Лев Толстой — озод инсон

(асардан парча)

Аммажонлар

Толстой «Хотиралар»ида қайд этишича, унинг тарбиясига энг кўп хизмати сингган («бутун умрига татигулик таъсир ўтказган») инсон унинг аммаси Татьяна Александровна Ергольскаядир.

Бироқ қанақасига? Ахир улар анча узоқ қариндош бўлишган: қизнинг отаси ёзувчининг ота томондан бувиси Пелагея Николаевнага ўгай ука бўлган.

Танечка Ергольская Толстойнинг бобо-бувиси, Ильи Андреевич ва Пелагея Николаевналарнинг уйига қандай келганлиги «Хотиралар»да шундай тасвирланади: «У ва опаси Лиза жуда ёш пайтларида ота-оналарини йўқотиб, чин етим қолишади. Уларнинг ака-укаларини қариндошлари бир амаллаб уй-жойли қиладилар, қизчаларни эса Чернский уездида донғи кетган кибор хоним Татьяна Семеновна Скураткова ва менинг бувим ўз қарамоқ\ларига олдилар. Қуръа ташладилар, унга кўра Лизанька Татьяна Семеновнага тегди, қора қиз — бувимга».

«Қора қиз» Танечка эди.

«Уруш ва тинчлик» романининг мураккаб қаҳрамон-прототиплар тизимида Таня Ростовлар хонадони оқсочи Сонянинг одмигина образи орқали очиб берилган. Соня романдаги энг кичик, деярли аҳамиятсиз образлардан биридир. У ва ҳақиқий Татьяна Александровнани солиштириш мумкин эмас. Аммо, шу аниқки, Соня Николай Ростовни, Николай Ростов эса қизни севган. Худди Толстойнинг отаси Николай Ильич ва Татьяна Александровна бир-бирига ёшликдан меҳр қўйганлари сингари.

Татьяна Александровна, бегоналар билан бўлмаса-да, барибир сиғинди бўлиб яшайди. Николай Толстой билан бирга ўсган қиз, романлардагидек, йигитга кўнгил беради. Николай Толстой ҳам, ўз навбатида, аммаваччасига Ростов бечора хизматчисини яхши кўргандан кўра анча қаттиқроқ боғланиб қолган. Николай Толстой Мария Волконскояга севмай туриб уйланишга мажбур бўлади, лекин у билан бахтли ҳаёт кечиради. Рафиқаси эрининг Туанетга нисбатан ҳисларидан воқиф бўлган. Ергольская соҳибжамол, ҳеч бўлмаганда ёқимтой бўлган. Бироқ Мария Николаевна ўзи билан Ясная Полянада бирга яшай бошлаган Туанетга нисбатан рашк ё адоватдан бирор ёмонлик қилмаган. Ергольская опаси Елизаветани кўргани Покровскийга кетганида, Мария Николаевна унга самимий ҳурмат ва мулойимлик билан битилган мактублар юборган. «Муҳаббат учбурчаги», шубҳасиз, бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган, лекин оила бузилмаган. Зеро, бу учбурчакнинг барча аъзолари елкаларида қандай масъулият бор эканлигини сезардилар.

Мария Николаевнанинг вафоти вазиятни ўзгартирди. Туанетт ўшанда 38 ёшда эди, Николай Ильич эса 36 да. У қизнинг, бутун умр севган инсонининг қўлини сўради. Бироқ Туанетт уни рад этди.

Николай Ильичнинг кутилмаган вафотидан сўнг унинг фарзандлари етим қолди. Уларнинг тўнғичи Николай отаси вафот этган кун 14 ёшга тўлганди. Николай Ильичнинг ўлимидан олдин, 1837-йил январда, оила Москвага, Плюшихадаги ижара уйга кўчиб ўтади. Кўчишдан асл мақсад йигитларни «ёруғ дунёга кўниктириш» бўлган. Яна катта фарзандлар университетга тайёрланишган.

Москвада ёзувчининг эри ва ўғлининг ардоғида беташвиш яшаб юрган бувиси Пелагея Николаевна, севимли ўғлининг вафоти туфайли ўзи билан овора бўлиб қолади. Шу сабабдан болалар амалда Томнинг — Лев унчалик ёқтирмайдиган француз тарбиячининг қарамоғида қоладилар.

Москва Левнинг кўнглидан жой олмади. Одамларнинг улар билан саломлашмаслиги, суҳбат вақтида қалпоқларини ечиб турмаслиги у учун ғайритабиий эди. У умрида биринчи бор чуқур хаёлга толди: бу одамлар яна нималар қилишаркин, «наҳотки улар бизга бефарқ бўлса»? Шаҳарликларнинг эрмакларини у бир тийинга олмайди. У нима учун болаларни уларга жуда ёққан хусусий боғга қўйишмаганини билмасди. Катта театр ложасида ўтирганида, нега спектакль тўғридаги ложада қўйилаётган бўлса ҳам, у ерга эмас, ён томондаги саҳнага қараш кераклигини тушунмасди. Москва сершовқин, гавжум ва дим эди, у бўлса «уй ёнидаги боғчани, боғдаги азим жўка дарахтларини, устидан қалдирғочлар учиб ўтадиган тиниқ ҳовузни, синее небо, оппоқ шаффоф булутларга тўла мовий осмонни, янги ўрилган пичаннинг хуш ифорини» ва яна жуда кўп нарсаларни соғинар эди, чунки ўзининг «Ясная Полянясини» жуда яхши кўрарди...

Бувисининг ўлими ҳамма нарсани ўзгартирди. Кекса аёл 1838-йилнинг баҳорида вафот этди. У билан Москвада бирга яшаган даврларида яшаш тарзларини деярли ўзгартириб бўлмаган. Аммо унинг ўлимидан сўнг харажатларни қисқартиришга тўғри келди.

Бувининг вафотидан кейин норасида болаларнинг тарбияси Николай Ильичнинг опаси Александра Ильинична Остен-Сакеннинг зиммасига юкланади. Аёл боши билан укасининг ер-мулкини бошқариш унга оғирлик қилар эди. Бунинг устига, унинг ўз шахсий ҳаётида етарлича муаммолари бор эди. Александра (Aline) Толстая бир бадавлат, кекса граф билан жуда эрта турмуш қуради. У чол ўлгудек рашкчи ва руҳан носоғлом бўлиб чиқади. Аёл ҳомиладор бўлгач, қандайдир «душманлар»дан ҳимоялаб уни аравага босиб олиб қочади. Йўлда сандиқчадан 2 та тўппонча чиқариб, икковлари ҳам ўзларини ўлдиришлари кераклигини уқтиради. У аввал ўз тепкисини босади. Хайриятки, аёл ўлмай қолади, аммо руҳий ларза сабаб бола ўлик туғилади. Alineга буни билдирмай, болани ошпазнинг қизи билан алмаштириб қўядилар. Александра Ильинична эрини ташлаб ота-онасининг ёнига қайтади, укаси Николай уйлангач Ясная Полянага, кейинчалик Толстойлар оиласи билан Москвага кўчиб ўтади. Оила билан унинг алмаштириб қўйилган асранди қизи Пашенька ҳам бирга яшаган. Толстой «аммаси Александра Ильиничнанинг, чамаси, ҳожатхонасидаги расвогарчилик сабаб бўлган антиқа ачимсиқ ҳидини» ёдга олади. «Ҳа, бу ўша виқорли, гўзал мовий кўзли, шоиртабиат, французча шеърларни йиғиб юришни ва ўқишни севадиган, чилтор чаладиган, доимо катта-катта балларнинг юлдузи бўлиб келган соҳибжамол Aline эди...»

Икки катта ўғил: Николай ва Сергейни Москвада, Александра Ильичнина ва тарбиячи Том ихтиёрида олиб қолишга келишадилар. Кичкиналар: Митя, Лев ва Машани Татьяна Александровна ва ичкиликка мойиллигига қарамасдан уйда олиб қолинган тарбиячи Федор Рессел билан Ясная Полянага жўнатадилар. «Москвалик» Толстойлар ҳашаматдан воз кечиб, арзонгина, ихчам бир хонадонга кўчиб ўтадилар, «яснополянлар» эса мамнуният билан «пенатларга» қайтадилар.

Бу воқеалар содир бўлмаганда, Толстой ким бўлиб вояга етишини тасаввур қилиш қийин. Шуниси аниқки, унинг катта акалари Николай ва Сергей болалардан ўзига «Saint Tom», яъни «авлиё» деб мурожаат қилишларини талаб қилган француз Томнинг қўлига тушдилар. Натижада улар диндан бехабар, унга беэътибор, хуллас, атеист бўлиб ўсдилар. Митя, Лев ва Маша ўзлари танлаган иймон йўлидан кетдилар.

Умуман олганда, Толстойнинг барча аммалари диндор бўлишган. Александра Ильинична бу масалада бироз ошириб юборган дейиш ҳам мумкин. Отасининг ўлимим туфайли укасининг ёнига Ясная Полянага келган аёл ўзини «айримлари хонадонда улар билан бирга яшайдиган, айримлари уни йўқлаш учун вақти-бевақт кириб ўтадиган дайдилар, девоналар, эркак ва аёл монахлар билан қуршаб олди. Хонадонда салкам муқим яшаган шундай монахлардан бири — Марья Герасимовна — синглимнинг чўқинтирган онаси, ёшликдан дарбадар Иванушка издошларига қўшилган. Марья Герасимовна онамнинг 4 ўғилдан сўнг орзиқиб кутган қизалоғини Яратгандан тилаб олиб берса, ойим унинг қўлини олишга ваъда берганди. Қиз ҳам туғилди, Марья Герасимовна уни чўқинтирди ва дам Туль аёллар монастирида, дам бизникида яшай бошлади», — «Хотираларида» хотирлайди Толстой. Александра Ильинична донгдор монахлар, масалан, Оптиня чўлида яшовчи авлиё Леонид билан учрашувлар ташкиллаштирарди. У барча черков соборларига борар, кўп ибодат қиларди. Унинг ҳеч қачон ўз қарашлари бўлмаган, шунинг учун ким нима сўраса бераверган.

1841-йилнинг ёзида у Оптиня чўлида яшайди ва қаттиқ касалланади. Татьяна Александровна Николай ва Маша Толстойлар билан уни зиёрат қилади. Жиянларини кўрган амманинг қувончдан кўзлари ёшланади ва эртасига хотиржам, ҳеч қандай оғриқларсиз ҳаётдан кўз юмади. Айтишларича, Машани 11 ёши билан табрикларкан, аммасининг ҳомийси авлиё Леонид (асл исми Лев Наголкин) унга қарата: «Маша, биздан бўласан!»-дейди. 49 йилдан сўнг Мария Николаевна Леониднинг отасидан таълим олган оптинялик авлиё Амвросийнинг маънавий қизига айланди, кейинчалик сочини кестириб, Шамордин аёллар монастырида қолди.

Александра Ильиничнанинг кенжа синглиси — Пелагея (Полина) Ильинична ҳам диндор бўлган. Лекин унинг динга бўлган муносабати кўпроқ дунёвий характер касб этган. Қозонлик нафақадаги гуссарлар полковниги ва заминдор В. И. Юшковга турмушга чиққан хоним епископларни, монастирларни, канвас ишларини ва ибодатхоналарга олтин хайрия қилишни ёқтирар, аммо одоб-ахлоқ, ташқи кўриниш, кошоналардаги ҳожатхона ва мебелларнинг жойлашуви ҳақида кўпроқ қайғурарди.

Катта опа дунёдан ўтгач, 1841 йилда Пелагея жияни Николайдан бу ёруғ оламда ундан бошқа ҳеч кими қолмаган етимларни қаноти остига олишни сўраб ёзилган мактуб олади. У кўп йиғлади ва, Софья Андреевна Толстаянинг ёзиб қолдиришича, «se sacrifier* фикрига тушди». Ака-ука Толстойлар сингиллари билан Қозонга кўчишди. Татьяна Александровна Ергольская Ясная Полянада қолди. Қозонга кўчишдан у бош тортган, чунки Пелагея Ильинична билан чиқишмаган.

Пелагея Ильинична жиянларига бирор жиддий таъсир ўтказолмаган. Оилада унинг ўз ўрни йўқ эди. Эри уни на севар, на қадрлар, бўйдоқлардай яшарди. Жиянлар ўзларини ўзлари эплаб катта бўлдилар, Машани Родионовдаги олийнасаб хонимлар институтига юбордилар. Жиянлари университетларини тугатиб Қозондан кетгани ва Маша турмушга узатилганидан сўнг, Пелагея Ильинична хиёнаткор эридан ажралиб, монастирда ҳаёт бошлади. Ниҳоят у Туль атрофидаги монастир ҳужрасида қўним топди. 1875 йилда Пелагея Ильинична Ясная Полянага, уйланиб, бир этак болали бўлган жияни Левникига кўчиб келади ва кўп ўтмай ўша ерда жон беради.

1841 йилда барча болалар Қозонга, янги васийларининг ёнига кетишгач, Татьяна Александровна бир ўзи қолади. Унинг кундалигида ёзилишича: «Ёлғизлик даҳшатли! У азобларнинг энг оғиридир. Яхши кўрадиган ҳеч киминг бўлмаса, юракнинг нима кераги бор? Кимгадир бағишлай олмасанг, ҳаётнинг нима қизиғи қолади?»

Аммо беш йил аввал, 1836-йил 6-августда, у бир парча қоғозга шуларни ёзади: «Николай бугун мендан ғалати ёрдам сўради — унга турмушга чиқишимни, фарзандларига оналик қилишимни ва уларни зинҳор ташлаб кетмасликни. Биринчисини рад этдим, иккинчисини эса умримнинг сўнгига қадар сидқидилдан адо этишга ваъда бердим». Татьяна Александровна, балки, ўшанда шубҳалангандир, зеро бу таклиф анъанавий бир йиллик муҳлатдан кейин эмас, Мария Николаевнанинг вафотидан нақ олти йил ўтиб қилинган эди. Николай Ильичнинг кутилмаган ўлими ҳаммасини ойдинлаштирди.

Аён бўлдики, Николай Ильич ҳиссиётларга эмас, ақлга таяниб илтимос қилган. У, эҳтимол, куни битаётганини сезган ва дилбандлари уларни яхши кўрадиган... севгисидан ёдгор сифатида авайлаб вояга етказадиган инсоннинг қаноти остида қолишларини истаган. Айни пайтда у ҳам болаларга, ҳам уларнинг ер-мулкига қонуний эгалик қила олган бўларди. Татьяна Александровна нотўғри тушунади. Унинг шу қарори сабабли болалар икки васий: Остен-Сакен ва Юшкова қўлида сарсон бўлдилар. Тўғри, иккаловлари ҳам жиянларини яхши кўрардилар, бироқ ўзларининг муаммолари кам эмас эди.

Толстой «Хотиралар»да шундай ёзади: «Назаримда, у отамни, отам эса уни севарди, бироқ ёшликда у отам бой онамга уйлана олиши учун тегмаган, кейинги таклифни бўлса ўзини отам ва биз билан боғлаб турган покиза, шоирона ҳисларга гард юқтирмаслик учун рад этган».

«Унинг асосий хусусияти меҳр эди, — ёзарди Толстой, — лекин мен аксинча бўлишини қанчалик истамай — муайян инсонга — отамга бўлган севги. Унинг муҳаббати ўша марказда пайдо бўлар, кейин ҳаммага тақсимланар эди гўё. У бизни яхши кўриши отам туфайлидек туйиларди менга. У ҳаммани севарди, чунки унинг умри севгидан иборат эди».

«Хотираларида» ёзишича, у учинчи аммаси Татьяна Александровнанинг диндорлигига мадҳия бағишлаган. Бу сатрларни бир ўқиш керак. Бу сатрларда, лофи билан айтганда, Толстойнинг ақидаси униб чиққан уруғ ётибди. Мадҳия Толстой «ўз ақидасини» яратганлиги, «Худони ўз қалбидан топганлиги» ҳақида, фақат бу дангаса уни ёзиб қолдирмаган. Умуман олганда, Толстойнинг алоҳида дини мавжуд бўлмаган. Бироқ Толстой эътиқодининг кўплаб маънавий асослари ва дин маъносиз маросимга айланмаслиги учун қандай ишониш ва иймон тушунчалари унга Татьяна Александровна Ергольская томонидан берилган.

«У қалбидаги муҳаббат ундаган ишни қилар, шунинг учун ҳеч қаерга шошилмас эди. Шу икки хислат: меҳрибонлик ва хотиржамлик бизни унга яқинлаштирди ва бу яқинликка ўзгача жозиба бағишлади. Мен у кимнингдир дилини оғритганини эслай олмайман, яна уни яхши кўрмаган бирор одамни танимайман. У на ўзи ё дин ҳақида, на қандай эътиқод қилиш кераклиги тўғрисида ва на ўзи қандай ибодат қилиши хусусида гапирарди. У ҳамма нарсага ишонар, фақат бир догмани — боқий азобни рад этарди: „Dieu qui est la bonte meme ne peut pas vouloir nos souffrances»**. Мен, маросимлар ва панафидлардан ташқари, ҳеч қачон унинг ибодат қилаётганини кўрмаганман... Баъзан тунда, у бизни уйқуга ётқизгач, ёнига кирардим ва у мени самимий қарши оларди. Чамамда, ўшанда мен унинг ибодатларига халал берганман».

Бу эътиқод эркинлигининг олий даражаси эди: аёл бировнинг талаби ёхуд тавсиясига қараб эмас, иймони қандай тиласа шундай ишонарди. Толстаялардан фарқли ўлароқ, Татьяна Александровна диний ақидаларни, улар устида кўп бош қотирмаганлиги учунми, рад этмаган. Фақатгина азобнинг боқийлиги ҳақидаги қарашларни у кескин рад этган. Балки, бу назариялар айнан унинг табиатига, ундаги инсонийлик ва аёллик ҳисларига қарама-қарши бўлганлиги туфайлидир?

«У бизга умуман қандай яшаш кераклиги ҳақида гапирмаган, бирон марта одобнома ўқиб бермаган. Унинг иймони қалбига жо бўлган, ахлоқи эса амалларида, нафақат амалларда, балки бутун умри: сокин, қисқа, мазмунли ва изҳорсиз, ташвишсиз, олисдан туриб севишида кўриниб турарди».

Бу Толстой бутун умр орзу қилган диний ғоя эди. Унинг ўз даврига ва ҳатто бутун башарият тамаддунига қарши маънавий исёнлари шу ерда, аммасининг ўзи кечки пайтлари тез-тез кириб турадиган хонасида бошланган...

Мария Николаевна Толстая сингари, Татьяна Александровнанинг ҳам бирорта қўлда чизилган портрети йўқ. Суратга олишларини эса, чамаси, истамаган.

Татьяна Александровна адашиб, севимли жияни Левга Nicolas деб мурожаат қилган пайтларида (далил-исбот мавжуд), бола нимани ҳис қилган экан? Гарчи самовий ҳисобланса-да, барибир муҳаббатсиз қурилган никоҳдан туғилганини тушуна туриб, отаси ва онаси тўғрисида қандай хаёлга борган экан?

Болалар Қозонга кетганларидан сўнг, у Покровдаги синглисиникига жойлашади. Ёш Лев Ясная Полянанинг эгасига айлангач, уни ўзи билан яшашга таклиф қилади. Аёлнинг боши кўкка етади! Ўз қайдларида у бир сирни: тунлари нима ҳақида, аниқроғи, ким ҳақида дуолар қилган.

«Унга (Левга. — П. Б.) қадрли эканлигимни билгач, шунчалик қувондимки, ўша дамдаёқ юрагимни эзиб ётган азоб-уқубатларни унутдим... Уникидек меҳрга лиммо-лим қалбни кўриш мен учун чинакам бахт эди... Кун-у тун унга Яратганнинг марҳаматини тилаб ибодат қиламан».

У ҳайратланарли равишда жон берди! «Унинг аҳволи жиддийлаша бошлаганда мен аллақачон уйланган эдим, — ёзади Толстой, — у бир куни рафиқам иккимиз унинг хонасида эканлигимизда, бизга орқа ўгирганча (кўзлари ёшланганини пайқадим), шундай деди: „Шундай қилиб, mes chers ami***, менинг хонам анча шинам ва сизларга асқатади. Аммо бу ерда ўладиган бўлсам, — қалтироқ овозда давом этди у, — сизларга менинг хотираларим билан яшаш қийинчилик туғдиради. Шунинг учун мени бошқа хонага кўчиринг, мен бу ерда ўлмай»».

Кейинчалик ёзувчи аммасининг гапига кириб, эр-хотин икковлари уни хизматчилар уйи ёнидаги тор хонага кўчириб ўтказганига афсусланган. Чиндан ҳам амманинг вафотидан кейин ўша ҳужрага ҳеч ким кирмайди. Яна у хасислик қилиб бир неча марта аммасининг кичик қувончларидан: хурмо ва шоколаддан пул қизғанганлиги учун пушаймон бўлган. Олиб келган кунларида эса ўзини меҳмон қилар эди...

«У жимгина, уйқу элитган каби жон берди, худди ўзи истагандек, бизга асрагани бўлмиш ўз хонасидан бошқа жойда омонатини топширди. Вафоти олдидан деярли ҳеч кимни таний олмай қолди. Мени эса дарров таниди, табассумдан тугмаси босилган электр лампочкасидек ёришиб кетди ва ҳатто лаблари билан Nicolas деб пичирлашга ҳаракат қилди. Аммам, жони узиларкан, мени бир умр севиб ўтган инсонидан ажрата олмай қолганди».



* Ўзини қурбон қилиш, ўз жонига қасд қилиш (франц.).
**Карами кенг Яратган бизнинг азобланишимизни исташи мумкин эмас (франц.).
*** Қадрдонларим (франц.).