Мусиқа сабоғи

Эртами кечми мен барибир Мусиқа билан муносабатларимиз ҳақида повесть ёзаман. Бу қайғули ва шу билан бирга кулгили повесть бўлади.

Эҳтимол, мусиқий таълимим ҳақида ёзганим тўғрироқ бўлар, ўн олти йил мобайнида тик, омонат зиналарни қай тарзда босиб ўтганим ҳақида ёзишим яхшироқмикан? Ҳа, ўн олти азобли йиллар, ҳатто нафас олиш оғир бўлган дамлар, кўзлардаги милтираш ва зиналарга тирмашиб чиқиш — юқорига ва фақат юқорига, нима бўлганда ҳам, қандай бўлганда ҳам консерватория дипломига қараб интилиш. Йўқ, айнан Мусиқа билан, ўгай онам, тўғрироғи, ўгай отам билан — қаттиққўл ва ҳақиқатгўй ўгай билан, айнан энг зарур вақтда миямдан бўлмағур фикрларни чиқариб, оёққа туришимга ёрдам берган ўгай отам билан олға интилиш..

Менга сингдирилган олий мусиқа таълими ичимга гўё асоратли аппендикс каби кириб олиб, ўзи ҳақида энг нозик дақиқалардагина эслатарди. Шундай кезларда виоленчел соғинчи мени мусиқага боғлиқ бўлган ўтмишимни, аниқроғи, аллақачон ўлиб бўлган-у, бироқ ўша ўтмишдан хотира тариқасидагина мавжуд бўлган соғинч изтироби баъзан ўт олар ва уриб турган юрагимни меҳр-ла сийпалаб ўтар, ўшандай ҳолатда тетиклашиб, ўзимга ўзим Мусиқа олиялари билан муносабатларим ҳақида эртами, кечми, албатта, қайғули ёхуд кулгили повесть ёзишимни айтардим.

Аммо сира вақти келмасди. Бундай қилмаслигимга сабаб ўтмиш жароҳатларимни тирнашдан ҳадигим эмас, шунчаки бошқа ишларнинг мавжудлиги эди.

Бошқа бир ҳикоя.

...Ўша баҳорда менинг илк китобим нашрдан чиқди ва мен у билан яшай бошладим. Тўғрироғи, ўша кезларда яшадим, дея олмайман, кутишнинг азобли ҳафталари ва кунларини бошимдан кечираётгандим. Уйимда нашрга оид сеҳрли атамалар ҳукм сурарди: «биринчи таҳрир», «иккинчи таҳрир», «сигнал» ва ҳоказолар...

Ишлай олмаётган эдим... Ёзув столимда чала ҳикоям чалажон ётар, пьеса учун тузилган шартнома муддати яқин эди. Мен эса кун бўйи диванда чўзилиб ётиб, қўлларимни бошимга қўйганча, ҳали дунёга келмаган китобим ҳақида қайғурардим. Китобимнинг кўк муқоваси ва ундаги оқ ҳарфларда ёзилган исмим...

Деразам ортида эса табиат баҳорни яратган ёхуд баҳор табиатни яратдимикан — ҳар ҳолда ҳар куним менга қандайдир янгиликни раво кўрарди: хоҳ ўрик нафис гуллар, хоҳ майсалар устига қўниб юрган майна номли ҳинд қушлари галаси пайдо бўларди.

Чалғиш зарур, ҳикояни тугатишим керак, пьесани охиригача ёзишим шарт, охир-оқибат уйда кийиб юрадиган қора свитеримни енгилроқ уст — бошга алмаштиришим керак. Аммо бундай қилиш ўрнига эрталабдан кечгача қора свитеримда вақт ўтишини бутун диққат-эътиборим билан жим кузатганча диванда чўзилиб ётавердим. Мен кутиш азобидан шол эдим. Кун бўйи нашриётдан қўнғироқ қилишларини кутаман. Кечқурун эса сабрим тугаб, ўзим қўнғироқ қиламан. Бирор янгилик борми? Йўқ. Эҳтимол, шу кунларда бўлиб қолар. Шу кунларда... Қайси кунларда?!! Ўша кунларни қандай ўтказай?! Бу қачондир тугайдими ўзи?! Кутишдаги мавжудлик даҳшатли даражадаги чидаб бўлмас ҳол...

Айни чоғда эса ўша пайтлар ҳаётимдаги энг бахтиёр кунлар бўлганини тахмин қиляпман...

Ниҳоят кунлардан бир кун қўнғироқ қилишди. Табригимизни қабул қилинг, дея хабар келди. Муҳаррир аёл ҳеч қандай ғайриоддий ҳолат бўлмагандек ўта босиқ ва илтифотнамо оҳангда гапирди. Унинг овозида завқли бахтдан асар ҳам йўқ, нафратини беркитмасди.

— Бироқ бугун эҳтимол улгурмассиз. Иш вақти тугашига ярим соат қолди. Унда эртага...

— Йўқ-йўқ, улгураман! Такси ёки кимнидир ё бўлмаса юк машинасида бораман! Ахлат машинасидами, суғориш машинасидами, нима бўлса ҳам йигирма дақиқадан кейин нашриётда бўламан!!

Уйдан ўша қора свитеримда ўқдек учиб чиқарканмн, кўк муқова ҳақидаги бахтим қаршисига ошиқдим.

— Сизни бир дақиқага мумкинми?

Ҳовлимизда шарқ миллатига мансуб аллақандай оила яшарди — форсийларми, осетиялик десаммикан, бухоролик яҳудийларимикан. Оилабоши озғин, пўрим мўйловли киши экспедиторда ишлар, машинада гўшт тарқатарди. Унинг машинаси кўк фургони билан кўпинча туш пайтида ҳовлида турарди. Оиланинг бекаси йўқ эди, у менинг мусиқали ҳикоям бошланишидан уч йил аввал вафот этган.

— Бир дақиқага мумкинми? — Табассум қилганча оилабоши ёнимга келди. — Агар шошмаётган бўлсангиз, албатта.

— Ҳа, албатта.— Ўзимни худди ноз-карашма қилаётгандек ҳис қилдим, аммо юзимда илтифот ниқобини кийиб олгандим.

Менинг ҳаётимни ҳамиша оиладаги муҳит тарбияси бошқариб келган, бу тарбия шарқона илтифотларга тўлиб-тошган эди, ҳаммага — кексага, қўшнига, таниш ва нотанишларга, озгина таниш бўлганларга сен ҳақингда ёмон тасаввур қилмасликлари учун янада хушмоамала бўлиш эди, худо кўрсатмасин, яна ёмон хаёлларга бориб юришмасин... Шарқона оиланинг бошлиғи эса айнан ўша бироз танишлар жумласига киради. Ҳовлида кўришиб қолсак, бош ирғаб қўя қоламиз.

— Ҳа, бемалол...

— Сиз билан таниш бўлмасак-да, сиз ҳақингизда биламиз... — шошилганча деди у ҳамон жилмайганча. — Ҳовлида сиз ҳақингизда яхши гапларни гапиришади...

— Йўғ-э? — деим такаллуф билан ҳайратланиб,яна нимадир дейишга ҳайрон бўлиб. Сониялар ўтиб борар, китобим эса нашриётдаги муҳаррир аёл столида ётарди. — Хўш, нималар дейишади?

— Сиз консерваторияни тугатган экансиз-а? — хурсанд бўлиб давом этди у. Мен эса чайналиб қолдим.

— Умуман олганда, шундай... — дедим.

Ўша пайтда концертмейстерлик лавозимидан кетганимга бир йил тўлиб қолган, мен адабиёт билан бутунлай машғул кунларим эди. Ана шу узоқ кутилган эркинлик ҳали ҳамон бахт туҳфа этишга айни дамда қаршимда турибди. Мусиқага бўлган узоқ йиллик масъулиятим ҳамон мени таъқиб этиб келаётганбир паллада эркинманми, йўқми, ўзим ҳам ишонмасдим. Гарданида оғир юкни узоқ йиллар давомида ортмоқчилаб келган одамнинг ҳамон елкалари, бели оғриқдан азоб беради, кўкси тўлиб нафас ололмайди ҳам. Озғингина, сертакаллуф бу киши эса менга ҳамон гарданимда кўтариб юрганим — узоқ йиллик сургунимни ёдимга солди. Шу пайт елкаларим энгашганини сездим...

Оилабоши машинадан картошка қопларини туширди, картошкалар асфальтга сочилиб кетди.

— Сизга қизим ҳақида айтмоқчи эдим... — давом этди у, арқон изларидан қабариб кетган қўлларини силкитаркан. — У жуда истеъдодли, ақлли, кўнглингиз яйрайди!..

— Ҳа-а, — тушундим мен, — қизингизнинг мусиқани ўрганишини хоҳлайсизми?

— Ўзингизнинг ҳам қалбингиз яйрайди, — илтимоснамо такрорлади у ва шошилганча қўшиб қўйди: — Дарсингиз неча пул бўлишини ўзингиз айтасиз!

— Афсуски, мен ҳозир мусиқа билан шуғулланмаяпман. Тушуняпсизми, умуман... — Юзимга ғамгин тус бериб, қўлларимни ҳам силтаб қўйдим. Кейин соатга қараб, ичимда: мени фақат худо ёрлақан бандасинигина етказа олади, деб ўйладим.

— Қанақасига, бутунлайми? — У ишонқирамай кулиб қўйди. — Жилла қурса, до-ми-солни эсларсиз?

— До-ми-соль эсимда, — тан олдим мен, негадир қатъий инкор қилиш ўрнига такаллуф кўрсатиб ўтирардим.

— Сиз ўргатсангиз дегандик, — деди у хўрсиниб. — Сиз ҳақингизда фақат яхши гапларни гапиришади. Ўзингизнинг ҳам кўнглингиз яйрарди-да, қизим жуда истеъдодли, Каринагинам менинг!

— Биласизми, нима — таклиф киритдим мен, — келинг, мен мусиқачи дўстларим билан бир гаплашиб кўрай, Каринангизга бир яхши мураббий қидириб кўраман.

— Биз сиз бўлсангиз дегандик, — ғамгин, бироқ қатъий қаршилик билдирди у. — Унинг раҳматли онаси ҳам шуни истаган эди...

Тугаганимни тушундим. Озғин кимса, ўзи ҳам билмай туриб, иккинчи марта ичимга олов ёқди.

Менинг қатъий қоидаларим мавжуд, рад қилишни эплайман. Вақтимнинг қадрига етаман ва вақтимга кераксиз одамларнинг дахл қилишларини истамайман.

Мана, масалан дўстим қўнғироқ қилиб, унинг режиссёр-дўсти томонидан саҳналаштирилган спектаклга тақриз ёзиб беришимни сўраса, мен:

— Бундай қилолмайман, дўстим, — дейман юмшоқ, бироқ қатъий оҳангда. — Ўзинг биласан, қоидаларим бор — бажара олмайдиган ишимни қилмайман. Мен театршунос эмасман, бу — бир, вақтим йўқ, бу — икки, учинчидан истамайман.

Дўстим эса тушунганича:

— Ҳа, майли... Ҳақсан... Бироқ одамга раҳминг келсин-да. Хотини касалхонада, қизи қўлини синдириб олибди, бу ёқда эса — бошлиғининг ҳайвондан фарқи йўқ, бечорани еб қўяй деяпти, театрдан ҳам қувмоқчи.

Мен кейин тез топширишм керак бўлган таржима ҳақида минғирлайман, бироқ жанговар отим аллақачон таслим бўлганди, ўша режиссёрнинг бахтиқаролиги ҳақидаги ҳикоянинг ўзидаёқ эгардан тушиб бўлгандим. Қаердасан, жанговар отим? Отим бошини хам қилганча туради, бу энди от эмас, меҳнат қуроли. Буни ҳис қилган дўстим, босимда давом этади:

— Сенга сўз бераман: жуда ажойиб спектакль, алдашингга ҳам ҳожат йўқ. Бир-иккита мақтаб қўя қол, фалокатдаги одамни қўллавор. Бу ёғига мана биз ҳам қараб турмасмиз...

Эвазига нима қилинишини суриштириб ҳам ўтирмайман, чунки аллақачон эгардан ҳам тушиб бўлганман. Фақатгина нимжон оҳангда спектакль қачон эканини сўрайман.

Шу тарзда умуман ҳеч кимга керак бўлмайдиган пионерлар виждони ҳақидаги икки соатлик спектакль ҳақида ёзаман, пионер вожатая ролини труппанинг кекса актрисаси ўйнабди. Мен хизмат кўрсатган кекса актрисанинг тромбофлибет билан касалланган оёқларига қарайман ва соғинаман... Шундан кейин уч кунча пионерча соф бўлмаган виждоним билан тақриз ёзаман-да, ўша ҳайвон директорнинг ўрнида бўлганимда дўстимнинг ўша режиссёр танишини ишдан бўшатган бўлардим, дея ўйлайман. Ниҳоят, ёлғонлардан иборат бўлган тақризимни ёзиб тугатаман, унда кекса ёшдаги пионервожатаяни спектаклнинг омадли жойи дейман. Тўқима бирорта фамилияни қўяман-да, мана шу мақола чиққан газетани атай сотиб олмайман. Аммо виждон анча вақт азоблаб тураверади...

— Ҳа, онаси орзу қилганди-да, — деди оилабоши кескин оҳангда, Каринанинг бирорта мусиқа асбобини чалишини истаганди... Хизматингиз учун пул тўлаймиз.

— Пул ҳақида гап кетмаяпти-ку! — Яна қаршилик қилмоқчи бўлдим-у, бироқ бефойда эканини тушундим. Раҳмдиллигим қурсин. Қиз шўрлик етим, нима ҳам қилардим, ўзим учун азобли бўлган машғулотни танлашга мажбурман — қизга мусиқадан сабоқ бераман...

— Бўпти, яхши, — дедим умидсизлик билан. — Кўрамиз... Бугун кечқурун уйингизга кираман. Қизингиз билан танишай-чи...

У шу қадар қувониб кетганидан, тез-тез гапира кетди, пойинтар-сойинтаралфозда яна беш дақиқа гапирди. Мен эса ҳамон такаллуф билан бош ирғаб туравердим, аммо ўз-ўзимга нафратимдан ҳушимдан кетай деёзган эдим, агар шу каби сабаблар учун ҳам ҳушини йўқотиш ҳолати мавжуд бўлса... Мен қизнинг отасидан ҳам, бўлажак ўқувчимдан ҳам, латталигимдан ҳам нафратланардим. Ҳаммадан кўра мусиқий таълимимни кўргани кўзим йўқ эди, шу нафратдан томоғим қуруқшаб, кўзларим қичишарди.

Кечки пайт мен қизил чироқли тор йўлакда турардим, қовоғидан қор ёғаётган ўн икки яшар қиз мен учун шиппаклар қидириш билан банд. Ниҳоят у эшик олдига эски катакли шиппакларни олдимга қўйди-да:

— Яланг оёқда турманг, — деди.

Хонадан оппоқ сочлари ҳурпайган, оқ соқолли, истарали, бироқ кўринишидан ақлдан озган чол чиқиб келди, қиз эса унга жаҳл билан қичқирди:

— Сенга нима керак? Бор, ёта қол!

Бу чолни кўп бора кўрганман. Ҳар баҳорда кунлар исий бошлагач, катта невара ҳовлига, нафис яшил тусли токзор тагига стул қўйиб, кейин уйга югуриб кириб, эҳтиёткорлик билан бобосини олиб чиқарди. Бобоси эса стулда соатлаб ўтирар — у худди Библеядаги оқ яктакли пайғамбарлар сингари чиройли эди, — пинакка ҳам кетар ёки ҳовлидагиларни кузатиб ўтирарди...

Чол менга қаради-да, тушунарсиз тилда мендан алланималарни сўраган бўлди. Бу шарқ тилларидан бири эди, бироқ ўзбек тили эмасди, бу тилни билибгина қолмасдан, балки қулоқларим ҳамда осмон билан ҳис қилардм. Девочка крикнула:

— Йўқ, бу ойим эмас! Бор, хонанггга кир деяпман!

Шу пайт бу қиздан кичикроқ бошқа бир қизчага кўзим тушди. У эшикка суяниб турар, менга хотиржам табассум билан қараб турарди. Унинг чақнаб турган кўзлари билан боқишларида эркалаш эмас, меҳр тўла эди. У шу қараши билан атрофдаги ҳамма нарсани —мени, опасини, ақлдан озган бобосини ва ҳатто эшик ёндорини ҳам эркалаб турарди. У ҳамма, ҳаммани яхши кўради...

— Саломлашайлик бўлмаса, — дедим унга. — Сенга мусиқадан сабоқ бераманми?

— Йўқ. Менга, — деди ҳалиги каттаси. — Сиз кираверинг, мен ҳозир. Котлеталар пишираётган эдим...

Қиз ғойиб бўлди. Чол ҳамон менга жим турганча боқар, безовта бўлар, кейин яна кичик набирасидан ниманидар сўрарди. Қизча бош ирғар экан, менга қараб кулди-да:

— Йўқ, бу онам эмас. Кириб дам ола қол, бобожон... — дея чолни ичкарига олиб кириб кетди, кейин ўзининг чиройли тилида яна нималардир деди.

Катта хонада эски диван, буфет, бир нечта вена стули ва қора «увадаси чиқиб кетган» «Октябрь» пианиноси турар эди, эҳтимол, эълон бўйича сотиб олинган бўлса керак... Бундай эълонлар телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда озиқ-овқат дўконининг деворига осиб қўйилган бўлади.

Пианино устида кул ранг момиқ мушук ўтирарди. Мен пианинони очиб, текшириб кўрдим. Яқиндагина таъмирлатишган шекилли — пианинодан бўғиқроқ оҳанг таралса-да, тоза эди.

Мен айлана табуреткага ўтирдим, пианинонинг полировкасидан ўз аксимни кўрдим — болалик ва ўсмирлик давридан бироз сақланиб келган маҳзун, бефарқ аксим менга қараб турарди. Биз бир йилдан бери кўришмагандик, бир йилдан буён пианинога яқинлашмаган эдим, мана учрашдик ҳам...

Эҳ, қоравойгинам, ёши ўтган қора кўзлигим, ёноқларидаги хира нур, менинг уйқусираган уйқум, менинг тафаккурим — бормисизлар...салом сизларга...

Анча бегоналашиб қолган бармоқларимни аккордлар устидан юргизаман, оёғим билан педални босаман. Ғамгин сас жарангсочди. Шопеннинг «Фантазия-экспромт» ини чалдим, бу куйни ҳамиша эсимда сақлайман, ҳам ёқтираман, бу куй юрак ва ундан юқорига томоқ атрофига ва ниҳоят нафасга осилиб олади...

Бир неча тактда чаларканман, қўлларим бир йил клавиатурани босмай қўйганига бўлса керак, худди протезга ўхшаб туюларди. Мана, кўринг, шуғулланмасангиз сизга садоқат қилмайдиган ҳунар бу...

Атрофимда ҳамма карахт эди. Девор гул қоғозларига суяниб турган кичик қиз менга табассум ҳадя этиб турибди. Кейинроқ аҳамият берсам, бу қизгина нафақат яқинлари — бобоси, опаси, отасигагина эмас, балки атрофдаги жамики предметларга, ёйинки кўзига кўринган ҳар бир нарсага ҳам муҳаббат тортиқ қиларкан.

— Хўш, қалай? — сўрадим мен. — Нега кулаяпсан?

— Мусиқа, — деди у шивирлаб, бошини клавиатурага эгаркан. — Гўзал... Худди шарлардек эриб кетмоқда...

Фартугини йўл-йўлакай ечганча, ошхонадан қизчанинг опаси чиқиб келди. Мен айланма стулдан туриб, унга ишора қилганча:

— Ўтир, — дедим ва ўзим вена стулида ўтирдим. Карина итоаткорона ўтираркан, қўлларини тиззасига қўйиб, ўз аксига боқди. Бу қиз менга кимнидир эслатарди. Кўнглим ғаш бўлганидан, хотирамни кавлаштириб, айнан ким эканлигини топгим келмади.

— Қани тур-чи, — дедим мен. — Сенга баландлик қиларкан. Кел, табуреткани айлантирамиз.

Айлантирдик... Қиз қўлларини тиззасидан олиб, ҳеч бир маъносиз ўз аксига термулиб қолди — худди кекса чўпон қуриб-қақшаган чўлга боққан мисоли.

Мен қизчага қандайдир муҳимроқ, жонлироқ, инсониятга хос бўлган нимадир айтишми кераклигини ҳис қилардим, аммо қиз мендан айнан шуларни кутмаяпти. Балки, мен унга мана шу мусиқий асбоб фортепиано дейилишини айтишимни кутаётгандир... Йўқ, азизам, мен илк мусиқий сабоғимни яхши эслайман...