Менинг лейтенантим

(романдан парча)

Илк бомбардимон

Даҳшат важоҳатини ўспиринликда уруш кезлари ҳис этдим. Илк бомба тушиши биланоқ 1941 йилнинг июль ойида халқнинг кўнгиллилардан иборат эшелони урушга жўнаб кетди. Немис қўшинлари Ленинградга чақиндек бостириб кела бошлади. Икки кун деганда қўшинимиз Ленинграддан бир юз эллик чақирим узоқдаги Батецкая станциясига етиб келиши биланоқ немисларнинг сон-саноқсиз авиацияси ҳужумга ўтди. Назаримда, само самолётлар билан қопланиб, ёзги мусаффо, илиқ осмон ғулдураб, чинқирганча инграйди, атрофни самолёт кўланкаси маҳв этган. Турган еримдан ўзимни пастдаги чакалакзорга отиб, бошимни буталар ичига суққанча юзтубан ётиб оламан. Илк бомба ерга тушиши биланоқ, замин бағрини жунбушга келтириб, атрофни заҳарли тутун эгаллаб, бомба парчалари ҳар ерга сочилади, борлиқ титраб кетади. Нишон томон самолётларнинг охири кўринмас, мақсадлари эса мен эдим. Нишонга олмоқ бўлиб, мен томон заминга яқинлашган қирувчи самолёт парраклари қайноқ ҳаво босими билан сочларимни тебратиб ўтарди.

Кўкда самолётлар ғувиллаб, бомбалар чийиллар, атрофдаги бу ёқимсиз айюҳаннос мияни эговлаб, ошқозон-ичагингни бураб, кўнглингни ағдарарди. Бундай вайронкор тартибсизликда додингни ҳеч бир кимса эшитмасди. Бу нохуш товуш қалбимдан жамики эзгу ҳисларни юлиб олиб, онгимни бўшатиб қўйди. Кейинги портлаш овози даҳшатдан қотган вужудимни сергак торттирди. Қўрқув менга ҳар ерда учиб юрган дайди бомба зарралари тегмаслиги учун ерга маҳкам ёпишиб олишни ўргатди.

Бомбанинг чийиллаши ёпишқоқ, ёқимсиз, бадбўй, жирканч терингни артиб, бошингни бироз кўтарганча, нафас ростлашингга бир сония вақт беради. Қуёш мўралаётган хира само бағридан яна бир қирувчи самолёт чийиллаганча пастлайди. Бу сафар қора ҳожли самолёт нақд мен яшириниб ётган бутазорга қулади. Танамни яшириш мақсадида қўрққандан маҳкам ғужанак бўлиб олдим. Майса устида бутун қаддим — маҳкам букилган оёқларим, устимдаги бесўнақай шинелим яққол кўриниб турганини пайқаш ҳеч гап эмасди. Бошимга тупроқ зарралари сочилади. Мен томон пастлаётган яна қандайдир самолёт чийиллашидан қулоқларим қоматга келади. Жоним кўзимга кўриниб кетди. Тангрига ўтина бошладим, наҳот тилимга бирор дуо келмаса-я... Замонавий илм — астрономия, физика каби фанлар Худонинг йўқлигини уқтиргани боис авваллари Тангрига ишим тушмаганди.

Бу ерда на илм ва на фан кишига паноҳ бўлади. Теграмда айланаётган ўлим фаришталари билан яккама-якка қолдим. Титроқ лабларим: Эй, Яратган Эгам, раҳминг келсин! Мени қутқар, шу ерларда ўлиб кетмай, бомбалардан асра, раҳминг келсин! дея шивирлайди. Қўққисдан «Эй Худо... раҳминг келсин!»... деган сўзлар қанчалик чуқур маънога эга эканлигини англаб етдим. Қалбим тубидан ҳалигача мен билмас, тилим бормаган қандайдир илиқ илтижолар отилади — Худойим, мени ҳимоянгга ол, ўтинаман, жамики авлиёлар ҳаққи ҳурмати... Шундоққина ёнимга тушган бомба кимнингдир танини парчалаб, бир бўлагини олдимга отди. Пишиқ ғиштли минорадаги сув насоси тушдаги мисол оҳиста, сассиз тарзда темир йўлга қулайди. Бомба шундоққина паровоз қаршисида портлайди, паровоздан жавобан оппоқ буғ отилади. Узоқларда портлаш йўлларни тўсиб, темир йўлини изидан чиқариб юборди, мен эса ўша томонга қарамасликка уриниб, яшил майса узра бораётган сарғиш чумоли ва шох-шаббага сочилиб қолган жонсиз семиз ғозга разм соламан. Ўтлоқда ҳали ҳам сокин, оҳиста, гўзал ёз дамлари кечяпти. Тангри бизнинг бу нафрат ва ўлимга тўла осмонимизда эмас, мана шу майда олам — гуллар, қурт-қумурсқалар ичрадир...

Самолётлар кўкда тинмай парвоз қилар, жаҳаннам чархпалаги бутун дунёни еб-битиргудек тиним билмади. Наҳотки тақдиримга жангда душманга бир дона ҳам қурол ўқталмай, мана шу қўрқоқлар ҳолида ўтиб кетиш битилган бўлса? Қўлимдаги гранатани самодаги қирувчига улоқтиролмасам. Қўрқув шаштимни маҳв этган. Наҳотки шунчалар қўрқоқ бўлсам! Бомбалар даҳшати қалбимда пасткашлик, тубанлик, ожизлик каби қўрқувнинг янги ҳисларини уйғотар, менда уларга қарши журъат етишмасди.

Дақиқа ўтган сайин жонимни олишмас, аксинча тирикликнинг жирканч ҳилқатига айлантириб қўйишарди.

...Яна сукут шивирлайди. Атрофни қирсиллатиб олов домига тортади. Ҳамма ерда ярадорлар инграйди. Сув минораси қулади. Ҳавога олов, тутун ва чанг кўтарилади. Само ҳамон бир четда доимгидек порлаб турар, қушлар кундалик хонишида давом этарди. Ҳадик билмас табиат ўз юмуши билан банд. Ўзимни йўқотиб қўйдим, қалбим бўм-бўш, бунчалар қўрқоқ эканимдан нафратланиб кетдим.

Бу қирғинбарот уруш мен ва бошқа ғўр ёшларни бир зумда қотил жангчига айлантирди қўйди. Хунрезликлар қалбда ғайриинсоний ҳисларни уйғотар, навбатдаги портлаш инсонга эмас, аксинча инсонийликка қарши ҳужум эканини тушундим, аслини олганда солдатга таъсир ўтказиш унчалик ҳам осон иш эмас. Қўққисдан мен буни тушуниб қолдим. Ҳа, менга ҳам ҳеч бир куч ўз таъсирини ўтказа олмайди. Аскар учун ўзига хос бундай ҳиссиёт мина ҳамда атрофда айюҳаннос солиб учаётган ўқлар ёмғиридан талафотсиз паноҳ топишга кўмак беради, бу қисматда битилган ажални кутиш эмас, жангга киришиш мавридини кутишдир.

Эндиликда душман қалбига ғулғула солиб, унга қарши қурол ўқталадиган даҳшатнинг ўзига айландик.

Урушнинг илк ойлари немислар дубулға, яшил шинел, оғир қурол, танклари билан ва ҳаво ҳужумларида қўллари анча баланд келди. Уларни маҳв этиб бўлмасдек туюлгани боис, кўп жангларда чекиниш сўнгги чора бўлган эди. Фашистларда нафақат қурол, балки тажрибали жангчилари ҳам кўп эди. Биз, шўрлик кўнгиллилар-чи, бечора бир аҳволда эдик: суворийларнинг кўк шими, этик ўрнига — ботинка ва пайтава. Ўлчами ўзимизга мос бўлмаган шинель, бошда пилотка...

Уч ҳафта, бир ой ўтиб вазият ўзгара бошлади. Граната ва ўқларимиз душман хужумини қайтариб, немислар ҳам яралаганча, жон берарди. Ниҳоят фритцларнинг чекинишига гувоҳ бўлдик. Бу душманнинг қувғиндаги илк жанги эди. Ҳатто биз каби суворийлар иштонидаги кўнгиллилар ҳам ёв кўнглига ғулу солганимизни қўлга тушган асирлардан эшитдик. Кўнгиллиларнинг қатъияти ва қаттиқ ғазаби Луга чегарасига бўлган ҳужумни бартараф этди. Немис труппаси ўша ерда узоқ қолиб кетди. Биринчи қарши зарбаданоқ довдираб қолишди. Биз ортиқ қўрқмас эдик.

Қамал вақтида ҳарбий маҳорат тенглашди. Бизнинг оч-ночор, ўқ-яроқлар билан ҳаминқадар таъминланган солдатларимиз 900 кун давомида озиқ-овқат билан яхши таъминланган, тиш-тирноғигача қуролланган душман қўшинларига қарши туриб бера олдилар.

Ўз шахсий тажрибамдан келиб чиқиб шу нарсага амин бўлдимки, худди мендаги каби қўрқувдан фориғ бўлиш жараёни барча фронтларимизда содир бўлаётган эди. Урушда ҳамманинг қалбида қўрқув бўлади, ҳатто уруш кўрган — қаерда эҳтиёт бўлиш, қандай ҳаракат қилиш, қўрқувни енгиш жасорат талаб этишини яхши биладиган кимсанинг ҳам.

Ўз қўрқувингни кўпчиликнинг қўрқувидан ажрата билишинг лозим. Кўпчиликнинг қўрқуви фожеага олиб келиши тайин. Атрофингдагилар даҳшатдан талвасага тушганини кўришдан ёмони йўқ. Шунда сен ҳам таҳликага тушасан. Орқа томондан немис автоматини биқинингга тираб, «Қуршаб олишди» дея бақиришса, дуч келган томонга қочишга шай бўласан. Шунда ортга томон, ўша йўл қаерга олиб боришини билмасдан, лоақал шу ердан қочиш илинжида қочаверишади. Ўшандай пайтда бундан тийилиш ва бундан тийилишга ундаш ҳам мушкул. Оммавий қўрқув онгни гўё фалаж қилади. Жангда, асаблар таранглашган маҳал биргина қўрқоқнинг даҳшатли чинқириши умумий ваҳимани келтириб чиқарарди. Урушнинг илк кунларида вазият шундай эди. Борган сайин атрофдагилар ваҳимасидан озод бўла бошладик, шунда қўрқув қалбимизга ортиқ босим ўтказмай қўйди.

Қанчалик ғалати бўлмасин, кулги қўрқувни енгаркан. Ваҳоланки, киши қўрққанида кула олмайди. Бироқ шундай қилинса, қўрқув ўтиб кетаркан, жилла қурса қисқа вақтга бўлса ҳам. Шу ўринда ажойиб ёзувчи Михаил Зощенкодан ўзим эшитган бир воқеани гапириб бермоқчиман.

Адиб вафотидан бироз олдин Ёзувчилар Уйида унга бағишланган кеча бўлади. Ўша вақтлар Зощенко асарлари нашр қилиш тақиқланган бўлганидан кечани яширин, худдики ижодий ҳисобот тарзида, таклиф қилинганлар рўйхатини ҳам чеклаб ташкил қилишган. Кейинги пайтларда ҳеч қаерга чақирилмай қўйилганидан бирор жойга чиқмай, яккаланиб қолган Зощенко бундан хурсанд бўлади.

Кеча байрамона руҳда ўтди. Зощенко айни дамда қайси асар устида ишлаётганини айтади. У «Ўз ҳаётимдан юзта ғаройиб воқеалар» тўпламининг нашри ҳақида ўйлаб юрганини айтиб, улардан баъзиларини бизга гапириб берди. Энг қизиғи, у ўқиб бермади, қўлёзмаси йўқ эди. Назаримда, ўша воқеаларни ҳали ёзмаган ҳам. Ҳикоялардан бири бизнинг мавзуимизга ҳам бевосита боғлиқдир. Воеани сизларга фақатгина Михаил Зощенкога хос бўлган ажойиб сўзлар билан эмас, эсимда қолганини ўз сўзларим билан гапириб бераман.

Бу воқеа урушда, Ленинград фронтида содир бўлган. Разведкачиларимиз гуруҳи ўрмон йўли бўйлаб кетиб боришарди. Кеч куз палласи. Хазонлар оёқ остида шитирлар, бу эса диққатни жамлашга халал берарди. Улар автоматларини шай қилганча юриб боришар, кўп юрганларидан ахийри ҳолдан тойишганди. Йўлдан шундоққина қайрилишлари биланоқ немисларнинг худди ўзлариники сингари катта бўлмаган разведка гуруҳига юзма-юз келишибди. Ҳар икки томон ҳам довдираб қолишади. Немислар ҳеч қандай буйруқсиз йўл нариги четидаги ариққа сакрашса, бизникилар эса йўлнинг бу юзидаги ариққа ўзларини отадилар. Немислардан бири адашиб кетиб, бизникилар билан битта ариққа сакрайди. Хатосини дарҳол тушуниб етмайди. Ёнида юлдузчали пилот кийган солдатни кўриб, даҳшатдан қичқириб юборади ва бор-йўғи бир қадам сакраб ўзиникилар тушган ариққа етади. Ваҳима унга шу қадар катта куч берган эдики, ўшанда сакраш бўйича рекор натижага эришган бўлса ажабмас.

Буни кузатиб турган бизникилар ҳам, немислар ҳам кулиб юборишади. Улар бир-бирларига милтиқ ўқталганча туришса ҳам, шу бечора солдат устидан қотиб-қотиб кулишади.

Шундан кейин улар бир-бирларига ўқ отишолмади. Кулги ҳаммаларини умуминсоний ҳиссиёт орқали боғлаган эди. Немислар ариқ бўйлаб бир томонга, бизникилар эса бошқа томонга эмаклаб кетишди.

Ёзги чорбоғ

Айрилиқдан аввал учаламиз Петровск саройи орқасида қадимги Рим даврига тегишли мармар маъбуда орқасида кўришдик. Ўша жой бизнинг жонимиздан ортиқ кўрган жойимиз бор эди. Биз у ерда маъшуқаларимиз билан учрашардик. Чорбоққа тушган соя атрофни салқин қилар, қуёш нурлари ўрилган майса устида эринибгина жилваланарди.

Бен зенит ҳарбий қисмига, Вадим эса соҳил бўйи артиллериясида хизмат қиларди. Улар ўз замбараклари билан мақтанишар, ҳар иккисининг ҳам университетда олган лейтенант унвони бўлиб, юлдузчалари яп-янги гимнастёркаларида лов-лов товланарди. Офицерлик кийими уларга чунонам ярашардики. Айниқса Вадимга: ярим қийшиқ кийилган фуражкаси, ўзи фуранька деб атарди, юлдузли камар билан ингичка белини маҳкам сиқиб оларди. Ҳамма ёғи озода, ялтираб турарди. Бен эса қорин солган, ҳамон оддий фуқаролик турмушидан воз кечмаган, тез орада тарқалиб кетишимиз фикрига кўника олмасди.

Мени эса улар билан таққослаб бўлмасди: гимнастёркам ҳам — б/у, х/б (аввал фойдаланилган, пахтадан қилинган), оёқларимда эса — кийилавериб тўзган ботинкалар, пайтава ва суворийлар кўк иштони. Биз, кўнгиллиларни шундоқ ясантиришарди-да. Орадан анча йиллар ўтиб, ўша даврларда тушган эски, ранги ўчган суратимни топиб олдим. Ажойиб фоторассом Валера Плотников компьютер ва афсуни орқали учаламизнинг сўнгги учрашувимизни абадиятга муҳрлабди, ўзимни ўша кийимимда кўришга муваффақ бўлдим. Ўшанда шу алфозда фронтга жўнаб кетганман. Ҳар қалай, дўстларим устимдан кулишмаган, аксинча ҳафсалари пир бўлганча: наҳотки мендек, Вадимнинг таърифи билан айтганда, ихтиёрий ҳарбий хизматчини рисоладагидек кийинтира олишмаса!

Улар жаҳл билан ўша пайтда ҳамма митингларда янграйдиган: «Ленинград ҳимояси учун кўксимни тутиб бераман!» деган урушга чақириқ мурожаатини такрорлашарди. Нега энди айнан кўксимиз билан? Кўкракларимизни қандай қилиб милтиқларга, танкларга тутишмиз мумкин? Аҳмоқларча ёндашиш, бироқ нима бўлганда ҳам — кўксимиз билан бўлиши шарт!

Бироқ шу шиор сабаб, мени кўнгилли қилиб хизматга олишди. Пиёда аскари қилиб олишдими? — сўрашди улар, ахир пиёдалар ўргатилмаган оломон, тўп емидан ўзга нарса эмас-ку. Ахир урушда устомон бўлмоқ керак, дейди Бен.

Уларнинг менга хайрихоҳлигидан таъсирланиб кетдим. Уларнинг ҳар иккови ҳам тақдиримнинг туҳфаси эди. Университетда Вадимдан умидлари катта бўлган. Назарий физика даҳоси бўлган шахсан академик Фокнинг ундан умиди катта эди. Вадим Пушкарев буюк кашфиётлар учун яратилган дея ҳисоблашарди. Бен эса зўр математик сифатида ажралиб турарди, уни машҳур фан доктори Лурье қанотига олганди.

Мендек оддий муҳандисга ҳеч ким кўз тикмаган бўлса-да, ўқишга кириб, уларга дўст бўлганимдан ғурурланардим. Уларнинг орасида мени тўнғиздек кўришарди, дўстларим эса олдимда худди зодагонлардек эди. Мискинлик ҳар қадамимда билиниб турарди. Бироқ дўстларим негадир мени ажратишмасди.

Вадим чўнтагидан ароқ солинган фляжкани олиб, отамдан мерос, деди. Навбати билан суратга тушдик. Беннинг кичкина «лейка» русумли фотоаппарати бор эди. Бир йўловчидан суратга олишини сўрадик. Аппарат чироғи порлаб, дуд чиқаради ва бизни ўтмиш саҳифасига муҳрлади. Вадим жиддий тортди, Бен эса бизни душманларимизни мажақлаб ташлашимизга ишонтириб, душманга қўққисдан ҳужум қилиб:

...тайгадан токи британ денгизларига қадар

Қизил Армия

                     ҳаммадан

                                      кучли! —

дея душманга зарба ҳозирлашимизни айтиб бизни бағрига босди.

Биз тез орада кўришиш умиди билан ажралишдик. Нима бўлса ҳам биз душманларни тор-мор этамиз.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳафсаламиз пир бўлди, бу ҳолат ғазабга, ғазаб эса немисларга ва ҳатто бошлиқларимизга бўлган нафратга айланди, бироқ қалбимизнинг туб-тубида яширин изтиробли ишонч ҳам йўқ эмас эди.

Марказий хиёбондан юриб борарканмиз, ортимиздан кузатиб турган қадимги юнон илоҳлари империянинг қулаши, вабо, вайронгарчиликлар урушини бошидан ўтказганлар.

Карель фронтларида жанг қилаётган Бендан ноябр ойида мактуб олдим, номада зенит батареясини бошқаришини, афтидан, ёзишга қўли бормаган чоғи, хати якунида Вадимнинг Ораниенбаумда ҳалок бўлгани ҳақида ёзибди, тафсилоти ноаниқ, университетдаги фронтдошларидан эшитганмиш. «Бунга ишонмайман», — дея хатини тугатибди Бен. Бу вақтга келиб ўлимлардан дийдам қотган бўлса-да, бу гапга ишонмадим. Бутун уруш давомида бунга ишонмадим, ҳозир ҳам шундай.

Ўша якшанбада

Ҳаётимдан бундай ғайриоддий воқеа содир бўлади, деб ҳечам ўйламагандим, уни тасодифга йўйдим. 1941 йилда муҳаббат дардида ёнардим, ўша 22 июнь якшанба тонгида Дудергофдаги ўрмон сайрига чиқиб пана жой ахтарганимизда эса севгимиз янада шиддатли тус олганди. Қалбимда ғализ ўйлар кечганини инкор қилмайман. Ўша оловли ёшлик кезлари аёлдан истаганимни олмай қўймадим. Бунга уларнинг ўзи айбдор, «хўп», «майли», «йўқ», «истаганим бўлади», деган гапларни бот-бот такрорлайверишади. Шундан кейин аёлларга қизиқишим ортди. Ким, қачон уларнинг бокиралигини олган, ишим йўқ эди, улар менга керагича етук ва ҳатто анча тажрибали аёл ҳолида қўлимга тушарди.

Бунақа аёлларнинг эҳтирослари ўзгача бўларди. Уларнинг бокира эмаслигини дарҳол фаҳмлардим. Аслини олганда, бундан қувонишдан кўра, кўпроқ ташвишланардим. Ўша пайтлар ахлоқий масалалар бидъат ҳисобланмасди. Кейинроқ ўзим ҳам кўпроқ хурофотлардан қўрққанимни тушуниб етдим.

Кўм-кўк осмон остида, қийғос гуллаган настарин ифорига чўмганча, йилнинг энг узун куни жазирамасида эҳтиросга бой тун оғушида қайноқ муносабат чўққисида ишни якунласаммикан дея иккиланиб қолдим... Фикримиз бир ердан чиқди. Иккаламиз ҳам шу ерда тўхташни маъқул кўрдик ва бундан қотиб-қотиб кулдик. Кулгидан бошини орқага соларкан, пешонасини тўсган қора зулфларини силкитганча: «Чанқаб кетдим!» дерди. Дурдек бир чизиққа терилган оппоқ тишлари зулматда нур сочарди. Беғубор табассуми унга бўлган ҳирсимни янада оширди. Яна уч ой учрашиб юрдик, бундан ҳечам қониқмадим. Хушторлари орасида баобрў кексалар ҳам бор эди. Бошқа бир бойвачча ошиғи уни ресторанма-ресторан олиб юрар, ноёб қора икра билан сийлар, буни айтиб, аёл ғашимга тегарди. Яна бири марказий лабораториянинг катта ходими истеъдодли, келишган йигит эди. Баҳона топиб, лабораторияга рақибимни кўргани бордим. У ҳақиқатдан ҳам ёқимтой, бўйдор, жингалак соч, гўзал табассумли йигит бўлиб чиқди. Римма муболаға қилмаганди, у алдашни билмас, аммо унинг бу ҳақиқати юрагимни эзарди.

Завод кутубхонасидан электротехника бўйича Америкада чоп этилган журнални олиб, курткамнинг чўнтагига рангли муқоваси ва сарлавҳаси кўринадиган қилиб солиб қўйдим. Мен ҳам анойилардан эмаслигимни бир кўриб қўйишсин. Дудургофда ҳам кенг зовурдан сакраб, рекорд ўрнатган бўлиб гердайиб юрардим. Қаердандир чаққонлик ва куч пайдо бўлар, қадимий инстинкт ишга тушиб, инсонга гўзал табиий борлиқ қайтар, чарчоқ билмай серенада куйлар, қизилиштонлар тумшуқларини тақиллатганча, нафақат ўз жуфти учун, балки бу кўклам унга ҳаёт завқини улашаётгани сабабданми, у ўзини кўрсатгиси келар, уни кўкларга кўтаришларини истарди. Табиат билан бахтиёр уйғунлик. Қонимиз бир, биз ҳам куйлашга, майсаларда ётишга ва ҳатто муштлашишга тайёр эдик.

Муҳандислар томонидан атай қурилган яшил майдонча узра ётиб, бир-биримизнинг оғушимизда маст бўлиб, ўпишар ва яна қучоқларимизда тўлғанардик. Аёлнинг дурдек оппоқ тишлари, тотли нафаси табиат шарбатидек тотли туюлар, мен аёлдан бўса ола туриб, худди бугунги кунни, мана шу энди униб чиққан шаффоф баргни ўпаётгандек эдим.

Шундай кезларда нега энди гўзал ва ёш бўлишига қарамай бошқа аёлларнинг лаблари, танлари менга айнан шундай жисмоний завқ бера олмаслиги тўғрисида ўйлардим.

Бошимиз узра қад ростлаган жўка қуёшни яшил бағрида тутади, кун қайноқ тафтли бахт ваъда қилади. Тўсатдан кескин, қўпол ғала-ғовурлар эшитилиб, чап ва ўнг тарафдан кимларнингдир шахдам қадамлар билан яқинлашиб келаётганини эшитдик.

Ўрнимдан турарканман, пилотка кийиб олган солдатларга кўзим тушади. Улар тўхтаб, аллақандай белгиларни текиширишарди. Ёнимизга кичик лейтенант келиб:

— Бу ердан тезда кетинглар, мумкин эмас, — деди.

— Нима гап? — дея сўрадим.

— Уруш бошланди, — деди у қисқа қилиб ва қаергадир югуриб кетди.

Бизни бу ердан қувиш учун арзирли баҳона топилмадимикан. Қолаверса, бу гапга қушларнинг чуғурлашига тўлган кун ҳам ишонмади.

Биз юриб борар, баъзан қўлларимизни тутганча қаҳ-қаҳ отиб кулардик, Римма ҳамон ҳушимни ўғирлаганди.

Кечга яқин қайтдик. Поезд одамлар билан лиқ тўла бўлганидан, тамбурда бир-биримизга тиқилганча келар, бундан шу қадар хурсанд эдикки. Ён-атрофимизда уруш бошлангани, бомбардимон қилишгани ҳақида гапиришарди. Уруш очган немисларми? Ҳайратда, бу гапларга ишонмасдим, бироқ бунинг ҳақиқат эканини тушуниб турардим. Бу ҳақиқатнинг нима экани ҳатто тасаввуримга сиғмаса-да, уруш ваҳимаси бутун вужудимизни эгаллаб олганди.

Ишқий муносабатларимизнинг қай тарзда ривожланиши номаълум, эҳтимол ишқ оташи менда бўлгани каби бирдан сўнармиди, ахир ёшлик янги саргузаштларни қўмсайвергач, қўлимдан нима ҳам келарди.

Вокзалдан тўғри заводга йўл олдим. Одамларнинг гаплари нечоғли ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилмоқчи эдим.

Заводда аллақачон кўнгиллар рўйхатга олинаётган экан. Партком ва комсомол комитети эшиклари тагида навбатда туришарди. Мен ҳам ёзилишга қарор қилдим: уруш менсиз бўлмаслиги керак.

Ўшанда мендаги ҳолат манманликмиди, патриотизм ёки авантюризммиди, буни ўзим ҳам тушунмасдим. Ҳар қалай урушни жиддий олмаганим аниқ. Германияни айланиб келиш, фашистларнинг адабини бериш учун омадим келди, деб ўйлардим. Авантюризм эса менда ғалати шаклда, қўққисдан пайдо бўлди. Бир сафар, Юрий Олешанинг Ленинградга келганини эшитибоқ, унинг ҳузурига «Европейская» меҳмонхонасига йўл олгандим. Унинг «Ҳасад» номли романини эндигина ўқиб тугатгандим, ўзидан ўзи ўша роман ҳақида ёзувчига фикрларимни айтгим келиб қолган. Дўстим Костяни бирга боришга кўндириб, икки талаба унинг эшигини тақиллатамиз. Совға қилишга гул ҳам, торт ҳам олмабмиз, ҳатто тузукроқ баҳонамиз ҳам йўқ эди. Олеша рафиқаси билан бирга чой ичиб ўтиришарди. Балки шароб бўлгандир — эътибор бермабман. Остонада туриб, китобхон сифатидаги ҳайратларимни гапира кетдим. Нутқимни зинада таёрлагандим. Юрий Олеша сукут сақлаб мени тинглар, назаримда, охири нима билан тугашига қизиқаётган эди. Шу орада рафиқаси «болаларни» ичкарига таклиф қилишини айтиб қолди. Кейин нима бўлганини унчалик эслолмайман: бизга унинг асари асосида тайёрланаётган фильм ҳақида гапирди, қаерда ўқишимизни шунчаки сўраб қўйди. Бирор жўяли гап айтмади. Ҳеч қандай нафи йўқ ташриф бўлди. Ҳеч бўлмаганда тирик Юрий Олешани кўра олдик-ку, мен унинг китобларини берилиб ўқир, бу пакана, хўппа семиз киши, иборалардан моҳирона фойдаланар, бировларнинг китобларини ҳам ўқишга жуда устомон эди.

Кўнгиллилар қисмига мени олишмади, шунинг учун танклар бўйича бош конструктор Ж. Я. Котин қўлида муҳандис бўлдим. Партком, раҳбарият ва комсомол комитетига шикоят билан чиқдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, шикоятимни инобатга олишиб, мени халқ кўнгиллилари Биринчи дивизиясига қабул қилишди. Қанчалар бахтиёр эдим. Нимадан бунчалар хурсанд эдим ўзи?.. Мени ҳатто ишқ оташи ҳам тўхтата олмади, янги танк ясашни ҳар ким ҳам эплай оларди-ку...

Урушнинг учинчи ойига келиб, аҳмоқлигимни англадим.

Тўғри, агар эътибор қилинса, дўстларимнинг бари — Вадим, Бен, Илья, Ленялар ҳам урушга кетишган. Улар чақириқ бўйича кетишган эди. Дўстим Костяга ҳам мен сингари аввалига рад жавобини беришди, у ҳам қаршилик қилмади, аксинча бундан мамнун ҳам эди.

— Юрт учун кўксимни қалқон қилмоқчи эмасман, — дерди у.

— Бу шунчаки айтилган гап-ку, жиддий қабул қилмагин.

— Сенга қурол беришдими? Ана кўрдингми? Нима билан жанг қилмоқ­чисан?

Мени эса қароримдан ҳеч нима қайтара олмас, ўзимни Римманинг қаршисида гимнастёркада, суворийлар уст-бошида, пайтавали оғир ботинкаларда гусарлардек туришимни тасаввур қилардим. Қани энди белимда пистолет ҳам бўлса-ю, афсус жўнаб кетишдан олдин фақатгина противогаз ва ёндирувчи қоришма беришди.

Римма нега энди айнан мени танлаганини билолмай доғда қолдим. Эндигина иш бошлаган муҳандис, отаси Сибирда бўлган камбағал оиланинг фарзанди, кўриниши ҳам ўзига яраша, қўшиқ айтолмаса, бирор мусиқа асбобини чала олмаса, спортчи бўлмаса, уни танлаганининг сири нимада экан-а? Аслида, севги сирини тушунишга азалдан уринишади.

Унинг бокира бўлгани эса муҳаббати исботи эди, бу йигит учун ниҳоятда қадрли. Ҳатто эркаклардаги бокиралик ҳам беқиёс поклик туйғусини уйғотади, ўша тун қалбида чуқур из қолдирди. Ўша тун биз ғичирлайдиган каравотдан полга тушиб олгандик, қўшни хонада онам ва синглим ухлар, уларнинг эшитиб қолишидан ҳадиксирашимиз эҳтиросга тўлиқ берилишимизга, бақиришимизга, ўзимизни тутмай, худди ҳайвонлар каби ўкириб, ишққа таслим бўлишимизга халал берарди. Бироқ бундай гўзал онда ўша ҳадик ҳам, прожекторларнинг дайди нурларидан безовта бўлаётган тунги осмон ва очиқ деразадан елаётган сабо ҳам ёқимли туюларди. Муҳаббат муқаддимаси гўё юлдузларгача кўтарилиб, абадият томон интилар эди.

Фронтга жўнашдан аввалги шаҳарда кечган охирги ҳафтадаги дивизиянинг шаклланиши, Шереметьево боғидаги машқ, озуқа учун карточкалар, бомба тушиши — буларнинг ҳеч бири ишқий муносабатларимизга тўсқинлик қила олмади.

Тажрибасизлик ҳар ерда — урушда ҳам, севгида ҳам, озиқ-овқат учун берилган карточкалар билан муносабатларда ҳам кўринарди. Ҳеч ким озуқа ғамини емаган, эвакуация ҳақида ўйламаган эди. Биз осмонларда учишни бас қилиб ЗАГСга ариза бердик. Бу таклифни мен бердим. Шунчаки рўйхатдан ўтишимизни айтдим. Соф расмий таклиф бўлди. Бу 1941 йилнинг сентябрда, урушнинг учинчи ойида, немислар Пушкинга яқинлашган чоғда содир бўлганди. Ўшанда никоҳимизнинг келажаги йўқлигини, ўзим ҳам Германияни енгиш осон эмаслигини, бир пиёда аскарнинг бу қирғинбаротда омон қолиши мушкуллигини сезиб турардим. Урушнинг биринчи йилида биринчи қатордаги солдат ўртача тўрт кун чидаб берарди. Римманинг хотирасида ёшлик чоғларидаги илк муҳаббатининг ширин дамлари эсида қолармикан, шуни ўйлаб баъзида чуқур хўрсиниб қўяди.

Уни расмий никоҳимга олишим учун оз бўлса-да пул тўлашимдан мамнун эдим.

Чайковскийдаги ЗАГС ёпиқ, бомбапаноҳ жойга кетишган, Владимирскдаги ЗАГСга эса снаряд тушган эди. Стачек майдонига йўл олдик. Биз ЗАГСдан загсга юришга, икки, уч марталаб рўйхатдан ўтишга, зиналарда кутишга тайёр эдик... Ниҳоят ниятимизга эришдик, Римманинг паспортига муҳр босилди, менинг солдатлик китобчамга эса муҳр босишга ижозат беришмади.

Шаҳарда гуллар йўқ эди. Невскийдаги «Норд» қаҳвахонасида қимматга повидлоли пирожки, қаҳва ва бир фужердан шарбат олдик. Тўйимизни нишонлаётганимиздан хабар топган официант қиз бизга эклер пишириғидан олиб келди. Дастурхонимизнинг бўш қолган ерини эса Римманинг бахтиёрлиги, унинг кўзлари, кулгуси тўлдириб турарди. Унга боқишнинг ўзи кифоя эди. Аёллар учун никоҳ маросимининг аҳамияти жуда катта. Мен эса унга маҳлиё бўлар, ҳазиллашиб ундан қучоқлар ва сомса пиширишни ўрганишини талаб қилардим.

Биргаликдаги ҳаётимиз ҳақида эса режалар тузмасдик. Мен фронтга, у эса заводга қайтди. Кун илиқ, Римма икки чети чуқур ўйилган мовий ранг кўйлак кийиб олган, қуёш тафтидан қорайган бўйнида кичкина тилла медальон тақиб олган эди. Яна — ҳарир ипак тўқ-кўк шарф ҳам ўраб олганди. Шу он тўсатдан ота-онамдан ташқари мана шу қиз ҳам қанчадир муддатга менинг бу дунёда бўлганим тўғрисидаги хотирани сақлаши ҳақида ўйладим. У мени кутади, мен уни ҳатто жангда олдинги қаторда бўлиб ҳам соғинавераман.