излаштириб бўладиган асил кутубхона...
* * *
излаштириб бўладиган асил кутубхона,
электронмас, умумий, гутенбергники эса
ўзимники — руҳ вазни бор: бекорга «кўрсат,
не ўқисанг, кимлигингни айтиб бераман» —
демас ҳеч кимса;
ҳақиқий кутубхона, излаб кўрилса надир,
батартиб варақланган, қалам-ла белгиланган,
уни ҳадя қилганнинг сиёҳли инскрипт
туширилган ва ҳатто — омадига биноан —
муаллиф дастхати бор китобни топса бўлар;
лек китоб овлаш ўзи сирлилиги нодирроқ:
ва ўйлайсан, шу йўсинда кимдир сени ҳам
балки топар, четларига белги қўйилган
ва токчада туриб қолган жилдинг устидан
чангни пуфлаб, ажи-бужи ёзувларингни
ўқиш учун тиришади, сўнг бор матнингни —
бу исталган муаллиф ва шоирнинг қалбин
яширинча иситувчи ягона сурур,
ва ҳар икки тарафнинг ҳам кўп йиллик, балки
бемаъни бир меҳнатига мукофот эрур
ва пинҳона ҳаммуаллиф ҳам тарафдоринг
ҳақида ўйлайсан: хўп, сенга нимаси қийин —
тўп-тўп китоб уюмидан мени ҳам нохос
топиб олиб, эй оғайни, танҳолигимдан,
қуриб қолган жилдимдан ва тўкилиб кетган
уюм-уюм вароқлардан мени эт халос,
топиб олгин, иним, чангин пуфлаб ташла тез,
ўқи, энди тин олган қўл битигин у кез —
мана, кўришдик ҳам, дейсан унга ва
муҳими: сенга ёт нарсани очиш,
ўқиш ёт нарсада ўзингникини,
қолганлари унча муҳиммас: адад, нашр,
номаълумлик, шараф — бекор, мен сенга айтсам:
ўқиб, столга қўй ва раҳмат айтиб
унутишинг мумкин эди бемалол
ва унутмаганинг учун ташаккур...





