Ношукур одамлар
О, шўримиз қурсин, шўримиз!
Ношукур одамлар келди байрамга,
ношукур одамлар!
Ғингшидилар улар тинимсиз:
сизнинг байрамингиз — байрамдай эмас!
Ношукур одамлар, сўлиган юзлар,
Нигоҳлар лиқ тўла бошоғриқ.
Келасолиб юз бужмайтирди:
«Бизга тўғри келмас!
Сизнинг шодлигингиз — шодликдай эмас!
Қувончингиз бизга қувончли эмас,
ёқимсиз, ғамгин ва нишли туюлар».
Ношукур одамлар бизда на мазмун,
на мулоҳаза ва на наф кўрдилар!
Жиркангандек қараб, топтаб ўтдилар,
туфлаб ҳам қўйдилар, томоғин қириб,
кўрсаткич бармоғин бигиз қилдилар:
«У ёққа юрайми ё бу ёққа?» деб.
Эснашди, кавшашди... Терлаб, ҳансираб
нолишди: у ундай, буниси бундай.
Яхши ўйнамадик, соз куйламадик,
унчалик ғамлаб ҳам ола билмадик!
Ёғду ҳам ёқмайди, ёқмас мўъжиза,
Чақиб оладилар, оғритиб санчар,
афтин тириштирар ношукур жонлар.
Бас, етар,
бас, етар,
бас, етар!
Пиёла ёқмайди, таомлар ёқмас,
атиргуллар ёқмас, қушчалар ёқмас.
Ношукур одамлар сўкиб қайтади...
Байрам эса тинмас, давом этади!





