Ўлжа замбарак
Баҳорда мавжланиб оқаётган, дарёнинг чуқур-чуқуригача томир отган бақатўнлар бағрида ҳузурланаётган дарё ортида, икки тепалик орасида, гўё дўмбоқ украин аёлининг икки сийнаси оралиғидаги бир жойда мана шу гўзал маскан жойлашган. Мана бу ва ҳов анави тепаликдан қиялик томон лойқа сув оқади. Тепаликлар бирлашган жойда эса чуқур жарлик бўлиб, у ердаги оқим кўпик бўлиб ўпқонга сизиб киришидан аввал сувдаги яланғоч буталарни сийпалайди, ўтган йилги қиёқ ўтлар қирғоқни қитиқлайдилар, қамишнинг тўзғиган толалари шамолда ўйноқилайди, кўприк яқинида ўсиб ётган тиканли буталар кўприк устидаги гуллаётган самбиттол шохига оҳиста соя солади.
Кўприк немислар томонидан вайрон қилинган. Дарёнинг нариги томонида кенг далада куздан буён уч-тўрт машина, иккита алмисоқдан қолган зирҳли машина, замбараклар, тўплар ва миномётлар батареялари, ғилофли катюшалар дивизиони ва яна аллақандай техникалар. Колоннада бирорта сапёрларга тегишли ҳеч қандай нарса йўқ эди, шунга бўлса керак, ўртада келишмовчилик пайдо бўлди: кўприкни ким тиклайди? Хоҳловчилар топилмади. Аскарлар машиналардан тушиб, ўтган йилги беда ғарамига ётганча, сомонлардан чайнаб, мовий осмонга тикилганларича ухлаб қолдилар.
Ҳозиргина колонна ёнидан ўтган майор Проскуряков солдатларни урушиб берди, ҳар қалай «она»дан сўкмади, ҳар бир қисмдан бештадан солдатни кўприк олдига тизиб чиқиб, қолганларни эса тепаликка териб қўйди. Дарвоқе, барибир жанжаллашишга тўғри келди, эрэсчилар билан. Урушдаги ягона эркалик, бу Катюша билан юриш эди. Ўшанда каттадан кичиккача илтифот ила худди оқсуяларга йўл бўшатишгани сингари ҳар қандай йўл очиқ бўларди.
Майор Проскуряков эрэсчилар капитанини машинадан қувиб юборди, энди унинг ўзи мағрур ва қорни тўқ солдатлари билан бирга виждонан меҳнат қилишади, майорга ҳамма бошлиқ сифатида мурожаат қилишарди. Бошлиқ бўлиб олган майор Проскуряков ўзини асабий кўрсатар, колонна бўйлаб юриб, ҳадеб нолир ва ишдан нуқсон қидираверарди. Машиналар олдида ва «ҳаво» қўшинлари ёнида навбатчилар тайинлашни буюрди, шайтон билан ҳазиллашиб бўлмайди, далада ҳам кузатувчилар қўйишни буюрди, шу пайт худди ердан чиққандек ёш кичик лейтенант Растягаев кўксида биноколи билан уни навбатчи қилиб тайинлашларини айтиб қолди.
Майор Проскуряков бу озғин, бироқ истараси иссиқ кичик лейтенантга бошдан-оёқ разм солди-да: «Хўш, хўш», — деди, — кичик лейтенант қаддини ростлаб, ғоз туриш қилди-да, икки солдат билан кўприк томон юриб кетди, у ерда самолёт вайрон қилган икки ғалла омбор, уларнинг соясида эса етмиш беш миллиметрлик немис замбаракларини чириган қамиш поялари тўсиб турибди. Бу ерга бизнинг самолётлар ҳаводан ўққа тутиб, уй томларини учиришган, немис артеллериячиларнинг юрагига ғулғула солишганидан улар бу ердан жуфтакни ростлаб қолишган.
Кичик лейтенантнинг сафдошлари аслида Проскуряков дивизиясидан эмас, уларга адашиб қўшилиб қолганлар. Бу солдатлар афтидан анча хўрланган, омборда ухлашга маҳкум, бечора лейтенант йигитча асабийлашганча навбатчилик қилиб, душманнинг адабини беришни хаёл қиляпти.
Майор Проскуряков улар бизнинг қўмондонларимизни қанчалик тез ва осон ўтда ёқиб юборилаётган бўлсалар, сохта ватанпарварлик сўзлари ва тилёғламачилик қилиб илтифотли хизматлари учун шунчалар осон ва тез мукофотлар олишар ва яна худди шу тарзда одамларни жарима майдонларига тиқишар, фронтда «жазо ўтовчи» сўзидан аллақачон ҳеч ким қўрқмай қўйганди.
Приморск ўлкасида жойлашган Хасан кўли бўйидаги тепаликдаги қонли ҳужумда иштирок этган майор Проскуряков ҳужум чоғида жароҳат олганлиги учун тақдирланган бўлиб, у ҳақиқий жангчини сохтасидан осонлик билан ажрата оларди.
Бу колоннада тўртта тўпчилар батареяси бўлиб, ҳар бирида қўшимча олтитадан замбарак бор эди. Олти карра тўрт неча бўларди? Йигирма тўрт. Хуллас, замбаракларнинг ҳисобини олиб бўлмайди, бу ерлардаги дивизионларнинг ҳолига маймун йиғларди. Замбаракларнинг нималарга қодирлигини-ку айтмаса ҳам бўлади! Бироқ ҳужум тўхтатилиши буюрилган. Баҳор фасли бўлгани учун. Ҳаммаёқ лойлиги учун тўхталмоқда, бутун қиш давомида жанг қилишди, одамлар ҳолдан тойган, ҳатто чарчоқ ва арз қилишдан йироқ бўлган Проскуряков ҳам ниҳоятда толиққан.
Бироқ беихтиёр бизнинг чарчоқдан тарқоқ, паришон, мудроқ армия йўлида қанча давом этмасин, худди шундай тарқоқ ва чарқоқ душман томон қарама-қарши томон билан тўқнаш келмаса-да, немислар борган сари ортга тисарилиб, Қора денгиз бўйига етай деб қолганди.
Баъзида жанг бошланар, бизникилар тўсиққа, зирҳли қўшинга, гоҳида қўшинидан биттага камаймаса-да, умидсизликка тушаётган немис отрядига дуч келишади.
Душманнинг жангсиз кетаётганини, мушаклари ва сергаклиги заифлашиб бораётганини кўришга ўрганиб қолган жангчиларимиз, туғма дангасалик ва эҳтиётсизликка эга бўлган рус Иванлари кутилмаган қарши ҳужумларга дош беролмайдилар, кейин эса уларга тўсиқ лозим бўларди. Шунда оз миқдорда ўқ-дорилари бўлган йигирма тўртта тўп душман ҳужумини тўхтатиб, фронт секторларидан бирининг бўшлиғини гўё ямаб қўярди.
Айнан шунинг учун ҳам бригада командири барча батареялардан снарядларни йиғиб чиқди, машиналардан ёқилғиларни тўкиб ташлади, штабдан одамларни қувди — ва буларнинг барини майор Проскуряковнинг дивизиясига топширди. Кейин эса унга, қолган бўлинмаларга, худди шундай бўлганидек, олдинга юришни буюрди. Бригада командири ҳам, майор Проскуряков ҳам, фронтдаги барча командирлар ҳам агар еримизнинг бир қисми ҳозир душмандан тортиб олинмаса, уни яна қон билан қайтариб олиш кераклигини билишарди.
Бундай ҳужумда барча муаммони меҳнат ҳал қилади. Ва у меҳнаткаш бўлгани учун бригада командири майор Проскуряковни дивизия билан олдинга жўнатди. Агар танкларга тўғридан-тўғри ўқ отиш учун дивизия юбориш керак бўлса, бригада командири Проскуряковга тегмайди, чунки у эски оддий офицер сифатида унга ғамхўрлик қилгани учун ҳам, командирлари бундай ишларда умидсизроқ, жаҳлдорроқ эди. Ўша командирларнинг Проскуряковга қараганда мукофотлари ва улар бош қўмондонликнинг рўйхатида эдилар, Проскуряков эмас. Улар ҳозир фронтдан узоқда, эманзорларда кийимларидаги ҳашаротларни қоқиб, ювинишди, соқолларини олишди, энди тушликни кутишяпти, орден олганларни қўлбола ароқ билан сийламоқчи бўлганларида у мана шу кўприк олдида қолиб кетди. У ва унинг аскарлари деярли машина ҳамда қуролларни судраб юришибди. У бригададан ажралиб кетган пайтларда унинг тўпларидан фақат бир марта тўп отилди холос, ҳозир эса қирқ жангчи ва снарядларнинг ярми йўқ. Яна қанча масофани оч ва бедор тарзда босиб ўтиши мумкин?
Айни пайтда жангчилар машиналар олдида, кир-чир жойларда, хашаклар устида ухлашяпти, уларга ухлашга буйруқ берилмаган бўлса-да, яъни устав бўйича дам олмаётган бўлсалар-да, бироз бўлса-да ҳордиқ чиқаришга ҳақли эдилар. Солдатларнинг поябзаллари йиртилиб кетган, гимнастёркалари тўкилиб, у ер-бу ерига ямоқ тушган эди. Биринчи майгача ҳали яна йигирма кун бор, ўшанда солдатларга янги гимнастёрка, ёзги мундирлар беришади; бизнинг армияда мундирларни фақатгина улуғ кунларда янгилашади: биринчи майда ёз мавсуми учун; еттинчи ноябрда эса қиш учун, ўша пайтлар ҳақиқий байрам бўлиб кетади. Уруш пайтида мундирларнинг бундай алмашув палласига етиб келишнинг ўзи бўлмасди.
Майор Проскуряков сой бўйидаги жойга нигоҳ ташлади. Бу жойда худди уруш бўлмагандек. Бу жой катта йўллардан холи, уни узоқдан кўриб бўлмайди, у ерда ҳатто мудофаа учун ҳеч қандай иншоот ҳам йўқ эди. Фақатгина черковь бор эди, черковдан ҳам гумбази қўнғироғи билан олиб ташланган, терак нурларигина черковнинг қолдиқларини урушдан тўсиб турарди.
Бирорта уйга зарар етмаган, томорқаларда қарғалар йўқ. Шунинг учун ҳам ҳамма ёқ тинч ва баҳорнинг чанқоғидан ғамгин. Атрофда хўрозлар қичқиради, кўчаларда одамлар кўринмайди, соғилмаган сигирлар мўъраб, азоб чекадилар.
Одамлар яшириниб олишган, бироқ деразалардан ҳаёт порлаб турибди, сокин уйлар қуёшга табассум қилишади, ўз солдатларига мана шу жой табассум қилади, уларни чорлайди, қарши олади.
Бу жойни кузатар экан, майор Проскуряковнинг кўнгли яшнади, бу ерликларга бироз ҳасад ҳам қилди, бу ергача етиб кела олмаган солдатларга ачинди ҳам, ахир улар сувнинг ўйноқилаб оқишини, сувўтларининг сувда айлана қилиб рақсга тушишини, тепаликларнинг яшил тусга киришини, уйлар олдидаги гилосларнинг гулга киришидан аввал хаёлга чўмиб туришини, қизил хўрознинг товуқни қандай қилиб уч-тўрт марта қувишини, шўрлик эрга хотинлик қилмаётганини кўра олишмаяпти-да.
Майор Проскуряков яқинда ҳалок бўлган солдатлар ва командирлар ҳақида ўйларди. Уларнинг ҳар бирини, ҳатто ҳар бирининг юзини ва ҳатто қай йўсинда ҳалок бўлганини аниқ эслайди. У билан госпиталларда урушдан олдин ва ҳозир ҳам дивизияда бирга бўлган сафдошларини эса аксинча ҳаммаларини эслолмайди. Майорнинг ҳалок бўлган яқинларининг саноғи йўқ эди.
Майор эса улар учун раҳм-шафқат ҳам, йиғи-сиғи ҳам қилмади. Майор Проскуряков одамларнинг яшаб қолиши эди, лоақал шу жойларга келиб, хашакларнинг устига ётиб, егулик ва ғалаба ҳақида хаёл суришларини истайди. Аммо улар энди бундай қила олмайдилар, улар фақат майорнинг хотираларидагина яшаяптилар. Унга дўстларини эслаш осон эмасди. Ҳалок бўлганларнинг номлари ҳамон қайсидир мукофотлар, аллақандай таъминотлар рўйхатларида ёдга олинар, қаерлардадир рафиқалари ва оналари ухлашдан аввал улар ҳамон ҳақида ўйлашади ва хайрли тун тилашади.
Яна бир мунча вақт шундай бўлади, кейин эса ҳалок бўлганларни аста-секин унутишади, ҳатто уларнинг хотиралари ҳам унут бўлади, мабодо уларни эслашса ҳам, ҳар бирини алоҳида, исмлари Ванька, Васька, Петька деган ер кавлаган, бочкаларда ҳашаротларни қовурган, Гитлерни сўккан, кўпроқ еб, тўйиб ухлашни истаган оддий солдатлар сифатида эслашмайди. Уларни уруш қатнашчилари ва қаҳрамонлари сифатида умумий қилиб ёдга олишади. Бироқ улар ўзларини шундай деб ўйлашмаган эди, уларни ҳаётлигида ҳам ҳеч ким бундай деб ўйламаган. Шу тарзда Ванька, Васька ва Петькаларнинг қиёфалари йўқолиб, ўрнига каска кийдирилган, тошли, бегона, бошқаларга умуман қизиғи бўлмаган ёдгорлик ҳайкалига айланади.
Бундай ниҳояси йўқ қайғули фикрлар майор Проскуряковни ҳолдан тойдирди. У «студебеккер» заводида ишлаб чиқарилган уч асосли машинанинг ўриндиғида ўтириб энди пинакка кетай деганида, шу пайт кўприкни тиклаш учун тер тўкиб меҳнат қилишнинг ўрнига ҳазил-мутойиб қилиб, чекиб ўтиришганига кўзи тушди, демак ҳар бир рота ва взводда бўлгани каби бу ердаги жангчилар ўртасида ҳам қизиқчи пайдо бўлибди. Майор Проскуряковнинг бундай қизиқчиларни жини суймасди, чунки улар, энг аввало, айёр ва ишёқмас бўлиб, уларнинг қўли эмас, балки тили ишларди.
Бироқ Проскуряковнинг кўприкка тушгиси келмади. Иш тушгача чўзиладиганга ўхшайди, мабодо ҳарбий қўшин шу ерга кириб олса борми, токи бу жойдаги ҳамма егуликни еб тугатмагунларига ва тўйиб ухлаб олмагунларича уларни бу ердан кетказиш қийин бўлишини биларди. Бу жойларда қорин ҳам тўяди, ҳам қалбинг ҳузурланади, бундай гўшада тунаб қолишнинг гашти ҳам ўзгача бўлса керак, шу сабаб у қаерда навбатчи взвод учун окоп қазишни, аскарлар одамларнинг егуликларини батамом еб тугатмасликлари, қорин тўйғазишлари ҳам бир томонда-ю, аммо жангга кириш лаёқатини йўқотиш даражасида ичиб олсалар-чи, деган хавотирда уларни қайси уйларга жойлаш ҳақида хаёлан режа қила бошлади, шунақа пайтларда баъзан душман сергаклиги икки ҳисса ортиб, ҳужум қилиш эҳтимоли кўп эди.
Майор Проскуряков майда-чуйда ишларни ҳал қилгунича, кичик лейтенант Растягаев, кўзларини дурбиндан узмай — унинг урушдаги биринчи ғалабаси — унинг бугун бошқа солдатлардан янги заҳира мундирлари учун тамаки ундирди, у унча-мунча тамаки чекмаса ҳам, бу сафар аскарларникига кўнди — у ҳозир дурбини билан бутун маҳаллани кўздан кечирмоқда. Бироқ душман ҳеч қаерда йўқ эди, бундан кичик лейтенантнинг ғазаби қўзирди. Шунча йўл босиб урушга келса-ю, келган жойидан душманни оддий кўзлар билан кўриш у ёқда турсин, ҳатто дурбинда ҳам кўриб бўлмасди.
Қишлоқдаги зиёли оиланинг фарзанди, райком гуруҳининг маърузачиси Сергея Потапович Растягаевнинг ўғли Сергей Сергеевич, ҳатто тушларида ҳам ўзини урушда кўрарди, у 1925 йилда туғилганлиги учун, урушга чақиришлари учун ёши етмас, у эса ҳар ойда военкоматга қатнайвериб, ёши етгунига қадар эса мактабда ўқишга, кейин ўша мактабда военрук бўлиб ишлашга — чунки у ҳарбий ва сиёсий тайёргарликда ўз ишининг устаси эди — мажбур бўлди.
Уни ҳарбий билим юртига қабул қилишган кун онаси ётиб қолди, отаси эса: «Аҳмоқ! Фронтда тамом бўласан-ку. Мактабда ишлаб юраверсанг бўлмасмиди. Кейин...».
Сергей отаси «кейин» деганида унинг касал эканлигига ишора қилган эди. У касалликни аллақачон енгиб ўтган. У қачонлардан бери муздек сувда чўмилади, турникда тортилади, югуради, сакрайди, ўқ отади, аммо барибир «оқибати»ни кўриб турибсиз... Зиёлилар оиласида туғилиш нима эканини бир кўриб қўйинг. Улар сендаги ва сендан ташқари бўлган нарсаларни ҳам билишади. Вой, сен озғинсан, рангпарсан, ўзингни олдириб қўйибсан, яхши овқатланмагансан...
Ҳаммаси жонга тегди!
Сергей билим юртида ўқиб юрган чоғларида ота-онасига оғир, вазмин руҳдаги хатлар ёзиб турарди. Улар старшина Закорюченконинг ўғилларини қандай қилиб олий маълумотдан маҳрум қилганини, қай йўсинда оч қолганларини, ҳаммадан кўпроғи унга анча мушкул бўлган зиёли қатламнинг «сиз», «марҳамат», «ижозат беринг», «марҳамат қилиб».. деган сўзларни ўзлаштиргани ҳақида билишмасди.
Унинг яна бошқа бир қизиқиши ҳам бўлиб, бу унинг илк муҳаббати — озғингина, асабий талаба қиз Валя эди. Ўша куни оқшомда, йигитни фронтга чақиришларидан аввал улар эски баржа орқасида, дарё соҳилида шу қадар эҳтирос билан ўпишишдики, Валя унинг қулоғига шивирлади: «сен уларнинг адабини бер!» Кейин қумда ётди-да, фақат унга тегишли бўлишини ва ҳамма нарсага рози эканлигини айтди.
Сергей уялиб кетди, ўзини йўқотиб қўйиб, негадир кечирим сўрай бошлади, улар соҳилдан хижолатомуз, сукут сақлаганча қайтдилар. Валя фронтга ҳар куни хат ёзарди, уларнинг бир-бирига бўлган муҳаббати мактублар сабаб баттар ошиб борар, Сергей эса ўшанда соҳил бўйида содир бўлмаган ишдан ич-ичидан афсусланар ва яна фронтдаги ўзи билан боғлиқ бўлган воқеалар ҳақида гапира олмас, тўғрироғи, қизни алдашга тили бормасди. У қизларига йўқ қаҳрамонликлари ҳақида чўпчак тўқиётган солдатлардан хазар қилар, қизлар эса уларга ишонар, уларга бир нима бўлиб қолишидан қаттиқ хавотир олишарди.
Дарвоқе, Cергей фронтда бор-йўғи бир ҳафта бўлди, у артеллерия бригадасига уни шу ерга тайинлашгани учун эмас, аксинча қўшимча аскар сифатида келган эди, чунки у умумий ҳарбий тайёргарликни ўтаган, бундоқ қараса, у ҳаммасини билар, ҳарбий ҳаётида унга ва тенгқурларига бироз заковат, тажриба етишмасди, агар етганида ҳам унинг шунқор қўмондонлари ҳали хом, бироқ қўрқмас жангчини жангга киргизишмас ҳам эди.
Дарё оқимига қарши сузиб боришаётганида майор Проскуряков дивизияси взвод командири қуроли билан музлаб қолган дарёга тушиб кетиб, чўкиб кетди. Муз остидан қуролни ҳам, офицернинг жасадини ҳам олиб чиқишди, қуролни-ку қуритиб, тозалаб олишди, аммо инсон жасадини кўмишга тўғри келди. Жангчилар собиқ командирларини кўп ҳам эслашмади ҳам, янги кичик лейтенантга, гарчи у билан кўп жанжаллашиб, сен-менга борса-да, унга дарҳол буйсунишди, уларнинг жанжалларини майор Проскуряков ҳатто сезмасди ҳам.
Учинчи куни бўлган жангда кичик лейтенант иштирок этолмади, майор Проскуряков уни бригадага, бўш қутилар, бочкалар, гильзалар олиб боришга жўнатди, токи у олиб борганлари эвазига қотган нон ва бир нечта снарядлар билан изига қайтганида эса жанг ниҳоясига етган, ўлганлар кўмилган, ярадорлар пиёда ва йўловчи машиналарда даволанишга ортга қайтишар, майор Проскуряков ёқилғи, снарядлар, патронларни тежаш мақсадида ярадорларга фақат битта занжирли машина берди.
Кичик лейтенант Растягаев бу жойларни ипидан игнасигача яхши билиб олди, душманни қаердан кузатишни, қаердан туриб зарба беришни билади. Шаҳар бўйлаб фақат битта йўл бор эди. Йўл бир текис бўлиб, сойлар қўшилиб кетган ердаги кўприкнинг қуйи қисмида, тераклар бўйлаб давом этиб, тепаликкача етади-да, чап томонга қайрилиб, бора-бора кичик йўлакчага айланиб, кейин узоқларда ғойиб бўлади.
Худди мана шу тепаликда, ғадир-будур йўлда кичик лейтенантнинг кўзи усти ёпиқ машинага тушди. Машина зўрға юрар, ғилдираклари орасидан тутун чиқиб, ғилдиракларга ёпишиб қолган лойлар ҳар томонга отилар, қандайдир одамлар эса ён-атрофда белкураклар билан алланималар қилаётган эдилар. Машинанинг тумшуғи қийшайиб кетган, ҳайдовчи ҳам ўзига мўлжалланган жойда ўтирмас эди. Кичик лейтенант Растягаев бошини ирғаб қўяркан, қўққисдан бу таъқиб эмас, балки немисларнинг, яъни душман машинаси эканлигини тушунди. У дурбинини қўлига олиб, кузатишни бошлаганида, машина аллақачон узоқлашиб улгурган, машина узоқдан жомадон катталигида, одамлар эса чумолидек кўринишарди.
— Ўртоқлар! — дея ҳаяжондан бақирди кичик лейтенант. — Немислар!
Лой девор ёнига омбор томидаги қамишлардан қилинган тўшаклар остига яширинган икки аскар бирданига сакраб туриб, милтиқларини излай кетишди.
— Немислар қани? — сўрашди улар ён-атрофга олазарак бўлиб.
Кичик лейтенант аввалига уларни қўли билан кўрсатди, кейин эса аскарга дурбинни яқин тутиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Аммо аскар лейтенант тутган дурбинни итарди-да, кафтини кўзлари устига қўйиб атрофни кузата бошлади.
— Улар ўрмалаб келишяпти, — деди у ошнасига тўнғиллаб оғзига кириб қолган қамиш толасини тупуриб ташлади, кейин бурнини қоқди, тамаки учқунларидан илма-тешик бўлиб кетган гимнастёркаси этагига артди, ошнаси эса ланжлик билан уйқусираган ҳолда чекишни бошлади
— Бу қанақаси!.. Кетиб қолишади-ку! — дея пичирлади бутунлай довдираб қолган кичик лейтенант Растягаев. — Немислар, фашистлар кетиб қолишади! — бақирди у худди қулоғи карларга бақиргандек.
— Жин ургурлар! — дея ғўдраниб қўйди тамакисини тутатиб турган аскар, бошқаси эса ҳатто ўрнидан қўзғолиб қўймади ҳам, фақат пастки лабини қимирлатиб қўйганидан унинг пинакка кетгани маълум эди. Бу ҳолат кичик лейтенантни ташвишга солди.
— Ахир... Фашистлар ҳақида айтишим керак-ку...
— Улар узоққа кетолмайдилар, — қўлини силтади ва командирни тинчлантиришга уринди аскар, — айтиб нимани ҳам айтардинг? Кўриб туришибди, кўр эмаслар-ку ахир.
— Кўришади! — деди кичик лейтенант. — Кўришга кўришар, аммо бирор чора кўришармикан!
— Ё худойим, яна қандай чора? Кўзингни оч, ҳой кичик лейтенант, ҳали жанг қилиб улгурасан.
Ниҳоят кичик лейтенант ўзини тута олмади:
— Биринчидан, «сен» эмас, «сиз»! Иккинчидан, — ғазабини сочди кичик лейтенант, — папиросни ташланг. Ва ўрнингиздан туринг! Туринг, деяпман!
Аскар жилмайиб қўйди, истар-истамас ўрнидан турди, аммо тамакисини ташламади, енгида уни яшириб қўйди, энди тутун унинг гимнастёркаси орасидан чиқиб турарди.
— Сизга буйруқ бериш керакми? — бақирди кичик лейтенант иккинчи аскарга, ўша аскарнинг ухламаётганига, ўзини ухлаганга солаётганига унинг ишончи комил эди.
— Игнат, — аскар ухлаб ётган дўстини оёғи билан туртди, — тур ўрнингдан! Сафланишимиз керак...
–Йўқолинглар, — тўнғиллади Игнат, — ҳазил қилишдан бошқа ишларинг йўқми.
— Нима? Қанақа ҳазил? Тур ўрнингдан!
— Хўп, турсам турдим. Шунга шунчами? — минғирлади аскар, кўзлари билан қамиш қаламчаларини қидирар экан. — Бир ҳўкизни ютдингми, бунча бақираверасан.
Бу орада немис машинаси ғадир-будур йўллардан тепаликка томон чиқиб борар, ундан у ёғига кўринмай қолиши мумкин эди. Шу пайтда кичик лейтенант омбор орқасида турган замбарак ҳақида эслади.
— Ортимдан! —деди у жазаваси тутиб ҳуштак чалганча буйруқ берди у солдатларга. Улар елка қисиб, милтиқларни ва деярли бўш қопларни елкаларига ташлаб, омбор орқасига ўтишди.
— Белкураклар борми? Қани, кетдик бўлмаса! Милтиқларни ўқланглар! Жангга! Олға! А ну, выкапывай сошники! Разворачивай орудие! К бою!
— Балки керак эмасдир, кичик лейтенант!..
— Овозингизни ўчиринг!
— Хўп, хўп.
Кичик лейтенантдан ёш бўлган аскар унинг буйруғига итоат қилиб, қазишга киришиб кетди.
— Бўпти. Игнат ҳам қарашадими?
Игнат ҳеч нима демади, шеригига бош ирғаб қўя қолди, учовлон тўпнинг устига ётволиб, уни ғингшишганича, истамайгина жангга шай қилиб қўйишди, замбаракни маҳкам ўрнатишди.
— Бундан қандай отамиз? Прицел ини немислар олиб кетишганку.
— Стволдан отамиз, — дея кичик лейтенант қўли билан ишора қилди. Унинг энди жаҳли чиқмасди. Унга мана шу қўрс Игнат ҳатто ёқарди ҳам. Аслида кўп нарсани кўрган жангчи шундай бўлади. Кичик лейтенант Растягаев қизишган бўлса бордир, жанговар ҳолатларда нималар бўлмайди дейсиз.
— Стволдан отиш қийин-да. Стволдан фақат киноларда отишади. Ҳатто баъзан прицел билан ҳам мураккаб...
— Нега бунча ҳадеб вайсайверасиз! Қани снарядни олинг! Ўқланг! — қичқирди кичик лейтенант.
— Қани, мана, ҳужум қилиш бундоқ бўпти! — Игнат узун гильзани снаряд билан тўп стволига солди.
Иккинчи аскар эса тўп ручкасини айлантирди, кичик лейтенант Растягаев стволга қаради ва ранги оқарганча буйруқ берди:
— Юқорига, баландроқ! Бўлди! Чапроққа! Тўхта! Отаман! — у тугмани қўллари билан топиб, деярли овоз чиқармай, лаблари билан пичирлади:— Отишни бошлайман! — У кўзларини юмганча тугмани босди.
Тўп отилганда овози оламни бузди. Снаряд тепаликдан нарида портлади. Тўмтоқ машина ёнидаги одамлар саросимага тушиб, югура бошлашди.
— Аҳа! — деб қичқирди ёш аскар ва кўзлари ҳаяжондан чақнаган қўмондон бир вақтнинг ўзида. — Ўртоқ жангчи, қани бошла! — деб буюрди
— Исминг нима, ўртоқ кичик лейтенант? — сўради ёш аскар зукколик билан қўмондондан сўради ва жавобни кутмасдан ўзини таништирди: «Исмим Леонид, Ленка».
— Жуддда яхши! Жанговар майдонда танишганимдан хурсандман. Мен Растягаев бўламан. Кичик лейтенант Растягаев. — Шу заҳотиёқ бақирди: — Ўқлансин!
— Балки бошқа отмасмиз, бунақада душманни сергак қилиб қўямиз, — деди кўзларини четга олиб, тўпни истамайгина ўқлар экан ғўлдиради Игнат.
— Сизга нима бўлган ўзи! — росмана жаҳли чиқди кичик лейтенантнинг ва шошиб тугмани босди.
Тутун ёйилиб бўлгач, Игнат қўлларини ёзиб:
— Бирор бир уйга теккан бўлса-чи, у ерда одамлар, болалар бўлса-чи... — Беринг, яхшиси мен уриниб кўрай, — деб Игнат кичик лейтенантдан тўпни олиб, енгил ва тез ота бошлади.
Снарядлар тепалик томон, машиналар бўйлаб отила бошлади, ҳар отишганида кичик лейтенант фашистлар машинасини нишонга оладигандек туюлар, душман машинасида радиостанция борга ўхшарди, чунки ундан антенна кўриниб турибди. Ҳеч бўлмаса, радиостанция ва уни тушунадиган шахсни қўлга олишса зўр бўларди. Машина атрофида камида беш нафар одам бўлиб, улар ерда ётиб олишган, қимир этишмасди.
Тўп гўё норози бўлаётгандек чийилларди, снарядлар мўлжалдан ҳам кўра узоқроққа отилди. Қатордан бир солдат ажралиб чиқиб, қўлини кўтариб, нимадир деб бақирган ҳам эдики, отишдан тўхташди.
— Эй, — бақирди аскар, — нега энди бу бўлмағур иш билан шуғулланяпсизлар? Ўртоқ майор ғазабланяпти.
— Ўртоқ майорга айтинг, — кўзларини қисиб қўйди кичик лейтенант Растягаев, — агар душман техникасини олиб кетса, агар душман таслим бўлмаса, Горький айтганидек, ухлаш ўрнига уни тўхтатиш, яксон қилиш керак.
Игнат кулиб қўйиб, бошини чайқади, Ленька эса ярим ҳазил, ярим чин қилиб:
— Яна отайми?! Уларга бир кўрсатиб қўяйлик...Иштонларини ҳўллаб қўйишсин.
— Шундай қил!
Улар икки марта ўқ уздилар, дивизия хабарчиси Проскуряковнинг машинасига қайтиб келиб, кичик лейтенантнинг айтганларини сўзма-сўз айтиб берди. Унга ҳеч ким шу кунга қадар бундай масхараомуз буйруқ бермаган эди.
— Нима-нима? — майорнинг қони қайнаб кетди. — Қани, тез изингга қайтиб, унга айт, олдимга келсин!
Аскар топшириқни бажаришга бажонидил рози бўлди, бу пайтда эса бошқа бир солдат машинанинг тагига ўзини отишга улгурган бўлса, майор Проскуряков эса «студебеккер» дан сакраб тушишга улгуришган ҳам эдики, колоннага олти марталик зарб билан миномёт ёғилди. Бир зумда ҳаммаёққа осудалик чўмди. Портлаш оқибатида ҳаммаёқ тартибсиз эди, ҳаммаёқни чанг ва тутун қоплаган. Тўпдан отилган бир ўқ эвазига шунча талафот. Немисларнинг ўқ заҳираси охирлаб қолган бўлса-да, бироқ шу отилган биргина ўқ билан ҳам улар колоннанинг ярмини қиришга муваффақ бўлишди, худди калтакесак қоқ иккига бўлиниб кетгандек, колоннанинг ярми йўқ қилинди, ҳарбий машиналар ҳам ўртада туриб қолди, на орқага, на олдинга юра олишмасди, жангчилар ёнаётган машина бортидан иккита ҳалок бўлган солдатларни олиб чиқишди, яна бир нечта аскар жанг майдони чеккаларида ҳалок бўлишди, шикастланган машинанинг бакидан сачраган ёқилғидан уларнинг сочлари ва гимнастёркалари ёниб кетган эди.
Пастда, кўприк олдида иш қайнар, бирваракайига ўқ отиш билан бирга, ҳайдовчилар аллақачон қилишлари керак бўлган ишни амалга оширардилар, машиналарни жанг майдонига олиб чиқиб, уларни қай йўсинда беркитиш йўлини қидириш пайида бўляптилар, «катюша» лар эса дон омборлари ортидан жой олди, аскарлар ҳам автоматларини ўқлаб, ҳозиргина ўқ отилган замбарак турган омбор ортидан пайт пойлаб туришибди.
Буларнинг барини ердан бошини кўтарган майор Проскуряков кўриб турарди, жангчиларнинг нега югуриб қолишганининг сабабини фаҳмлаган майор қичқирди:
— Тўхтанглар! Тўхтанглар, дедим!
Жангчилар эса уни эшитишмади ёки бўлмаса эшитишни исташмади. Барча колонналардан замбарак томон югуриб келишар, ғазабларини баралла сочишар, қуролларини баланд кўтаришар эди.
Майор Проскуряков бақириш билан иш битмаслигини тушунди, унинг ўзи ҳам тўп томон югурди. Анча тўлишиб кетганидан зўрға югурара, форма ҳам халал берар, чунки қўмондорлар фақат фавқулодда ҳолатлардагина югуришарди, асосан ҳужум вақтида ҳам, чекинганларида ҳам оддий аскарлар буйруқ бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, жанг бўлса, бўлмаса, югураверадилар. Майор ўз бақиришлари билан солдатларга таъсир қила олмаслигини сезди, айниқса кичик лейтенант Растягаевга ўхшаганлар аллақачон жанг қилиб бўлганлардан ҳисобланишади. Шундан кейин у тўппончасини йўл-йўлакай машаққат билан қинидан чиқариб, эътиборни ўзига жалб қилиш учун ҳавога ўқ узди, лоақал шу йўл билан одамларни бироз муддатга жалб қилмоқчи эди. Аммо бу ишидан ҳам наф чиқмади. Замбарак ҳамманинг эътиборини ўзига тортиб улгурганди. Проскуряков шундай овозларни эшитарди:
— Оғайнилар, шафқат қилинглар, — овоз кучсиз, умидсиз, бундай оҳанг фақат ажали яқин одамгагина хос бўлиши мумкин.
Бу қичқириқ Проскуряковни сергаклантирди. Демак, ҳали қаердадир тирик жонлар бор, у жангчиларни суриб ўзини ўртага урди. Икки аскар жангга киришар эди, кекса ва ёш аскар. Кичик лейтенант Растягаев қамиш толалари тўзонидан тиззаларида туришга уринар, бир қўли билан синган бурнини ушласа, бошқасини эса қимирлатишга ҳаракат қиларди. Яна бир сония кеч қолганида, ҳеч кимни тўхтатиб бўлмасди.
— Бас қилинг! Тўхтанг! — нафаси тиқилган куйи деди Проскуряков барчага бақириб, взвод қўмондонига ташланиб, унинг қўлидан милтиқни юлқиб оларкан, командирларга хос буйруқ билан: — Смирно! — деди ва сўконғич бўлмаса-да, ўша паллада сўконғичлиги тутиб кетди. — Ҳаммангиз сафланинг!
Ранги оқарган, ғазабдан титраётган икки солдатни бошқалари ажратиб қўйишди. Майор иложи борича қатъий оҳангда, бироқ унчалик ҳам баланд бўлмаган овозда:
— Кичик лейтенант Растягаев, сиз ҳибсга олиндингиз! Пищенко! — дея чақирди ёрдамчисини, — кичик лейтенантни олиб кет!
Пищенко қаердандир ўша заҳотиёқ отилиб чиқиб, қўлини пилоткасига қўйганча:
— Хўп бўлади! — Растягаевга тишини қайраганча: — Қани, маҳбус, олдимга туш, энди кунингни кўрасан, —деди.
Икки нафар калтакланган аскар ерда тиз чўкиб турар, улардан кичиги, гимнастёркасининг чўнтаклари йиртилганидан ундандан тушган хатларни териб олар, аччиқ кўз ёшини тўкканича:
— Бизнинг айбимиз нима, Игнат амаки? Нима учун? — дерди. Игнат гилльза мойларидан кир бўлиб кетган қўллари билан гимнастёркаси тугмасини гоҳ қадар, гоҳ ечар, гимнастёркада ҳам фақат биттагина тугма қолган эди. Кўзлари таги кўкарган юзи беўхшов катта мўйловли, кўзлари атрофига қалин ажинлар тушган.
Атрофни бақир-чақир тутиб кетди. Ўзи доим шунақа бўлади — аскар қўл билан ҳаракат қилмаса, демак бақириб хуморидан чиқади:
— Урушгиларинг келиб қолдими, қанжиқлар!
— Сассиқ чол, сени нима жин урди!
— Буларни деб қанча одам азият чекди-я...
— Ўласкалар! Майорга раҳмат денглар, йўқса кўрардиларинг...
— Ўйнагани топган вақтларингни қара!
— Улгурасанлар ҳали!
— Лейтенантчага орден керак бўпти-да!
— Ҳаққингни олдингми?
— Аҳмоқ, майли сени ёш десак, мана бу сассиқ чолга бало борми? Сўзлар, ҳақоратлар, таъна-маломатлар кўп эди. Кекса аскар айбини тан оларкан:
— Кечиринглар, оғайнилар. Айбдорман. Кичик лейтенантни писанд қилмадим, айб ўзимда. Бўлди энди..Юринглар, — деди.
Майор Проскуряков калтакланган аскарларнинг кетишини пойлаб турди-да, баланд овозда, бироқ қатъий оҳангда:
— Тарқалинглар, ўртоқлар, маршга ҳозирлик кўринглар, — деди.
— Мен истамайман. Бормайман! — деди болларча қайсарлик билан қичқирганча кичик лейтенант. — Ҳеч қаерга бормайман. Сўнгги нафасим қолгунча жанг қиламан!
Пищенко уни туртиб юборди, у қалқиб кетди, бошидан пилоткаси учиб тушди, пилоткасини ердан оларкан, янада қаттиқроқ қичқирди: — Тўртинчи йил урушяпсизлар, бунақада яна ўн йил урушасизлар...
Майор тўхтаб қолди, кичик лейтенантга бошдан оёқ қараркан, ҳаммага эшиттириб:
— Ярамас! — деди-да, жўнашга шайтурган «студебеккер» олдига кетди.
Пищенко қатъий оҳангда ҳамманинг эшитишини истаб кичик лейтенантга бақирди:
— Бу ёққа келинг, кабинага ўтиринг, одамларга қўшилсангиз, улар сизга урушнинг муддатини қисқартириб беришади!
— Қандай қилиб?
— Жудда оддий! Ҳов анови сизнинг шарофатингиз билан ҳалок бўлганлар билан бирга кўмишади ва фанер тахтага: «Гитлерчиларга қарши курашда ҳалок бўлди», деб ёзиб қўйишади, қандай ҳалок бўлганингизни онангизга тушунтириб ҳам ўтиришмайди. Ўлдими, ўлди... — Пищенко мижғов одам бўлса-да, майорни ёқтирарди, у ортига ўгирилиб, қўшиб қўйди: ўртоқ майор, яна Ҳасан кўлида ярадор бўлганлигини қўшиб қўйишармикан.
Растягаев кеч тушгунга қадар машина кабинасида ўтирди. Тонгга яқин кўприк эпақага келтирилиб, колонна Грицев деган жой томон йўл олди. У ерда аскарлар қисмларга бўлинди, тепаликдан мудофаага ўтишди, артеллистлар билан алоқа ўрнатишди, снаряд, ёқилғи ва озиқ-овқат учун транспорт ажратилди.
Кичик лейтенат Растягаев вазифасига қайтарилди, унга транспорт билан шуғулланиш топширилди. Ўз билганини қилмасдан, масъулиятли топшириқни бажариб, нима бўлган тақдирда ҳам кўпроқ снаряд ва егулик олиб келиш топширилди. Тили заҳар Пищенко эса майор Проскуряковнинг: «Йўл-йўлакай қилмишлари ҳақида ҳам ўйлаб кўрсин», деган гапларини ҳам гапларини оқизмай-томизмай етказди.
Кичик лейтенант Растягаев қовоқ-тумшуғини осганча машина эшигини жаҳл билан ёпаркан, ҳайдовчига юришни айтди ва ўйлаб қолди, аслини олганда кетишдан олдин Пищенконинг унга етказган гаплари майорнинг гаплари эмаслигини билса-да, кимдир унинг ақлини киритиб қўйиши кераклигини тушунди.



