бошқа, шарманда бўлишдан асрасин. Ҳали мактаб давридаёқ «Соққалар шаҳри» деб номланган бу ерларда шарманда бўлишни истамасдим. Ўзингникилар бўлса ҳам бошқа гап эди.
Зиналар баланд панжаралар билан тўсилиб, ҳар иккала томоннинг охирига улкан шерлар ўрнатилган. Чап томондаги шер ёнига оёқларини букканича бечораҳол чол турибди. «Наҳотки келажакда мени ҳам шундай қисмат кутаётган бўлса» — лов этиб хаёлимга шу фикр келди. Негадир бу саёқ чол полициячини умуман қизиқтирмас, Сидоровдан эса кўзларини узмасди.
«Жинсиси «секонд хенд» дан, курткаси эса — кожзаменитель. Тап-тақир кал. Нима қилдим? — ҳатто бироз кўнглига тегди. — Мана бўлди! Ахлоқан олганда ҳаммаси жойида! — деди у ўзига ўзи. — Нима гаплигини айтинг! Бу полициячига маълумот сўраб мурожаат қилишдан наф йўқлиги кўрга ҳассадек аён. — Аниқ фикрлай бошладим. — Бошқа йўлдан борамиз».
Қўрқоқлик унга хос эмас. Кузда у дўстлари билан тешик қайиқда мавж уриб турган Ладога кўлидан сузиб ўтишган — тўғри фақат бир томонга, орқага қайтишётганида чўкишган. «Обь»дизел электроходда музни ёриб, қутқариб қолишган. Шоввозлар, эплашган! Бир кун сафарда пайти дўстлари билан бутун Москвани ярим соат ичида қиялаб кесиб чиқиб, Москванинг нариги чеккасида яшайдиган ҳаммалари танийдиган қизнинг квартирасидаги трубкани кўтаришга баҳс бойлашган. Буни қандай эплаганини эслолмайди, аммо ўша уйга телефон жиринглаган он кириб боргани ҳамон ёдида. «Сизни қанча кутиш керак!» — деди у.
Мана энди ўша «йигитликдаги довюраклиги» уни Нью-Йорк томонларга етаклаб келди. Бунинг номи энди «пенсионерларга хос жасорат» бўлиб, синовларга қандай дош беради, буниси қоронғи. «Қизишиб кетибман», дейишарди дўстлари бирор бир аҳмоқлик қилишса. Қайноқ ҳаётдан кейин, рафиқаси ва икки дўстининг вафотидан сўнг ўзини анча ўнглаб олган, зерикканидан интернет орқали «эдвеньчюрис» номли халқаро миқёсдаги реалити-шоунинг ишқибозига айланди, қариб ақли кирган дўстлари эса бу шоунинг таржимасини «бошингга бало саргузашт» дея ҳазилнамо атардилар. Ҳазиллари бекорга кетмади. Нимага буюртма қилганим эсимда-ю, тўлов қилганим эсимда йўқ. Бу ерда унақа бўлмас...
Ўгирилиб қарадим. Полициячи ҳамон мендан кўз узмасди. Нима бало, ёқтириб қолдими? Сидоров унга қўлларини силкитиб, қумли йўлдан тушиб келди. Хўш, энди нақди қанча экан... Ҳисоблашнинг ҳам ҳожати йўқ экан — чўнтагида бир чақа ҳам йўқ. Ҳеч бўлмаса, рубли ҳам йўқ экан, шошиб қолганидан бу ерларда рублдан наф йўқлигини аввалига англамади ҳам. Ҳар ҳолда Нью-Йоркда рублни олишмайди, шунинг учун — ўзингни қийнашни бас қил...
Қизиғи шундаки, «эдвеньчюристлар»(саргузаштпарастлар) бу билан нима демоқчи бўлганлар? Бу мунофиқларни у умрида бир марта кўрган, шунда ҳам бошлиқларини эмас, вақтинчага ёлланган лайчаларини. Улар ўзларидан топ-менеджерлар ясаб олган бўлсалар ҳам, нима иш қилишларини аниқ билишмасди. Бу воқеа тор Галерная кўчасида, қайсидир графнинг ташландиқ ҳовлиси, кейинчалик маданият уйига айлантирилган ерда содир бўлди. Ким билсин у ерда нима бўлган экан? Оламшумул эълон ва экстравагант томошабинларни назарда тутадиган бўлсак, бу ерда кам сонли ишқпарастлар фестивали уюштирилди. «Эдвенчюристлар» нинг айтишича, уларнинг бу ишларга умуман дахли йўқ эмиш. Ҳайратланарлиси шу эдики, тўпланганлар ичида ёшлар ва ҳурлиқолар кўп эди. Ҳарқалай у буларнинг ёшида даллолларга муҳтож эмасди, нима қилишни ўзи яхши билган! Эҳ, ёшлар!
— Марҳамат қилиб, анкетани тўлдиринг, йигирма олтинчи қаторнинг «г» бандида қайси орзуларингизнинг амалга ошишини исташингизни ёзиб қўйинг! — деган овоз келди саҳнадан.
— Бизга аввалги мижозларингизнинг қандай истаклари борлигини ўқиб эшиттиролмайсизми! — деди зал ичидан озғингина кўзойнак таққан йигит.
— Ҳа, тўғри! — дея уни қўллаб-қувватлашди томошабинлар.
Тамом! Сидоров даст ўрнидан турди. Мабодо одамлар бу ерда ўз орзуларини тайёр рўйхатдан олар эканлар, унда унинг кетгани маъқул.
— Бизни ташлаб кетяпсизми?— илтифот ила сўради саҳнадан туриб ўйноқи топ-менеджер. Эҳтимол у енгил-елпилар тоифасига мансуб эмасдир, унда қайси жин уриб у ўзини сабзи рангга бўяб олди?
— Ҳа, кетяпман. Ҳеч қандай қаршилигим йўқ... фақат вақт масаласи қийинроқ.
— Унда балки бизга орзуингизни айтиб кетарсиз?
Орзу? Унинг орзулари аллақачон ажойиб тарзда амалга ошиб бўлган.
— Орзуимми?.. — У барибир тўхтаб қолди. — Биринчи муҳаббатимни учратсам дейман! Ўша азалги муҳаббатимни!
Дўстлари билан гаплашгани сингари: «Ўзи ҳам ҳайрон!» Яна бир кампир ҳам: «Гапирмасимдан аввал нима деганимни қаердан ҳам биламан?» деган экан. Ҳайратда эдим!
— Ишончингиз комилми...
— Унинг ҳаётлигигами? — унинг фикрини илиб кетди Сидоров.
— Ҳа... — уялиб жавоб берди «сабзи ранг».
— У ҳаёт. Бироқ афсуски, Нью-Йоркда яшайди!
Мана сизга натижа! Бундай бўлишини билганида эди — айтмаган бўларди... Умуман олганда, нимага айтмаслиги керак? Инглизчасига айтганда, «вай нот»?
— Ҳой, юртдош? — тўсатдан ёнгинасидан шундай дейишди.
— А? — Сидоров ўгирилиб қаради.
Қари, семиз бўлишига қарамай, ўша эркак майка ва калта иштон кийиб олибди. Невалик эркаклар бундай юрмайдилар, ҳар ҳолда ҳозирча...
— Қандай билдинг? — сўради Сидоров. Шундай кезларда руслар ҳамиша хафа бўладилар.
— Кўзларингдан, яна қандай билиш мумкин! — қувониб кетди ҳамюрти. — кўзларинг сени сотиб қўйди-ку. — У ўз тилида гапираётганидан ҳузурланарди.
— Ҳа... Нима ҳам дердим.
Мастлик —ростлик, ўйлади Сидоров.
— Нега энди жаҳлинг чиқяпти? — хафа бўлган бўлди ўша киши. — Нега паришонхотирсан?
— Қўнғироқ қилсам бўладими телефонингдан... Ёнимда бир чақам ҳам қолмовди.
— Бўлмасам-чи! — деди эҳтиром билан янги дўсти. — Рақамни эслайсанми ўзи?
— Албатта! — деганини ўзи ҳам билмай қолди. Миясига ҳам таъсир қилишган, шекилли, аёлнинг рақамини бутунлай унутиб юборибди, аслида у биринчи муҳаббатига умрида қўнғироқ қилмаган. Шундоқ бир тасодифан эшитиб қолган эди. Тасодифанми? Демак ундай эмас!
— Қани кир-чи! — деди янги дўсти.
Улар телефон будкасига киришди. Бу ердаги телефоннинг ҳолига маймунлар йиғларди. Сидоров рақамларни зўрға топди. Ҳатто терга ботиб кетганидан, сўкиниб ҳам олди!
— Хўш? — ҳамюртининг тоқати тоқ бўлган кўринади.
— Етти юз ўн саккииз...— дея Сидоров биринчи рақамларни айтди.
— Э, олийнасаб экансан-ку! Зодагонлар маҳалласида тураркансан!
Унинг бу гапидан яйраб кетдим.
— Резидент? — «ҳамюртим» кўзини қисиб қўйди.
Шу етмай турувди ўзи! Зеро, Сидоровнинг эсига кўз қисиб қўйишдан бошқа ҳеч нима келмади-да.
— Рақамнинг давомини айт.
Сидоров яна етти рақамни ишонч билан айтди.
— Буларни нима қилай? — Қўлларини очди. — Аппаратга ташлаш керак.
— Ҳа-а. Сен ростдан ҳам осмондан тушдингми? Ушла трубкани. «Коллект» дейсан-да, кейин ўзингни таништирасан. Абонент ҳисобидан гаплашасан, агар у сенга жавоб беришни истаса, албатта.
«Истармикан ўзи?! — ўйлаб қолди у — Ахир биз энди қирчиллама бўлмасак.
Будканинг ичи жуда жим эди. Аъзои баданини тер босди. Трубкадан аёлнинг қўпол овози эшитилди. Йўқ, бунақаси кетмайди! «Коллект» деганини ўзи ҳам билмай қолди! Овоз келмай қўйди. Кейин алланиманинг тақир-туқури эшитилди. Худди бошига ургандек!
— Ўзингни таништирсанг-чи! — деди ҳалиги янги таниши.
— Мистер Сидороффф! — фамилияси уч карра «ф» билан аллақандай жарангдор эшитилди.
— Бўпти, сен гаплашавер! — дея унинг елкасига қоқиб қўйди-да, ҳамюрти будкани тарк этди.
Тирқишдан худди печдаги сингари иссиқ кирарди. Булар қандай чидашаркан? Октябрда кун қайнаса-я! Терлари ариқдек оқяпти. Ҳеч қачон ҳозиргидек талвасага тушмаган эди. Трубкадан ёқимли куй эшитилиб турибди. Шунчалар ёқимли куй эдики, умрида бунақасини эшитмаган. Бутун умр давом этса ҳам майли!
— Эшитаман. — рус тилида гапирди аёл.
Демак тушунибди-да... Қанийди ҳозир бир қултум сув бўлса!
— Салом, — зўрға нафас оларди у.
Бир аҳволда будкадан чиқди. Хайрият, янги дўсти уни қўлидан тутишга улгурди.
— Хўш, қани гапир!
— Келаркан.
— Ҳали шунақами? Кўрдингми, демак, севади!
Бунга ишонгиси келмасди.
— Менга қара, юрган — дарё, дейишади. Ўзинг ҳам ўша ерларга бориб кўр. Ҳар ҳолда у ерда эркинлик бор, аммо эҳтиёт бўлиш ҳам керак!
Биринчи ва назарида, энг сўнггиси бўлган америкалик дўсти кўздан ғойиб бўлди. Ахир у ҳали янги дўсти билан улфатчилик қилмоқчи эди, кейин ёриларди унга, ундан кейин ёқалашарди. У эса ташлади-кетди! Уларнинг бари бир гўр бу ерда! Негадир у бир жойда қотиб турарди. Юргиси келмасди. Ира нима деб ўйлаётган бўлса? У қандай экан ҳозир? Ўттиз йилча бўлди кўришишмаганига. Аёлнинг овози унинг ярасига туз сепгандек бўлди. Овози ҳамон ўша-ўша, ҳуркак! Охирида хўрсиниб қўйди. Илгари бунақа эмасди!
Тўсатдан йиғлай бошлади. Анча заиф бўлиб қолибди ўзиям.
Қор тинимсиз ёғарди. Узун қалин свитерда Ира янада нозик кўринарди. (дўсти Петька панд бермаганида эди) Сидоров у билан станциягача бирга борди — табиат эса унга: «Бекорга кетяпсан!» дегандек бўларди. Кўз ёшлари тинмай оқарди. Атрофдан нурдан кўзи қамашарди. Ҳамма нарса ёғду сочиб турганди ўшанда: қияликлар, сумалаклар, қарағай барглари. Ирадан ҳам аллақандай нур ёғиларди!
Қизни дўстига қолдирганди! Бор-йўғи бир кунга! Кечқурун Петька уни кутиб олиб: «Қария, кечир энди!» — деди.
(Мана энди қария, ўшанда ундай эмасди.)
Орага совуқчилик тушди. «Мен росмана қаршилик кўрсатдим. Нақд рим соат!» — деди қиз ва кулиб қўйди! Қизнинг ҳаё кўринишидаги бетга чопарлиги уни лол қолдирди. Ҳатто Петька, «дўсти» ҳам унга чиндан ачингандек тутди ўзини! «Келинглар, ўтган ишга саловот, буни катта хатолик деб санаймиз!» — деди Петька. «Ҳа... менинг хатоим!» — хўрсинганди ўшанда Сидоров. Кейин у тоғ ёнбағридан ижарага олишган уйдан бутунлай кетди. Бу воқеага ўттиз йил бўлибди, мана яна яраси янгиланди. Худди ўша кундагидек кўз ёшларини тиёлмаяпти. Нима қилсин — Ирани у шундайлигича севади. Ўша куни бутун тунни станцияда ўтказганди. Тонг отган паллада уйқуга кетиб, сал қолса биринчи электричкани ўтказиб юбораёзганди, ҳар қалай қўлини поезд эшиги томон олиб борган ҳам эдики, эшик ёпилиб, поезд юриб кетган эди, у ўлиб кетиши мумкин бўлса ҳам. Бундан заррача ташвишланмаган, аксинча хурсанд бўлганди.
Унда четлари қайрилган фотосуратларгина қолганди: улар қорда кулбаси ёнида туришар, Ира паст томлардан осилиб турган сумалакларни пуфлар, сумалаклар ялтираб, зўрға осилиб турар, улар шамолдан музлаб қолишганди. Сурат ажойиб эди. «Муҳаббат мўъжизаси».
Ўлиб қолса керак, деб ўйлаганди. Бироқ кунлар исигач, ўз ишлари билан андармон бўлиб юргак кезлари Петька Нью-Йоркдан қайтди. Унинг айтган биринчи гапи, Ира уни ташлаб, мулат рассомга тегиб олганини айтиш бўлди! Хурсанд қиламан деб ўйладими ўзича? «Кел, дўстим, икковимизнинг умумий муҳаббатимиз учун ичамиз!» Петька анча ўзгарибди. Сўконғич бўлиб қолибди.
Сидоров яшаган ўша кулбада икковлон ўтмиш ҳақида эслашди.
— Мана шу куни ҳам Ира ташлаб кетган! — дея бор овози билан қичқирарди Петька. Бироқ алам чекинди. Фақат муҳаббат қолди... Плюс — баланд қон босими ҳам!
Кутиб тоқати тоқ бўла бошлади! У олдида турган бино кутубхона бўлса керак. Аёл унга «шерлари бор...» деб тушунтирган эди. У кутубхоналардан тўйиб кетган! Институт, аспирантура, ҳимоя — бари учун кутубхоналарда тайёргарлик кўрган, шунинг учун унга кутубхона биносини таниб олиш қийин иш эмасди... Полициячи ундан кўзини узмай турибди! Тинчлантирадиган нарса хуфияларнинг ўзларини бундай тутмасликлари. Бу одам ҳар қалай шпион эмасга ўхшайди. Шундай бўлса ҳам паспорт, виза, шунга ўхшаш майда-чуйдалар...
— Тўхтанг! — «сабзи ранг» уни тўхтатди, у эндигина «севги» сўзини айтувди ҳамки. — Сиз ютдингиз!
— Нима бўпти?
— Энди орзуингиз амалга ошади.
— Қачон?
–Бу эса бизнинг кичкина сиримиз! Унгача призингизни олишингиз мумкин! Қимматбаҳо совға ютдингиз! Бормотун-чойнак! — дея қутини узатди.
— Бормотун? Бунқасини эшитмаган эканман.
— Ишлатиб кўринг! Ва завқланинг!
Бу матоҳни ташлаб юбормоқчи ҳам бўлди... Аммо қизиқ бир умид билан, шу нарса унинг ҳаётини ўзгартира олса-чи, деган умид билан ташлаб юбормади. Адашмабди ҳам. Чойнак унга «Қаддингни тик тут!» деганида стулдан йиқилиб тушишига бир баҳя қолди! «Нимааа?!» — дея ғайқирди Сидоров. Унга ақл ўргатмаган бир чойнак қолувди! «Биринчи муҳаббатинг билан учрашишни истасанг, ўзингни муносиб тут! — бу овозлар чойнакдан буғ билан бирга чиқди. Лексикон аллақандай ғалати. Буларни қаерда ўқитишаркан-а?»
Сидоров ошхонага югурди. Ҳа! Ўзига даҳмаза орттирди! «Ҳой ўша сени...» — қолганини ёза олмаймиз. Шундан кейин чойнак ўз ишини қила бошлади. Чойхўрлик ҳам измида! Ўйлашига вақт берилдимикан. Демак, «ўйин» бошланган. Чойнак буйруқ берса-я ҳали. Ўн йил олдин шундай дейишса ишонмаган бўларди! Ўзи пиширган ош бўлса, нима ҳам қила оларди? Умр ҳам оқар сув. Зумда ўтди-кетди.
Чойнак ўзига келиб қолди, эгасининг кимлигини фаҳмлагач, тонгда об-ҳаводан дарак бериб турди, кейин эса тўсатдан Чеховнинг «Каштанка» ҳикоясини ўқий кетди. Во ажабо, уни қара-я. Уни ясаганлар мўмайгина даромадни ўйлаб, ҳамма шу каби «ақлли чойнак»ларни сотиб олади, деб ўйлаганмикан? Ёки бошқа мақсадни кўзлабми? Дарвоқе, «илк муҳаббат» қаерда
қолди?
Ё худойим! Ана у келяпти! Худди ҳеч нима бўлмагандек, машинадан қўл силтаб, ичкарига имлади.
— Уни қара-я! Нью-Йорк деганлари шу экан-да! — деди Сидоров худди бу ерда ҳеч қачон бўлмагандек.
— Бугунги жамиятинг сингари сени бир четга улоқтирмаганларига ҳайронман, — мазах қилади хоним афанди.
Сидоров аёлга кескин қаради: «Демак баридан бохабар экансан-да, кампиршо?»
Сочларига оқ ораласа-да, унинг юзлари... яна-да жило сочарди! «Татар бувим роса хасис эди», — гап очди у, сиқилганча, — бергани азоб... япалоқ юз-у, чақчайган кўз. Қолаверса, ковбойларникидек бузуқ тос. Аёл туфлисини ечиб, машина педалини босади. Энг қизиғи, ўзи ҳам мулатларга тортиб кетибди. Қовун қовундан ранг оларкан-да! Шундай илиқ кунда ҳам хоним жунпайпоқ кийиб олгани қариянинг ўтмишини ёдга солиб, юрагини ҳапқиртириб юборди. Қариянинг ёдига бир вақтлар аёлнинг муздек қўли қорнига тегиб, танасини жунжиктириб юборгани тушади. Аёл қиқирлаб: «Кўрдингми, қўлларим қанақа совуқ, оёқларим ҳам шундай. Ҳатто эркаклар билан ётганимда ҳам жун пайпоқ кийиб оламан. Қўлқопларга эса сира тоқатим йўқ».
— БМТ! — аёл шундай дея байроқ осилган бинога боши билан ишора қилди.
Афтидан саноат-юк ташиш учун мўлжалланган кичик пўлат кўприкдан дарё ўртасидаги мўъжаз оролга ўтишди. Баржадан секинлик билан юк туширилди, цемент узун оқариб кетган лента бўйлаб ҳавога учди. Мана «очиқ жамият» нима дегани: ҳаммаси ҳамманинг кўз ўнгида! Кўприкдан тушгач, «ўртача офицер таркибининг дала ҳовлиси» типидаги кичик уйлардан ўтишди. Кейин эса иморатлар катталаша бошлади.
— Мана энди ҳайрон бўлмайсан! — деди аёл.
Улар кўп қаторли проспектдан ўтишди, у ерни ҳиндулар батамом эгаллаб олишган: катта саллалар кийиб олган сиёҳ ранг, нуфузли, озғин ҳиндулар. Шунақа ҳиндулар дўкон ва магазинларда ҳам ўтиришибди.
— Жуда баобрў район девдинглар-ку! — деганини ўзи ҳам билмай қолди Сидоров.
— Шундай эди! Энди ҳатто мен ҳам ҳиндуман! — деди Ира нозу ишва қилиб.
— Энди эса чайка! — ғолибона қичқирди у, сакраб. Полда матраснинг бўлгани қандоқ яхши — худди ўттиз йил муқаддам Кавголоводаги сингари!
— Ошхона чап томонда, — деди аёл нима бўлганини дарҳол фаҳмламасдан.
«Роҳатнинг ўзгинаси!» — тетиклашиб ўйлади қария. Бироқ ошхонага кириши билан ҳуши бошидан учди! Чойнак. Худди ўша, тўғрироғи — ўзиникига ўхшаган қадимий услубдаги жездан ясалган. Ўтириб қолди. Изқуварлик инстинкти иш берди — сувга тўлдириб, электр плитага қўйди... Қани! Суви қайнагач, виқирлаб, аллақандай илғаб бўлмайдиган сўзларда ғўлдиради:
— Ҳаракат нотўғри амалга оширилди! Бу ҳисобга олинмайди! Ҳозир қаршингизга соитолог-ҳинду келади! — Шу жойда чойнак мазахомуз хириллаб қўйди.
Аллақандай шайтон кириб олганми ичига?!
— Киииим?! — ранги оқарди Сидоровнинг.
— Соитолог! — такрорлади чойнак, бу сафар бироз ташвишланиб.
— Буни қандай тушуниш мумкин? — Ира бутунлай ҳорғин (ёки ўзини шундай кўрсатиб) аҳволда ошхонага кириб келганида даҳшатга тушиб сўради Сидоров.
— Ҳа буми, — эринчоқлик билан деди Ира. — Сенда ҳам шунақаси борми?..Ҳасад қилмаймиз. — Нозланиб унинг тиззазига ўтирди...Мана бу бўса дейилади!
— Бас қил!
— Бор-э! — нафрат билан жавоб берди аёл.
— Эҳе! — Сидоров плитани пучайтирди. Сув сачраб кетди. Сидоров эса қўлини куйдириб олганидан плитани ўчирди.
— Ана, эганг чиқиб қолди-ку! — ишва билан кулди Ира.
Қаердандир мусиқа товуши эшитилди. Ира экранга қараб: «Бу яна ким бўлди?» дея «кириш» тугмачасини босди.
— Соитологми? Ҳозир адабингни бераман! — дея Сидоров ўз-ўзига сўз берган эди ҳамки, даҳлиздан ниҳоятда таниш бўлган жанубий рус лаҳжасидаги овоз эшитилди.
— Зўрсизлар-ку! — ҳайратларим энди бошланди.
— Назаримда барига улгурибсилар-ов! — деди Петр «севишганлар»га қарата. Катта-катта сепкилларини айтмаса... бу одам Петр эмасди! Бу энди ўзи бир пайтлар билган Петр эмас! У энди бизнес акуласи. — Хўш, квартира ёқдими? — расмий оҳангда сўради у.
— Нима десам экан... — чайналди Сидоров. Ҳар ҳолда бу ерга яшашга чақиришмагандир?
— Ишингдан таклиф қилишгандир? — юмшоқлик билан сўради Петр. Ира чайналди.
— Бу сенинг ишингми? — Сидоров чойнакка ишора қилди.
— Сеникими, деганинг нимаси? — минғирлади Петя чойнак ўрнига темир това пачоқ тутқичидан ушлаб: — Уйга нимада қайтмоқчисан?
— Чойнакда қайтмасман? — киноя қилди Сидоров бироз хавотирда. — Бу ерга қандай келди деб ўйлайсан? Сув ости кемасида келмагандирман?
— Ҳа-а! — Петр гапни олиб қочмоқчи бўлди — Бу муҳим эмас. Муҳими...
— Муҳими одамларнинг бошини қотиришми? — Сидоров унинг ниятини тушунди. — Омад ҳар доим ҳам келавермайди! — дея ранги ўчган чойнакка ишора қилди.
— Хўш, нима қилишим керак эди? — ғазабланган Петр Сидоровнинг ёқасидан олади. — Ишни бошлаганимда қандай чойнаклар ясаганимни биласанми?
— Вой-во! — деди Сидоров. Петрнинг манфаат йўлида ҳеч нимадан қайтмаслигини яхши биларди. — Ўзларича Брежнев бўлиб қолибдилар-да!
— Бир омад келиб қолди-да! — ўзини оқлай кетди Петр. — Сиз мижозлар истагини чойнакка жойлаймиз! Киши истаганини эшитгиси келади... Шундаям мени хоин деб ҳисоблайсанми?
— Ҳм-м... шундай фикр ҳам йўқ эмас, — деди Сидоров.
— Рост, — кутилмаганда иқрор бўлади Петр. — Кимдандир қўрқадиган жойим бораканми?! — Оҳангини кўтарди у. — Улфатингнинг телевидениени ёриб кириши осон бўлган деб ўйлайсанми? Уларга ёшлар керак!
— Уни қара-я! Камералар қаерга яширинган? — дея атрофга аланглайди Сидоров.
— Қўйсанг-чи! Бунинг аҳамияти йўқ — тинчлантирган бўлади Петр меҳрибон дўстдек!
Шу пайт ўтмиш хотиралари жонланади.
— Эсингдами, — гап бошлади Сидоров, — тундрада жанговор каллакни йўқотиб қўйганимиз? Ўшанда бизга осон бўлганмиди? Ташвишларни кулиб енгганмиз!
— Ҳеч қандай КПСС бизга раҳна сололмаган! —жон кирди Петрга.
— КПСС ни ҳам гўрга тиқдик! — қичқирди Сидоров! — Бу чойнакларнинг ҳам тақдири шу!
— Ҳайф сендек чойнакка, тфу! — деди-да, ортига ўгирилиб дўстига ўрта бармоғини кўрсатганча: — Мана сенга камера, тушундингми?
— Демак, одамларнинг онгини бошқараркансан-да? — сўз қотди Сидоров.
— Сен ҳам биринчи муҳаббатингни учратдинг-ку, муҳими шу эмасми? Орага сукут чўмди. — Хўш...— қичқирди Петр. — Анови таъвияга айт, менга тегсин...яна бир марта! — охирги сўзи ғамгин чиқди.
— Яхшиси сен унга айт, менга эрга тегсин! — Сидоровнинг тўсатдан оғзидан чиқиб кетди.
— Ҳой йигитлар, таклифингларни ўйлаб кўраман! — дея аёл ваннага кириб кетди.
Эҳ, Петр — айёр туллак! — ўзини эркакдек тутишини-чи. Нимамиш —бу суюқоёқ уни шу ишга ундаганмиш, унда шивирлашга бало борми?
— Мақсадга кўчайлик!
— Хайрият-ей!
— Кўмагинг керак! — дея Сидоровнинг қўлидан маҳкам сиқади. — Биласан, бозорда кафандан ҳам фойда олишади. Ҳали ҳаёт эканмиз, бу ишни биз қўлга оламиз!
— Қойил-ей! Зўр ўйлабсан-ку! — истеҳзо қилди Сидоров. — Ҳали қўлимга белкурак ҳам ушлатиб қўярсан?
— Қўйсанг-чи! Мен сенга кимман ўзи?
— Дўст... эдинг...— ачинади Сидоров.
Петр дўстининг таъбини хира қилиш мақсадида бир оғиз сўз айтди:
— Толеи қоралардир? Ўтган ишга саловот. — Петр вазиятни юмшатмоқчи бўлади. Ҳар ҳолда ўз ишининг устаси. — Биз барча ишнинг юрагимиз!
— Қизиқ! Анчадан буён бундай тавозеъни эшитмагандим, — дея хўрсинади Сидоров.
— Бекор қиласан! Бу ерда нималар қилишимни биласанми?
— Ҳа, чойнак ишлаб чиқарасан.
— Ортиқ ундай эмас!.. Кучли босим остидаги сув билан қабр тошлари, шу жумладан қурилиш учун ҳам мармар тошларни кесиб, уларга нақш, сўзлар битамиз. Бу сен ўйлаган чойнак иши эмас! — дейди у виқор билан.
— Ёмон эмас, — маъқуллади Сидоров. — Лекин буни менга нима даҳли бор?
— Бу сувпуркагични қаердан олганимни биласанми? Сувости кемамиздаги ўт ўчириш ускунасидан! У қандай катта босимга эга эканлигини бир тасаввур қилиб кўр! Биласан, бизда ҳамма иш мураккаб, аммо ишончли бўлади.
— Ўлганимиздан кейинги шуҳрат эвазигами?
— Тасаввур қилиб кўр-а, ўша кун бугун бўлса! Менда ундай ускуналарнинг қанчаси борлигини биласанми? Эшитиб ёқа ушлайсан...
Петр икки бармоғини кўрсатаркан, ишорасидан ускуналар иккитами ёки икки мингта, англаш мушкул эди.
Петр сўзида давом этади:
— Ўзимизникилар зўраки ватанпарварлар! — қайиқларни рўйхатдан чиқариб, майдалашади — авваламбор, ҳамма ўз улушини олишга уринади. Адмирал Волк деганлари эсингдами?
— Балиқ бошидан дегани шу-да.
— Буни билмасам ҳам майли экан! — хафа бўлди Петр. — Пойтахтда ўтириб олган адмиралдан: «Исмингиз каби денгиз бўрисимиз?» дея сўрасам, биласанми, у нима деб жавоб берди: «Мен тижорат бўрисиман!» деса бўладими! Бу валломат сени менчалик товламаган. Сени ўзиникидек биларди... Аслида, ўтганлар ортидан ғийбат қилиш ярамайди... Ёки сен Хитой тарафдоримисан?
— У нима деганинг? — Ўзини йўқотиб қўйди.
— Сеникида турамиз, бу ер қимматлик қилади. — дейди ваннахонадан чиққан Ира Сидоровнинг тиззасига ўтириб.
Ғаройиб жамоа! Худди илгарилари Кавголоводаги сингари!
Сидоров уйғониб, ошхонага кирди. Ира душ қабул қилар, кеча Североморскдан жуда кеч қайтишган, дарҳол уйқуга ётишган эди. Чойнак ҳар куни одатига кўра ғўлдираб қўяр, афтидан, бу ерларга кўникди чоғи, бора-бора оддий чойнака айланиб борар, умуман олганда аста-секин ишончга кира бошлади. Ҳар қалай ўзининг океан ортидаги «укаси»нинг аянчли тақдири унга сабоқ берган кўринади. Гоҳида ўзига ўзи минғирлар, ўзи билан фалсафий баҳсларга киришар, орада украинча қўшиқларни куйлаб қоларди. Нега энди айнан украинча қўшиқларни куйлашининг сабаби ноаниқ эди. Майли, ўзи билади! Сидоров чойнакни сувга тўлатиб, газга қўйди. Ана, қайнади! Бирдан эски касали қўзиб: «Ирина Евгеньевна! Ювинишни бас қилинг-да, артиниб олинг! Хушторингизни олинг-да, Галернеянгизга қараб туёқларингизни шиқиллатинг ва ўша ерларда мен сабаб бахтингизни топганингизни унутманг!» деб қолса бўладими?
Сидоров чойнакнинг адабини бермоқчи бўлди-ю, аммо бу фикридан қайтди, кейин эса ҳар хил товушлар билан гаплаша оладиган, бу борада катта тажрибага эга бўлган қўшнисига бериб юборди.



