Александр Кушнер
1936 йили Ленинградда таваллуд топган. А. И. Герцен номидаги Ленинград педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. Ўрта мактабда рус тили ва адабиётидан дарс берган. Шоир «Хира юлдузда» (1994), «Бута» (2002), «Тавр боғи» (2008), «Ернинг тортиши» (2008), «Кузги театр» (2020) каби қирқлаб шеърий китоблар, бешта рус мумтоз ва замонавий шеърият ҳақидаги мақола ҳамда эсселар тўпламлари муаллифи. Шеърлари инглиз, араб, вьетнам, иврит, итальян, хитой, олмон, нидерланд, француз, япон ва бошқа бир қатор чет тилларига ўгирилган. Голландия, Италия, АҚШда шеърий китоблари нашр қилинган. Россия ва халқаро мукофотлар, жумладан, Россия Федерацияси мукофоти, А. С. Пушкин мукофоти, Альфред Темпфер (Олмония) жамғармаси Пушкин мукофоти, «Шимолий Пальмира» мукофоти, Царскосельск бадиий мукофоти, «Шоир» Миллий мукофоти, «Тибети олтин оҳуси» мукофоти ва бошқа мукофотлар лауреати.
Санкт-Петербургда яшайди.
1990 йилда Иосиф Бродский шоирни таништираётиб, шундай ёзади: «Александр Кушнер — ХХ асрнинг энг яхши шоирларидан биридир ва унинг номи рус тилини ўз тили деб билувчи ҳар қандай кишининг юрагига яқин номлар қаторида турмоғи керак».
Ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ХХ1 асрда ҳам унинг сўзлари ҳамон одиллигича қолган. Шоир ақлий ва маънавий меҳнатдан, янги маънолар ва ифода воситаларини излашдан тўхтамайди ва ўз навбатида, муза ҳам унга саховат ила жавоб қайтармоқда.