Ўзимдан хафаман, — ўз айбим учун...

* * * Ўзимдан хафаман, — ўз айбим учун ўзимни қарғайман мен бундан буён: таъбир жоиз бўлса, ўзга дунёга кетдинг сен муқаррар, беном-бенишон. Юз йиллаб чин дилдан хизмат қилгандинг, иккига бўлиндинг бир онда ул дам, — йўқ, менинг севимли ликопчам, йўқ, йўқ, эй айлана параллелограмм! Йўл қўймайман изсиз йўқолмоғингга: столда ўрнинг бор эди бегумон, байрамда дастурхон безаги эдинг, ҳар қалай, турардинг гуллангансимон. Инқилоб, фуқаро ва икки жаҳон жанги, советлардан гоҳ лутф, гоҳ талош, тўқсонинчи йиллар — ақлга сиғмас, барига мардона берганинг бардош. Кечир, пиёз, сарёғ, шўр нарсаларни суйганим-чун қўлга пичоқ олганман, сенга баъзан қайноқ таом қўярдим, совуқ егуликлар қўярдим баъзан. Сен қолгандинг нодир идишларимдан, ишлатилар эдинг қадим-қадимдан, афсус, асролмадим сени, ҳолбуки ёд, хотира эдинг боболаримдан. Бир бор ишлатувчи аср ўғлиман, уриндим: ҳеч нарса этолмадим жам: ўттизинчи йиллар ломбардга элтмай, алмаштиришмади шакар, нонга ҳам. Алвидо, эй отамерос ликопчам! — мендан мерос бўлиб қолмассан букун, лек, ишонгум, ноёб идишлар учун алоҳида жаннат, мангу роҳат бор.