Шоир ваъда қилганидек, мана, байрамлар яқин...


* * *

Шоир ваъда қилганидек, мана, байрамлар яқин,
Хамир тошар, майизлар нам, таомлар пишар ширин,
Хотирдай хира ойнада қишда музлаган ёғду
терлаб борар ва куйлайди, Москва салтанатин

чеки йўқ — қўл урганинг, лек жўғрофия — истасанг
Находкагача ҳар қандай зовурдан сув ичавер.
Поспост маконида баҳор тирилар ва жисмнинг
шаробу юмшоқ кўкатдан руҳи юксалиб борар.

Ватаннинг дудли ифори тўкиб ёш ўрлар кўкка
кўкнинг чўян печкасида сузар бонгдай гувиллаб:
ойналарни ювар шаффоф бўлгунча Соф Пайшанба
тўққиз вақт минтақасида, турар узоқ ялтиллаб.

Бизга бари — Кўкдан шабнам, тентаклик ё ўлиммас,
бизга барин кутиш байрам: маош, жавоб, эврилиш,
бўйин чўзиб ойна артиш, туриб оёқ учида
ўтган йилги газет билан қуритиб, товлантириш.

Байрам яқин, қуёш тезлик ила югурар кўзга,
Чукоткадан Ғарбга қадар Яна, Лена оралаб
Байкалга, Иркутскдан — Қўрғон ва Самарага, Волга
ортидан Москва, Питердан Калининградга қараб.

Хизматнинг шарафига мамлакат қуяр, ичар,
сурар стол, гармонларни, идиш-товоқ шақирлар,
улкан шиша умумҳаво қизаргунча ювилган
ва товланар, ёнар ёрқин пасха мўъжизасидай.