Фаришта
Шимолдаги кичик шаҳарчада ортиқ унинг изи қолмаган, Корога дарёси бўйидаги сарғиш кулбада энди ҳеч кимса турмас эди, Анисим Иванович туш палласи оҳиста пинакка кетаркан, кўз ўнгидан минора, бино деворлари ҳамда уларнинг сояси ўчиб, ўрнига йўли қордан тозаланган хиёбон бўйлаб келаётган кўзлари чарос, овози ёқимли ва майин, сарвқомат аёл гавдаланади, этигининг тақиллаши, йўлаклардаги супурги шовури-ю, эриб томчилаётган қор товуши аниқ жаранглайди, аёл иссиққина хонага кириб, пальтосини ечади, табассум-ла лаблари тинмай, тавозеъ ила финжондан чой ичиб, ора-сирада ўзи севган тузли қоқнонни оғзига солади, зум ўтмай ҳорғин, ҳомуза тортган сайёҳлар гуруҳи автобусдан тушади, аёл эса бечораларга табассум қилиб, уларни хиёбон бўйлаб байроқ илинган труба чалаётган фаришта ҳайкалли минорага олиб кетади.
Аёл бир нималарни тушунтириб, фаришта ҳайкалига ишора қиларкан, Анисим Иванович узоқлардан бўлса ҳам унинг оғзидан чиқаётган ҳовури-ю, юзига тушган олтин зулфини пайқади, аммо уйқусираган эркак-у аёл кўзи на йўлбошчи ва на фариштани кўрар, энсалари қотиб, валақлашишдан нарига ўтишмас, Анисим Иванович бу ҳолга тоқат қилолмай турган еридан отилиб чиқиб, сайёҳларни ёш боладек бир силтаб ташлагиси келди, бироқ узоқлардаги ўша пакана аёл ва атрофидаги сайёҳлар дераза ойнасига ёпишган оппоқ пар ортида ғойиб бўлади, то аёл хонага қайтиб, қопқоғи очиқ печкада қўлларини иситаркан, ёнаётган олов унинг кўзларида тонги шафақдек товланганига қадар анча вақт ўтди.
— Азизим, Анисим Иванович, — дейди у ёқимли оҳангда, — исмингиз ҳам ўзингиз каби ажойиб.
Бу мақтовдан хижолатда эркакни йўтал тутди, аёл эса унинг уятдан қизарган, мамнун кўзларига шу қадар беғубор боқардики, Иванович ҳатто шундай нигоҳли таъвияни ҳам инкор этмасди, аёлнинг черков гумбазларидан, мовий осмондан, тор туйнукли деворлари қалин қадимий миноралардан ёш боладек завқланаётганини эшитарди. Бироқ сал ўтмай қош қорайиб, аёл қоронғи, кимсасиз кўча бўйлаб дарё ёқасидаги хизмат уйи томон кетади, Иванович унинг ортидан қараб қоларкан, университетни эндигина тугатган ёш гўзал аёлнинг сув ташиб, ўтин ёришини, печ ёқиб, кечки овқат тайёрлаётганини, оқшом бўйи ёлғиз ўзи ташқаридаги қувурларда шамолнинг увиллашига қулоқ солишини тасаввур қилди.
Буниси ҳам худди бошқалари каби кетиб қолади, ўзига ўзи гапиради эркак, бу уйга келганлар атиги бир ой дош берган холос, бироқ негадир бу аёл қиш ўтди ҳамки кетмади, аксинча кўзлари янада порлар, овози черковнинг эрта кўклам бонгидек жарангларди. Обида омборида соатлаб кезиб, бут-санамлар ва қадимий китоблар, руҳонийлар либоси ҳақида бир нималарни сўрар, ўзи ҳам тушунтириб, ён дафтарига қайдлар қилиб қўяр, суратларга оларкан, кўзлари севинчдан порлар, ҳатто баджаҳл, одамови қоровул ҳам аввалига қимтиниб, сўнг ўзи ҳам қизғин муҳокамага берилиб кетарди.
— Мана сен, Любовь Федоровна, Яратганнинг валийси авлиё Игнатийнинг тушида Корозеро кўлига бориб, ўша ерда черков қуриши аён бўлган деяпсан. Менимча, Игнатий шунчаки оддий кимса бўлган. Москваликларнинг ғалвалари жонига тегиб, ўрмонга кетиб қолади. Бир куни бизнинг кўлга келиб қолиб, сёмга балиғидан татиб кўрган заҳоти шу ерда қолишга қарор қилади. Ҳар хил воқеа ва мужда ҳақида эса атрофдагилар ва ёки унинг ўзи бу ердан бадарға бўлмасликни кўзлаб ўйлаб топган.
Аёл сочларини силкитганича қаҳ-қаҳ отиб куларкан, жаранглаган овозда:
— Эҳ, Анисим Иванович-ей, сиз музейни қўриқлаш ўрнига атеизм ҳақида маърузалар ўқисангиз бўларкан. Барча профессорларни йўлда қолдирардингиз.
— Қизалоқ, сен мени атеист деб айблама, — жаҳл қилади у, — мени ким деб ўйлаяпсан? — Орага жимлик чўкди, бироқ қиз кўп куттирмади, у шу қадар меҳр билан қарадики, қоровул яна қизишиб кетди: — Нима деб ўйлагандинг? Монахлар ҳам эркак бўлишган. Сенга айтсам, улар аёллар билан бирга бўлиш мумкин эмаслигидан, бу дунёдан ёлғиз ўтишган. Улар ҳам рўзғор қилишган, балиқ овлашган, бизнинг ерларда ўз боғлари бўлган. Ҳозир-чи? — дея қоровул қўлларини силкитганча, ҳафсаласи пир бўлди, аёл ҳам ғамгин бўлиб, директорга жамғармаларнинг талон-тарож қилинганини, энг қимматбаҳо асори-атиқалар Москва ва Ленинградга бериб юборилгани билан ҳеч кимнинг иши йўқлиги ҳақида шикоят қилганини сўзларди.
Анисим Иванович уни ҳамдардлик билан тинглаб, далда бериш истагида:
— Аввалги бошлиқ ғирт тўнка эди. Урушгача бут-санамлар ерда ётар, одамларни эса уларни босиб, топташларига мажбурларди. Ҳозир ҳар ҳолда бундай аҳмоқгарчиликларга йўл қўйилмаяпти.
Бу овлоқдаги шаҳарча бўлиб, сайёҳлар камдан кам келишар, обидалар таъмирини нуқул ортга суришар, вайрон бўлаёзган черковларни бирин-кетин ёпишар, одамлар ҳам бунга ўрганиб қолишганди: экспозициялар қанча кам бўлса, иш ҳам шунча оз бўларди, бундан фақатгина Любовь Федоровна норози эди:
— Тушунтириб беринг-чи, нега энди мамлакатимиз бой бўла туриб, минглаб спутникларни космосга учиришга, заводлар, станциялар қуришга қодир бўла туриб, бебаҳо музей таъмирига бир неча минг тополмай, унинг тугаб бораётганига индамай қараб турсак...Гапимни тушуняпсизми?
— Қўйсанг-чи, Любовь Федоровна, — қатъий оҳангда гапирди у, — қанақа космос? Олтмиш биринчи йилда Гагаринни биринчи марта учиришганида, бу ерга бошлиқлар келиб, марказий черковни яксон қилишмоқчи бўлишганди. Ўшанда улар Худонинг мавжуд эмаслигини фан исбот қилганини, черковимиз эса жуда баланд бўлиб, бу одамларни ноқулай аҳволга солган, дея ўйлашган. Золимлар ҳатто бунга рози бўлганларни ҳам топиб, имзолар йиғишган, — ғазабланди у, — Ўшанда портлагичлар бўлмагани туфайли омон қолганмиз. Хайрият, у кунлар ҳам ўтиб кетди.
— Бунақа гапларни қўйсангиз-чи! Ким ҳам қадимий ёдгорликни портлатишга журъат қила оларди? — дейди аёл.
— Портлатишмаса ҳам, ҳар қалай бундан баттароғини ўйлаб топишади.
— Ҳеч қачон бундай бўлмайди, — деди аёл қатъий, — областга чиқаман ва эшитмаганларига қўймайман.
У ҳақиқатдан ҳам шундай қилди, қайтганида эса қоровул кутганидек, ғамгин юз-кўзларидан сафаридан натижа чиқмаганлиги аён эди. Қоровул ҳеч нимани суриштирмади, эртаси куни эса аёлнинг ўзи ёрилди:
— Бу ярамасларнинг сурбетлиги мени ҳайрон қолдирмайди. — Иванович аёлнинг оғзидан бундай ҳақоратли сўзни илк марта эшитаётганидан карахт эди. — Ҳақ экансиз, улардан бир наф йўқ. Ахир улар ҳам одам-ку, нега улар шунчалик бефарқ? Мен улардан жилла қурса, чиқиндиларни тозалашга қарашиб юборишларини сўрагандим, улар эса устимдан кулишдан нарига ўтишмади. Шу черков туфайлигина шаҳар пайдо бўлган, бироқ сўраб кўр-чи, бу ерликларнинг қай бири музейда бўлган экан, шахсан мен ҳеч кимни кўрмадим. Бу ерга минглаб чақирим узоқлардан келишади, уларга эса ўн йилдан кейин вайронада яшашларининг ҳам фарқи йўқ.
Анисим Иванович сукут сақлар, ўзи ҳам бундан сира азият чекмаётганлиги ҳақида ўйларди. Одамлар ҳам нима қилишсин, уларни кўпроқ кундалик ташвишлар, масалан бўм-бўш дўконлар, вайрон йўллар, тўкилиб бораётган касалхона қизиқтиради, монастир эса — уларга бегона, уни томоша қилгани қизил автобусда келишади ва кетишади, магазинлардан эса сайёҳларни фақат китоб дўконигина қизиқтиради. Эртагаёқ монастир тугаб битса ҳам ҳеч кимнинг, хусусан унинг ўзининг ҳам бу билан иши йўқ, рост-да, музейдан оддий қоровулга нима наф? Бироқ мана шу синчалакдек аёл уни ҳамиша хавотирга солиб келади, аёл унга ҳам ўз қарашларини юқтира олди. Иванович шу кунгача ортиқча эҳтиёжларсиз яшаган, қисматига осонгина кўнган, охирги йилларда эса бутунлай лоқайд эди. Тўсатдан Анисим Иванович деярли ўтиб бўлган бемаъни умри ҳақида ўйлаб қолди: колхоздан қочиб, ўрмончиликда соғлигидан айрилди; хотини бир умр оғир касалликдан қазо қилди, худо уни фарзанддан сиқди, мана шу қоровулликдан бошқа ҳеч вақоси йўқ, у бу дунёдан ўтгач ҳам, ортидан ҳеч нима қолмайди...
Қоровул булар ҳақида авваллари ҳам ўйлаган, бироқ шароб уни бу хаёллардан озод қиларди, энди эса нега бундай эканлиги ҳақида ўйлаб қолди, ахир қанча кўп куч сарфланган, урушлар бўлган, урушда ғолиб бўлишган бўлса-да, ҳаёт баттар мураккаблашиб, бемаънилашди, одамлар эса инсонийликни унутиб, ваҳшийга айландилар, виждонларини йўқотдилар. Бундан ўзининг ҳам ғаши келар, бундай гина томоғига тиқилар, бироқ қаердан келгани ҳам маълум бўлмаган бегона аёл унинг миясига шу фикрлар келишига сабаб бўлди, бундан ўзи ҳам енгил тортди, агар мана шу аёл кетиб қолгудек бўлса, Иванович бу йўқотиш унга қачонлардир ота уйини тарк этиб, ботқоқ ўрмонга бош олиб кетганидан ҳам қимматроққа тушишини билади.
Иванович аёлга ўзи ҳақида кам гапирган, унинг оддий турмуши қизга қизиқ бўлмайди дея ўйларди, ҳатто қизнинг иши юришмаган ўша куни ҳам қиз бутун оқшом сукут сақлаганча, гиёҳли чойдан ҳўплаб ўтирар, шунда қизнинг ташрифи унга таскин бағишлаганини ҳамда узоқ йиллик дардига шифо топгандек ҳис қилди ўзини, шу билан бирга унга ўз қизидек қайғура бошлади. Анисим Иванович қизга ўзи ҳақида қанчалик кам гапирган бўлса, қиз ҳам унга ўзи ҳақида ҳеч нима демас, чол шундай оқила, зукко қиз умрининг жўшқин палласини уйидан узоқда ёлғиз ўтказаётганига ҳайрон бўларди. Маҳаллий аҳолига умуман аралашмас, рақс кечалари, кинотеатрларга сира бормасди, Анисим Ивановичнинг ҳам бундай ишларга ҳуши бўлмаганидан, қиздаги бу камчиликни камсуқумликка йўйиб қўя қоларди. Бироқ қиз жозибали эди, бир сафар унинг балиқ овига бирга чиқадиган, ўғли ҳарбий хизматдан қайтган дўсти мана шу келгинди қиз ҳақида суриштириб қолди.
— У одамови ўғлингга тўғри келмайди, — деди совуққина оҳангда Анисим Иванович, шу гап шу ерда тугаган бўлса ҳам, эртаси куни чол қизга худди ҳеч нима билмагандек, ўзини гўлликка ўша йигит ҳақида гап очди. Қиз эса бир оғиз ҳам гапирмай уни эшитди, қизнинг сукутини ризолик аломати деб қабул қилган чол йигитнинг, гарчи университетни тамомламаган бўлса ҳам, кўча безори эмаслигини, топиш-тутиши ҳам яхшилигини гапира кетди. Қиз эса бошини кўтариб, секингина:
— Яхшиси, менга бу мавзуда оғиз очманг, ўтинаман сиздан, — деди-да ўрнидан туриб, эшик томон йўл олди, чол эса нима қилишини билмасдан тошдек қотиб турар, назарида, энди қиз уникига чойхўрликка келмай қоладигандек, кўча-кўйда кўрса совуққина саломлашиб ўтиб кетадигандек туюлди, айбини қай тарзда ювишни билмай ўтирганида, қиз унга шафқат қилгандек, ортига ўгирилди-да:
— Мени бир бахтиқаро деб ўйлаяпсизми? Мен бу ерда эркинман, тушуняпсизми? Ўзим хоҳлагандек турмуш кечиряпман, ўзимга маъқул иш билан шуғулланяпман, ҳеч кимга сиғинди ҳам эмасман. Мен худди Игнатий сингари москва ғалваларидан қочиб, шу ерга келдим, мана шу монастир, кўл, сиз, дарё бўйидаги кичкина уйим, мана шу қадимий китоблар, архивлар, ҳатто шу аҳмоқ сайёҳлар ҳам мен учун ниҳоятда қадрли. Соғинч қалбимни ўртаган кезларда дарвоза устидаги фариштани эслайсизми? Ўша фариштага қараб ўйлаб қоламан: уни шу ерга юз йил аввал ўрнатишган, ўшандан бери фаришта чолғуси билан бизнинг маънисиз ҳаётимизга разм солади, шамол шиддатига ҳам, ёмғир шижоатига ҳам, қор аёзига, қуёш тафтига ҳам қисмат унга сўнгги куйини чалишини буюрмагунча созини чалиб тураверади. Нега менга бунчалик раҳм-шафқат билан қараб турибсиз? Ундан кўра мени балиқ овига олиб борсангиз-чи, халал бермасликка сўз бераман.
Иванович қиз балиқ ови ҳақида шунчаки айтди-да, деб ўйлаган эди, бироқ бир ҳафтадан кейин балиқ овлагани боришди. Аввалига қиз ўзини анча сипо тутиб, жим бўлганча, чолнинг ов палласидаги ҳаракатларини диққат билан кузатди, кейин эса қармоқни сувдан чиқараётиб шодон қийқирарди, чол ҳам завқланиб, қизни бир замонлар гўзал ва кучли, бугун эса кимсасиз кўлга келиб қолган сёмга балиғи бўлса-чи, дея хаёлидан ўтказди. Тунда қиз гулхан ёнида, устига чойшабни енгилгина ташлаганча ётаркан, қоровул вужудини ширин азоб қуршаб олди, у ўзини гўё бахтли келажак сари интилаётган боладек ҳис қиларди.
Қиз ҳам ҳали ухламаган, гулхан оловининг чирсиллаб ёнишини кузатганча:
— Руҳонийлар ҳам одамлар бўлишган дедингиз. Тўғри, улар ҳам балиқ овлашган, мол боқишган, боғу роғ яратишган, аммо бу муҳими эмас. Агар билсангиз, азизим, улар тинчлик яратувчилари бўлишган. Ҳамма нарсанинг ўз-ўзидан бўлиши фақат китоблардагина учрайди. Нима бўлганда ҳам, ҳар нарсанинг асоси мавжуд. Тасаввур қилинг, мана ҳозир тун, ҳамма ором оляпти, фақат руҳонийларгина уйғоқдирлар, улар тинчлигимиз учун ўз биродарлари билан дуо қилишяпти ва барча оғирликни зиммаларига олишяпти. Зеро улар дунёдан қочиб эмас, аксинча дунёни қутқариш учун ўрмонга кетишни афзал билганлар.
Ё парвардигор, қоровул қизнинг овозини қанчалар хушлайди-я, аслида қизнинг нималар дегани унинг учун унчалик ҳам аҳамиятли эмас, қизнинг чарос кўзлари, кичкина этикларни кийиб олиб, оёқларини тартибли йиғиб олгани уни ҳайратга соларди, буларнинг барини кўриб турганига ишонқирамасди ҳам. Шунда чол беихтиёр қиз унинг фариштаси эканини айтди, қиз эса қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, унинг хандон кулгусидан ўрмон ҳам уйқусидан уйғонди, какку қуш сайрай кетди, оҳу ҳуркиб кетди. Қиз ўрнидан отилиб туриб, чолнинг олдига борди-да, қўллари билан унинг бошини қучиб, серсоқол лунжидан ўпди ва:
— Эҳ, қани энди ўттиз йилга ёшариб қолганингизда эди, сизга тегиб олган бўлардим, — дея ўзини бутазорга урди, Анисим Иванович сувнинг чайқалганини эшитди. Қиз Корозерода чўмиларди. Чол ўзининг қизариб, қизнинг тафтидан нафас ололмай қолганини унинг ўзи кўрмагани яхши бўлди, дея ўйларди.
«Любушка, любушкам ўзимнинг», — дея шивирлашини тасаввур қилди у, қорли кечада ўзгаларнинг овозини эшитмади ҳам, бегоналарнинг юзларини кўрмади ҳам. Фақат иккиси худди ташландиқ ибодатхонанинг роҳиби ва роҳибаларидек яшаб, бир-бирларини зериктирмас эдилар. Сайёҳлар келишарди, қиз уларга авлиё Игнатий тарихини эртакнамо қилиб сўзлаб берарди, ишдан кейин қоровулнинг олдига келиб, қайнаган самовардан чой ичиб, қоқнонлардан ейди, қишда йўлакни қордан тозалаб, кузда япроқларни супуришарди, ёз оқшомларида эса шаҳар атрофидаги тепаликларга чиқишарди, шунча йил шу ерда яшаб, ҳали бирор марта ўша жойларга чиқиб кўрмабди ҳам.
Тепаликдан харобалар кўп ҳам кўзга ташланмас, сарҳадсиз тайгадан қочган ёғоч кулбалар монастирнинг улкан деворларига биқиниб олган, аммо бу ердан ҳеч ҳам ўша ташландиқ, маст-аласт кимсаларнинг ҳақоратлари ва бетайин эълон ва плакатларга қайтгиси келмайди кишининг. Кун сайин тўкилиб бораётган монастирнинг йиллар давомида олган жароҳати гўё бугунга келиб очилиб кетгандек. Черковлардан бирининг минора гумбази қулаб, деворлар остида кезиш хатарли, Анисим Иванович энди монастир қулашидан эмас, ўша ерда соатлаб бино ёриқлари ва вайроналарни суратга олаётган қиздан кўпроқ хавотирда эди.
Қиз мактублар ёзиб турар, суратлар жўнатар, кейин таътилда Москвага кетди, қайтганида эса, чол ташвишга тушиб қолди, қиз ҳорғин ва бетобдек кўринди унга. У қизнинг кексайиб, териси сўлғинлашиб, кўзлари атрофида ажинлар чизиқ солганига эътибор берди, қиз ҳам шу ердаги ҳеч кимга кераксиз бахти қаро монастир сингари тугаб бораётганини ҳис қиларди.
— Бу ердан кетишингиз керак. Бутунлай кетинг, — деди чол ўзида куч топиб, қиз эса бу сафар унга изоҳ бермасдан, шунчаки аччиқ табассум қилиб қўя қолди.
— Энди қаерга ҳам борардим? Борадиган жойимда ҳеч вақоим йўқ, у ерда мени ҳеч ким кутмаяпти ҳам. Эҳтимол, бу ерларга келиб, шу ишларни бошлаб бекор қилгандирман, мана энди ортга йўл йўқ. Афсус-надоматлар бўлсинки, қўлимдан ҳеч бир иш келмади, ҳокимиятга ҳам бориб кўрдим, уларнинг ҳам топиб олган гаплари битта: йўқ, азизам, бизда монастир учун маблағ йўқ. Жин урсин уларни! Аммо биласизми, нима қиламиз? Ҳеч бўлмаса иккаламиз ҳаракатимизни тўхтатмаймиз, атрофни чиқиндилардан тозалаймиз, деворларни суваймиз, энг муҳими, ишни бошлаб олишимиз, шундай эмасми? Сиз мени ёлғиз қўймайсиз-ку, шундайми?
Қоровул бош ирғади ва бундан ўзи ҳам енгил тортди. Қилинадиган ишларни келишиб олишди. Эртаси куни музей залларидан бирига жамғарма қутисини қўйишди, қиз сайёҳларга қутининг реставрация учунлигини тушунтирди, сайёҳлар рад этишмади. Аммо маҳалла нозири келиб, йиғилган пулларни ноқонуний деб топди. Қиз нозирнинг саволларига киноя билан, лабларини тишлаган кўйи жавоб берди, ношуд, порахўр нозир пулларни қиз ўз чўнтаги учун йиғяпти, дея ҳақоратлаганида, Анисим Ивановичнинг мазаси қочди. Зотан шу воқеа сабаб, шаҳар аҳолисининг экскурсовод қизга муносабатлари ўзгарди. Бир куни ҳатто бир гала аёллар келиб, хижолат бўлганча Федоровнадан ёрдам керакми, деб сўрашди, эркакларни асбоб-ускуналари билан ёрдамга жўнатишди, шунча йил қизнинг ўзи ёлғиз курашганига ачинишди ҳам. Бироқ улар ҳам бир мартагина келиб, кейин йўқ бўлишди, эркаклар эса ароқ эвазига ишлашга кўнишди, ҳамманинг ҳам ташвиши етарли эди, деворларни суваш керак, бунинг учун эса хом ашё, техника зарур, ахир қўл билан ҳар қандай ишни ҳам бажариб бўлмаса. Охир-оқибат иккови қолди. Ҳаммаси шундоқ қолса ҳам майли, барини биттада йўқ қилиш нотўғри эди, уларга шу тарзда яшашлари ҳам бўлаверарди, шаҳарчадаги ўзгаришлар тўғрисидаги миш-мишлар ҳақида неча йил гапириб юришди, талонга ароқ сотаётган ҳукуматни қарғашди, қўнғир кўмирга эса эҳтиёж ошди.
— Эшитдингизми, — деди бир куни Анисим Иванович, — зўравонимизни ишдан бўшатишибди.
— Хўш, шунга нима бўпти? — бепарволик билан гапирди қиз, — шафқат қилиб ўрнига бошқасини тайинлашади.
— Янгиси бошқача эмиш, дала ҳовлидан воз кечганмиш, машинани ўзи ҳайдаб юрганмиш, одамлар ўз кўзлари билан кўришибди.
— Ҳамма ўз иши битгунча-да, — кулади қиз.
Бир гапириб қўйиб, унутиб ҳам юборишди, орадан икки ойлар ўтгач, янги раҳбар шаҳарчага ташриф буюриб, тушдан кейин музейга йўл олди.
Кир-чир комбинезон кийиб олган Любовь Федоровна ҳавозадан тушаркан, меҳмонларга синчиклаб разм сола бошлади. Уларнинг орасидан ёши ўтганроқ, эгнида плаш кийиб олган лўппи юз эркак қувноқ овозда:
— Қани, бекажон, бир саройингни кўрсат-чи! — деди.
— Михал Михалич, сизга нима бўлди? — қошларини чимирди қиз. — Касал-пасал бўлиб қолмадингизми мабодо? Шунча йил шу ердан индамай ўтиб, энди қўққисдан кўргингиз келиб қолдими?
Ҳаммалари қизга еб қўйгудек назар ташлар эканлар, ораларидан паст бўйли, оддийгина пальто ва кепка кийиб олган бақалоқ амаки қизиқиб нигоҳ ташлади.
— Любовь Федоровна, марҳамат қилиб кўрсатсангиз.
— Майли, юринглар, зерикиб қолмайсизлар, деган умиддаман. — елкасини қисди қиз.
Қиз уларни монастир бўйлаб, бинонинг муҳим жойларини эмас, аксинча айнан тошлоқ вайрон қисмига бошлади. Черковга киришганида, Анисим Ивановичнинг ўзи дарвозани очаркан, ичкарида бадбўй моғор иси димоққа урар, тирқишлардан тушиб турган нур ваҳмкор манзара намоён қиларди. Қиз эса худди ҳеч нима бўлмагандек, осилиб турган эски зинадан юқорига кўтариларкан, бирданига ортига ўгирилиб:
— Шляпаларни ечинглар, — деб қолди.
— Гапингизни тушунмадик.
— Тангрининг уйига кирилаётганда бош кийимлар ечилади. — Шу гапдан кейин қизнинг лаблари: — Худосизлар. — дея пичирлади ёки қоровулга шундай туюлди.
— Маъзур тутинг, — дея бояги бақалоқ амаки кепкасини ечаркан, ортидагилар, айниқса тепакал эркаклар норози бўлса ҳам, бош кийимларини ечишди.
Қиз уларни кечгача айлантириб юрди, бирорта ёриқ ҳам, тешик ҳам қолмади, тебраниб турган ҳавозадан юқорига кўтарилар, ўзига шафқат қилмасди, чол қизга буларнинг бари нимага кераклигини тушунмай лол эди. Ахир улар аллақачон ҳолдан тойишган, ҳеч нимани эшитишмас, совуқ қотишган, бир аҳволда туришар, бироқ бошлиқлари буйруқ бермагунга қадар кета олмайдилар, тарбиялари шундай, шундай бўлишини билишгандан кейин нима ҳам қила олишади, бундан ташқари бошлиқдан қанча ёш булар. Бошлиқ монастир қолиб кетиб, бошқа нарсалар, хусусан бир ойда нечта гуруҳ келишини, улардан қандай фойда бўлишини, соф фойда қанча бўлишини ўзича ҳисоблаб чиқди-да, кейин ортида базўр нафас олаётган, ўша ердан олис тайга ва пурвиқор Корозеро кўринаётган черков бонги олдида турган ҳамроҳларига қарата:
— Мана сизларга бойлик, пуллар шундоққина бурнимизнинг тагида экан-ку. Бу хазина ҳаммага етади, — деди.
Кейин қизга ўгирилиб, оҳиста сўради:
— Сизга қанча тўлашади, Любовь Федоровна?
— Бир юз йигирма, — ғазабнок оҳангда жавоб беради қиз, — сиз нима деб ўйлагандингиз, ҳойнаҳой беш юз мингнинг чамасини олган бўлсангиз керак?
— Бундай дейишингиз яхшимас, — тинчлантирган бўлади бошлиқ, — бу ердаги бойлик ақлимни олди. — Хайрлаша туриб эса: — Любовь Федоровна, ёрдам беришга ваъда бераман. Ҳаммасини қайта тиклаймиз. — деди.
— Эй, — қўлларини силкитди қиз, — сизга ишонмайман, ҳеч кимга ортиқ ишончим қолмаган.
— Мен-чи, мени ишонади, деб ўйлайсизми? — кулади у. — Майли, ўзингиз биласиз, энг аввало, монастир таъмири билан шуғулланаман.
У йўлидаги тахтани олиб қўйишга ҳаракат қилган ҳам эдики, қолганлар ҳам ўша тахтага ёпишишди, бошлиқ комбинезон кийган бир аҳволдаги қиздан кўзларини олиб қочганича жўнаб кетди.
— Мана ҳаммаси ҳал бўлди-ку, — деди Анисим Иванович иккиланиб, — бу одам айтганини қилади. У илгари колхоз раиси бўлган, ўшанда ҳам ишини биларди.
— Кўзлари менга ёқмади, хасисларникига ўхшаркан, — деди қиз беихтиёр, — ғалати ҳисдан чолнинг юраги сиқди, ўша куни чойхўрлик ҳам қилишмади, қиз кийимларини алмаштириб, Анисим Иванович билан бошини ирғаб хайрлашди-да, уйига кетди.
Дарвоқе, май ойидан бошлаб шаҳарга ғишт, цемент, ҳавозалар ортилган машиналар кела бошлади, реставраторлар бригадаси ҳам келишди, кўл бўйига йиғма уйчалар ўрнатишди, шаҳарчадагиларнинг айтишларича, энди йўлларни ҳам тузатишаркан, янги меҳмонхона қуриларкан, касалхонага ҳам пул ажратилармиш, қиз эса бутун ёз бўйи худди саккиз йил илгаригидек, яна кучга тўлиб, ёшариб, учиб юрар, ҳамма ишга улгурар, ҳаммага қарашар, овози ҳам яна аввалгидек жаранглар, бироқ чолнинг негадир кўнгли ғаш эди. Шундай бўлди ҳам...Кунлардан бир куни қиз қоровулнинг ёнига кирди-да, эшикка суянганича туриб қолди.
— Ё худойим, разиллар, — деди у қизарган ёноқларига кафтларини босиб.
— Нима гап? Тинчликми?
— Малъунлар, — давом этди қиз, кейин юзидан қўлларини олди-да, бир пайтлар чол қизга даллоллик қилганидаги совуқ нигоҳидан ҳам баттарроқ разм солиб: — Хабарингиз йўқми? Улар музейни сотишибди-ку. — дейди.
— Қанақасига? — тушунмади чол.
Қиз чурқ этмай, дераза олдига борди. Анисим Иванович ҳам бутун вужуди билан сукутга ғарқ бўлганича, миқ этмай тураверди, шу пайт эшик секингина тақиллади, жавоб ҳам кутмасдан ичкарига ўша бақалоқ бошлиқ кириб келди, бу сафар кўзларида аввалгидек ишонч эмас, хавотир бор эди.
— Любовь Федоровна, — дея гап бошлади у паст овозда.
Қиз жим, бундан фойдаланган бошлиқ ўзини оқлагандек жуда тез гапирар, бундай қилишлари монастирни қутқариб қолиш учун ягона йўл эканлигини айтар, шундай қилишсагина, вилоятга пул туширишармиш, орада қизнинг ҳам ғамини еб, уни энг юқори маошли ишга тайинлашини қистириб ўтди. Аста-секин бошлиқнинг овозида ишонч ошиб борар, худдики, бир дунё одамга гапиргандек сўзлар эди. Қиз ўгирилиб қаради, унинг кўзлари жиққа ёш, алам билан боқарди. Анисим Иванович ҳам ўшанда нима қилаётганини ўзи англамай, чақирилмаган меҳмонни қоровулхонасидан турткилаганча чиқариб юборди.
— Ундай қилмаслигингиз керак эди, — деди қиз тушкун ҳолатда, — у ҳам яхши бўлсин дейди-да. Менга энди барибир, бу ерда ортиқ қололмайман.
Иванович қилмишидан уялиб кетди, аслида шу ердаги черков ва қадимги деворни асрай олмаганига унинг ўзи айбдор, чол ҳатто бебаҳо, ёлғизгина балиқчасини ҳам асрай олмади, у ҳам чолдан йироқларга сузиб кетди, ўша куни қиз қоровул билан деярли хайрлашмасдан жўнаб кетган, шундан буён ундан на хат бор, на хабар — қаерда у, нималар қилиб юрибди? Чол ёлғиз қолди, фақат аҳён-аҳёнда сарғиш сочли интизомли усталарнинг ажнабий нутқини эшитади холос. Уни тинчлантирган ягона нарса — бир неча кун аввал шаҳарда шунақанги шамол турдики, бунақасини умри бино бўлиб кўрмаган эди. Шамол уй томларини учириб кетди, қуриган шохлар синиб тушди, дарахтлар қулади, тонгда эса Анисим Иванович труба чалиб турган фариштанинг юқоридан пастга қулаганини кўрди, чол атрофга ўғринча назар солди-да, тунлари фаришта чалаётган сокин куйни эшитиш мақсадида, уни елкасига ортмоқлаб, уйига олиб кетди.
Ҳафиза Қўчқорова ва Фуркат Соатов таржимаси